V Боб. Кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш тажрибаси ва рағбатлантириш тизими
Таянч иборалар эришган ютуқлар,иш тажрибаси, Голландия, Ўзагроэкспорт, ярмарка, хорижий фермер, ун тортиш, саралаш, макарон,номинация, мактабни таъмирлаш, ташаббус, эришган ютуқлар, энг яхши фермер, истиқбол режаси, технология, илғор тажриба, квота.
5.1. Кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш бўйича чет эл фермерларининг иш тажрибаси
Республикада олиб борилаётган иқтисодий ислоҳатлар асосан жаҳон тажрибаларига асосланиб, таркибий ўзгаришларни амалга оширилмоқда. Ҳар қандай ривожланган давлатларнинг қишлоқ хўжалигида мулкчиликга асосланган ишлаб чиқариш шакллари ўз фаолиятини юритмоқда. Айниқса, фермер хўжалиги шаклидаги ишлаб чиқариш кўпгина давлатларда ўзини оқлаб келмоқда.
Фермер хўжаликларида ноқишлоқ хўжалик фаолиятини ривожлантириш:
-йирик ишлаб чиқаришни ривожлантириш иқтисодий жиҳатдан самарали бўлмаган минтақалардаги аҳолини;
меҳнатга лаёқатли бўлган, лекин, етарлича касб малакасига ёки ишлаб чиқариш тажрибасига эга бўлмаган аҳоли қатламларини;
ўқишни меҳнат фаолияти билан биргаликда олиб борадиган ёшларни;
йирик корхоналарнинг тугатилиши ёки инқирозга учраши натижасида вақтинча ишини йўқотган меҳнатга лаёқатли фуқароларни доимий иш билан таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш имконини беради.
АҚШ, Япония, Канада, Германия ва Европанинг қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожланган мамлакатлари иқтисодий сиёсатида ноқишлоқ хўжалик фаолиятини ривожлантиришга катта эътибор қаратилади. Мазкур давлатлар тажрибаларига кўра, ноқишлоқ хўжалик фаолияти ўзининг ижтимоий-иқтисодий хусусиятлари билан иқтисодиётда салмоқли ўрин эгаллаши, соғлом рақобат муҳитини вужудга келтириши, хўжаликлар фаолиятида тадбиркорликнинг шаклланиши, бозордаги талаб ва таклифга тез мослашиши билан самарали таъсир кўрсатиши, аҳоли ва ишлаб чиқариш эҳтиёжларини қондиришда ўзининг катта салоҳиятга эга эканлигини намоён қилмоқда. АҚШда фермер хўжаликларида ноқишлоқ хўжалик фаолиятидан олинган даромад жами даромаднинг 83 фоизини, Японияда 74 фоизини, Германияда 70 фоизини, Канадада 68 фоизини, Хитойда 40 фоизини, Францияда эса 36 фоизини ташкил қилади ёки ноқишлоқ хўжалик фаолияти ҳисобидан 1 АҚШ долларига тенг қишлоқ хўжалиги маҳсулоти 5 АҚШ долларигача қўшимча қиймат яратади.
Фермер хўжаликлари иқтисодий жиҳатдан барқарорликка эришишида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни сотиш асосий муаммолардан бири ҳисобланади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари йил мобайнида сотилишини таъминловчи яхлит тизимнинг тўлиқ шаклланмаганлиги ва нархларнинг номутаносиблиги сабабли, қишлоқ хўжалиги мавжуд салоҳиятни тўлиқ ишга солиш ва кенгайтирилган ишлаб чиқаришни таъминлаш имкониятига эга эмас.
Фермер хўжаликлари ўз маҳсулотларини деҳқон бозорларида, улгуржи ярмаркаларда, товар - хомашё биржаларида, тайёрлов корхоналари ва қайта ишлаш корхоналарида эркин сотишлари учун қулайликлар яратилиши ва моддий жиҳатдан рағбатлантириш тизими жорий қилиниши мақсадга мувофиқ.
Ушбу муаммоларни ижобий ҳал қилиш учун фермерлар ўзаро келишган ҳолда, етиштирилаётган маҳсулотларини сотиш ва қайта ишлаш бўйича кооперация муносабатларини амалга оширишлари лозим. Ўз хўжалигида ноқишлоқ хўжалик соҳасини ривожлантириш бўйича тадбиркорлик қобилиятини намоён қилаётган фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш мақсадида имтиёзли солиқ ва тўловлар тизими жорий қилиниши муҳим ўрин тутади.
Фикримизча, қишлоқ ҳудудларида янги иш ўринлари очиш мақсадида кичик саноат корхоналари қуриш ёки маҳсулотларни қайта ишлаш технологиялари сотиб олишни режалаштирган фермер хўжаликларига устувор имтиёзлар бериш, яъни, бунда узоқ муддатли (10-15 йилга) имтиёзли (3-7 фоизли) кредитлар ажратиш, кредитни устама фоизи билан қайтариш муддатини эса 3 ёки 5 йилдан сўнг қўллаш таклиф қилинади. Чунки, қишлоқ ҳудудларида маҳсулотларни қайта ишлаш ёки тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш учун харид қилинадиган технологиялар ишга тушгандан сўнг, 2-3 йилдан кейингина жалб қилинган маблағларни босқичма-босқич қайтариш имкони туғилади.
Чет давлатларнинг қишлоқ хўжалигидаги илғор тажриба ва ютуқларни ўрганиш мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, хусусан фермер хўжаликларини ривожлантириш жараёнида катта аҳамиятга эга. Чунки биринчидан, ривожланган давлатларда фермер хўжаликларининг фаолияти, экин экишдан бошлаб ҳосилни ўриб-йиғиб олишгача бўлган даврда яратилаётган мавжуд шароит; иккинчидан, товар маҳсулоти ишлаб чиқариш, маҳсулот қабул қилиш, тайёрлаш, қайта ишлаш ва сотиш тизимидаги ўзаро иқтисодий муносабатлар; учинчидан, юқоридаги иккала жараёнда ҳам давлатнинг тутган ўрни, ички ва ташқи бозорга рақобатбардош сифатли маҳсулот чиқаришга қаратилган маркетинг тадқиқотларини олиб бориш, белгиланган квота асосида маҳсулотни экспорт қилиш, солиқ, суғўрта ва кредит масалаларида давлатнинг иқтисодий қўллаб-кувватлаш меҳанизмларини ўрганиш, бу тажрибалардан мамлакатимиз шароитидан келиб чиққан ҳолда фойдаланиш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.Бир қатор Европа мамлакатларидаги фермер хўжаликларининг мавжуд ер майдонларни таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, бу минтакада АҚШ фермер хўжаликларига нисбатан аграр ишлаб чиқаришда кичик хўжаликлар катга улушга эга.Масалан, Швеция қишлоқ хўжалиги ўз аҳолисининг гўшт ва гўшт маҳсулотларига бўлган талабини 109%, сариёғ билан 120% га таъминлайди. Фермер хўжаликларининг ўртача ер майдони 79 га ни ташкил қилади ва ўртача 30 бош йирик шохли корамол парвариш қилинади. Барча фермер хўжаликлари ишлаб чиқариш, маиший хизмат ва бошқа турли сервис хизматлари кўрсатишга ихтисослашган кооперагивларга аъзо бўлиб кирган.
Швецияда давлат томонидан қабул қилинган «Юқори самарада фаолият юритаётган хўжаликларни кўпайтириш» Дастурига асосан 1970 йилдан 1990 йилга қадар фермер хўжаликларининг сони 180 мингдан 109 мингтага ёки 40% га камайган ҳолда хўжаликларнинг ўртача катталиги 12 гектардан 28 гектарга кўпайиб, иқтисодиётнинг аграр секторида банд бўлганларнинг улуши 38% дан 4,7% гача камайди. Мамлакатда 1990 йилларга келиб, дон экинларининг майдони 1950 йилга нисбатан қарийб 1 млн. гача (40%) қисқариб, бугунги кунда 2,9 млн. га ни, ҳосилдорлиги эса шу давр ичида 1,9 баравар ошди ёки ўртача 59 ц/га ни ташкил қилмоқда. Худди шунингдек, соғин сигирлар бош сони шу давр ичида 44% га ёки 1,6 млн. бошга қисқариб, сут соғиб олиш 1600 литрдан 5600 литрга ёки 2,9 бараварга кўпайди.
Фермер хўжаликларининг ярми қишлоқ хўжалигида тўлиқ банд бўлган мулкдор шахсларга тегишли бўлса, 33% фермер хўжаликларининг аъзолари бошқа соҳада ишлаганлиги боис қишлоқ хўжалиги қўшимча даромад манбаи ҳисобланади, 17% фермерлар қишлоқ хўжалигидан ташқарида ишлаган ҳолда ўз фермасидаги ишларни ёлланма ишчилар томонидан қандай бажа- рилаётганлигини назорат қиладилар. Чорвачилик фермаларининг қарийб ярми тўлиқ ижарага берилган.
Швеция қишлоқ хўжалигида ерларни ижара асосида хўжалик юритиш шакли кенг тарқалган. Агарда 1961 йилда жами қишлоқ хўжалигида фойдаланадиган майдоннинг 43,8 фоизи ижарага олинган бўлса, 1990 йилда бу кўрсаткич 73,3 фоизни ташкил этмоқда, 30 фоизга яқин фермер хўжаликлари ўзларига яна қўшимча ерларни ижарага олиб иш юритмоқдалар.Ижара асосида фаолият кўрсатаётган фермер хўжаликларининг ер майдони хусусий ердаги фермер хўжаликларига нисбатан анча катта ёки ўртача 35 гани ташкил этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |