12-Topshiriq: Matnni lotin yozuviga aylantiring va uning tarkibidagi iqtisodiy so‘z, terminlarning qo‘llanish xususiyatlarini tahlil qiling. Iqtisodiy terminlarni ajratib yozing.
ПУЛДОРЛИК САНЪАТИ
VI ҚОИДА
ЎЗ БАНКИРИНГИЗНИНГ СЎЗЛАРИНИ ТИНГЛАНГ
Молия чангалзорларида харита ҳам, йўл ҳам йўқ. Бу чангалзорга кирган ҳар бир киши ўзини адашган ҳис қилади. Айни пайтда бутун умрини ана шу чангалзорларда ўтказган, шунинг учун ҳам унинг ўзига яраша қонун ва хавф-хатаридан хабари бўлган инсонлар бор. Шу маънода кўпроқ банкирларга ишониш мумкин. Олтинчи қоида сизни катта зиёнлардан сақлаб қолиши мумкин.
Чангалзорлар сизга йўл кўрсатишга қодир ана шундай одамлар билан тўлиб-тошган. Улар сизни ҳар қандай вазиятдан олиб чиқиб кетишларига ишонтирадилар, ҳар қандай масалада йўл-йўриқ кўрсатадилар. Бу чангалзорга оёқ босишингиз биланоқ улар сизни минг хил ёрдам, таклифлари билан ўраб оладилар. Ўзлари бу чангалзорда адашиб-улоқиб юрган юзлаб одамлар сизни Олтин Тоғларига элтишни ваъда қиладилар. Чангалзор қонунларининг жумбоқларидан бири худди шундай иқтидорсиз ва омадсиз бечоралар сизга фаровонлик йўлларини кўрсатмоқчи, муттаҳамлар эса сизни бой-бадавлат қилмоқчи бўладилар.
Бу Чангалзорда манфаатсиз бирон хизмат ёки маслаҳат бўлмайди. Буни Чангалзорга қадам босишдан олдинроқ билган ва ёдда сақлаган маъқул. Чўнтагингиз бўшаб қолганидан кейин атрофингизда биронта йўлбошчи ва маслаҳатгўйнинг қолмаганлигини кўрасиз. Ўзингиз билан ўзингиз юзма-юз қоласиз.
Одатда, инсон Чангалзорда кимсасиз ва ночор қолганида ўзига ўзи йўлбошчи ёки бошқачароқ қилиб айтганда, брокер бўлади. Сиз нима деб ўйлайсиз, агар ҳақиқатан ҳам ОЛТИН ТОҒига элтувчи йўлни билганида арзимас бир чақа учун уни кимгадир кўрсатган бўлармиди? Ҳеч қачон.
Кимки ишончли маслаҳатгўй топишни истаса, брокерга мурожаат қилсин. Бу ҳақиқат ҳали бор бўй-басти билан намоён бўлгани йўқ. Бироқ кўриб турганингиздек, у, умуман олганда, ишончли. Агар кўнглингизда қандайдир шубҳа бўлса, акция олиб-сотиш соҳасида 20 йиллик тажрибага эга бўлган ҳар қандай инсондан сўрашингиз мумкин.
Бу — брокерлар ноҳалол инсонлар бўлади, дегани эмас; уларнинг ўз мантиқлари бор. Улар ўзларининг Ўн қоидаларига қатъий амал қиладилар. БИРИНЧИ ҚОИДА: “Мижоз таваккал қиляпти”. Брокер ҳеч қачон ИШОНЧ ҳақида ўйлаб ўтирмайди. “Ишла”, дейди у. Бу иш фойда келтирадими, зиёнми – фарқи йўқ: “Ишла!” Ҳеч қайси брокернинг кечалари ишчи уйларига жўнатилган олдинги мижозларини ўйлаб, уйқуси қочиб кетмайди. Акси тақдирда, ҳеч шубҳасиз, ҳамма брокерлар уйқусизликдан ўлиб кетган бўлар эдилар!
Брокер, ўз мижозлари сингари қоидаларга эмас, балки миш-мишларга қараб иш тутади. Югуриб-елади. У давлат миқёсидаги анъаналарни жуда ҳам кам ҳолларда ўрганади.
Унда режа ҳам, харита ҳам, компас ҳам йўқ. У ўз мижозларини таъқиб қилиш билан кифояланади. У йўл бошловчи эмас. У – шерик. Шуларни ўзлаштириб олса, брокерлик хизматидан яхшигина фойдаланиш мумкин. У – амрларнинг фаол ижрочиси. У буюрилган топшириқни бажаради, кундалик янгиликлардан огоҳ қилади, битим тузади, бироқ ҳеч қачон Йўлбошловчилик қилмайди.
Чангалзорда бошқа турдаги инсонлар ҳам бор. Улар ўзларини йўлбошловчи қилиб кўрсатмасалар-да, йўлбошловчилардан кўпроқ нарсани биладилар. Улар – Банкирлардир. Банкир, бу – қўриқловчи, пулларни зиёндан асрагувчидир. У – ишончнинг ўзидир. У чангалзордаги ёлғизоёқ йўлларни билмагани тақдирда ҳам хавф-хатардан қандай қутулиш усулларини билади. У бутун умри давомида хавф-хатар аломатларини ўрганади. Бундан ташқари, агар хоҳласа, сизни кулфатдан қутқариши мумкин. Худди шу жиҳатлари билан у брокердан анча устун туради.
Брокернинг ягона мақсади – ўз мижозларини доимо олди-сотди ҳолатида ушлаб туриш. Банкир эса уларни зиёндан қутқариш учун елиб-югуради. Брокерга ҳақ тўланса, банкир фақат маош олади. Фақат банкиргина беғараз маслаҳатлар бериши мумкин. Унинг табиий ҳолати шуни тақозо қилади.
Омонатчиларнинг жуда оз қисми ўз банкирларининг хизматидан фойдаланадилар. Менинг ўзим ёшлигимда 10 йил давомида банкда шахсий ҳисобимга эга бўлганман. Аввал қарз сўрардим, орадан ўн тўрт йил ўтиб, биринчи марта ўз банкирим билан қарз ҳақида маслаҳатлашдим. Ёшлигимда маслаҳат сўраб фақат брокер ва уй савдоси агентига мурожаат қилардим. Биринчиси менга 250 фунт, иккинчиси эса 120 фунтга тушган. Хизмати эвазига комиссион ҳақ оладиган кишилар билан ҳеч қачон маслаҳатлашмасликни ўргангунча, мен ҳам кўп нарса йўқотганман.
Брокер бутун Чангалзорни ҳаракатга келтиради. Бундан, албатта бутун Чангалзор манфаатдор.
Бироқ, мен бу ерда умумий ҳолат ҳақида сўз юритмоқчи эмасман. Менинг мақсадим – ўқувчига пулни қандай сақлаш ва уни ўз фойдасига ишлатиш йўлларини кўрсатишдан иборатдир.
Банкир билан маслаҳатлашганингиз тақдирда сиз икки ҳисса ютасиз; биринчидан, оқилона маслаҳат оласиз, иккинчидан эса, банкирнинг ишончини қозонасиз.
Банкир – Молия Чангалзоридаги ўзига хос бир кузатувчидир. Унда на ўзини ва на мижозларни алдаш учун сабаб бор. У ишнинг боришини тадқиқ этиш билан мушкул. Унга бошқаларнинг иши керак эмас. У, эҳтимол, қандай қилиб 12% фойда олиш мумкинлигини айтиб беролмас, бироқ қандай қилиб 6% фойда олишни аниқ айтиб бера олади. У Олтин Тоғига олиб борувчи йўлни кўрсатолмаслиги мумкин. Ҳолбуки, вақти-вақти билан кимдир тасодифан ёки онгли равишда уни топиши ва эртаклардагидай бойиб кетиши мумкин. У чангалзорлар ҳақида шунчалик кўп нарса биладики, ўзини ҳеч иккиланмай йўлбошловчи деб аташи мумкин.
У ишни ҳамиша ишончли тарзда олиб боради. Шунинг учун ҳам у бошловчи инвесторлар учун энг яхши маслаҳатгўйдир. Вақти келиб, инсон ўзи мустаҳкам оёққа туриб олганидан кейин банкирнинг маслаҳатларига эҳтиёж сезмай қолади. Бироқ, бундай ҳодисалар жуда кам учрайди. Хусусан, ҳозирги кунда мен ҳар бир ишбилармонга ҳамма нарсада ўз банкирига ишонишини маслаҳат берган бўлардим.
Бугунги кунда банкир – марказий фигурадир. У бутун дунёни ўз елкасида тутиб турибди. Пировардида халқаро миқёсдаги молиявий муаммоларнинг барчаси парламентарлар ёки Конгресс томонидан эмас, балки банкирлар томонидан ҳал қилинади. Банкир инсонларнинг пулини ҳимоя қилади ва шунинг учун ҳам у жамиятда ўз мавқеига эга бўлмоқи лозим. Сиёсатчилар томонидан қандай қарор қабул қилиш лозимлигини фақат угина аниқлаши керак. У оддий ҳисобчи эмас. У, исташ-исталмаслигидан қатъий назар – соқчи. У – Васий. У – Лидер.
Шундай қилиб, бизнинг Олтинчи қоидамиз: Ўз Банкирингизга қулоқ солинг. Ўзингизнинг унчалик бой бўлмаган тажрибангизга ҳам, сизнинг зиёнингиздан Фойда қилишни кўзлаган инсонларнинг маслаҳатига ҳам ишонманг.
Do'stlaringiz bilan baham: |