II. Подстанциялар, қўрилмаларда битта наряд билан бир нечта иш жойларида иш бажариш. Ушбу Қоидани 4.11.3; 4.11.4; 4.11.6; 4.11.7; 4.11.9-бандларида қайд этилган ҳолатлардан ташқари битта қўшилманинг битта ва бирнечта иш жойларида ишлашга битта наряд бериш рухсат этилади.
Ҳамма ток ўтказувчи қисмлардан, шу жумладан ҳаво ва кабел электр узатиш тармоқлари кириб-чиққан қисмидан кучланиш олинган электр ускуналарида ва қўшни электр ускуналарга кириш йўллари беркитилган (1000 В кучланишгача бўлган шчит ва ускуналар кучланиш остида қолиши мумкин) ҳолларда, барча қўшилмаларда бир вақтда ишлаш учун битта наряд беришга рухсат берилади. Бундай пайтда иш раҳбарини талаб қилинмайди.
Агрегатлар (қозон, турбина, генератор) ва алоҳида технологик ускуналарни (қўл чиқариб ташлаш, иситиш, ёқилғи майдалагич тизмалари ва бошқаларни) таъмирлашга чиқарилган тақдирда битта наряд ушбу агрегат электр моторларининг ҳаммасида (ёки бир қисмида) ва ушбу агрегатларни (ускуналарни) электр моторларини электр энергияси билан таъминловчи тақсимловчи электр ускуналарнинг ҳамма (ёки бир қисми) қўшилмаларида ишлаш учун битта наряд берилади.
Кучланиши бир хил ва бир тақсимловчи электр ускунасидан уланган электр моторларда ишлаш учун битта наряд берилиши мумкин.
Электр моторларда ва улар уланган комплект тақсимловчи электр ускуналари билан жиҳозланган тақсимловчи ускуналарда бригадани бир иш жойидан иккинчи иш жойига ўтказишни расмийлаштириш талаб қилинмайди. Бригадани ушбу электр ускуналарнинг бир нечта иш жойига тарқатиб ишлашига рухсат этилади.
Конструкцияси бошқача ишланган тақсимловчи электр ускуналаридаги электр моторлар қўшилмаларида ишлашга ижозат олинганда ва иш бажарилганда бир иш жойидан иккинчи иш жойига ўтказиш нарядда расмийлаштирилиши зарур.
Якка тизимдор шинали ва исталган миқдорда секцияга эга бўлган 6-110 кВ кучланишли тақсимловчи электр ускунасида таъмирлаш учун барча секцияларни тўла чиқарилган тақдирда, шиналарда ва шу секциянинг барча (ёки бир қисми) қўшилмаларида битта наряд бериб ишлашга рухсат этилади. Ушбу секция чегарасида бригада аъзоларини бир нечта иш жойига тарқатиб ишлатиш мумкин.
Электр ускунанинг битта ва бирнечта қўрилмаларининг ҳар хил иш жойларида бир вақтда ёки навбатма-навбат ишлаш учун қуйидаги ҳолларда битта наряд беришга рухсат этилади:
- куч ва текшириш кабелларини етказиш ҳамда кўчириб етказишда, электр ускуналарини синашда, ҳимоя воситалари ва ўлчов асбобларини, блокировка, автоматика, телемеханика, алоқа ва бошқа воситаларни текширишда;
- бир қўрилмадаги коммутацион аппаратларни таъмирлашда, шу жумладан ушбу аппаратларнинг узатмаси бошқа хонага жойлашган тақдирда ҳам;
- тунелларда, коллекторлар, қудуқлар, ҳандақлар ва чуқурларда алоҳида жойлашган кабелларни таъмирлашда;
- иш жойининг жойлашиши ишбошига бригада устидан назорат олиб бориш имкониятини яратиши мумкин бўлган тақдирда, ёнма-ён жойлашган чуқурда, тақсимловчи ускуна ёки иккита чуқур ичида бажариладиган кабелларни (иккитадан ортиқ бўлмаган) таъмирлашда.
Бу ҳолда бригада аъзоларини бир нечта иш жойига тарқатиб ишлашга рухсат берилади. Бригада бир иш жойидан иккинчи иш жойига ўтказишни расмийлаштириш талаб қилинмайди.
Ушбу Қоидани 4.11.3, 4.11.4, 4.11.6, 4.11.7-бандларига асосан бажарилиши керак бўлган ҳамма иш жойлари ишлашга ижозат беришдан олдин тайёрланиши зарур.
Наряд бўйича иш батамом тугатмагунча бирон-бир қўшилмани улашга тайёрлаш, шу жумладан электр моторни синаб кўриш ман этилади.
Агар бригада турли иш жойларига тақсимланган бўлса, III группага эга бўлган бир ёки бирнеча бригада аъзолари ўз иш жойларида ишбошисиз алоҳида-алоҳида ишлашларига ижозат этилади.
Ишбоши назоратсиз алоҳида ишлаёттан бригада аъзоларини иш жойига олиб бориб уларга иш жараёнида амал қилиниши керак бўлган хавфсизлик чоралари ҳақида йўриқнома бериши керак.
Бир нечта подстанцияларда ёки бир подстанцияни бир нечта қўшилмаларида бир турдаги ишларни кетма-кет бажариш учун битта наряд беришга ижозат этилади. Бундай ишларга қуйидагилар киради:
- изоляторларни артиш;
- қисқичлардаги болтларни тортиб қўйиш;
- симлар ва шиналар уланган қисмини тортиб маҳкамлаш;
- текшириш учун мой олиш ва етишмаганда қуйиш;
- трансформатордаги ўрамларнинг сонини кўпайтириш ва камайтириш билан кучланишни ўзгартириш;
- релели ҳимоя воситалари, автоматика, ўлчов асбобларини текшириш;
- бегона энергия манбаи ёрдамида электр ускунани юқори кучланишда синаш;
- ўлчов штангаси ёрдамида изоляторларни текшириш;
- кабел электр тармоқларининг шикастланган жойларини топиш.
Бундай нарядларнинг муддати 1 кун.
Ҳар бир подстанция ва қўрилмада ишлашга ижозат бериш наряднинг 3-жадвалида расмийлаштирилади.
Ҳар бир подстанцияда иш ушбу наряд бўйича тўла тамом қилинганидан кейингина ускунани электр тармоғига улаб туширишга рухсат берилади.
Фармойиш бир нечта электр ускуналарда (қўшилмаларда) навбатма-навбат бажариладиган ишлар учун берилиши мумкин.