4.Талабга таъсир этувчи омиллар.
Бозордаги харидор товарга ўз талабини билдирса, бунга жавобан сотувчи ўз товарини унга таклиф этади. Харидор ва сотувчининг алоқаси талаб ва таклиф муносабати шаклига киради. Истеъмолчиларнинг бозордаги харакати талаб шаклида намоён бўлади.
Талаб- бу энг аввало бирор-бир товар ёки хизматларга бўлган эхтиёжнинг бозорда намоён бўлишидир. Талаб асосида эхтиёж ётади. Аммо талаб бўлиши учун товарнинг харидорга зарурлиги, унга наф келтира олиши кифоя бўлмайди, чунки товарни сотиб олиш уни харидорнинг қурби, яъни пули етиши шарт.
Демак, эхтиёж пул билан таминлангандагина талабга айланади. Эхтиёж бўлгани холда харид учун пул бўлмаса, у талабга айланмайди.
Демак, талаб- бу шунчиқи эхтиёж эмас, балки тўловга. қобил, пул билан таъминланган эхтиёждир. Эхтиёж пул ва товар нархи орқали талабга айланади.
Талаблар хар хил бўлиб, бир хил товар ёки хизматларга бўлган талабнинг икки тури фарқ қилинади: якка талаб ва бозор талаби.
Хар бир истеъмолчининг, яъни алохида шахс, оила, корхона, фирманинг товарнинг шу турига бўлган талаби якка талаб дейилади.
Бир қанча (кўпчилик) истеъмолчиларнинг шу турдаги товар ёки хизматга бўлган талаблари йигиндиси бозор талаби дейилади.
Якка талаб хам, бозор талаби хам миқдор жихатдан аниқланади. Лекин бу миқдор хар доим хам бир хил бўлиб турмайди, балки ўзгарувчан бўлади.
Талаб қилинган товарлар миқдорини бир қанча омиллар белгилайди:
Товар ёки хизматлар нархи, харидорлар диди, таъби, истеъмолчилар даромади, ўринбосар товар ва хизматларнинг нархи, мавжуд товар ва хизматлар харид қилиб олувчиларнинг умумий сони, инфляция эхтимоли ёки тахмини. Бу омиллар таъсирида талабнинг ўзгариб туриши содир бўлади. Уларнинг ичида энг кўп таъсир қиладиган омил нарх омилидир. Нарх ва сотиб олинадиган товарлар миқдори ўртасида бўладиган боғлиқликни қўйидаги мисол орқали кўриш мумкин:
Бир кг ун нархи (Сум) талаб қилинадиган ун миқдори (кг).
150 10
140 13
130 17
120 25
110 50
Мисолдан шу нарса кўринадики, товарга нархнинг пасайиши сотиб олинадиган товар миқдорининг ўсишига ва аксинча, нархнинг ўсиши унинг миқдорининг камайишига олиб келишини кўрсатади. Демак, маълум бир товарнинг нархи қанча ошса (талабнинг миқдорига таъсир этувчи бошқа омиллар ёки шароитлар ўзгармас бўлганда) шу товарнинг камроқ хажмига талаб қўйилади, аксинча товар нахи пасайса, унга талаб ортади. Нарх билан талаб миқдори ўртасида тескари боғлиқлик мавжуд. Ана шу тескари боғлиқлик талаб қонуни дейилади.
Талаб хажмининг ўзгариши фақат товар нархига эмас, балки бошқа бир қатор омилларга хам боғлиқ бўлади. Талабга нархдан ташқари қўйидаги асосий омиллар таъсир кўрсатади:
истеъмолчининг диди;
бозордаги истеъмолчилар сони;
истеъмолчиларнинг даромадлари;
бир-бирига боғлак товарларнинг нархи (ўринбосар);
келажакда нарх ва даромадларнинг ўзгариши эхтимоли.
Масалан:
1. Бирор махсулотга истеъмолчи дидидаги ижобий ўзгариш руй берса, нархнинг тегишли даражасида унга бўлган талаб ортади. Истеъмолчи дидига салбий таъсир кўрсатадиган холатлар талабнинг қискаришига олиб келади.
2.Бозорда истеъмолчилар сони кўпайса.талаб ортади, истеъмолчилар сони камайса, талаб қискаради.
3.Пул даромадининг ортиши жуда кўп товарларга талабни нисбатан оширади, даромаднинг камайиши эса бундай товарларга талабни камайтиради.
4.Ўзаро боғлиқ товарларга талабнинг ортиши ёки камайиши, уларнинг бир-бирининг ўрнини босиш даражаси билан белгиланади.
Сариёг нархи ошса, бу маргаринга бўлган талабнинг ортишига олиб келади. Агар сарёг нархи тушса, бу маргаринга бўлган талабни камайтиради.
5.Келгусида истеъмолчи даромадлари товар нархи ўзгаришининг кутилиши ва товарларнинг накд бўлиши ёки бўлмаслиги каби омиллар талаб хажмини ўзгартириши мумкин.
Товарга минтақавий, миллий, байналминал омиллар хам таъсир этади.
Минтақавий омилларга- иқлим шароити, ишлаб чиқаришнинг тузилиши, махаллий урф-одатлар;
Миллий омилларга- мамлакат доирасида эхтиёжнинг юксалиш даражаси, миллий, диний анъаналар ва кўникмалар;
Байналминал омилга - бирор мамлакатдаги янги товар истеъмолининг бошқа мамлакатлар ахолисига етиб бориб, уларнинг талабига таъсир кўрсатиши, халқаро товар рекламаси ва ахборотларнинг мавжудлиги.
Товарлар ва хизматларга талаб ўзининг характери ва харакати жихатидан ўсаётган,
барқарор қондирилган, қондириши кечиқтирилган, нормал ва вахима талабларга бўлинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |