Мустақиллик даври босқичи (сентябрь 1991 йилдан – )
Мустақил тараққиётнинг маънавий асослари.
Мустақиллик ўз ўзидан кутилмаганда осмондан тушиб қолган эмас. Уни қўлга киритиш учун халқимиз катта қурбонлар берди. Аввалги мавзуда бу ҳақда қисман гапирилган эди. Лекин Сталин қатағонлари даврда, уруш ва урушдан кейинги йилларда миллий истиқлол учункураш бироз сусайган, ўзгача ғоявий-мафкуравий шаклларни ўзлаштираётган эди. Аммо “пахта иши” деб аталган қатағонларнинг янги ҳалқаси миллий онгимизда кучли фаоллик пайдо бўлишига, ўзликни англаш даражамиз янги поғонага кўтарилишига сабаб бўлди. охир-оқибатда мустақиллик учун курашга олиб келди.
1989 – 1991 йилларни тарихий тараққиёт нуқтаи назаридан баҳоласак, бу йиллар теран ва том маънода мустақиллик учун бевосита кураш йилларига айланди. Ўзбекистонда вазият бу пайтга келиб таранглашиб кетган эди. Маънавият, маданият, тил, миллий қадр-қиммат масалалари моддий-иқтисодий масалаларга нисбатан ҳам кескинроқ эди. Уларни кун тартибига қўйишнинг ўзи учун амалда СССРнинг сиёсий мафкурасига зид иш тутиш, миллий муносабатлар, кадрлар тайёрлаш, тил ва маданият борасидаги сиёсатини, бутун коммунистик амалиёт ва идеологияни (мафкурани) танқид қилиш, унга қарши чиқиш дегани эди.
Мустақиллик учун бевосита кураш йиллариайнан шундай йўлдан борилди. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди, тақиқланган Наврўз байрами тикланди, маданий меросга, динга муносабат ўзгарди. Қатағон қилинган адиблар асарлари халққа қайтарила бошлади. Энг асосийси – халқимизнинг тарихий хотирасини, Ватан тарихини тиклаш, улуғ сиймоларимиз, даҳоларимиз ҳаёти ва ижодини, фаолиятини қайта баҳолаш ва халққа етказиш учун илк қадамлар ташланди.Айнан мустақиллик учун бевосита кураш йилларида жамиятни тубдан янгилаш имконини берадиган, истиқлолдан кейин тўлик шаклланган ислоҳотлар назариясининг, жумладан унинг таркибий қисми маънавий ислоҳотлар концепциясининг тамал тоши қўйилди.
Халқимизнинг озодликка, ҳурриятга интилиши, совет давлатида ижтимоий адолат бузилишидан, амалдаги миллий тенгсизликдан норозилиги, адолатни қумсаши, умуман миллий ўзлигини англашнинг ўсиши истиқлолга эришишнинг маънавий пойдевори бўлди. Аммо булар совет тузумини маънавий жиҳатдан қабул қилмаслик, инкор этиш ва тарихий қулай вазиятда истиқлол йўлини танлаш учун етарли бўлсада, мустақил тараққиёт учун етарли эмас. Чунки мустақил тараққиёт «инкор қилиш кайфиятидан бунёдкорлик кайфиятига ўтиш»ни1 талаб қилади.Мустақилликни сиёсий жиҳатдан мустаҳкамлаш давлат тизимлари ва зарур қонунлар мажмуасини яратишдан ташқари янгича ҳуқуқий онг ва умуман янгича сиёсий маданиятни тақозо этади. Иқтисодий мустақиллик совет давридагидан фарқли ўлароқ янгича иқтисодий тафаккурни, бозор муносабатлари, рақобат билан боғлиқ янгича ҳуқуқий ва ахлоқий меъёрларни ўзлаштиришни, маънавий қадриятларимиздан, маданий меросимиздан унумли фойдаланишни талаб этади.
Мустақиллик шароитида илм-фан, маданият, адабиёт ва санъат, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, ОАВ, оила, фуқаролик институтлари ҳамда синфлар, табақалар, гуруҳлар ўртасидаги мулкий, иқтисодий, ҳуқуқий, ахлоқий, мафкуравий муносабатлар совет даврида қарор топган тамойил ва меъёрларга тўлиқ таяна олмайди. Бу —халқ маънавий ҳаётининг бошқа соҳаларига ҳам тааллуқли. Бир сўз билан айтганда, мустақиллик ўзининг янги дунёқарашига ва маънавий асосларига эга бўлмоғи лозим.
Маънавий асослар, моҳиятига кўра, мустақилликни мустаҳкамлаш ва янада ривожлантириш учун хизмат қиладиган ижтимоий туйғулар, ғоялар, қарашлар, тамойиллар, назариялар ва ижтимоий мўлжаллар, идеаллар тизими бўлса, воқелигига кўра, уларнинг маданий меросда, замонавий адабиёт ва санъат асарларида, шунингдек жамиятнинг ақлий ва ҳиссий муҳитида, миллатнинг иродасида, давлатнинг мафкуравий-тарбиявий сиёсатида, ижтимоий-маданий муассасалар фаолиятида, интилишларида, дастурларида намоён бўлишидир. Улар орасида биринчи навбатда жамият ҳаётининг барча соҳаларида туб ислоҳотлар ўтказишни ҳар томонлама далиллаб кўрсатиб берадиган назария ажралиб туради.
Истиқлолнинг дастлабки йилларида Ўзбекистонда туб ислоҳотларни амалга ошириш назарияси яратилди. Назарияда инсон барча ислоҳотларнинг мақсадига айлантирилди ва марказига қўйилди. Ижтимоий йўналтирилган кўпукладли бозор иқтисодиётини вужудга келтириш, аҳолининг муҳтож қатламларини ижтимоий муҳофаза қилиш, давлат ва жамиятни қайта қуриш, кадрлар тайёрлаш, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият соҳаларини ислоҳ қилиш, маънавий тикланиш ва юксалиш концепциялари ишлаб чиқилди. Бу ижтимоий-сиёсий барқарорликни таъминлашга хизмат қилди, одамларнинг давлатга ва ислоҳотларга ишончини мустаҳкамлади. Ислом Каримовнинг “Одамлар қийинчиликларга чидаши мумкин, аммо адолатсизликка чидай олмайди” деган сўзлари ислоҳотларни амалга оширишнинг маънавий мезонларидан бирига айланди.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида (ўтиш даврида) давлат бюджети камомад билан бажарилар, маблағ етишмас, иқтисодий аҳвол анча оғир эди. Аммо маънавий ислоҳотлар, маданий меросни, тарихий хотирани тиклаш, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт, мустақил ОАВни ривожлантириш ва шу кабилар ўз ҳолига ташлаб қўйилмади. “Биз учун маънавият, тарихий ва маданий қадриятлар, аҳолининг маънавий, ахлоқий ҳолати, ёш авлодни тарбиялаш энг асосий устувор вазифа бўлиши лозим. Шунинг учун ҳам биз халқнинг маънавиятига зарар етказган ҳолда маблағни тежай олмаймиз,”2-деб ёзган эди И. Каримов 1993 йил августойида чоп этилган рисоласида.Ислом Каримов мустақилликнинг тўрт маънавий негизини алоҳида таъкидлаб кўрсатади: «Бу негизлар: умуминсоний қадриятларга содиқлик; халқимизнинг маънавий меросини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш; инсоннинг ўз имкониятларини эркин намоён қилиши; ватанпарварлик»3.
Умуминсоний қадриятларга содиқлик жамиятимизнинг ижтимоий мўлжали, давлат амалий сиёсатининг мазмуни ва мақсадидир. Чунки юксак ривожланган жамият қуриш учун ижтимоий-иқтисодий, маданий-маънавий ҳаётнинг барча соҳаларида, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашда башарият эришган илғор ютуқларни ўзлаштириш, миллийликни умуминсонийлик билан бойитиш лозим.Ижтимоий тараққиёт нималардан иборатлигини тўғри тушуниш, миллий манфаатларни замонавий тараққиёт талаблари билан уйғунлаштира билиш ҳам мустақилликнинг маънавий асослари қаторига киради.
Ижтимоий онг шаклларига мувофиқ мустақилликнинг ахлоқий, ҳуқуқий, эстетик, сиёсий, умумфалсафий каби маънавий асослари мавжуд. Ўз навбатида уларнинг ҳар бири мураккаб тизимдан, турли меъёрлар, ижтимоий мўлжаллар мажмуасидан ташкил топади. Масалан, ахлоқий асосларга эзгулик, инсонпарварлик, халқпарварлик, ватанпарварлик, адолатпарварлик, виждон, бурч каби кўпқиррали тушунчалар ва меъёрлар киради. Улар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Инсонпарварликни эзгулик ва хайрихоҳликсиз, ўзаро ёрдам ва адолатпарварликсиз тасаввур қилиш мумкин эмас. Бу меъёрлар умуминсоний ахлоқий меъёрлардир.
Шундай қилиб, мустақилликнинг маънавий асослари биринчи навбатда янгича дунёқараш, ижтимоий онг ва илмий назария билан боғлиқ субъектив омиллардир. Лекин маънавий асослар тушунчаси булар билангина чегараланиб қолмайди. Мустақилликнинг маънавий асосларига кенг маънодаги маънавий маданият ва унга тегишли, нисбатан алоҳидалашган ижтимоий муасссасалар ҳам киради. Улар эса нафақат субъектив, шунингдек объектив ҳодиса сифатида ҳам мавжуддир.
Маънавий меросни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш — янги Ўзбекистонни яратиш ва жаҳон ҳамжамиятига тенгҳуқуқли интеграция бўлишга хизмат қилади, чунки миллий ўзликни, миллий манфаатларни, аждодларимиз ва замондошлар ижодий ютуқларни англаш орқали умумжаҳон тараққиёти оқимида ўз ўрнимизни, замонавий ижодий ютуқларимизни ва салоҳиятимизни аниқ тасаввур этишга ёрдам беради. Миллий идентликни, ўзига хосликни сақлаб қолишга, юксалтиришга жаҳон ҳамжамиятидан юз ўгириш ҳисобига эмас, аксинча, жаҳондаги илғор ютуқлар ва тажрибани ўзлаштириб, миллий маданиятни, она тилини ривожлантириш ҳисобига эришилади. Мустақиллик йиллари, биринчидан, маънавий-маданий меросни тиклаш, ривожлантириш; иккинчидан, жаҳон маданияти ютуқларини ўзлаштириш, жаҳон ҳамжамиятига иқтисодий интеграция бўлиш йўналишларида иш олиб борилди.
Биринчи йўналиш ишлари, юқорида эътироф этилганидек, мустақиллик учун бевосита кураш йиллари бошланган эди. Мустақиллик йиллари ўтиш даврида ушба масала миллий ўзликни англашни янги сифат босқичига кўтариш, тарихий хотирани тиклашнинг, умуман миллий-маънавий тикланишнинг бош масаласига айланди. Шу сабабдан ушбу йўналишда кўпқиррали комплекс ишлар олиб борилди. Буюк алломаларимиз, давлат ва жамоат арбобларимиз, шаҳарларимиз, маданий ёдгорликларимиз юбилейлари ўтказилди.
Улуғбек, Аҳмад Яссавий, Аҳмад Фарғоний, Имом Бухорий, Маҳмуд Замахшарий, имом Мотрудий, имом Марғилоний, Нақшбанд, Абдуҳолиқ Ғиждувониий каби алломалар, Амир Темур, Бобур, Жалолиддин Мангуберди (Манкбурни) кабидавлат арбоблари ва саркадалар юбилейлари, “Алпомиш” достоннинг 1000 йиллиги, “Авесто”нинг 3000 йиллиги, Самарқанднинг 2750, Шаҳрисабз ва Қарши шаҳрларининг 2700, Бухоро, Урганч, Термиз шаҳарларининг 2500, Тошкентнинг 2200, Марғилоннинг 2000 йиллик тўйлари ўтказилди.
Юбилейлар шунчаки тантанли нишонлаш тадбири бўлиб қолгани йўқ. Уларга тайёргарлик жараёнида улкан илмий-тадқиқот, маданий-маърифий, тарғибий-ташвиқий ва ободончилик ишлари амалга оширилди. Алломалар ва буюк арбоблар ҳаёти ва фаолиятига бағишланган илмий, илмий-оммабоп, тарихий, биографик, бадиий ва публицистик асарлар, мақолалар, ҳужжатли ва бадиий кино-телефильмлар яратилди. Таъкидлаш жоизки,юбилярларнинг аксарияти тўғрисида илк бор ҳар хил ривоят ва афсоналар, уйдирма ва тўқималар эмас, балки ҳаққоний, холис, тарихий далилларга, илмий тадқиқотларга асосланган маълумотлар эълон қилинди.
Алломаларимиз, давлат ва жамоат арбобларимиз асарлари ҳам илк бор асл ҳолда нашр қилинди. Шунингдек, Қуръони карим, имом Бухорийнинг тўрт томлик саҳиҳ ҳадислари, имом ат-Термизийнинг саҳиҳ ҳадислари қатор дининй алломаларимиз асарлари илк бор ўзбек тилида нашр этилди. Юбилейлари ўтказилган шаҳарларимиз тарихи илк бор қадим даврдан то шу кунгача изчил илмий далиллар асосида қисқача баён этилди ва миллий тарихимиз контекстида талқин қилинди. Юбиляр шаҳарларимизга аталиб қисқача тарихий босиб ўтган йўлини, археологик ва меъморий ёдгорликларини ўзида акс эттирган чиройли альбом-китоблар нашр этилди. Эътибор берилса, “илк бор” сўзи такрор-такрор қўлланилмоқда. Бу маънавий тикланишимиз, маънавий ислоҳотларимиз учун табиий ва қонуний ҳодисадир. Баъзи бир унутилган миллий урф-одатлар, анъана ва байрамларимизни замонавий асосда тиклаш ва ривожлантириш бўйича яна кўплаб мисоллар келтириш мумкин.
Миллий-маънавий тикланиш юзасидан олиб борилган ва давом этаётган кўпқиррали комплекс тадбирлар, чуқур ва пухта ўйланган давлат сиёсати ўз самарасини берди. Халқимизнинг дунёқараши бойиди, онги ўсди, маънавий қиёфаси ўзгарди. У ўз тарихини, тарихий илдизларини, миллий маданиятини, аждодлари жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссасини билиб олди. У ўзини миллат сифатида қайтадан таниди, тарихий хотирасини тиклади, миллий номукаммаллик туйғусидан қутулиб, ўзини ҳеч кимдан кам сезмайдиган бўлди, миллий ғурури ўсди.
Иккинчи йўналишда олиб борилган комплекс ишлар бунга ёрдам берди. Илм-фан, адабиёт ва санъат, маданият, давлат ва жамият қурилиши, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари борасидабиз миллий анъаналаримиз ва баъзи ижтимоий-сиёсий ва фуқаролик институтларини тиклаш (маҳалла, ҳокимлик) қаторида жаҳоннинг илғор ютуқларини ўзлаштирдик. Давлат ҳокимиятининг уч тармоғи – қонун чиқарувчи, ижроия ва суд ҳокимиятлари бир биридан ажратилгани бу борадаги ислоҳотлар, демократия ва инсон ҳуқуқлари ривожлантирилгани, кўплаб янги нодавлат нотижорат ва бошқа жамоат ташкилотлари вужудга келгани тўғрисида тўхталиб ўтирмаймиз. Улар алоҳида мавзу ва бизнинг предметимиздан бироз ташқарига чиқади. Биз фақат маънавиятга яқиндан алоқадор баъзи ишларни қайд қиламиз.
Кадрлар тайёрлаш, таълим соҳасида халқаро талабларни ва ютуқларни ҳисобга олиб чуқур ислоҳотлар ўтказилди. Ўн икки йиллик мажбурий таълим жорий этилди. Таълимнинг барча бўғинлари учун янги талаблар асосида давлат таълим стандартлари ишлаб чиқилди, ўқув дарсликлари, қўлланмалар яратилди. Мактаблар, касб ҳунар коллежлари, академик лицейлар, олий ўқув юртлари замонавий жиҳозлар ва ўқув технологиялари билан таъминланди. Кўплаб янги АЛ ва КҲК, олий ўқув юртлари очилди. Бундан ташқари, юртимизда жаҳоннинг қатор нуфузли олий ўқув юртлари филиаллари ташкил этилди. Улар орасида Британиянинг Вестминстер университети, Москва давлат университети, Турин политехника институти, Плеханов номли иқтисодиёт университети, Губкин номидаги нефть-газ институти,Инҳа университети, Малайзия иқтисодиёт коллежи филиаллари бор. Бунга юртимиз йигит-қизлари ва ёш мутахассисларининг АҚШ, Япония, Германия, Корея ва бошқа ривожланган мамлакатларга ўқишга ва малака оширишга жунатилаётганини қўшимча қилиш керак.
ФА (Фанлар Академияси), ИТИ (Илмий тадқиқот институтлари) ва олий ўқув юртларимиз чет эл илмий марказлари ва университетлари билан илмий-тадқиқот, кадрлар тайёрлаш, алмашиш масаласида ҳамкорлик қилмоқдалар. Юртимизда ҳар йили кўплаб халқаро йирик илмий анжуманлар ўтказилаётгани жаҳон ҳамжамияти билан бу соҳада интеграция бўлаётганимизга мисолдир. Жаҳон бадиий адабиёти, фалсафаси ва ижтимоий фикрига оид асарлар ўзбек тилига таржима қилинмоқда. Миллий ва жаҳон халқлари маданий меросини, ҳозирги замон муаллифлари асарларини чоп этиш, халқимизнинг маънавий мулкига айлантириш, тарғиб этиш билан мустақиллик йилларида ташкил этилган “Тафаккур”, “Жаҳон адабиёти”, “Маънавий ҳаёт” ва бошқа махсус журналлар, Республика телерадиокомпаниясининг янги студиялари шуғулланмоқда. Бугунги маънавий ҳаётимизни уларсиз тасаввур этиш қийин.
Мустақиллик йиллари маданий меросга ва ижодий фаолиятга, адабиёт ва санъатга муносабат ўзгарди. Коммунистик мафкуравий қолиплардан, синфийлик, партиявийлик, курашчан атеизм тамойилидан, социалистик реализм деб аталмиш бадиий услубдан воз кечилди. Давлат цензураси бекор қилинди. Ижод эркинлиги адабиётимиз ва санъатимизда янги модернистик йўналишлар, услублар, бадиий усулларда яратилган ранг-баранг асарлар, жанрлар пайдо бўлишига олиб келди. Анъанавий реалистик усул анча эркинлашди, бойиди. Тўғри, ҳали янги оқимга мансуб жуда улкан оламшумул аҳамиятга эга асарлар яратилгани йўқ. Лекин бу бошқа мавзу. Чунки бадиий ижодда ҳал қилувчи омил усул ва услуб эмас, муаллиф истеъдодир. Адабиётимиз ва санъатимиз мазмунан ва шаклан бойиган,хилма-хиллик, сержилолик касб этгани эса – бор гап.
Мамлакатимиз, миллий маданиятимиз жаҳонга юз бурди, жаҳонга очилди, жаҳон ҳам бизга очилди. Биз дунё халқлари маданий ютуқларини ўрганиш қаторида ўз миллий маданиятимизни уларга тарғиб қилмоқдамиз. Алишер Навоий ва Бобур каби мумтоз адабиётимиз вакилларининг шоҳ асаралари баъзи чет тилларга қайтадан таржима қилинди, баъзи тилларга илк бор ўгирилди. Янги таржималар чуқур илмий-филологик ва текстологик (матншунослик) тадқиқотлар билан қўшиб олиб борилди. Жаҳоннинг қатор юксак ривожланган мамлакатларида халқимизнинг буюк алломалари – Навоийга, Улуғбекка, Ибн Синога, Фарғонийга, Хоразмийга, Берунийга бағишланган конференциялар ўтказилди, мақолалар, китоблар чоп этилди, ҳужжатли фильмлар суръатга олинди ва намойиш этилди. Уларнинг баъзиларига ҳайкаллар ва ёдгорликлар ўрнатилди.
Ўзбекистоннинг тарихи, халқи, табиати, маданий ёдгорликлари, санъатига бағишланган чет элликлар олган ҳужжатли ва телефильмларнинг эса саноғига етиш қийин. Миллий маданиятимизни чет элга тарғиб этишда ЮНЕСКО ва бошқа халқаро ташкилотлар билан мамлакатимизнинг ҳамкорлик қилиши яхши самаралар бермоқда. Ўзбек ижрочилари, санъаткорлари, мусаввирлари, театр ва киноасарлари турли халқаро танловларда, фестиваль ва кўргазмаларда қатнашиб ғолиб ва совриндор бўлдилар. Ўзбек санъатини жаҳонга ёйдилар. Мамлакатимизда ҳам халқаро фестиваллар, турли маданий анжуманлар ўтказилмоқда. Биргина “Шарқ тароналари” фестивали жаҳон мусиқа санъатининг Ўзбекистонда, ўзбек мусиқа санъатининг жаҳонда тарқалишига қанча улкан ҳисса қўшаётганини баҳолаш қийин.Айниқса, ўқувчи ёшларимизнинг халқаро фан олимпиадаларида, ёки иқтидорли ёш ижрочи ва санъаткораримизнинг халқаро танловларда эришаётган ютуқлари қувонарли.Келтирган мисоллар мустақиллик йиллари маънавиятимизда қандай юксалиш юз берганини, маънавиятга муносабат қай даражада эркинлик,демократизм, инсонпарварлик томон ўзгарганини кўрсатади.
Do'stlaringiz bilan baham: |