Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида информатика ва ахборот технологиялари ўқув фанини ўқитишнинг асосий мақсади — ўсиб келаётган авлодни замонавий ахборот технология воситалари билан ишлаш малакалари, мустақил, мантиқий ва алгоритмик фикрлаш қобилиятини ривожлантиришдан иборат ва олган билимларини ҳаётда татбиқ этишга ўргатишдан иборат.
Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида информатика ва ахборот технологиялари таълимининг асосий вазифалари:
ўқувчиларга ахборот-коммуникация технологиялари ва уларни амалиётда қўллаш ҳақида билимлар бериш;
компьютерда масалалар ечиш технологиялари ва асосий босқичларини кетма-кетликда тўғри бажара олиш;
алгоритмик тузилмаларни, алгоритмлаш ва дастурлаш асослари ҳақида билим бериш;
компьютернинг дастурий таъминоти ва уларнинг имкониятларини ажрата билиш ҳамда амалиётда қулай олишга ўргатиш;
ўқувчиларни ақлий ривожлантириш, уларнинг илмий дунёқарашини кенгайтириш, мантиқий фикрлаш қобилиятини шакллантириш;
ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш маданиятини ўргатиб бориш орқали уларда умуминсоний қадриятларга риоя этишни ривожлантиришга қаратилган ва таълимтарбия олишнинг кейинги босқичларида давом эттиришлари учун зарур бўлган таянч компетенцияларни шакллантириш.
Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасалари битирувчиларига қўйиладиган малака талаблари
1. Ахборотларни излаш ва электрон воситаларда йиғиш компетенцияси
А1
Информатика фани ва унинг ривожланиш тарихини билади;
компьютерни тўғри ишга туширади ва ўчира олади;
компьютерда ишлашда хавфсизлик қоидалари ва гигиена талабларига риоя этади;
компьютернинг асосий қурилмалари ва уларнинг вазифаларини билади, улардан фойдалана олади;
ахборот манбаларидан турли кўринишдаги ахборотларни излаб топади ва йиға олади;
операцион тизимнинг элементларидан фойдалана олади. Содда график муҳаррири ва унинг имкониятларини билади;
излаб топилган график ахборотларни сақлайди ва фойдалана олади;
матн муҳаррири ва процессори фарқини, уларнинг имкониятларини билади, излаб топилган матнли ахборотларни сақлайди ва фойдалана олади;
матн процессорининг белги, сўз, сатр, хатбоши, матн, блок, саҳифа тартиб рақами каби тушунчаларини билади, амалда қўллай олади.
A1+
Ахборотларни кодлашга доир содда мисоллар келтира олади, амалий машқларни бажара олади;
компьютернинг асосий ва қўшимча қурилмалари ҳамда уларнинг вазифаларини билади, улардан фойдалана олади;
матн процессорининг саҳифада устунлар, гипермурожаат, колонтитул, экранни суратга олиш каби имкониятларини амалда қўллай олади.
А2
Ахборотлар устида бажариладиган амалларга оид вазифаларни бажара олади;
ахборотга оид ўлчов бирликларини билади;
компьютер техникаси ва воситаларининг ривожланиш тарихи, тараққиёт даврлари ва авлодларини билади;
ахборот технологияларининг ички ва ташқи омиллари, мультимедиа технологиялари ҳақида билимга эга бўлади;
электрон манбаларидан турли кўринишдаги ахборотларни излаб топади ва компьютерда йиға олади;
Интернетда ишлашни таъминловчи дастурлар ва уларнинг имкониятларини билади;
тақдимот тайёрлаш ва лойиҳалашни билади;
электрон почта ва ахборотларни ҳимоя қилиш имкониятларидан фойдалана олади;
компьютерларнинг арифметик ва мантиқий асосларини билади ва уларга оид содда амалий масалаларни еча олади;
турли саноқ тизимларида содда амалий масалалар еча олади;
электрон жадвалларда турли ахборотларни сақлай олади.
А2+
Ахборотларни кодлаш ва декодлашга оид амалларни бажара олади;
ахборот ўлчов бирликларига оид масалаларни ҳал эта олади;
компютерларнинг арифметик ва мантиқий асосларига оид амалий масалаларни ҳал эта олади;
турли саноқ тизимларида амалий масалалар еча олади.
B1
Ахборот ресурсларидан мақсадли излаш ва саралаш вазифаларини бажара олади;
ахборотларни архивлаш дастурлари имкониятларини билади, амалиётда қўллай олади;
ахборотлашган жамият, ахборот системалари ҳақида тасаввурга эга бўлади;
мультимедиа тизимлари ҳақида билимга эга бўлади, амалиётда қўллай олади;
график объектлар ва уларни компьютерда тасвирлаш усуллари, компьютер графикаси ва унинг турлари ҳақида билимга эга бўлади;
тасвирларни график ускуналар ёрдамида тўплашни билади, амалиётда қўллай олади;
маълумотлар омборини яратиш ва бошқаришда қўлланиладиган дастурлар ҳақида билимга эга бўлади;
касбий соҳаларда қўлланиладиган амалий дастурлар ҳақида билимга эга бўлади.
В1+
Ахборотга оид моделлар, техник воситалар ва ахборот ресурслари ҳақида мисоллар келтира олади;
замонавий дастурлаш тиллари ва уларнинг таснифини билади;
ўзининг соҳасига йўналтирилган амалий дастурлар имкониятлари ҳақида билимга эга бўлади ва улардан фойдалана олади.
Do'stlaringiz bilan baham: |