Aim.uz
Муомала маданияти
Маданият тушунчаси (араб. шаҳарга оид, фаровон маскан, тараққиёт ўчоғи) - табиат ва ўзаро муносабатларда акс этадиган инсон фаолиятининг ўзига хос шаклини ифодалайдиган тушунча. Бошқача айтганда, маданият кенг маънода инсоннинг амалий фаолияти натижасида бойликларни қамраб олади, яъни, маданият лўнда қилиб айтганда, инсон яратган иккинчи табиатдир.
Маданият тарихи – бу фақатгина моддий ва маънавий бойликларни яратиш ва тўплаш тарихигина бўлмасдан, кишилар эҳтиёжининг ошиб бориши, инсоннинг ана шу бойликларнинг яратувчиси сифатида шаклланиб боришининг тарихи ҳамдир. Инсоннинг маънавий ишлаб чиқариш соҳасидаги фаолияти икки жараённинг ўзаро диалектик бирлигидан иборат: биринчидан, инсоннинг маънавий фаолияти жараёнида яратилаётган маънавий бойликни маданий бойликларга айлантириш; иккинчидан, маданий бойликларни ўзлаштириш жараёнида инсон маънавий дунёсини бойитиш.
Маданият фалсафаси – маданиятнинг моҳияти, ривожланиш қонуниятлари, тараққиёт босқичлари ва истиқболларини яхлит, бир бутун ҳодиса сифатида ўрганувчи фалсафий фан.
Инсон маънавий фаолияти натижасида фақатгина маданий бойликлар яратибгина қолмай, балки онгини, дунёқарашини, маънавий савиясини, муомала маданиятини ҳам ошира бориб, мутафаккирларимиз орзу қилган мукаммал, комил инсон сари олға қадам босади. Президентимиз И.А.Каримов таъкидлаганидек, маданият бизнинг умумий тафаккуримизнинг, илмий қадриятларимизнинг асосидир.
Янги жамият қураётган республикамиз ёшлари фақат билимлари, ишбилармонлик, тадбиркорлик билангина эмас, балки эътиқодлари, имонлари, муомала маданияти билан ҳам жаҳонга танилмоғи, ўз ўринларини муносиб эгалламоқликларини давр тақозо этмоқда ва шундай ҳам бўлмоқда.
Инсон маънавий маданиятининг ажралмас қисми бўлган муомала маданияти инсон қиёфасини безайдиган зийнатдир, қадриятдир, фазилатдир.
Муомала – кишилар билан муносабат, сўзлашув ва шунингдек, иш, хизмат ва барча соҳалар билан алоқаларни ифода етувчи тушунча. Муомала- инсоннинг социал фаоллигини кўрсатувчи бир кўзгудир. Муомалада инсоннинг ички дунёси, маънавий қиёфаси, инсоний фазилатлари намоён бўлади. Муомала кўп қиррали: унда иқтисодий, сиёсий, эстетик, ахлоқий, касбий ва бошқа хусусиятлар акс этади. Бироқ инсон қайси касб эгаси бўлишидан қатъий назар, қандай даражани эгаллашига, қайси ёшда бўлишига қарамай муомала маданиятига эга бўлмоғи заруратдир. Чунки инсон ана шу муомаласи билан ҳам ҳаётнинг гултожиси ва мўъжизасидир. Шундай экан, инсон ана шу муомала маданиятини ёшлигидан эгалламоғи, шакллантирмоғи шартдир. Энг гўзал муомала лутф-карамдир. Навоий бобомиз бундай муомалани “муомалапарвоз” деб атаган. Ҳалқимизда одамлар билан тўғри, оқилона муомала қила билиш маданият, олижаноблик, деб ҳисобланади.
Муомала маданияти (одоби) – инсонлараро мулоқотда намоён бўладиган одоб-ахлоқ белгиси бўлиб, сўзлашув маданиятини тартибга соладиган ҳамда шахс хулқи гўзаллигини акс эттирадиган маънавий-ахлоқий хусусиятни ифодаловчи тушунча. Муомала маданияти, одобида хушфеъллик, хушмуомалалик, ҳаё-иболик, беозорлик, ширинсўзлик, очиқкўнгиллик сингари ахлоқий меъёрлар муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, ўзида юксак маданиятни мужассам этган кишилар муомаласида ҳаё, андиша ва иболилик кўзга ташланади. Маърифатли, комил инсонлар ҳаёли ва вафодор кишилардир. Вафосизнинг жабри қанча бўлса, ҳаёсизнинг шаллақилиги ҳам шунча озор келтиради. Бундан ташқари, мулойимлик ҳам муомала одобининг муҳим сифатларидан саналади. Муомаланинг асосий манбаини сўз ташкил этади. Муомала одобига кўра, яхши-ёмон сўз инсоннинг руҳиятига бевосита таъсир кўрсатади: яхши сўз билан муомала қилинса, яхшилик топади, ёмон сўз билан муомала қилинса, ёмонлик. Маданийликнинг энг муҳим унсурларидан бири муомала одобидир. У моҳиятан, ўзаро ҳамкорликнинг шаклларидан бири. Инсон зоти бир-бири билан ҳамкорлик қилмасдан, ўзаро тажриба алмашмасдан, бир-бирига таъсир кўрсатмасдан яшаши қийин. Муомала – одам учун эҳтиёж, заруратдир. Муомала маданияти бошқа кишилар қадр-қимматини, иззатини жойига қўйишни, анъанавий ахлоқий-меъёрий талабларни бажаришни тақозо этади. Унинг энг ёрқин, сермазмун ва ифодали тарзда намоён бўлиши сўз, нутқ воситасида рўй беради. Сўзлаш ва танглай билиш, суҳбатлашиш маданияти муомала одобининг муҳим жиҳатларини ташкил этади. Ахлоқий комилликка эришиш муомала одобини, маданиятини эгаллашдан бошланади. Муомала одобининг яна бир “кўзгуси”, бу – инсоний қараш, нигоҳ, сўзсиз ҳаракатлар. Маълумки, одамнинг қарашида, юз ифодасида унинг тил орқали ифодаланмаган, сўзга айланмаган ҳиссиёти ўз аксини топади. Чунончи, суҳбатдошининг гапини охиригача эшитмай, қўл силтаб кетиш – муомаладаги маданиятсизликни англатади. Баъзан қараб қўйишнинг ўзи сўздан ҳам кучлироқ таъсир кўрсатади1.
Умуман олганда, муомала маданияти кишиларнинг бир-бирига таъсири, тарбия ва ўз-ўзини тарбия этиш воситаси сифатида шахслараро муносабатларда муҳим аҳамият касб этади.
Араб олимларидан Шофий шундай деган экан:
“Қилич ва найза билан ҳосил бўлмаган кўп ишлар юмшоқлик, мулойимлик билан ҳосил бўлади. Ғазаб келтирган зарар ғазабланган кишининг ўзига қайтади”.
Ҳадиси Шарифда ҳам муомала маданиятига доир ҳикматли иборалар анчагина. Жумладан, «Кишининг гўзаллиги – унинг тилидан билинур», «Мулойимлик - ҳикматнинг бошидур», «Қулоққа ёмон эшитиладиган гапдан сақлан», «Яхши сўз ҳам садақадур», «Инсон хатони кўпроқ ўз тили билан содир қилади» ва бошқалар.
Муомала маданияти ривожланиши, шаклланиши авваламбор, оилада, оила аъзолари орасидаги муомала муносабатида ўз аксини топса, боғча, мактаб, лицей, олий ўқув юртларида мукаммаллашиб боради. Ҳар бир инсон ва айниқса мураббий - педагоглар тарбиянинг ана шу нозик томонига ҳам эътиборини кучайтиришлари лозимдирки, инсон ана шу даргоҳдан келажакка, мустақил ҳаётга қадам қўяди.
Ёмон сўз қалбни нишонга олади, сўнгра руҳиятга ўтади, кайфиятга салбий таъсир этади, фаолиятни сусайтиради, ҳаётга нафрат уйғотади, одамларга нисбатан ишончсизлик туғдиради, яшашни маънисиз қилиб қўяди.
Яхши сўз ҳам қалбни нишонга олади, бироқ руҳиятни бойитади, кафиятни яхшилайди, фаолиятни унумли қилади, ҳаётга, одамларга меҳр уйғотади, яшашни ижобий томонга маънили қилади.
Дарҳақиқат, одам муомала қилмасдан, мулоқотда бўлмасдан яшай олмайди. Уйда, ишда, кўчада, қисқаси қаерда бўлмасин одамлар билан муомала қилишга тўғри келади. Шундай экан, тоғнинг салобатидан, сувнинг тиниқлигидан, баҳорнинг нафосатидан, гўдакнинг кулгусидан баҳра олганидек, инсон ширин ва самимий муомаладан - ҳаё ва иффатга эга бўлган қизларимиз, одобли йигитларимиз суҳбатидан, ўз касбини меҳр билан ардоқлаган сотувчи, шифокор ва педагог мулоқотидан ёки нуроний онахон-отахонларимизнинг ширинсухан насиҳатидан - қисқаси жамоат масканларида бир дақиқа инсоний муомалага дуч келса борми – киши қалби олам-олам қувончларга тўлади, яшашнинг лаззатини, ҳаётнинг маъносини бир зум туяди шу дамда. Келинг ўрни келганда тилимиздан ташаккур, узр, илтимос, мумкинми каби оддий, бироқ қадрли сўзлар ўз ўрнида такрорланиб турсин.
Do'stlaringiz bilan baham: |