95.Davlat boshqaruvi shakli
|
Давлат бошқарув шакли – бу давлат ҳокимиятининг олий органларини ташкил этиш ҳамда ушбу органларнинг ўзаро ва аҳоли билан бўлган муносабатларини белгиловчи давлат шаклининг таркибий қисми. Шунингдек, муайян мамлакатда давлат бошлиғи (монарх ёки президент)нинг ҳуқуқий мақоми билан боғлиқ масалалар ҳам давлат бошқарув шаклининг мазмуни таркибига киради.Давлат бошқарув шаклига кўра иккига бўлинади: монархия ва республика. Монархия (лотинча монос – якка, архе – ҳокимият маъносини англатади) – бунда, қоида тариқасида, олий давлат ҳокимиятякка шахс томонидан амалга оширилади. Одатда ҳокимият мерос орқали ўтади. Монархиянинг белгилари: монарх ҳокимияти муқаддас (теократик монархияларда) ва дахлсиз деб эълон қилинади; ҳокимиятни ўрнатиш ва қабул қилишнинг алоҳида тартиби мавжуд, қоида тариқасида, ҳокимият мерос орқали ўтади; ўз ҳокимиятидан умрбод фойдаланадиган давлат бошлиғининг (подшо, қирол, император, шоҳ, хон, князь, герцог ва бошқалар) мавжудлиги; монархнинг ўз бошқарув фаолияти натижаси юзасидан юридик жавобгар эмаслиги; ички ва ташқи сиёсатни амалга оширишда бевосита ўз номидан иш кўриши ва бошқалар. Монархия бошқарувининг кўринишлари: мутлақ (абсолют), чекланган, дуалистик (аралаш), теократик. 1. Мутлақ (абсолют) монархия. Бунда, давлат суверенитетининг бирдан-бир эгаси монарх бўлиб, у ўз қўлида бутун ҳокимият (қонунчилик, ижро ва суд)ни тўплаган бўлади ва унинг ҳокимияти аҳоли ёки бирорта орган томонидан чекланмаган бўлади (бугунг кунда Бахрайн, Бруней, Қатар ва бошқаларда мавжуд). 2. Чекланган монархия (парламентар, конституцион). Бунда монарх ҳокимияти вакиллик органи томонидан муайян даражада чекланган ва монархнинг ҳуқуқий мақоми конституция билан чегаралаб қўйилган бўлади. Унинг қуйидаги турлари мавжуд: Парламентар монархия мамлакатлари (ҳозирги Буюк Британия)да қирол давлат бошлиғи вазифасини ўтасада, амалда мамлакатни тўла маънода бошқара олмайди. Парламента монархиянинг қуйидаги белгилари мавжуд: а) монарх ҳокимияти деярли барча соҳалар бўйича чекланган бўлади; б) ижро ҳокимияти ҳукумат томонидан амалга оширилади, ҳукумат ўз навбатида конституцияга кўра монарх олдида эмас, балки парламент олдида жавобгар бўлади; в) ҳукумат парламентга бўлган сайловларда ғолиб чиққан партиялар вакиллари орасидан шакллантирилади; г) ҳукумат бошлиғи лавозимига парламентда кўпчилик депутатлик ўрнига эга бўлган партия раҳбари тайинланади; д) қонунларни парламент қабул қилади, монархнинг қонунларни имзолаши эса асосан формал характерга эга бўлади. Конституциявий монархия давлат бошқарувининг шундай шаклики, бунда монархнинг ҳокимияти конституция бўйича вакиллик органи томонидан чегараланган бўлади. Конституциявий монархия ўрта асрларда Европада рўй берган буржуа инқилоблари натижасида юзага келган. Ҳозирги кунда Дания, Бельгия, Испания, Норвегия, Швеция, Япония каби мамлакатларда давлат бошқаруви конституциявий монархия шаклида ташкил этилган. Давлат бошқарувининг бундай
шаклида демократик сиёсий режим мавжуд бўлиши мумкин. 3. Дуалистик (аралаш) монархия. Дуалистик монархияда давлат ҳокимиятини ташкил этиш икки томонлама характерга эга, яъни монарх ижро ҳокимиятига бошчилик қилади, ўзи олдида жавобгар бўлган ҳукуматни ташкил этади, қонунчилик ҳокимияти эса парламентга тегишли бўлади (Иордания, Марокаш, Малайзия каби давлатларда мавжуд). Шу билан бирга, монарх парламент томонидан қабул қилинган қонунларга мутлақ вето қўйиш ҳуқуқига эга. 4. Теократик монархия. Бундай бошқарув шакли мавжуд бўлган давлатларда монарх ҳам дунёвий, ҳам диний ҳокимиятга эга бўлади (Ватикан, Саудия Арабистони). Республика – давлат бошқарувининг шундай шаклики, бунда давлат ҳокимияти аҳоли томонидан муайян муддатга сайлаб қўйиладиган органлар ва давлат бошлиғи томонидан амалга оширилади.
Социалистик республикалар. Париж коммунаси (1871); Советлар республикаси (1917–1991 йилларда собиқ Совет Иттифоқи); Халқ демократик республикалари (ХХР, ВСР, Куба). Ҳозирги кунда республика шаклининг асосан қуйидаги турлари ажратиб кўрсатилади: парламентар республика, президентлик республикаси, аралаш (дуалистик) республика. Парламентар республика. Ҳозирги замон давлат бошқарувининг бир тури бўлиб, бундай республикада ҳукумат парламентга ўтказилган сайловларда кўпчилик ўрин олган партияларга тегишли депутатлар томонидан шакллантирилади (Италия, Исроил, Германия ва бошқалар). Бундан ташқари, давлат бошлиғи – президент одатда парламент аъзолари ёки махсус кенгаш томонидан сайланади. Ҳукумат парламент олдида жавобгар бўлиб, унинг фаолият муддати парламентга бўлган сайловларгача амалда бўлади. Президентлик республикаси. Бунда президент, қоида тариқасида, давлат ва ижро этувчи ҳокимият бошлиғи ҳисобланади. Президент ҳукуматни шакллантиради ва ҳукумат унинг олдида жавобгар бўлади (АҚШ, Россия, Бразилия, Аргентина, Мексика ва бошқалар). Президент умумхалқ сайловлари асосида ўз лавозимига сайланади. Аралаш республика. Бундай бошқарув шаклида давлат бошлиғи – президент халқ томонидан сайланади. У ҳукумат бошлиғини тайинлашда расман иштирок этади, лекин ҳукумат бошлиғи ва аъзолари парламентдаги кўпчилик томонидан шакллантирилади (Франция, Финляндия). Бошқарувнинг бундай шаклида президент конституция асосида ижро ҳокимияти ва ҳукумат ўртасида ҳал қилиб бўлмайдиган зиддиятлар келиб чиққан ҳолатда парламентни тарқатиб юбориш ваколатига эга бўлади.
|
|
Do'stlaringiz bilan baham: |