Мева-сабзавотчилик ва узумчилик.
Кейинги йилларда иқлимнинг бутун жаҳонда кескин ўзгариши, дунёда аҳолини ошиб бориши ҳамда мева-сабзавот, картошка маҳсулотларига бўлган талабнинг кундан-кунга ортиб бориши кузатилмоқда. Аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлаш мақсадида ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ва ички истеъмол бозорини улар билан тўлдириш юзасидан мустақиллик йилларида салмоқли ишлар амалга оширилди.
2010 йилда 1990 йилга нисбатан сабзавот майдонлари 49,3 минг гектарга (139,8%), картошка 28,5 минг гектарга (167,7%) кенгайтирилган.
1990 йилда аҳоли жон бошига йиллик ўртача сабзавот 138,6 кг, картошка 15,1 кг, полиз 39,0 кг, мева 34,5 кг маҳсулотлар ишлаб чиқариши тўғри келган бўлса, 2010 йилга келиб бў кўрсаткичлар аҳоли жон бошига сабзавот 226,6 кг (1990 йилга нисбатан 163,5%), картошка 60,5 кг (400,4%), полиз 42,2 кг (108,3%), мева 61,1 кг (177%) ни ташкил қилди.
Республика аҳолисини 1990 йили картошка маҳсулотлари билан 30 фоизини, мева маҳсулотлари билан 57 фоизини таъминланган бўлса, 2010 йилга келиб, 120 фоизга картошка ва 108 фоизга мева маҳсулотлари билан таъминланмоқда.
Охирги беш йил ичида мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 1,7 маротабага ошиб, 2010 йилда 11 млн. 919,5 минг тонна етди. Шундан, 1271,1 минг тонна ёки 13 фоиз маҳсулотлар қайта ишланган. Жумладан, сабзавотнинг 12 фоизи, меванинг 19 фоизи ва узумнинг 25 фоизи қайта ишланган.
Фермер хўжаликлари, агрофирмалар, қайта ишлаш корхоналар ва тадбиркорлар томонидан охирги 4 йилда 186 та мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлайдиган минитехнологияларни ўрнатиш ҳисобига, 2010 йилда қайта ишлаш ҳажми 1271,1 минг тоннани ташкил этиб, 2005 йилга нисбатан 4,6 маротаба ошди.
Чорвачилик.
Иқтисодиётнинг барқарор ривожлантиришда қишлоқ хўжалиги, хусусан чорвачилик муҳим аҳамият касб этади. Мамлакатимизда аҳолининг чорвачилик маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, бозорларда гўшт, сут, тухум, балиқ ва бошқа маҳсулотлар кўпайишини таъминлашга устивор вазифалардан бири бўлиб ҳисобланади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 23 мартда қабул қилинган “Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорва молларини кўпайтиришни рағбатлантириш чора – тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2008 йил 21 апрелдаги “Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорва моллар кўпайтиришни рағбатлантиришни кучайтириш ҳамда чорвачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш борасидаги қўшимча чора – тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Аҳолига қулай бўлган жойларда зооветеринария, ем сотиш ва бошқа сервис хизматлари кўрсатиш бўйича инфратузилмалар тармоғи янгидан ташкил қилинди. Энг асосийси шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларида чорвачиликни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ва тижорат банклари томонидан қорамол сотиб олиш учун микрокредитлар ажратиш масаласи ҳал этилди.
Чорвачиликда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар натижасида, барча тоифа хўжаликларда қорамоллар сони 2010 йилда 9093,7 минг бошга етказилиб, 1991 йилга нисбатан 3981,1 минг бошга ёки 77 фоизга, шу жумладан сигирлар сони 3763,6 минг бошга етказилиб, 1991 йилга нисбатан 1643,6 минг бошга ёки 77 фоизга кўпайди.
Ана шу даврда барча тоифа хўжаликларда қўй ва эчкилар сони 5231 минг бошга ёки 52 фоизга, паррандалар 2532,9 минг бошга ёки 7 фоизга кўпайган.
Шахсий ёрдамчи хўжаликларида қорамоллар бош сони 1991 йилга нисбатан 2010 йилда 5018,1 мингтага ёки 144 фоизга, шу жумладан сигирлар 1876,4 мингтага ёки 111 фоизга, қўй ва эчкилар 7366,2 ёки 154 фоизга, паррандалар 11717,0 мингтага ёки 108 фоизга кўпайган.
Чорвачиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликларида ҳам чорва моллари ва паррандалар бош сонининг кўпайишига эришилган.
Республикадаги чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларида 2006 йилда қорамоллар бош сони 375,6 минг бошни ташкил қилган бўлса, 2010 йил якуни бўйича улар 501,7 минг бошга етказилиб, тўрт йилда 126,1 минг бошга ёки 34 фоизга кўпайган. Ана шу даврда сигирлар бош сони 51,3 минг бошга ёки 42,2 фоизга кўпайганлиги, кейинги йилларда моллар бош сонини янада кўпайтиришга ҳамда гўшт ва сут маҳсулотларини сезиларли даражада оширишга замин яратади.
Республикадаги чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларида 1992 йилда қорамоллар бош сони 66,3 минг бошни ташкил қилган бўлса, 2010 йил якуни бўйича уларнинг сони 501,7 мингтага етказилиб, 435,4 минг бошга кўпайган. Ана шу даврда сигирлар бош сони 147,5 минг бошга ёки 6,8 мартага кўпайганлиги, кейинги йилларда моллар бош сонини янада кўпайтиришга ҳамда гўшт ва сут маҳсулотларини сезиларли даражада оширишга замин яратади.
Барча тоифадаги хўжаликларда 1991 йилда 800,2 минг тонна гўшт, 3331,4 минг тонна сут, 2347 млн. дона тухум ишлаб чиқарилган бўлса, 2010 йил якунига кўра гўшт ишлаб чиқариш 1461,4 минг тоннага, сут-6169 минг тоннага ва тухум 3059 млн. донага етказилди.
Бугунги кунда республика бўйича ишлаб чиқарилган гўштнинг 95 фоизи, сутнинг 96,1 ва тухумнинг 58 фоизи шахсий ёрдамчи, деҳқон хўжаликлари хисобига тўғри келмоқда.
Республикамиз вилоятлари бўйича 2005 йилда зооветеринария сервис хизматларини кўрсатадиган шахобчалар сони 1768 та бўлган бўлса, 2006-2010 йилларда қўшимча 823 та шахобчалар янгидан ташкил қилиниб, уларнинг сони 2591 тага етказилди.
Австриядан оналарининг сут маҳсулдорлиги 11 мингдан 16 минг литргача бўлган 20 бош наслли буқалар “Ўзнаслчилик” корхонасига келтирилиб, улардан ҳам уруғ ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Жами Австриядан сотиб олинган юқори кўрсатгичларга эга бўлган наслли молларнинг 9 таси швиц, 9 таси Голштин зотига ва 2 таси симментал (флекви) зотига мансубдир.
Наслли буқалар уруғини ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида республикадаги наслчилик тоифасига кирган хўжаликлардан ҳам 38 та наслли буқалар танлаб олиниб, бугунги кунда 30 тасидан уруғ олинмоқда.
2008 йилда “Ўзнаслчилик” корхонасида 60314 доза уруғ ишлаб чиқарилган бўлса, 2010 йилда бу кўрсатгич 1700 минг дозага етказилди.
Молларнинг сифатини қисқа давр ичида яхшилаш ва уларнинг маҳсулдорлик кўрсатгичини ошириш ҳисобига чорвачилик маҳсулотлар ишлаб чиқаришни янада кўпайтиришда сунъий уруғлантиришнинг аҳамияти беқиёсдир. Бу йўналишдаги ишлар йилдан-йилга кучайиб бормоқда.
2008-2009 йилларда шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларидаги сигир ва қочириш ёшидаги таналарнинг 30 фоизини сунъий уруғлантириш, сунъий уруғлантиришнинг афзалликлари тўғрисида, аҳоли ўртасида тарғибот қилиниши натижасида, 2005 йилда 32064 бош моллар сунъий уруғлантирилган бўлса, 2010 йилга келиб, 1300 минг бош сигир ва қочиш ёшидаги таналар сунъий уруғлантирилди.
Республика бўйича 2005 йилда наслчилик тоифасига кирган фермер хўжаликлар сони 263 тани ташкил этган бўлса, 2010 йил якуни бўйича уларнинг сони 387 тага етказилиб, 124 тага кўпайди.
Республикамиздаги наслчилик хўжаликлардан 2005 йилда 1939 бош наслли моллар тайёрланиб, шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларига сотилган бўлса 2010 йилда республикадаги 387 та наслчилик хўжаликлардан 6188 бош наслли қорамоллар сотилишига эришилди.
Бундан ташқари республикамизда наслли моллар сонини кўпайтириш мақсадида, хорижий давлатлардан наслли моллар сотиб олишга ҳам эътибор берилди. Сўнги тўрт йилда республикамизга Белоруссия, Украина, Польша, Австрия, Германия, Швеция давлатларидан Ўзбекистонда районлаштирилган қора-ола, голштин, швиц, қизил-чўл зотига мансуб бўлган 17817 бош қорамоллар импорт бўйича сотиб олинди. Бу холат чет мамлакатлардан наслли мол сотиб олган хўжаликлардан юқори маҳсулдорликка эга бўлган йилига 3500-4000 бош наслли мол тайёрлаб, сотишга имкон яратилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |