Мавзуга оид тарихий ҳужжат
Мустақиллик декларацияси
Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси Олий Совети:
Ўзбек халқининг давлат қурилишидаги тарихий тажрибаси ва таркиб топган бой анъаналари, ҳар бир миллатнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини таъминлашдан иборат олий мақсади ҳақи, ҳар бир кишининг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашни олий мақсад билган ҳолда, Ўзбекистон халқларининг келажаги учун тарихий масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда, халқаро ҳуқуқ қоидаларига, умумбашарий қадриятларга ва демократия принципларига асосланиб, Ўзбекистон Совет Социалистик Республикасининг Давлат мустақиллигини эълон қилади.
1.Ўзбекистон ССРнинг демократик давлат мустақиллиги республиканинг ўз ҳудудида барча таркибий қисмларида ва барча ташқи муносабатлардаги танҳо ҳокимлигидир.
2.Ўзбекистон ССРнинг давлат ҳудуди чегараси дахлсиз ва бу ҳудуд халқнинг муҳокамасига қўйилмай туриб ўзгартирилиши мумкин эмас.
3.Ўзбекистон ССРда давлат ҳокимияти унинг ҳудудига кирадиган барча таркибий ва бўлинмас қисмлари устидан амалга оширилади ва шу ҳудудда яшайдиган аҳолига тааллуқлидир.
4.СССР Олий Совети қабул қиладиган қарорлар Ўзбекистон ССР Конституциясига мувофиқ Ўзбекистон ССР Олий Совети томонидан тасдиқлангандан кейингина Ўзбекистон ССР ҳудудида кучга эга бўлади. 5.Ўзбекистон ССР давлат ҳокимияти ваколатига Ўзбекистон ССР ички ва ташқи сиёсатига тегишли барча масалалар киради.
6.Ўзбекистон ССР халқаро ҳуқуқнинг асосий принципларини тан олади ва ҳурмат қилади.
7.Ўзбекистон ССР иттифоқдош республикалар ва бошқа давлатлар билан ўзининг сиёсий, иқтисодий, маданий ва бошқа муносабатларини шартномалар асосида белгилайди ва амалга оширади.
8.Ўзбекистон ССР ўзининг тараққиёт йўлини, ўз номини белгилайди ва давлат белгиларини (герб, байроқ, мадҳия) ўзи таъсис этади.
9.Қорақалпоғистон Мухтор Совет Социалистик Республикаси мустақиллигини Мухтор Республика Конституцияси таъмин этади. Ўзбекистон ССР унинг Асосий Қонуни ва Ўзбекистон ССР Конституцияси асосида Қорақалпоғистон МССР манфаатларини ҳимоя қилади.
10.Ўзбекистон ССРнинг қонун чиқарувчи ҳокимияти Ўзбекистон ССР давлат мустақиллигини амалга ошириш учун зарур бўлган қонунларни ишлаб чиқади, Ўзбекистон ССРнинг сиёсий ва иқтисодий системалари таркибини ва қурилишини белгилайди.
11.Ўзбекистон ССР Олий Совети умумхалқ муҳокамаси асосида демократик ҳуқуқий давлат тузишга қарор қилганини билдиради, Ўзбекистон ССРда яшаётган барча миллат ва элатларнинг қонуний, сиёсий, иқтисодий, этник, маданий ҳуқуқларига ҳамда она тиллари ривожлантирилишига кафиллик беради.
12.Ушбу Декларация Ўзбекистон ССРнинг янги Конституциясини ҳамда янги иттифоқ шартномасини ишлаб чиқиш учун асосдир.
Ўзбекистон ССР Олий Советининг иккинчи сессиясида қабул қилинди.
Тошкент шаҳри, 1990 йил 20 июн.
Суверенитет ҳақида Декларация қабул қилар экан, Олий Совет давлат қурилишининг тарихий тажрибасига ва Ўзбек халқкининг шаклланган анъаналарига, ҳар бир миллатнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи таъминланишига, шунингдек, халқаро-ҳуқуқий нормаларга, умуминсоний қадриятлар ва демократик тамойилларга асосланди. Ўзбекистоннинг эълон қилинган давлат суверенитети унинг ўз ҳудуди барча таркибий қисмларида ва барча ташқи алоқаларида устиворлиги билан шаклланди.
Декларацияга мувофиқ республиканинг давлат ҳокимияти унинг бутун ҳудудий қисмлари устидан амалга ошириладиган ва унда истиқомат қилаётган бутун аҳолига тааллуқли бўлди. Ички ва ташқи сиёсатнинг барча масалалари республика давлат ҳокимияти ихтиёрига берилди. Ўзбекистон ўзининг иттифоқдош республикалар ва бошқа давлатлар билан алоқа принципларини шартнома асосида белгилади ва сиёсий, иқтисодий, маданий ва бошқа муносабатларни шартнома асосида амалга оширадиган бўлди, у ўзининг тараққиёт йўлини, ўз номини белгилади, ўзининг давлат рамзларини таъсис этди. Декларация Ўзбекистоннинг янги Конституциясини ва янги иттифоқ шартномасини ишлаб чиқиш учун асос бўлди.
Республика раҳбарияти декларацияни амалий жиҳатдан ҳаётга татбиқ қилиш борасида бир қатор ишларни амалга оширди. Хитой ва Афғонистон билан ташқи савдони ва чегара яқинидаги савдони фаоллаштириш, хорижий фирмалар ва компаниялар билан қўшма корхоналар ташкил этилиши, ташқи иқтисодий фаолиятни қонун йўли билан тартибга солиш (бу фаолиятни қатнашувчи томонларнинг мулкчилик шаклларига боғлиқ қилиб қўймас эди), хорижий инвесторлар учун халқаро нормалар ва қоидаларга риоя қилиш кафолатлари, республика ёшларининг ҳарбий хизматга чақирилиши ва уни ўташ тартибининг ўзгариши—буларнинг бари суверенитетни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамлар эди.
Ўзбекистон билан Россия ўртасида тенг ҳуқуқли муносабатлар бирмунча қарор топиб борди, улар ҳар икки томоннинг суверенитетини эътироф қилишга асосланган эди. Ўзбекистон билан Ленинград, шунингдек, Ленинград вилояти ўртасидаги иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги шартнома 1990 йил 1 январдан амал қила бошлади ва бевосита алоқаларни (яъни Марказни четлаб ўтувчи алоқаларни) бошлаб берди.
Ўзбекистондаги жамоат ташкилотлари тизими ижтимоий-сиёсий вазиятдан келиб чиққан ҳолда ўзгариб борди. Улардан ўта сиёсий тус берилганлари — касаба уюшмалари ва комсомол ташкилоти бўлиб, улар “турғунлик” йилларидан бошлабоқ аҳолининг ва ёшларнинг кенг қатламлари орасида ҳақиқатан ҳам чинакамига ишончни йўқота бошладилар. Комсомол ва халқ назорати органлари партиянинг раҳбарлик таъсири, ҳомийлиги ва обрўси тобора заифлашиб бораётганини ҳис қилиб, 1990-йилларнинг бошларида одатдаги ижтимоий-сиёсий мавқеларини йўқотдилар ва шунчаки, расман мавжуд бўлиб, фаолиятсизлик қила бошладилар.
“Эски” жамоат ташкилотлари—ўртоқлик судлари, халқ дружиналари, фахрийлар кенгашлари билан бир қаторда, қайта қуриш йилларида пайдо бўлган атроф муҳитни муҳофаза қилиш жамоат ташкилотлари, совет маданий фонди каби ташкилотлар ҳам фаолият кўрсатди. Лекин улар пайдо бўлгани билан аҳоли ўртасидаги уларнинг ижтимоий фаолияти самарасиз бўлди.
Шу билан бирга, анъанавий миллий қадриятларни ўзида мужассамлаштирган, аҳолига яқин ва тушунарли бўлган жамоат ташкилотлари ҳам бор эди. Бундай ташкилотлардан бири хотин-қизлар кенгашлари бўлиб, улар ўз фаолиятларини мазмун ва сифат жиҳатдан анча бойитдилар. Лекин ҳаммадан кўра кўпроқ аҳоли орасида маҳалла қўмиталарининг таъсири кун сайин орта бошлади. Чунки маҳалла миллий анъаналар негизини ташкил қилар эди. Республика матбуотида маҳалла қўмиталарининг ижтимоий аҳамияти ва уларнинг ҳуқуқлари ҳамда ваколатларини муҳокама қилиш авж олдириб юборилди, маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш идораларининг кўпгина вазифалари улар зиммасига секин-аста ўта бошлади.
Ўзбекистонда демократиялаш ва миллий ўз-ўзини англаш жараёнининг тобора авж олиши жамоат ташкилотларининг ёки ўша вақтда “оммавий норасмий” ташкилотлар деб аталган ташкилотларнинг юзага келиши билан боғлиқ бўлди. Жумладан, “Бирлик” халқ ҳаракати 1989 йил май ойида ташкил бўлди. Ўзига, асосан gyc тилида сўзлашувчи зиёлиларни қамраб олган “Интерсоюз” (Ўзбекистон халқларининг байналмилал иттифоқи) ва “Эрк” халқ ҳаракати (1990 йил февралдан “Эрк” демократик партияси) юзага келди. Улар билан бир қаторда “Ўзбекистон эркин ёшлари бирлашмаси” (у 1990 йилда “Ўзбекистон эркин ёшлар итгифоқи”га айлантирилган бўлиб, ВЛКСМдан очиқ дан-очиқ узоқлашди) ва Ўзбекистон хотин-қизларининг “Тўмарис халқ ҳаракати” деган хотин-қизлар ташкилоти ҳам фаолият кўрсата бошлади.
Бу жамоат ташкилотларидан кўплари ўз фаолиятининг дастлабки босқичида муайян ижобий роль ўйнадилар, жамоатчилик диққат-эътиборини республиканинг долзарб ижтимоий-иқгисодий, ижтимоий-сиёсий, маънавий, тилга доир муаммоларга қаратдилар.
Бироқ вақг ўтиши билан улардан айримлари, аввало “Эрк” ва “Бирлик” ўзларининг дастлабки ижобий аҳамиятини йўқотдилар. Уларнинг раҳбарлари жамиятни бирлаштириш, долзарб муаммоларни биргаликда ҳал қилиш йўлини эмас, балки уни бўлиб юборишга, зиддиятларни келтириб чиқаришга қаратилган йўлни, танқидбозлик ва қарама-қаршилик йўлини тута бошладилар. Уларнинг фаолияти амалда бунёдкорлик хусусиятига эга бўлмади, аксинча, тобора бузғунчилик хусусиятига эга бўлиб борди. Улар Ўзбекистон мустақиллигини мустахкамлаш вазифаларини ҳал қилишга очиқдан-очиқ тўғаноқ бўла бошладилар.
Республикада жамиятни кенг демократиялаш, СССР таркибида Ўзбекистоннинг ҳақиқий суверенитетини ўрнатиш ва шундан кейин миллатларнинг маънавий ва моддий тенглигига эришиш, И.Каримов бошлиқ сиёсий раҳбариятнинг асосий вазифаларидан бирига айланди.
Фарғона воқеаларидан сўнг, Ўзбекистоннинг янги рахбарияти миллатлараро муносабатларни такомиллаштиришга алоҳида эътибор берди. 1990 йилнинг охирида Ўзбекистон Президенти Кенгашида миллий-маданий марказлар ва уларнинг ишини такомиллаштириш тўғрисидаги масала муҳокама қилинди. Маҳаллий кенгашлар, вазирликлар ва идораларга миллий-маданий марказлар томонидан қўйилаётган муаммоларни ҳал этишда ёрдам бериш ва ҳар бир халқнинг маданиятини, ўзига хослигини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга миллатлараро муносабатларни такомиллаштиришнинг муҳим омили сифатида қараш тавсия этилди.
ЎзССР Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликларига миллий тилларда ўқитиш дастурини ишлаб чиқиш, Тошкент Давлат университетида уйғур филологияси кафедрасини ташкил этиш вазифаси топширилди. ЎзССР Давлат матбуот қўмитасига республикада яшовчи барча миллат ва элатлар вакилларининг талаб-эҳгиёжларини қондириш учун ўқув ва бадиий адабиётларни нашр этишни, шу билан бирга уларни республика ташқарисидан келтиришни кучайтириш, маданий марказлар маблағларини кооперациялаш асосида “Миллатлар ҳаёти” ҳафталик газетасини чоп этиш имкониятларини қараб чиқиш тавсия қилинди. Бу газета Республика байналмилал маданият марказининг органи бўлиши керак эди.
Ўзбекистон Давлат телекўрсатув ва радиоэшиттириш қўмитасига қозоқ, тожик, қирғиз, уйғур ва бошқа тилларда кўрсатувлар ва эшиттиришлар ҳажмини кенгайтиришни таъминлаш, Халқлар дўстлиги бош муҳаририятини таъсис этиш юклатилди. Ўзбекистон ССР Маданият вазирлигининг Халқлар Дўстлиги музейини Республика байналмилал маданият маркази эхтиёжлари учун Халқлар дўстлиги уйига айлантириш мақсадга мувофиқ деб топилди.
Миллий муносабатларни ривожлантиришни етарли даражада ташкилий-сиёсий ва ҳуқуқий жиҳатдан таъминламай туриб, фақат тарғибий-ташвиқий таъсир йўли билан миллатлараро муносабат соҳасидаги юксак маданиятни шакллантириш мумкин эмас эди. Бунинг учун миллатлараро муносабатларни бошқаришнинг яхлит тизимини яратиш керак эди. Ва бундай тизимлар республикада 1990—1991 йилларда яратила бошланди. Ўзбекистон ССР Президенти девонида Миллатлараро муносабатлар бўлими ташкил этилди. Бундай бўлимлар Қорақалпоғистон Автоном Республикаси Министрлар Кенгашида, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ижроия қўмиталарида тузилди.
Шунингдек, жойларда жамоатчилик тизимлари— меҳнат жамоаларида, ўқув юртларида, аҳоли истиқомат жойларида “Дўстлик кенгашлари” шакллана бошлади. Улар таркиби турли миллатлар вакилларидан иборат эди. 1991 йилнинг январида фақат Сирдарё вилоятининг ўзида 32 та йирик корхона, муассаса ҳамда 4 та ўқув юртида “Дўстлик кенгашлари” ташкил этилди.
Туманлар, шаҳарлар, вилоятлар даражасида жамоатчилик асосида миллатлараро муносабатлар ва байналмилал тарбияни такомиллаштириш бўйича туман шаҳар, вилоят кенгашлари тузила бошлади. Масалан, Жиззах вилоятининг кўплаб миллат вакиллари бирга яшайдиган Мирзачўл, Ғаллаорол, Пахтакор каби туманларида “Дўстлик кенгашлари” тузилди. 1991 йилнинг дастлабки ойида вилоят бўйича уларнинг сони 675 тага етди.
Ана шу давлат ва жамоатчилик асосида ташкил қилинган янги тизимлар миллатлараро муносабатларни такомиллаштиришда, бу соҳадаги мавжуд муаммоларни ечишда, зиддиятларни бартараф этишда катта роль ўйнадилар. Иттифоқ сиёсий раҳбарияти мамлакатда тобора жиддий тус олаётган вазиятни бартараф қилишнинг ҳам назарий, ҳам амалий йўл-йўриқларини ишлаб чиқишга ҳаракат қилди.
Бу йўл-йўриқлар заминида КПССни ҳокимиятга, ягона “иттифоқ” давлатчилигига бўлган ҳуқуқдан ва социализмдан узоқлаштиришдан иборат бўлган ғоя ётгандек эди. Лекин 1990 йил июлда бўлган КПСС XXVIII съезди “Инсонпарвар, демократик социализм сари” деган дастурий баёнот қабул қилди. КПСС бор кучи билан социализмни қандай бўлса шундайлигича сақлаб қолиш учун унинг “қиёфаси”ни безаб, уни янада жозибадор ва замонавий қилиб кўрсатишга ҳаракат қилди, бироқ партия жамиятдаги назарий, мафкуравий, сиёсий ва ташкилотчилик вазифаларини бажаришдан воз кечишга интилмади.
КПСС МҚ ва сиёсий раҳбариятининг белгиланган вазифаларни амалга оширишдаги ноизчиллиги ва ишдаги жиддий камчиликлари Ўз КП МҚнинг биринчи котиби, Ўзбекистон Президенти И.Каримовнинг съезддаги нутқида ўз аксини топди ва кескин танқидий оҳангни белгилаб берди. Ўзбекистон делегациясининг нуқтаи назари иттифоқдош республикалар компартиялари мустақил бўлиши, мамлакатда кенгайиб ва чуқурлашиб бораётган миллатлараро зиддиятлар ва тўқнашувларни инкор қилишга йўл қўйиб бўлмаслиги тўғрисидаги масалаларни қўйишдан иборат бўлди.
Ўзбек делегацияси бундай аҳволдан чиқишнинг бирдан-бир йўли янги иттифоқ шартномасини шошилинч равишда ишлаб чиқишдан иборат деб ҳисоблади, унда ҳар бир республиканинг суверенитети ва миллий давлат тузилиши қатьий белгиланган бўлиши керак эди. Бозор иқтисодиётига ўтиш масаласида делегация уни фақат халқнинг розилигини олгандан кейингина амалга ошириш мумкин деган фикрни айтди.
КПСС съездининг қарорлари ва кўпгина бошқа муҳим масалаларнинг ечими Ўзбекистон вакилларини қаноатлантирмади. Щу сабабдан, илгари қарор қилинганидек, 1990 йил декабрда Ўзбекистон компартиясининг XXII съезди яна бир мажлис ўтказди, унда барча муҳим муаммолар юзасидан ўзининг нуқтаи назарини мустақил равишда белгилаб олди. Съезд “Сиёсий ва иқтисодий суверенитет учун, маънавий янгиланиш, ижтимоий адолат ва Ўзбекистон аҳолисининг муносиб турмуш шароитини яратиш учун” деган ҳаракатлар дастурини қабул қилди.
Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши бошқа республикалардан орқада қолаётганлигини эътироф қилиб, съезд бу орқада қолишнинг сабабларини аниқлаш, жамиятни бирлаштириш йўлини топиш, фуқаролар тинчлигини ва миллий тотувлигини таъминлаш, барча динларнинг мухлислари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, оила, хотин-қизларнинг аҳволи ва ёшларнинг келажаги тўғрисида ҳақиқий гамхўрлик кўрсатиш кераклигини кўрсатиб ўтди.
Мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий жонланиш партия ва халқ депутатлари съездларига сайланган республика вакилларининг ҳам фаоллигини оширди, улар ўз республикаларининг манфаатларини қатьият билан ҳимоя қилдилар. Бу жиҳатдан СССР халқ депутатларининг IV съезди (1990 й. декабръ) характерлидир. Нотиқлар съездда асосан мамлакатдаги ғоят оғир вазиятни қайд қилиб ўтдилар. И.Каримов съездда махсус кўриб чиқиш учун тангликдан чиқиш чора-тадбирлари сифатида интизомни, ҳокимиятни, ҳуқуқ тартиботини мустаҳкамлашни таклиф қилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон халқи республика раҳбариятининг юзага келган вазиятни барқарорлаштириш, иқтисодий мустақилликни, сиёсий суверенитетни таъминлаш борасидаги фаолиятини қўллаб-қувватлади. Бунинг сабаби Ўзбекистон раҳбарияти халқнинг ҳоҳиш иродасини ҳисобга олишга, унинг манфаатларини кўзлаб иш қилишга харакат қилганлигида эди.
Масалан, Ўзбекистон раҳбарияти ва халқининг ҳамфикр бўлиб мустақиллик сари қадам қўяётганлигини 1991 йил 17 мартидаги умумхалқ референдуми якунларидан ҳам яққол кўриш мумкин. 1991 йил 20 февралда Ўзбекистон ССР Олий Совети Раёсатининг йиғилиши бўлиб, унда СССР Олий Совети томонидан белгиланган референдумга овоз беришга мўлжалланган асосий бюллетень билан бирга “Ўзбекистонни янгиланаётган Иттифоқ (Федерация) таркибида мустақил, тенг ҳуқуқли республика бўлиб қолишига розимисиз?», деган савол қўйилган қўшимча бюллетень киритишга қарор қилинди.
Бўлиб ўтган референдум якуни шуни кўрсатдики, Ўзбекистоннинг мустақил тенг ҳуқуқли республика бўлишига доир қўшимча бюллетень бўйича 9 млн. 215 минг 571 нафар фуқаро, ёки овоз беришда қатнашганларнинг — 93,9% овоз берди.
Бинобарин, бу референдумда Ўзбекистон халқининг мутлақ кўпчилиги Ўзбекистонни мустақил республика бўлиши тарафдори бўлиб овоз берганлигининг ўзиёқ республика раҳбариятининг бу борадаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш ифодаси эди.
Жамиятдаги ички зиддият ва кескинлик ниҳоятда кучайди, эски тузумнинг портлаши ва бузилиши муқаррар бўлиб қолган эди. Чунки тайёрланган янги иттифоқ шартномаси мустабид давлат тузилмаларидаги эскилик тарафдорлари ва реакцион кучлар учун маъқул келмади. СССРнинг юқори раҳбарларидан бир гуруҳи 1991 йил 19—21 августда ўзларини фавқулодда ҳолат Давлат қўмитаси (ГКЧП) деб атаб, давлат тўнтариши қилишга уриниб кўрди, лекин бу уриниш барбод бўлди. Бу коммунистлар ҳокимиятининг 73 йиллик даври ва мустабид СССР давлатининг тугаганлигини, у билан биргаликда эса “қайта қуриш” ҳам барбод бўлганлигини англатар эди.
Фавқулодда ҳолат муносабати билан мамлакатда (шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам) ўта мураккаб вазият юзага келди. Ўзбекистон халқининг кейинги тақдири ана шу мураккаб шароитда қайси йўлни танлашига боғлиқ бўлиб қолган эди. И.Каримов бошлиқ Ўзбекистон раҳбарияти “Мустақиллик Декларацияси”ни амалий жиҳатдан ҳаётга татбиқ қилиш ва миллий давлатчилигимизни тиклашдек ўта мураккаб ва масъулиятли, шу билан бирга адолатли йўлни танлади. Ўзбекистон халқи буюк тарихий воқеа арафасида турар эди.
Хуллас, 1980-йилларнинг иккинчи ярми—1990 йилларнинг бошларида СССРдаги “қайта қуриш” аввалбошданоқ хомхаёлдан иборат эканлигини кўрсатди ва шунга кўра у амалга ошмади. Бу нарса нафақат СССРга, шунингдек, Шарқий Европа мамлакатларига ҳам тааллуқли эди.“Қайта қуриш” берган асосий тарихий сабоқ шундан иборат бўлдики, социализм жамиятнинг асосини ташкил этадиган бирдан-бир ва барча жабҳаларни қамраб олувчи тузум бўлишга қодир эмаслигини кўрсатди.
Кўпгина мамлакатларнинг тажрибаси шуни кўрсатдики, ҳозирги замон жамияти — бу кўпроқ ўзаро чекловчи ва тенглаштирувчи тамойилларнинг, капитализация ва социализациянинг турлича уйғунлашиб кетиши, классик марксча назарияга сиғишмайдиган ижтимоий принциплар элементларининг фақат чатишиб кетишидан иборат бўлиши мумкин. Бунда эса бирон-бир мафкура ёки сиёсий кучнинг яккаҳокимлигига ўрин бўлмайди.
Иккинчи сабоқ—эркинлик ва демократия алоҳида қисмларга бўлиниши мумкин эмас. Эркинлик ва демократия шахснинг ва сиёсий гуруҳларнинг ижтимоий, миллатлар ва миллий давлатларнинг табиий эҳтиёжларини қондириш учун фақат тўлиқ бўлиши лозим. Лекин шундай бўлса-да, “қайта қуриш” СССР халқлари миллий ўзлигини англаш жараёнини тезлаштирди, уларнинг сиёсий фаоллигини оширди. Объектив жиҳатдан олганда, “қайта қуриш” мустақилликка эришиш учун тайёргарлик тадбирлари эди.
Кўп миллатли Ўзбекистон жамияти мустақиллик ғоясини қабул қилди, бу тарихан буюк ва узоқ кутилган воқеанинг муқаррарлигини ҳис этди. Ўзбекистонни Марказ билан ўн йиллар мобайнида боғлаб турган занжир узиб ташланди. Ўзбекистоннинг мустақил тараққиёт йўлига кириш жараёнини тўхтатиб қолиш ёки орқага буриб юбориш мумкин эмас 1983-йилнинг охирида республикада жуда оғир вазият вужудга келган эди. Биринчидан, жиноятчиликка қарши курашиш ниқоби остида собиқ марказдан кетма-кет турли тергов гуруҳлари ташланди. Республикамиздаги раҳбарлик лавозимларига собиқ иттифоқнинг ҳар хил жойларидан кадрлар кела бошлади. Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг иккинчи котиблигига Анишчев, Министрлар Совети Раисининг биринчи ўринбосари Огарок, Олий Кенгаш Президиуми раисининг ўринбосари этиб Романовскийлар тайинланди, Тошкент шаҳрининг тақдири Сатинга топширилди.
Республика прокурори этиб Бутурлин, унинг ўринбосарлигига Гайданов, тергов бошлиқлигига Лаптев, Ички ишлар вазирлигига Дидоренко тайинланди. Барча вилоятларда ҳам аҳвол шундай бўлиб, улар республикадаги ҳукмронликни тўла қўлга олган эдилар.
"Пахта иши" ва "ўзбеклар иши" деб юзсизларча номланган терговлар бошланиб кетди. Гдлян гуруҳи Ўзбекистонликларга нисбатан қонунсиз, бешафқат ишларни бошлаб юборди. Уларнинг зўравонлиги оқибатида судлар адолатсиз ҳукмлар чиқара бошлади.
1989 йилгача бу ишлар бўйича 4,5 мингдан кўпроқ киши судланди. Ўша пайтда республикадаги қамоқхоналарда жой қолмагани учун судланганларнинг мингдан ортиғи жазони ўташ учун Сибир қамоқхоналарига жўнатилди.
Гдлян гуруҳи Ўзбекистон ҳудудида чекланмаган ваколатларга эга бўлди. Айбсиз одамларни, уларнинг оила аъзоларини қамоққа олиш, жисмоний ва руҳий қийноққа солиш авж олди. Ҳисобга олинганлар тергов усулларига дош беролмай ўз жонларига қасд қилишгача бориб етдилар.
Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари беҳад топталаётганлиги ҳақида Москвага минглаб хатлар жўнатилди. Афсуски, бу хатлар текширилмасдан, ҳатто жавоб ёзишга эп кўрилмади. Аксинча Гдлян ва унинг гумашталарига кетма-кет унвонлар берилди
Do'stlaringiz bilan baham: |