4.4.1.–расм. Фермер хўжалиги фаолиятини бошқаришнинг ташқи ва ички тизимлари13
Ҳозирги замон фан-техника тараққиёти корхона ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, техника ва технологик тараққиётнинг сифатини ўзгартириш, таъмирлашни рационал ташкил этиш каби жараёнларга фаол таъсир этади. Ишлаб чиқариш жараёнида қатнашадиган техниканинг барча тури фойдаланишга лаёқатли бўлиши керак.
Ишлаб чиқаришни ташкил этиш тизими - меҳнат ресурслари, техника, меҳнат предмети, ер, сув, пул маблағларидан самарали фойдаланишнинг истиқболли усул ва услубларини қўллашни, кўп маҳсулот ишлаб чиқариб, маҳсулот бирлигига кам ҳаражат қилишни кўзда тутади.
Меҳнатни ташкил этиш тизими - ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш учун, меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланишнинг илмий асосланган истиқболли шаклини ишлаб чиқишдан иборатдир. Бошқаришнинг бу тизимига одатда кўпроқ вақт ва эътибор берилади. Албатта бу табиий. Бунда одамларни жой-жойга қўйиш, катта ва кичик жамоани жипслаштириш, меҳнат унумдорлигига баракали таъсир кўрсатувчи самарали руҳий шарт-шароит заминини яратиш тўғрисида гап боради.
Иқтисодий тизим–корхоналардаги иқтисодий жараёнлар бирлигини, шу билан бирга ишлаб чиқаришнинг ҳамма томонлари учун хос бўлган иқтисодий алоқадорликни ифода этади. У ишлаб чиқаришнинг иқтисодий самарасини ошириш учун барча тизим имкониятларидан оқилона фойдаланиш вазифасини бажаради. Бозор иқтисоди шароитида ҳар бир корхона, ташкилот очиқ тизим кўринишида фаолият кўрсатади. Хусусан, фермер хўжалиги ҳам бундан мустасно эмас. Сабаби фермер хўжалигининг истиқболини ва ривож топишини кооперациялар, агрофирмалар ва ҳар хил хизмат кўрсатувчи ташкилотларсиз тассавур этиш қийин. Уларни фермер хўжалиги фаолиятига таъсир этувчи ташқи тизим деб қараш мумкин (1-расм).
Кооперация тизими – фермер хўжаликларининг ихтиёрий равишда маҳсулотларни тайёрлаш, қайта ишлаш, сотиш ва шунингдек хизмат кўрсатиш (техник, технологик ва бошқалар) кооперативларига бирлашишини ўзида акс эттиради. Кооперация тизими унинг аъзолари бўлган фермер хўжаликлари манфаатини ҳисобга олган ҳолда фаолият юритади ва уни ҳимоя қилади. Кооперация мулки улуш асосида шаклланади. Уни асраш, самарали фойдаланиш ва кўпайтириш кооперация тизимининг бош мақсади яшаш қобилиятини сақлаб қолишнинг таянч мезони ҳисобланади.
Мамлакатимизда фермер хўжаликлари шаклланиш ва ривожланиш жараёнида турибди. Табиийки, бу даврда молия маблағларига бўлган талаб каттадир. Шу сабабли кредит тизими мана шу вазифани амалга оширишга фаолияти йўналтирилган молия муассасаларини ўз ичига олади. Истиқболда қисқа, ўрта ва узоқ муддатга мўлжалланган кредитга талаб ўсиб боради. Чунки қишлоқ хўжалигининг тараққиёти инновация жараёнининг кириб келиши билан боғлиқ. Инновациянинг жорий этилиши катта ҳажмдаги молиявий маблағларни талаб этади. Кредит ташкилотлари ўртасида соф рақобат муҳитининг яратилиши кредит тизимининг моҳиятини мазмун жиҳатдан бойитади ва хизмат кўрсатишнинг сифат кўрсаткичларини яхшилашга олиб келади.
Do'stlaringiz bilan baham: |