Геологик хариталаш ишларининг ўзига хос ҳусусиятларидан бири шундан иборатки, бунда охирги фан ютуқларига асосланган ҳолда муқаддам олиб борилган барча геологик тадқиқотлар натижалари танқидий таҳлил қилинган, умумлаштирилган бўлади ва, шу билан бирга, у келажакда олиб бориладиган барча геологик тадқиқотларга асос бўлиб хизмат қилади. Геологик хариталаш барча табиий жараёнлар ва геологик ҳодисаларнинг ўзаро маконда боғлиқлиги ва замондаги алоқадорлигини тиклайди.
Геологик хариталашнинг яна бир хусусияти умумийликдан хусусийликка ўтиш тамойилига асосланганлигидир. Унда геологик хариталаш кичик миқёслидан тобора йирик миқёслига қараб, аниқлиги ва тафсилоти ошиб борувчи тартибда амалга оширилади.
Геологик хариталашнинг якуний натижаси бўлиб геологик харита саналади. Унда ёши ва таркиби бўйича ажратилган ер юзасида очилиб ётган тоғ жинсларининг тарқалиши ва ётиш шакллари шартли белгилар ёрдамида тасвирланган бўлади. Геологик хариталар ёрдамида ҳудуднинг геологик тузилиши ва ундаги мавжуд бўлган фойдали қазилмаларнинг тарқалиш қонуниятларини ўрганиш мумкин. Геологик хариталар фойдали қазилма конларини қидириш, баҳолаш ва разведка қилиш ишларини лойиҳалаш, муҳандислик геологияси, қурилиш ишлари, сув таъминоти ва мелиорация ишларини олиб боришда асос бўлиб хизмат қилади. Бу ишларнинг муваффақияти хариталаш ишларининг сифати ва аниқлигига бевосита боғлиқ бўлади.
Геологик хариталар ихчам ва кўргазмали бўлиб, ўзида жуда кўп маълумотларни мужассамлаштирган бўлади. Агар геологик харитадаги 1 см2майдонда тасвирланган маълумотларни сўз билан ифодалаганимизда бир неча ўнлаб варақ ҳажмидаги ёзувга эга бўлар эдик. Бу эса жуда катта ноқулайликларни келтириб чиқаради. Шунинг учун ҳам геологик хариталаш
жараёнида тўпланган ва илмий таҳлил қилинган маълумотлар геологик хариталарда шартли белгилар ёрдамида берилади.
Геологик хариталаш-геология фани ютуқларига асосланган амалий йўналишлардан бири бўлиб, унинг мақсади ҳудуднинг геологик тузилишини, фойдали қазилмаларини ўрганиш ва у ёки-бу миқёсдаги геологик харитасини тузишдан иборатдир. Геологик хариталаш жараёнида асосий эътибор худуднинг геологик тузилиши ва таррақиёти тарихи билан боғлиқ бўлган фойдали қазилма конларининг жойлашиш қонуниятларини ўрганишга қаратилган бўлади.
Геологик хариталаш ишларининг асосий вазифаси худуднинг минерал хомашё ресурсларига бўлган истиқболини баҳолашдан иборатдир. Бу вазифа хариталаш жараёнида жойнинг геологик тузилиши тўғри акс эттирилганда ва ҳудуд заминининг шаклланиш тарихини тиклаш учун етарли маълумотлар бера оладиган тақдирдагина мақсадга эришилади.
Геологик хариталаш ишларини ўрганилаётган ҳудуднинг ички тузилишини тўғри тасаввур қилиш имкониятини берадиган ҳолда ташкил қилиш керак бўлади. Бунинг учун одатдаги ер устидаги кузатишлардан ташқари геофизик ва геокимёвий тадқиқотлар, аэрокосмоуссуллардан фойдаланиш ва бурғилаш ишлари бажарилиши лозим.
Комплекс геофизик тадқиқотлар (электроразведка, сейсморазведка, магниторазведка, гравиразведка ва бошқалар) геологик хариталаш жараёнида қоплама жинслар остидаги геологик чегаралар, номувофиқлик юзалари, ер ёриқларининг ётиш шакллари, маъданли ётқизиқлар ва уларнинг жойлашиш чуқурликларини аниқлашда катта ёрдам беради. Геокимёвий тадқиқотлар ёрдамида ер юзасида очилмаган фойдали қазилмалар аномалияларининг контурлари аниқланади.
Геологик хариталаш ишларида структуравий геология, стратиграфия, геотектоника, тарихий геология, минерология, литология, петрография, фойдали қазилмалар тўғрисидаги таълимотлар етакчи аҳамиятга эга бўлади.
Барча керакли билимларга эга бўлган геолог геологик харита тузишдек мураккаб ишларнинг уддасидан чиқади ва уни юқори савияда олиб боради.
Геологик хариталаш ишлари махсус геологик партиялар томонидан амалга оширилади. Бундай партиялар экспедициялар таркибида ташкил қилинади. Геологик хариталаш партияларига биринчи навбатда партия бошлиғи ва бош (катта) геолог тайинланади. Партия раҳбарлари дастлаб берилган геологик топшириқ асосида ташкилий масалалар билан шуғулланади. Геологик хариталаш партиясининг штат жадвалини тузади ва кадрларни танлайди, бажарилиши керак бўлган ишлар лойиҳасини тузади, транспорт ва моддий таъминот масалаларини ечади.
Геологик хариталаш ва қидириш ишлари уч мустақил: тайёргарлик, дала ва камерал ишлари босқичларидан иборат бўлади.