Шартли ҳукм қилишнинг мазмуни уни қўллаш, бекор қилиш асосларини муҳокама этинг.
Суд томонидан жиноят содир этган шахсга нисбатан тайинланган асосий жазо турини ҳақиқатда ўтамасдан туриб, ахлоқан тузалиш имконини бериши тушунилади. Шартли ҳукм қилиш: - озодликдан маҳрум қилиш; - интизомий қисмга жўнатиш; - хизмат бўйича чеклаш; - ахлоқ тузатиш ишлари каби жазо турлари тайинланган вақтда тадбиқ қилиниши мумкин. Суд ушбу жазо турларидан бири учун шартли ҳукмни қўллашда эътиборга олиши лозим бўлган ҳолатлар: - содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини; - айбдорнинг шахсини ва ишдаги бошқа ҳолатларни; - маҳкумни тайинланган жазони ўтамасдан туриб ҳам унинг хулқини назорат қилиш мумкинлигини; - шартли ҳукм орқали маҳкумни ахлоқан тузатиш мумкинлигини. Шартли ҳукм маҳкумга синов сифатида маълум бир муддатга ўзининг ахлоқан тузалганлигини кўрсатиши учун тайинланади ва синов муддати: - бир йилдан уч йилгача белгиланиб, ҳукм чиқарилган кундан бошлаб ҳисобланади. Башарти, шартли ҳукм қилиш тўғрисидаги қарор юқори суд томонидан чиқарилган тақдирда ҳам, синов муддатини ҳисоблаш шу кундан бошланади. Шартли ҳукм қилинганда, маҳкумга синов муддати давомида суд асослар мавжуд бўлса, маълум бир мажбуриятларни юклаши мумкин. Ушбу мажбуриятларга: - етказилган зарарни бартараф қилиш; - ишга ёки ўқишга кириш; - яшаш жойи, иш ёки ўқиш жойи ўзгариб қолса, бу ҳақда шартли ҳукм қилинган шахснинг ҳулқи устидан назорат олиб борувчи органга хабар бериб туриш; - вақти-вақти билан келиб бу органларда рўйхатдан ўтиб туриш; - муайян жойларда бўлмаслик; - муайян вақтда яшаш жойида бўлишлик; - алкоголизм, гиёҳвандлик, заҳарвандлик ёки таносил 137 касаллигидан даволаниш курсини ўташ кабилар кириши мумкин. Шартли ҳукм қилинганлар устидан назоратни: - ички ишлар органлари; - ҳарбий хизматчилар хулқи устидан эса, ҳарбий қисм ёки муассасанинг қўмондонлиги олиб боради. Шартли ҳукм қилинган шахс синов муддати давомида суд унга юклаган мажбуриятларни бажармаса ёҳуд жамоат тартиби ёки меҳнат интизомини бузганлиги учун унга маъмурий ёки интизомий таъсир чораси қўлланилган бўлса суд унинг хулқи устидан назорат олиб борувчи орган тақдимномасига биноан жазонинг шартлилигини бекор қилиб, ҳукмда тайинланган жазони ижро этиш тўғрисида ажрим чиқариши мумкин. Одатда, шартли ҳукм қуйидаги шахсларга нисбатан тадбиқ қилинмайди: - ўта оғир жинояти учун ҳукм қилинганларга (ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари, аёллар, шунингдек, олтмиш ёшдан ошган эркаклар бундан мустасно); - илгари қасддан содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинган шахсларга нисбатан қўлланилмайди (ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари, аёллар, шунингдек, олтмиш ёшдан ошган эркаклар бундан мустасно). Агарда шахс шартли ҳукм қилингандан кейин ўша иш бўйича ҳукм чиқарилгунга қадар бошқа жиноятда айбдорлиги аниқланса, ушбу ҳолат жазонинг шартлилигини бекор қилиш учун асос бўла олмайди. Бундай ҳолда ЖК 59-моддаси қоидалари қўлланилмайди ва биринчи ҳамда иккинчи иш бўйича чиқарилган ҳар қайси ҳукм алоҳида алоҳида ижро қилинади. Шартли ҳукм қилинган шахс синов муддати давомида янги жиноят содир этса, суд биринчи иш бўйича жазонинг шартлилигини бекор қилади ва унга нисбатан ЖКнинг 60- моддасида назарда тутилган қоидалар (бир неча ҳукм) юзасидан жазо тайинлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |