Молия-кредит ва солиқ соҳасида:
-давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган маҳсулотларни етиштиришни молиялаштиришда имтиёзли кредитлаш тизими йўлга қўйилди. Ушбу кредит бугунги кунда фермер хўжаликларининг иқтисодий жиҳатдан “оёққа туриб олишида” муҳим омил бўлмоқда. Чунки қатор йилларда бери Марказий банк томонидан қайта молиялаш ставкаси 14 фоиз миқдорида белгиланаётган (2011 йил 1 январдан бошлаб 12.0%), йиллик инфляция даражаси ўртача 6,5-7 фоиз даражасида башорат қилинаётган бир шароитда 3 фоизли кредит фермер хўжаликлари учун жуда қулай ҳисобланади.
-қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилар учун ерларнинг сифати, балл-бонитетига боғлиқ бўлган ягона ер солиғини тўлаш тизимига ўтказилди;
-республикамизда ишлаб чиқарилган техника воситаларини лизингга бериш тизими жорий этилди;
-фермер хўжаликлари учун имтиёзли кредит тизими яратилди. Бошқа тадбиркорлик субъектларига қайта молиялаш ставкасидан (2011 йил 1 январдан бошлаб 12 %) юқори фоиз ставкаларда кредитлар берилса, фермер хўжаликларига техника сотиб олиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни йўлга қўйиш учун қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизи(бугунги кунда 6 %), учдан бири, яъни 4 %, олтидан бири, яъни 2.0% йиллик ставка билан кредитлар бериш тартиблари ишлаб чиқилган.
Нарх-наво масаласида:
-давлат томонидан сотиб олинадиган пахтанинг нархини жаҳон бозоридаги нархдан келиб чиққан ҳолда белгилаш тизими жорий этилди;
-давлат томонидан сотиб олинаётган ғалла нархини минтақавий бозорлардаги нархдан келиб чиққан ҳолда белгилаш тизими жорий этилди;
-бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини нархи бозордаги талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда шартнома асосида белгиланмоқда.
Таҳлиллар шуни кўрсатмокдаки, 2010 йил натижаларига кўра мамлакат ялпи ички маҳсулотининг қарийиб бешдан бир қисми қишлоқ хўжалиги соҳасида яратилмоқда. Шунингдек, 2010 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2009 йилга нисбатан 6,8 фоизга ортди.
Соҳанинг аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари, саноатни хомашё билан таъминлашдаги аҳамияти тобора ўсиб бормоқда. Қишлоқ хўжалиги истеъмол бозорига барча турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда пахтани қайта ишлаш, ёғ-мой соҳаларига хомашё етказиб бериши билан бир вақтнинг ўзида қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, кимё саноати, ва бошқа саноат тармоқлари маҳсулотлари учун кафолатли бозор бўлиб ҳам ҳисобланади.
Бугунги кунда мамлакат аҳолисининг 63 фоизи қишлоқ жойларда истиқомат қилади. Жами банд аҳолининг 26,7 фоизи қишлоқ хўжалигида банд бўлиб турибди.
Озиқ-овқат маҳсулотларининг 90 фоизига яқини аграр сектор тармоқларида тайёрланади. Шу жиҳатдан қишлоқ хўжалигини ривожлантириш барчамизнинг эътиборимизда бўлиши лозим.
2008 йилдан бошлаб пахта экин майдонлари 75 минг гектарга қисқартирилиб, бу майдонларга сабзавот, полиз, картошка ва озуқа экинларининг жойлаштирилиши молиявий инқироз шароитида озиқ-овқат маҳсулотларини тақчиллигини, нархларни кескин ошиб кетишини олдини олишда муҳим омил бўлди.
Кейинги йилларда амалга оширилган тизимли тадбирлар натижасида 2010 йилда 1 млрд АҚШ доллари ҳажмида мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишга эришилди.
Республика бўйича 1991 йилда аҳоли жон бошига сабзавот ишлаб чиқариш 138,6 килограммни ташкил қилган бўлса, 2010 йилга келиб бу кўрсаткич 225 килограммни (ёки 1991 йилга нисбатан 162,3% кўп) ташкил қилган, мос равишда картошка етиштириш 15,1 килограммдан 60,5 килограммга (4 марта кўп), мева етиштириш 24 килограммдан 60,1 килограммга ( 250,4 %) ошган. Шунингдек, чорвачилик маҳсулотлари етиштириш борасида ҳам ижобий ўзгаришларга эришлиган. Жумладан, 1991 йилда республика бўйича аҳоли жон бошига гўшт ишлаб чиқариш ўртача 20 килограммни (сўйилган вазн) ташкил қилган бўлса 2010 йилда 26 килограммга тенг бўлган, ушбу кўрсаткич сут ишлаб чиқариш мос равишда 168 килораммдан 220 килограммга ортган.
Мустақиллик йилларида махсус кенг кўламли дастурларни амалга ошириш натижасида ерларнинг мелиоратив ҳолати муттасил яхшиланиб бормоқда. Фақат 2010 йилнинг ўзида ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш учун 150 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди ва бу 724 километрлик коллектор-дренаж тармоқлари, 208 та мелиоратив қудуқларни барпо этиш ва реконструкция қилиш, қарийб 14 минг километрлик коллектор-дренаж тизимини таъмирлаш, қайта тиклаш ва 335 та замонавий мелиорация техникасини харид қилиш имконини берди.
Қашқадарё, Бухоро, Навоий, Сурхондарё, Сирдарё, Жиззах вилоятлари, шунингдек, Марказий Фарғона ҳудуди ва Қорақалпоғистон Республикасида ирригация ҳамда мелиорация иншоотларини қайта тиклаш учун 2010 йилда халқаро молия институтларининг 62 миллион доллардан зиёд маблағлари жалб қилинди ва ўзлаштирилди.
Амалга оширилган ана шундай кенг миқёсдаги ишлар натижасида 260 минг гектар суғориладиган ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланди ва бу қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини, фермер ҳамда деҳқон хўжаликларининг даромадини ошириш учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |