Хулоса ва таклифлар Мамлакатимизда яратилган замонавий банк тизими иқтисодий ютуқларга эришишимизда муҳим роль ўйнади, айниқса, жаҳон молиявий инқирози бўҳрони даврида ҳам ўзининг молиявий барқарорлиги туфайли реал секторни молиявий қўллаб-қувватлашда фаол иштирок этди. Аминмизки, банк тизими келажакда иқтисодиётимизнинг барқарор ўсишини таъминлашда муҳим молиявий инфратузилма сифатида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади.
Банк тизимида ҳозирги кунда сақланиб қолаётган муаммо ва долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилиб ушбу хулоса ва таклифлар берилди. Хусусан:
банк тизимида давлатнинг юқори даражадаги иштироки натижасида молиявий ва инсон ресурсларидан самарасиз фойдаланилаётганлиги, уларда корпоратив бошқарув ва таваккалчиликларни бошқариш тизимлари тўғри йўлга қўйилмаганлиги;
давлат иштирокидаги банкларнинг устувор дастурлар, соҳалар ва давлат улушига эга корхоналарга бозор ставкаларидан кам бўлган ставкаларда кредитлар ажратувчи анъанавий “тараққиёт банклари” вазифасини бажариши;
кредитлашнинг юқори суръатларда ўсиб бораётганлиги ва бунинг натижасида банкларнинг барқарорлик даражасини ифодаловчи ликвидлилик ва капитал етарлилик кўрсаткичларига салбий таъсир этаётганлиги;
имтиёзли кредитлар улушининг юқори даражада сақланиб қолаётганлиги натижасида молия бозорида нарх сигналларининг нотўғри шаклланиши, шунингдек пул-кредит сиёсатининг трансмиссион механизмларининг ишлашига салбий таъсир кўрсатаётганлиги;
юқори даражадаги долларлашув, шунингдек кредит ва депозитларнинг йирик корхоналар ва иқтисодиётнинг алоҳида соҳаларида жамланганлиги (концентрацияси) натижасида банк тизимининг валюта, кредит ва ликвидлилик хатарларига бардошлилигининг заифлиги;
давлат иштирокидаги банклар бизнес-моделларининг асосан корпоратив мижозларга хизмат кўрсатишга йўналтирилганлиги, нобанк молия ташкилотларининг роли сустлиги, шунингдек инновациялар ва ахборот тизимларининг яхши ривожланмаганлиги сабабли молиявий оммабоплик даражасининг пастлиги тизимда туб ислоҳотларни амалга ошириш заруратини юзага келтирди.
Мазкур Стратегияни ишлаб чиқиш жараёнидаги Жаҳон банки билан ҳамкорлик, хусусан, ислоҳотлар жараёнидаги асосий таваккалчиликлар ва уларни минималлаштиришга қаратилган чораларни ишлаб чиқиш мақсадида бошқа давлатларда амалга оширилган банк тизимидаги ислоҳотларнинг ижобий ва салбий томонларини ўрганишга қатарилди ва натижада муҳим хулосалар шакллантирилди.
Биринчидан, банк тизимида давлат улушининг қисқартирилиши банк тизимини ривожлантиришнинг муҳим омили ҳисобланади.
Иккинчидан, давлат иштирокидаги банкларни хусусийлаштириш жараёни илғор технологик ечимлар ва банк ишининг илғор тажрибаси, шунингдек етарли молиявий имкониятларга эга нуфузли ва сифатли акциядорларга йўл очиши лозим.
Учинчидан, ислоҳотлар муваффақиятининг асосий шартларидан бири бу – банкларни қисман эмас тўлиқ хусусийлаштиришдир.
Тўртинчидан, давлат иштирокидаги банклар ва реал сектор корхоналарини параллел равишда ислоҳ қилиш иқтисодий ислоҳотларнинг самарадорлигида муҳим ўрин тутади. Шу билан бирга давлат иштирокидаги корхоналарни реструктуризация қилиш ва хусусийлаштириш уларнинг иқтисодий имкониятларини ошириб, банклар фаолиятига давлат аралашувини кескин қисқартиради.
Бешинчидан, ислоҳотлар даврида давлат иштирокидаги корхоналарнинг кредитлашга бўлган талабини чеклаб қўймаслик ҳамда молиявий оммабопликни таъминлаш учун айрим банкларда давлат улушини сақлаб туриш мақсадга мувофиқ.
Стратегия доирасида кейинги беш йилликда банк-молия тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантиришнинг тўртта устувор йўналишлари белгиланган. Жумладан:
Банк тизимининг самарадорлигини ошириш банкларни иқтисодий ривожланишга ижобий таъсирини кучайтиради. Бунда:
- банк тизимига замонавий ечимларни жорий қилишга, молиявий ва инсон ресурслари самарадорлигини оширишга ижобий таъсир кўрсата оладиган молиявий барқарор ва нуфузли инвесторларни жалб қилиш;
- имтиёзли ва субсидиялашган кредитларни қисқартириш, кредитлашни пул-кредит сиёсати сигналлари асосида фақат бозор шартларида амалга оширишга ўтиш;
- кредит ресурсларидан эркин фойдаланиш имкониятларини ошириш мақсадида банкларнинг давлат маблағларига бўлган қарамлигини пасайтириш;
- банкларнинг самарали инфратузилмасини яратиш, банк фаолиятида замонавий технологик ечимларни кенг жорий этиш назарда тутилади.
Банкларнинг молиявий барқарорлигини ошириш режалаштирилган ислоҳотлар муваффақиятининг ҳамда банк тизимига ишончни сақлаб туришнинг асосий омили ҳисобланади. Ушбу йўналишда хусусан:
- халқаро стандартлар ва илғор тажрибани қўллаган ҳолда банкларда корпоратив бошқарувни такомиллаштириш;
- кредитлашнинг мўтадил даражада ўсишини таъминлаш ва кредит портфели сифатини яхшилаш;
- банк назоратини ва банкларда таваккалчиликларни бошқариш тизимларини ривожлантириш, шу жумладан рискка асосланган назорат тизимини татбиқ этиш ишлари амалга оширилади.
Банк хизматлари оммабоплигини ошириш аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан етарли даражада хизмат кўрсатилмайдиган (паст даромадли жисмоний шахслар, қишлоқ аҳолиси, микрофирма ва кичик корхоналар) қатламнинг базавий банк хизматларига бўлган талабини қондиришни назарда тутади. Молиявий оммабоплик:
- Жаҳон банки билан ҳамкорликда молиявий оммабопликни оширишнинг аниқ йўналишлари ва чора-тадбирларини белгиловчи
Молиявий хизматлар оммабоплигини ошириш миллий стратегиясини ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш;
- давлат иштирокини аҳоли ва кичик бизнес субъектларининг етарлича хизмат кўрсатилмайдиган ва заиф қатламларига йўналтириш;
- мавжуд бўшлиқларни тўлдириш мақсадида молиявий воситачилик экотизимини ривожлантириш ҳисобига таъминланади.
Банк тизимида давлат улушини қисқартириш тизимни тубдан ислоҳ қилишнинг энг муҳим компонентидир. Ушбу мақсадда:
- шаффоф танлов асосида банклардаги давлат улушини нуфузли хорижий инвесторларга сотиш;
- хусусийлаштирилаётган банкларда давлат иштироки ва аралашувидан тўлиқ воз кечиш;
- банк тизимини транформация қилиш ва хусусийлаштириш даврида ҳосил бўладиган иқтисодий бўшлиқларни тўлдириш мақсадида давлат иштирокини учта банкда сақлаб туриш назарда тутилмоқда.