2- БОБ. ҚУРИЛИШДА ИНВЕСТИЦИОН ЛОЙИҲАЛАР,
УЛАРНИНГ МОҲИЯТИ ВА АСОСИЙ БОСҚИЧЛАРИ
2.1. Инвестицион лойиҳа тушунчаси ва унинг турлари
Яқин даврга қадар мамлакатимизда лойиҳа деганда, қурилиш объектлари бўйича иш кўлами ва режалаштиришга доир, конструкцион, ташкилий ва технологик қарорлар ифодаланган чизмалар мажмуаси тушуниларди. Масалан, техник ва иш лойиҳаси, қурилишни ташкил этиш лойиҳаси, ишларни йўлга қўйиш лойиҳаси каби тушунчалар мавжуд. Хорижий мамлакатларда бундай лойиҳалар “дизайн” (design) дейилади, лойиҳа (project) эса қўйилган мақсадга мувофиқ муайян тизимни ўзгартиришга қаратилган фаолият соҳасини қамраб олади. Бу техник, иқтисодий, ижтимоий тизимни яратиш ёки уни ўзгартиришга доир фаолият, шунингдек янги бошқарув тузилмаси ёки илмий-техник ишларни яратиш бўйича фаолият бўлиши мумкин. Қурилишда – бу янги қурилиш мажмуаларини яратиш ва ишлаб чиқариш иншоотларни қайта тиклаш (реконструкция) бўйича мақсадли жараён. Бунга мисол тариқасида бўлиб саноат мажмуалари, сув омборлари, муҳофаза (тошқинлардан) тўғонлари, суғориш тизимлари, космик мажмуалар қурилишини келтириш мумкин.
Кўрсатилган ҳар бир соҳада қуйидагилар изчиллик билан ўзгариб боради: концепцияни танлаш, лойиҳани ишлаб чиқиш, уни бажариш ва якунлаш.
Шундай қилиб, янги ёндашувга мувофиқ, лойиҳа – бу амалга оширилишининг мақсади ва вақти нуқтаи-назаридан яхлит тузилма. Пул маблағларини (капитални) киритиш лойиҳанинг бошланиши дейилади, унинг якуни эса – қўйилган мақсадга эришишда ифодаланади. Буюртмачилар учун эса – бу объектнинг унинг мақсадларига мувофиқ муваффақиятли эксплуатациясидир.
Инвестицияларни киритишнинг барча босқичларини – сармояларни киритишдан то ишларни якунлашга қадар, - амалга ошириш билан боғлиқ лойиҳа инвестицион лойиҳа дейилади, қурилишда эса бу – инвестицион қурилиш лойиҳаси (ИҚЛ) дейилади.
Инвестицион лойиҳалар ўзлаштириладиган сармояларнинг тури, таркиби ва кўлами (дастурлар кўлами), мақсаднинг амалга оширилиш муддати (даври), мураккаблик даражаси, эришиладиган сифати ва бошқа белгиларига қараб таснифланади.
Ўзлаштирилиш турига қараб сармоялар қуйидагиларга бўлинади: фондни ташкил қилувчи (фондларни шакллантириш ёки уларни янгилашга қаратилган), инновацион, илмий-тадқиқот. Таркиби ва кўламига қараб улар яхлит (моно), кўпқиррали (мульти) ва йирик (мега) лойиҳалар бўлиши мумкин. Яхлит лойиҳаларга унча катта бўлмаган саноат корхоналарига ёки мавжуд саноат ишлаб чиқаришини янгилашга (модернизациялаш)га қаратилган лойиҳалар киради. Бундай лойиҳаларга капитал қўйилмалар миқдори бир неча юздан 40-50 млн.АҚШ долларигача бўлиши мумкин. Кўпқиррали (мульти) лойиҳа – бу мажмуавий лойиҳа бўлиб, қатор яхлит лойиҳалардан иборат бўлади. Бундай лойиҳага, масалан, дарё транспорти ва сув иншоотларини ўз ичига олган, шунингдек мудофаа ва космик иншоотлар қурилишини кўрсатиш мумкин. Мегалойиҳалар катта миқдордаги капитал қўйилмалар жалб қилиниши билан ажралиб туради (1 млрд. АҚШ доллари ва ундан кўп бўлган миқдорда).
Лойиҳанинг бажарилиш муддатига қараб қисқа муддатли (3 йилгача), ўрта муддатли (3-5 йил) ва узоқ муддатли лойиҳалар таснифланади. Одатда, қисқа муддатли лойиҳалар кенг тарқалган бўлиб, уларнинг таннархи бир неча 10 минг долларни ташкил этиши мумкин. Сифати бўйича лойиҳалар камчиликсиз (нуқсонсиз) деб аталиши ҳам мумкин, улар учун энг асосийси – сифат ва юқори даражадаги ишонч. Бундай лойиҳаларга атом электростанцияларини киритиш мумкин.
Инвестицион лойиҳаларни амалга оширишда кўп сонли ташкилотлар иштирок этади ва бу марказлаштирилган бошқарув тизимини шакллантиришни талаб этади. Хорижий давлатларда бундай ҳолларга нисбатан Project Management (лойиҳаларни бошқариш) тушунчаси ишлатилади. Лойиҳа раҳбари эса – менежер деб айтилади.
Илк бор “лойиҳани бошқариш” тушунчаси 1953-1954 йилларда АҚШда қўлланилган. Бу мураккаб ва йирик объектларни бошқаришни интеграциялаш бўйича илк тажрибалар эди. Лойиҳаларни бошқаришга туртки бўлиб CRM (салбий усул йўли) ва PERT (шарҳлаш технологияси ва дастурларни баҳолаш) каби мажмуавий режалаштириш тизимларини, айниқса компьютер тизимларини татбиқ этилиши хизмат қилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |