VII БОБ
И С Л О М
§ 1
Исломнинг вужудга келиши
Ислом (ислом дини) Арабистон ярим оролининг жанубий-ғарбий томонидаги вилоятларда, хусусан Ҳижоз воҳасида жойлашган Макка ва Мадина шаҳарларида яшайдиган араб қабилалари (қурайшлар) орасида VII асрнинг биринчи ярмида вужудга келган янги жаҳон динидир.
Ислом пайдо бўлиши арафасида Арабистоннинг ғарбида Ўрта ер денгизининг Шарқий қирғоқларида, шимолий Африкада (хусусан Мисрда) якка худоликка асосланган иудаизм (яхудолик) дини, шимол томондаги Византия (Ҳозирги Туркия) давлатида эса насроний дини (христиан) мавжуд бўлиб, бу динлар араблар орасида ҳам тарқалмоқда эди. Бу тўғрида Қуръонда ҳам маълумотлар берилган. (Бақара сураси). Ўша даврдаги тарихий вазиятда араб қабилалари ва шаҳар давлатлари аҳолиси олдида қуйидаги тарихий вазифалар мавжуд эди:
Араблар ҳаётида уруғчилик, қабилачилик тартиблари емирила бошлаб, қулчилик билан феодал тартиблари шаклланаётган эди. Натижада араблар ижтимоий турмушида табақаланиш, синфий тенгсизлик рўй бериб, бир томондан бой бадавлат хонадонлар, иккинчи томондан қашшоқ хонадонлар мавжуд бўлиб, ҳаётда юқори табақа оилаларида дабдабали тўй-маъракалар, айш-ишратбозлик, исрофгарчилик, маиший айниш авж олади. Айни пайтда камбағаллар, етим-есирлар аҳволи оғир эди. Раҳм-шафқат, адолат камайиб кетган эди. Бу хусусда Қуръонда (Нисо сураси ва бошқа сураларда) жуда кўп фикрлар айтилган.
«Ислом - ихлос, тинчлик, омонлик, сулҳ, турли офатлардан саломат бўлиш, итоат , бўсуниш каби маъноларни англатади»
(Қаранг: Поклик имондандир.Т., «Ўзбекистон», 1991 йил, 33-бет)
Араб қабилаларининг бир қисми водий ва воҳалардаги қишлоқ ҳамда шаҳарларда яшаб, деҳқончилик, ҳунар-мандчилик ва савдо ишлари билан шуғулланарди. Бу жойларда маданият анча ривож топган эди. Макка ва Мадина маданият ва диний марказлар эди.
Бироқ ўша вақтларда арабларнинг кўпчилиги саҳроларда яшаб, улар чорвачилик билан шуғулланиб кўчманчилик ҳаётида яшаганлар. Шаҳарлик ва саҳройи-бадавий араблар орасида тез-тез талончилик урушлари юз бериб турганлиги тарихий манбаларда кўрсатилган. Арабларда уларни тартибга солиб турадиган марказлашган кучли давлат ҳам йўқ эди. Ана шундай кучли давлат тузиш тарихий заруриятга айланган. Бу давлат ижтимоий тарқоқликка барҳам бериб, арабларни бирлаштириши зарур эди.
Ўша даврда арабларда ғоявий-мафкуравий бирлик ҳам йўқ эди. Чунки, араб қабила ва уруғлари турли-туман динларга диний урф-одатларга амал қилганлар, айниқса аждодлар руҳига сиғиниш, айрим ҳайвонларни илоҳийлаштириш (тотемизм), айрим тоғлар, ғорлар, сув манбалари, дарахтлар, тошлар, осмон жисмларидан; ой, қуёш, юлдузларни муқаддаслаштириб уларга сиғиниш (фетишизм), инс-жинслар, девлар, алвасти, пари, афсонавий хизр каби ғайритабиий кучларга ишониш кучли бўлган. Қабилавий худолар, маъбудалар, яъни илоҳаларга эътиқод қилишарди. Каъба (тошдан қурилган тўртбурчак ибодат уйи) тўғрисида тарихий маълумотлар сақланиб қолган.
Исломий давргача ҳукм сурган бу жоҳилия даври мушриқийлик бўлиб бу ҳам арабларни мафкуравий жиҳатдан бирлаштириш йўлидаги ғов эди. Кун тартибида кўп худолик - мушрикийликдан ваҳдониятга, яъни якка худоликка ўтишдек муҳим тарихий вазифа турар эди.
Шаҳар бойлари ва бой чорвадорлар орасида кўп хотин олиш, кўп кунларга чўзилган дабдабали тўй-маъракалар, ичкиликбозлик, қимор ўйнаш, фоҳишабозлик каби ярамас одатлар кенг тарқалган эди. Айрим араб оилаларида қиз болаларни ерга кўмиб ташлашдек даҳшатли одат ҳам бор эди. Кун тартибида ана шундай аҳволга барҳам бериш вазифаси ҳам мавжуд эди.
Юқорида санаб ўтилган тарихий вазифаларни фақат Оллоҳ хоҳиш иродаси бўлган Ислом дини куч-қуввати билангина бажармоқ мумкин бўлди. Оллоҳга иймон-эътиқодга даъват қилиш фаолиятини ханифалар бошлаб юборган эдилар.
Ханифалар (ханиф, арабча сўз бўлиб, маъноси чинакам эътиқод қилувчи, тақвадор киши) демакдир. Ўз ҳаётини якка худога эътиқод қилишга даъват қилишга бағишлаган.
Ислом дини вужудга келмасдан илгари араблар орасида якка худолик ғоясини тарғиб қилиб чиққан руҳонийлар ханифлар эди. Ханифлардан Сижжаҳ, Тулайҳ, Асвад, Мусайлима кабиларнинг исмлари манбаларда тилга олинган. Ханифлар ўша даврда араб қабилалари ўртасида кенг ёйилган мушрикийликка қарши чиқиб якка худоликни тарғиб қилиб чиққанлар. Ханифлар Тангри, Воҳид, Карим, Фахим. Раҳмон, Акбар, Таоло, Одил кабиларнинг ҳар бири Оллоҳнинг, яратувчининг сифатлари деб тарғиб қилганлар. Ханифлар одамлар аҳлоқидаги баднафслик, очкўзлик, аҳлоқий бузуқлик, шуҳратпарастлик, дабдабабозлик, ҳаддан зиёд исрофгарчи-ликка олиб борадиган катта тўйлар, маъракалар қилишни қаттиқ қоралаганлар ва аксинча, инсоф, адолат, нафсни тийиш, ўзгалар ҳаққидан ҳазар қилиш, бир-бирларига ёрдам қилиш, ватанни севиш, илм-маърифатни эгаллаш каби фазилатларни тарғиб қилганлар. Улар турли бутларга сиғинишга чақир-ганлар. Ортиқча урф-одатларни бидъат деб ҳисоблаганлар.
Do'stlaringiz bilan baham: |