Модда тузулиши. Кимёвий термодинамика. Фазовий мувозанат. Эритмалар. Электрокимё. Кинетика ва катализ. - Физик кимё қуйидаги бўлимларга бўлинади
- Физик кимёнинг ривожланиш тарихига назар солсак, физик ва кимёвий ҳодисаларни биргаликда ва бир фан сифатида ўрганиш хақидаги фикрни бундан 250 йил муқаддам М.В. Ломоносов илгари сурган. 1752- йилда М.В. Ломоносов Петербург фанлар Академияси талабаларига физик кимёдан курс ўқиди. У физик кимё деган атамани биринчи бўлиб фанга киритди.
- 1752-53 йилда биринчи дарслик ёзилди. Уни «Чин физик кимёга кириш» деб атади. Бу дарсликда физика ва математикани кимёгар учун аҳамиятини тушунтирди. Бу даврда кимёвий ҳодисаларни тушунтиришда оддий физикавий усуллар қўллана бошланди.
- Массанинг сақланиш қонуни, каррали нисбатлар қонунлари
- (Ломоносов, Лавуазье, Дальтон) таърифланди. Газлар адсорбцияси (Шееле), электрокимё соҳасидаги биринчи изланишлар (Вольта, Фарадей ) олиб борилди.
- ХIХ аср ўрталарига келиб физик кимёнинг бир қанча йўналишларига асос солинди. 1836 йил Г.И. Гесс иссиқликнинг доимийлиги туғрисидаги қонунини яратди. Термодинамика қонунлари таърифланди (Карно, Томсон ва бошқалар), Гиббс томонидан кимёвий ва фазалараро мувозанат қонуниятлари ўрганилди.
- Вант-Гофф, Аррениусларнинг эритмалар тўғрисидаги назариялари яратилди. Шу билан бир қаторда кимёвий кинетиканинг классик назариясига асос солинди. Кольрауш, Нернстларнинг ишлари электрокимёнинг ядросини ташкил қилди.
- Физик кимё алоҳида фан бўлиб ажралиб чиқиш даври қарайиб 100 йил давом этди. 1864 йилда Харьков университетида Н.Н.Бекетов физик кимё бўлимини ташкил этди, 1865 йилдан бошлаб эса «Физикавий кимё» курсидан маърузалар ўқиди.
- Биринчи ҳақиқий дарслик 1876 йилда Россияда Н.Н.Любавин томонидан ёзилди.
- 1887 йилдан бошлаб, Лейпциг Университетида В.Оствальд физик кимё кафедрасини ташкил этди ва биринчи илмий “физик кимё” журналини чиқара бошлади. Бу вақт физик кимёнинг хақиқий фан сифатида вужудга келиш даври бўлди. Шу тариқа ривожланиб бориб, ҳозирги кунда физик кимё ер юзининг барча ўқув масканларида фан сифатида алоҳида ўқитилиб келинмоқда.
- Ўрта Осиёда физик кимё соҳасидаги энг муҳим изланишлар ва яратилган қонуниятлар
- Ўзбекистонда физик кимё Беруний, Ибн-Сино, Амир Темур, Улуғбек даврларида тараққий этган дейиш мумкин. Хоразмлик Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний (973-1048йй) «Қимматбаҳо тошларни билиб олиш бўйича маълумотлар», «Минералогия» китобларида ёқут, лаъл, олмос, зумрад, ақиқ, марварид, ложувард, биллур, феруза, маржон, забаржад каби минераллар ҳамда олтин, кумуш, симоб, темир, мис, қалай, қўрғошин каби металлар тўғрисида маълумотлар берди.
- У дунёда биринчи бўлиб тошларнинг солиштирма оғирликларини ўлчади (аниқлади), минералларни, металларни қандай вужудга келишини, ранглари, хоссалари, хусусиятлари, металларни рудадан ажратиш йўлларини (технологиясини) илмий асослаб берди. Минералларни турларга ажратди, тошларнинг қаттиқлиги, тиниқлиги, оғирлик ва магнитга тортилиш хусусиятлари ҳақида фикр юритди.
- Бухоролик Абу Али ибн Сино (980 – 1037 йй) биринчи бўлиб дистилланган сув олди; 1200 та минерал дорилар устида ишлади.
- У табиатда мутлоқлик йўқ, ҳар қандай жисм ҳаракатда бўлади деган фикрни олға сурди. «Маъдан ва олий жинслар» номли рисоласида минералларни тошлар, олтингугуртли маъданлар, ёнар тошлар ва тузлар гуруҳига бўлди.
- (1956 йилда унинг шарафига янги топилган минералга «Авиценит» деб ном қўйилди).
- Сувни зарарсизлантириш учун фильтрлаш, ҳайдаш, қайнатиш каби физик-кимёвий усулларни қўллади (таклиф этди).
- Юртимизда 1927 йил Ўзбекистон Миллий университети (ўша вақтдаги Туркистон Миллий университети)да биринчи бўлиб физик кимё кафедраси ташкил этилди. Профессор Алексеев кафедрага раҳбарлик қилди. 1932 йил Самарқанд Давлат Университетида ҳам профессор Н.А. Колосовский раҳбарлигида ана шундай кафедра ташкил этилди. Ўзбекистонда физик кимёнинг ривожланишида Н.А.Колосовский, Усанович, А.М.Муртазаев, В.В.Удовенко, Е.И.Познер, Б.Г.Запрометов, Х.Р.Усманов, К.С.Ахмедов, Р.С.Тиллаев, Э.А.Орипов, С.С.Хамраев, А.Й.Йўлчибоев, А.А. Агзамхўжаев, С.З.Мўминов, Ғ.У.Рахматқориев ва бошқалар муҳим ҳисса қўшдилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |