Инсоннинг ўз имкониятларини эркин намоён қилиши ва ватанпарварлик.
Ижтимоий тараққиётда, жамият ҳаётининг ҳар бир соҳасида ҳал қилувчи омил инсондир. Ўзбекистонни мутараққий давлатлар қаторигаўз имкониятларини эркин намоён қила олмайдиган, қотиб қолган андозалар бўйича фикрлайдиган, мутелик ва қўрқув, миллий номукаммаллик туйғусидан халос бўлмаган, ватанпарварликдан йироқ инсонлар билан кўтара олмаймиз. Бу зарурат эркин фикрли, ташаббускор ва ватанпарвар фуқарони тарбиялашни тақозо этади. Мустақил Ўзбекистон маънавий ривожланишининг асосий шарти ва мақсади — янги шахсни тарбиялашдир, ўтмиш маданий меросига ва эришилган ютуқларга муносабат танқидий бўлиши лозимдир.
Айнан янгича фикрлайдиган, замонавий билимларни, касб-ҳунарни эгаллаган ёшларни тарбиялаш учун таълим соҳасида чуқур ислоҳотлар амалга оширилди. Таълимнинг янги давлат стандартлари ишлаб чиқилди, методологик асослари ва услубий воситалари янгиланди. Ўзбек халқи тарихида илк бора миллий мактабига эга бўлди. СССР давридаги мактабда ўқитиш ўзбек тилида олиб борилса-да, мактаб коммунистик мафкура асосида таълим берадиган совет мактаби эди. Ўтмишдаги мачитлар қошидаги мактаблар ва мадраслар миллий эмас, диний ўқув муассасалари ҳисобланарди. Жадидлар миллий мактаб яратишга кўп уриндилар, аммо дастлаб чор ҳукумати ва сўнгра большевиклар бунга рухсат бермади.
Ўзбекистонда 12 йиллик мажбурий таълимнинг жорий этилиши, бу даврда ёшлар умумий ва ўрта махсус таълим олиши баробарида касб-ҳунар эгаллаши ёшларнинг ўз ақлий ва билим салоҳиятини оширишга қаратилган. Болалар спорти моддий-ўқув, машғулот базаси ва кадрлари ҳамда болалар учун мусиқа ва санъат мактаблари қурилиши, турли хил маҳаллий, миллий ва халқаро танловларда, фан олимпиадаларда ва спорт мусобақаларида ёшларимизнинг қатнашиши уларга ўз имкониятларини юзага чиқаришга ёрдам бермоқда. Бундан ташқари, ёшларга ўз бизнесини юритиш, уй қуриш, олий таълим олиш ва бошқа кўплаб соҳаларда имтиёзли кредитлар ажратилмоқда. Ижтимоий ҳаёт қарашлар ва фикрлар хилма-хиллиги, тафаккур ва ташаббус эркинлиги шароитида ривожланмоқда. Булар ҳаммаси инсоннинг ўз имкониятини юзага чиқариш учун мамлакатимизда яратилаётган шароитлардир.
Маънавиятимиз ривожланишининг мустақиллик даври босқичи халқнинг тарихий хотирасини тиклаш билан бир қаторда миллий онгни, тафаккурни шакллантиришда, маданий меросдан ёш авлодни баҳраманд этишда ҳал қилувчи роль ўйнайдиган миллий мактабни, миллий таълим тизимини яратиш энг улкан тарихий ютуқлардан биридир.
Ватанпарварлик туйғуси ва эътиқоди мустақилликнинг маънавий асоси ҳисобланади. Ватанпарварлик фақат ватанни севиш, унга фидо бўлиш, ундан фахрланиш каби туйғудангина иборат эмас. У эътиқод сифатида тегишли тушунчалар, холис баҳолар, қарашлар, ғоялар, идеаллардан таркиб топади. Тўғри тушуниладиган, миллатчилик ва миллий маҳдудликдан, ман-манликдан, нигилизм ва номукамалликдан холи бўлган ватанпарварлик ижтимоий мўлжалга айланади.Ватанпарварлик халқ манфаатларини шахсий, гуруҳий, синфий, маҳаллий-минтақавий манфаатлардан устун қўйишдир. Агар мамлакат турли низолар, маҳаллийчилик ёки партиявий тарафкашлик, сиёсий гуруҳбозлик туфайли беқарор бўлса, унда миллий ҳамжиҳатликка зарар етади. Ватанпарварлик эътиқодга, ишққа айланмоғи зарур. Лекин бу кўр-кўрона, тор миллатчилик даражасидаги иррационал ишқ эмас, балки юксак самара берадиган,Ватан манфаатларини тўғри тушунадиган, теран ақлга ва соғлом ҳиссиётга таянган севги бўлмоғи лозим.
Демак, ватанпарварлик алоҳида шахс ва бутун халқ онгининг, фикрининг мустақил тараққиёт заруратига мос келиши, мамлакатни тараққий эттиришда тўғри мўлжал ола билиши, яъни кенг маънодаги маънавий етукликнинг кўрсаткичларидан биридир.
Ижтимоий ривожланишда ватанпарварлик қаторида бошқа туйғуларга, билимларга ва маънавий-мафкуравий тажрибаларга таянилади. Шу боисдан маданий меросдан, бугунги кун қадриятларидан унумли фойдалана олиш, тарихдан холис хулоса чиқара билиш, ўз тарихига ва бугунги аҳволига, маданий мероси ва маънавий қадриятларига, динига ва ахлоқига, мавжуд сиёсий ва ҳуқуқий амалиётига, турмуш тарзига танқидий ва ижодий кўз билан қарай олиш — мустақилликни мустаҳкамлашнинг муҳим маънавий асосидир.
Маънавий қадриятларга илмий муносабатда бўлиш ва улардан тўғри фойдаланиш кўп жиҳатдан жамиятнинг мустақил тараққий этиш муваффақиятларини ҳам, шахснинг ўз имкониятларини тўлароқ юзага чиқариш муваффақиятларини ҳам белгилайди. Бу борада, айниқса маданий меросга муносабат масаласи ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Чунки миллий қадриятларни тиклаш масаласи мураккаблиги туфайли айрим кишилар истиқлолни келажакка эмас, ўтмишга қаратмоқчи бўлаётганини сезмаяпти. Баъзи кишиларнинг ва диний мутаассибларнинг Ўзбекистоннинг келажак йўли ва ижтимоий тузуми тўғрисидаги фикрларида (давлатни ислом республикасига айлантириш, халифалик, айирмачилик ғоялари) ана шу нарса кўзга чалинмокда. Миллий маънавий тикланиш ва ривожланиш халқнинг тарихий хотирасини тиклашдан, келажак мақсадларини, идеалларини аниқ белгилашдан бошланади. Тарихий хотира эса биринчи галда маданий меросда мужассамлашган. Келажак олий мақсадлари ва идеаллари миллий ғояда, мафкурада акс этади. Шу сабабдан маданий меросни ўрганиш, унинг турли сабабларга кўра халқдан яширилган, яримунут бўлган қисмини халққа қайтариш, уни миллий ғоя ва мафкура контекстида таҳлил қилиб, сарагини саракка, пучагини пучакка ажратиш, ҳақиқий қадриятларни сохталардан, эскирганларидан фарқлаш маънавий тараққиётнинг долзарб муаммоларидан ҳисобланади.мустақиллик йиллари маданий меросга муносабат кескин ўзгарди. Аммо назарий ва амалий жиҳатдан тўғри ҳал қилиниши лозим масалалар ҳам пайдо бўлди.
Do'stlaringiz bilan baham: |