2-расм. Туризм соҳасида диверсификация қилиниши мумкин
бўлган асосий йўналишлар9
Расмдан кўриниб турибдики, туризм соҳасида диверсификация қилиниши мумкин бўлган асосий йўналишлар, таъкидланганидек, туристик хизматлар диверсификацияси, туристик бозорлар диверсификацияси, туристик ресурслар диверсификацияси ва туристик ҳудудлар диверсифи-кациясидан иборат экан. Аммо туристик ресурслар таркибида геотуризм ўз аксини топмаган. Мамлакатимизда геотуристик ресурслар жуда кўп. Туристик маршрутларга, албатта, геотуризмни қўшиш лозим бўлмоқда.
Геотуризмнинг асосий объекти – геопарклар ҳисобланади. Геопарк Ернинг геологик тарихи очиқ кўринишларига эга бўлган, маҳаллий табиий ландшафтлар, тоғ жинслари, қазилмаларнинг бузилмаган ҳолатларда сақланганлиги, қадимги ҳайвонларнинг қолдиқлари, излари мавжуд бўлган давлатларнинг махсус муҳофазасида турган халқаро аҳамиятдаги ноёб ҳудудлар ҳисобланади.
Геотуризмтуризмнинг янги йўналиши - жойнинг ўзига хос бўлган тарихийлиги, сайёрамизнинг эволюциясидан маълумотлар берувчи ғаройиб кўринишларини мужассам қилган туристик ҳудудга қизиқишдир. «Геотуризм» атамаси 1997 йиллардан туризм соҳасида ишлатила бошлади ва дунё бўйича тезликда оммалашди. Геотуризм экотуризмнинг янги бир тармоғи ҳисобланиб, жойнинг ўзига хос тарихийлиги, ривожланиш босқичларини ҳикоя қилувчи ғаройиб маълумотлари билан ҳам, атроф-муҳитни муҳофаза қилувчи ва маҳаллий маданиятни ҳурмат қилувчи тамойиллари билан ҳам жуда қисқа вақтда дунёга танилди.
Геотуризм ҳудудлардаги тарихий жойларнинг ҳозирги ҳолатида сақланиши ва муҳофаза қилинишига, маҳаллий анъаналарнинг тикланишига ва тараққий этишига ёрдам беради. Шу нуқтаи назардан ҳам геотуризм экотуризмнинг янги, истиқболли йўналиши ҳисобланади.
Дунё бўйича Малайзия, АҚШ, Австралия, Оман, Буюк Британия, Хитой, Италия, Канада каби давлатлар геотуризмни ташкил қилиш ва ривожлантиришда олдинги ўринларда бормоқда. Ҳозирда Гватемала, Гондурас, Норвегия, Румыния ҳам геотуризмни ривожлантираётган давлатлар қаторида. Бу давлатлар геотуризм бўйича мутахассислар, гид-етакчилар тайёрлашга жадал киришган. Чунки, геологик тузилмалар, ҳозиргача сақланиб қолган тарихий туб жойлар тарихини, бу жойлар билан боғлиқ афсоналарни, ушбу ҳудудларда яшаб келаётган аҳоли маданиятини, этник хусусиятларини,геотуризмнинг ностандарт маршрутларидаги ўзгарувчан кўплаб саволларга қониқарли ва қизиқарли жавоб берадиган, комплекс билимларни эгаллаган мутахассисларгина (геологлар, палентологлар, биологлар, зоологлар, ботаниклар, этнографлар ва бошқ..) туристларни геотуризмга чорлайди, қизиқтира олади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 1972 йилда Париж шаҳрида ўтказилган «Ернинг маданий ва табиий меъросларини муҳофаза қилиш бўйича БМТ Конвенцияси»да белгилаган халқаро мезонлар бўйича ноёб табиий, тарихий геологик, палеонтологик жойлар, манзиллар, ҳудудлар давлатларнинг таклифлари ва асосномалари билан геопаркларга айлантирилиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |