Мавзу ўқув мақсади: миссионерлик ва прозелитизмнинг асл мақсадларини тушунтириш, миссионерлик ташкилотларининг вазифаларини кўрсатиш, уларнинг салбий оқибатларини баён қилиш.
1. Миссионерлик ва прозелитизмнинг мазмун-моҳияти. Миссионерлик сўзи асли лотинча бўлиб, «юбориш», «вазифа топшириш» деган маъноларни англатади.
Миссионерлик билан ёнма-ён ишлатиладиган прозелитизм эса, тўғридан-тўғри бирон бир динга ишонган фуқарони ўз динидан воз кечишга ва ўзга динни қабул қилишга қаратилган ҳаракатларни англатади. У ўз моҳиятига кўра миссионерликнинг таркибий қисми ҳисобланади.
Маълумотларга кўра, дунёдаги умумий миссионерларнинг 2/3 қисмини христиан миссионерлари ташкил этади. Дастлабки халқаро христиан миссиялари, 1910 йилда Шотландиянинг Эдинбург шаҳрида пайдо бўлган эди. Бугунги кунда юзлаб шундай мақомга эга миссиялар фаолият кўрсатмоқда. Уларни янада ривожлантириш, етарли моддий, маънавий ва инсон ресурслари билан таъминлаш жуда яхши йўлга қўйилган. Одатда, халқаро миссияни ташкиллаштиришда маълум бир конфессиянинг барча шахобчалари қатнашади. Масалан, ташкилотнинг нашриёти уни тегишли адабиётлар билан таъминласа, тадқиқот маркази муайян мамлакат аҳолиси, унинг ҳаёт тарзи, урф-одатлари, заиф томонлари ҳақидаги маълумотларни йиғиш ва диний адабиётларни маҳаллий тилларга таржима қилиш билан шуғулланади. Миссияни моддий-молиявий таъминлашда ишлаб чиқариш тузулмаларининг, миссионер кадрлар тайёрлаш ва кўнгилли ҳомийларни топишда миссионерлик базаларининг аҳамияти беқиёсдир. Мана шундай куч ва тайёргарлик билан халқаро миссия исталган мамлакатда тегишли тарғибот-ташвиқот ишларини самарали ташкил этишига шубҳа қилмаса ҳам бўлади.
Айни дамда, миссионерлик фаолияти билан фаол шуғулланишга ҳаракат қилаётганлар орасида баҳоийлар, кришначилар билан бир қаторда янги пайдо бўлган секталар борлигини ҳам таъкидлаш зарур. Секта бу – фақат ўзини ҳақ дин, инсонларни нажотга етказувчи деб даъво қиладиган, аслида эса муайян сиёсий ва иқтисодий мақсадларни кўзлайдиган гуруҳ ҳисобланади. Психологлар мазкур секталарни «оммавий ижтимоий-психологик қирғин қуроли» деб таърифлайдилар.
Диний секта деганда маълум бир диндаги расмий ақидаларга зид равишда ажралиб чиққан ёки мавжуд динлар ва конфессияларга умуман алоқаси бўлмаган ҳолда дин байроғи остида фаолият кўрсатадиган гуруҳлар тушунилади. Бугунги кунда миссионерлик фаолияти билан асосан турли секталар шуғулланади. Ҳозирги кунда тахминан 5000 та сектанинг фаолияти аниқланган. Маълумотларга кўра, мамлакатимиз билан чегарадош бўлган давлатларда «Богородичий центр», «Церковь объединения», «Церковь Иисуса», «Церковь Нового Завета», «Белое братство», «Божественный орден Первого Ангела», «Фархат ата», «Дианетика» каби юзлаб диний секталар фаолият олиб бормоқда. Иблисга ибодат қилишга асосланган «Сатанизм» сектаси ҳам айрим қўшни республикаларда кенг тарқалмоқда. Айрим маълумотларга кўра, ўта хавфли бўлган мазкур сектанинг Россияда 100 минг, Ер юзида 5 миллиондан ортиқ тарафдори бор.
Мазкур секталар аҳолининг диний билимлари пастлигидан фойдаланиб, охиратнинг яқинлиги билан қўрқитиш ҳамда асосан ёшлар ва моддий аҳволи ночор бўлганлар ичида ташвиқот олиб бориш йўли билан ўз тарафдорларини кўпайтиришга ҳаракат қилмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |