Мулла Абдулазиз Абдулҳаким қори ўғли 1904 йили хозирги Қозоғистон Республикасининг Туркистон шахрида таваллуд топдилар. Илк таълимни оталари Абдулҳаким ҳожи ва оналари Сапуро отиндан олдилар. 15-16 ёшларида Туркистонда атоқли уламолардан бўлган Шамсуддин Хатибдан таълим оладилар. 1921 йили устозларининг тавсиялари билан Наманган шахрида яшайдиган Собитхонтўра Абдулмаоний Ҳазратларидан сабоқ ола бошлайдилар.
1927-йили Туркистон шахрига қайтиб Чўрноқ қишлоғига имом бўладилар. 1928 йили Мулла Абдулазаз оиласи Шўролар Ҳукумати томонидан қулоқ қилиниб, уй-жойлари ва мол-мулклари мусодара қилиниб ўзлари кўчага хайдаб чиқариладилар. Оталари Абдулҳаким хожини олий жазога ҳукм қиладилар. Мулла Абдулазизни ёшликларини инобатга олиниб 10 йилга Сибирга ҳукм қиладилар. Жазони Краснояр ўлкасидаги Котлас шахрида ўтайдилар.
Мулла Абдулазизнинг оналари Сапуро отин бир неча йил сарсон-саргардонликда юриб охири Тошкент шахри яқинидаги Назарбек қишлоғида кўним топадилар, учта фарзандлари билан.
1938 йили Мулла Абдулазиз сургундан Аллоҳнинг инояти билан соғ-саломат қайтиб келгач оилаларини Назарбек қишлоғидан топадилар ва шу ердаги жамоат хўжалигига ишга кирадилар.
1942-1968 йиллар давомида тимир йўлда “проводник” бўлиб ишлайдилар. Шу йиллар давомида уйланиб учта ўғил фарзанд кўрадилар. Яшаш жойларини хам ўзгартириб Тошкент шахри,Олмазор туманидаги “Аллон” махалласидан ховли сотиб олиб шу ерда умрларининг охиригача яшайдилар.
1968 йили Мулла Абдулазиз қарилик нафақасига чиққанларидан кейин шу вақтда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати раиси бўлиб хизмат қилган Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон у кишини энди илминггизни динга сарфланг деб идорага ишга таклиф қиладилар. 1971-1976 йиллар “Кўктерак” масжидида, 1976-1983 йиллар Тошкент шахридаги “Олмазор” масжидида 1983-1986 йиллари эса Тошкент вилояти Қибрай туманидаги “Байти Қўрғон” масжидларида имомлик қиладилар.
Мулла Абдулазиз ҳаётлари давомида бир қанча ижодий асарлар яратадилар. 1954 йили Имоми Бусурийнинг “Қасидаи Бурда” асарини шеърий таржимасини ёзадилар. Бу асарни нашрга таёрлаш ва масъул муҳаррирлик ишларини Ҳожи Мирзо Кенжабек хазратлари амалга оширдилар. Бу китоб “Мовароуннаҳр” наширёти томонидан 2005 йили босмадан чиқорилди. Бундан ташқари Исмоил Хаққийнинг “Тафсири Руҳул баён” нининг ўн порадан ортиқроқ қисмини ўзбек тилига таржима қилганлар. Бу тафсирга ёзилган сўз бошида отам Мулла Абдулазиз айтадилар: “Муҳтарам устозларнинг иршодниомаларидан воқиф бўлиб, қалбимиз марҳамати Раббоний бирлан жўш урган ҳолда улуғ мақсад сари бордик. Иншоаллоҳу таоло, “Иййакка наъбуду ваиййака настаъийн!” (Фақат Сенгагина қилиб ибодат, фақат Сендангина тилаймиз мадад!) мафҳумига Ўзидан ёрдам тилаб, “Руҳул Баён” тафсирини таржима қилмоққа бел боғладик. Аммо ёш улғайиб, етмишдан ошди, шул сабаб умрга ишонч йўқ. Кўз нури хам илгаргидек эмас. Шу озгина умрим ичинда қилган ибодатларимни Ўзинг фазлинг ва караминг билан қабул эт. Тонгла қиёматда Ўзинг раҳматинг бирлан ёрлақаб, шафоъати Саййидил Мурсалиндан насибадор этгайсан. Омин!” Булардан ташқари кўплаб ғазаллар ёзадилар. Навоий, Хазиний, Рожий ва бошқа шоирлар ғазалларига мухаммаслар ёзадилар.
Мулла Абдулазиз 1996 йили 11-июн куни фоний дунёдан ўтадилар.Жанозаларини Шайх Юсуфхонтўра Олимхонтўра ўғиллари ўқиганлар. Чиғатой қабристонига дафн қилинганлар.Аллоҳ таоло қабрларини мунаввар ва муаттар айлаб, жаннат боғларидан бир боғ айласин. Омин!
Қуйида Мулла Абдулазиз ижодларидан намуна келтираман. Манда на ҳад бор, ёзсам ул Расулинг мадҳини,
Раҳматан-лил-ъаламин, барча расуллар сарвари,
Манбаии ғуфрон сувидандур умидим қатраи,
Ҳам шафоатдин умидим, ичсам ҳавзи Кавсари,
Қул Азизнинг кўкрагида қолмас асло ҳеч ғам.
БИСМИЛЛОҲИРРАҲМОНИРРАҲИМ
Соно лил холиқи ғаброу афлок,
Яратди қатраидан гавҳари пок
Еру-осмонларнинг яратгувчиси бўлмиш Аллоҳ таборака ва таолога барча мақтовлару шукурларимиз бўлсин. У бир томчи сувдан одамни яратди. Яна бир маънода уммон қаърида бир қурт каби маҳлуқ яшар экан, у ёмғир ёғганда сувнинг бетига чиқиб оғзини очиб турар экан. Унинг оғзига ёмгирдан бир томчи тушса у сув остига тушиб кетиб томчини оғзида бир қанча вақт сақлаб турар экан. Шунда бу томчи дурга айланиб қолар экан.
Самовот уйини тутди муаллақ.
Жахона хукмини кўрсатди мутлақ.
Фазодаги барча жисмлар, ер, қуёш, ой ва чексиз юлдузлар хаммаси Аллоҳ таоло жорий қилган қонун бўйича аниқ харакатланадилар. Аллоҳ самовий жисмлар ердаги жонзотлар, хайвоноту-набототларга ҳукмини ўтказади.
Қилиб ғабро мадорин зиммаи хут
Бани одамга андин қисм этар қут.
Ерни балиқ устига жойлаштириб одамзотни ундан ризқини териб юришга ўргатди.
Падид этди жаҳон ичра фавосил
Қилур хар фасл турлук нашъа хосил.
Аллоҳ ер юзида турли фаслларни жорий қилди, бу фасллар хар бири бир ўзгача фасохатга эгадир.
Ажаб сунъу, ажаб аҳкоми тақдир,
Қилур бир қурсдин олам кўзин сир.
Аллоҳнинг ажойиб санъатларию, тақдирлари борки у хохласа бир лаҳзада оламни сирга тулдириб ташлайди.
Ирода қилса у ҳаййу тавоно,
Қилур бир лаҳзада билмасни доно.
Аллоҳ тирик ва қодир зот. У ирода қилса хар ишга қодирдир, хеч нарсани билмайдиган одамни бир лаҳзада доно қилиб қўйишга қодирдир.
Софий туфроғин этгач жон ила жисм,
Нечукким айлади донои хар исм.
Юқорида келган байтга мисол, яъни одам атони туфроқдан яратди ва уни хар бир ишга доно қилиб кўйди.
Халос этса бировни раббул афлок,
Қолур тоғ остида андин чиқар пок.
Аллоҳ хохласа тоғ остида қолган одамни асрайди, яъни у ердан бутун чиқади.
Нечукким тутди тўфон дашту тоғи,
Валекин бўлмади хўл Нуҳ оёғи.
Хазрати Нуҳ алайҳуссалом қавмига тўфон балоси юборилиб, дунёни сув босди. Нуҳ алайҳуссалом эса Аллоҳнинг фамони ила кема ясаб бу тўфондан омон қолдилар.
Халилуллоҳ учун ёндирдилар нор,
Қадам қўймай ўшал ўт бўлди гулзор.
Иброҳим алайҳуссаломни оловда ёндиришмоқчи бўлдилар. Лекин Аллоҳнинг амри билан бу олов Иброҳим алайҳуссалом учун бир гулзор каби бўлди.
Ғазаб ел одиларни қилди нобуд,
Эди ул ел насими тобеъи Ҳуд.
Худ алайҳуссалом од қовмига пайғамбар қилиб юборилган эдилар. У қавм ўзининг бақувватлиги, бўйларининг баландлиги билан мақтаниб бизга тенг одам йўқ , биз хаммадан кучлимиз деб кибрга кетиб Ҳуд алайҳуссаломга итоат этмадилар. Шунда уларга шамол балоси юборилиб хаммалари нобуд бўлишди. Ҳуд алайхуссалом ва у кишига имон келтирганлар учун бу шамол ҳудди тонгги шабададек бўлиб кўринди.
Балиғ қорнида бир сохиб каромат,
Чилла ўлтирдию чиқди саломат.
Юнус алайҳуссалом қавмларидан хафа бўлиб ўзларини дарёга ташладилар. У кишини бир балиқ ютиб юборди, балиқ қорнида Юнус алайхуссалом ўзларига келиб Аллоҳга тавба қилдилар. Бир неча кундан кейин балиқ Юнус алайҳуссаломни соғ-саломат қирғоққа чиқариб кўйди.
Агар амр этса кимни форуқул фарқ,
Келур бир лахзада ғарб устидан шарқ.
Кечани кундуздан айиргувчи Аллоҳ Қуёшни хам мағрибдан чиқаришга қодир, бу ишни у бир лаҳзада қилади. Бунга мисол малика Билқис ҳикояси.
Нечукким дўстини султони кавнайн,
Етурди соатида қоби-қавсайн.
Султони кавнайн Аллоҳнинг сифатларидан бири бўлиб, икки олам султони деганидир. Аллоҳ пайғамбаримиз Мухаммад соллоллоҳу алайхи васалламни бир зумда Арши аълога олиб чиқди.
Агар хар кимга берса иззу имдод,
Келур хизматига жину, одамизод.
Агар Аллоҳ хохласа ва изн берса унинг хизматига жинлар, одамлар хозир бўладилар.
Сулаймонким игурди инсу, жиндан
Анинг фармони эрди бир нигиндан.
Сулаймон алайҳуссаломга жинлар ва девлар хизмат қилар эдилар. Уларга фармон бериш бир узук орқали амалга оширилар эди.
Ғараз қудрат намолиғ айлади фош,
Вагарна қадри эрди бир дирам тош.
Вазни арзимас бир тошга тенг бўлган узукка шунча қудрат ато этган Аллоҳ таоло.
Калим элгидаги қутлуғ асойи,
Гаҳи кўприк эди, гаҳ аждаҳойи.
Мусо алайхуссалом қўлларидаги асо керагида аждарҳо, керагида эса кўприк бўлар эди.
Агар амр айласа кавнайни бар пой,
Бўлур бир пистани пўчоғина жой.
Агар Аллоҳ амр қилса бутун оламни бир пистанинг пўчоғига жойлаб қўйиши мумкин, бунга мисол.
Дедилар Хазрати Руҳул-Аминни,
Қанот ёзса тутар рўйи заминни.
Хазрати Жаброил алайҳуссалом қанотларини ёйсалар бутун ер юзини қоплаб олар эдилар.
Анингдек Жаброил сидра парвоз,
Муҳаммад енгида айтар эди роз.
Бутун ер юзини қоплаб олувчи Жаброил алайҳуссалом пайғамбаримиз енгларида у кишига олиб келган ваҳийни айтар эрдилар.
Агар қилса бировнинг хақлигин фош,
Шаходат бергуси гаҳворада ёш.
Аллоҳ таборака ва таоло бировнинг хақлигини исботлаш учун хаттоки бешикда ётган чақалоққа тил ва ақл берди. Бунга мисол Юсуф алайҳуссаломга қилинган тухматга чақалоқнинг берган гувоҳлигидир.
Азиз этса қаю қулни ўшал шоҳ,
Агар чоҳ остига тушса топар жоҳ.
Акалари Юсуф алайҳуссаломга хасад қилиб уни қудуққа ташладилар. Вақти келиб Юсуф алайҳуссалом Мисрга подшоҳ бўлдилар. Сулаймон хизматида қилди парвоз,
Хисобин билмаган шоҳину-шаҳбоз.
Сулаймон алайҳуссаломга берилган улуғ мўжизалардан бири у одам барча ҳайврнлар, қушлар, хашаротлар тилларини билар эдилар. Шунинг учун барча жоннзот у кишига хизмат қилар эрдилар, жумладан ҳисобсиз қушлар хам.
Вале бир муштипар ҳудҳуд эди пайк,
Деди султонига “орийу лаббайк”.
Сулаймон алайҳуссалом хизматларидаги қушлар на қадар катта ва кучли бўлмасин, орадаги воситачи қуш ҳудҳуд (сассиқ попишак) бўлиб у доимо “ Лаббай хизматингиздаман “,-дер эди. “Пайк”,-элчи дегани.
Мадад қилса ҳудойи оламорой,
Ҳабиб этса ишорат айрулур ой.
Аллоҳ таборака ва таоло кимни дўст тутса унга шундай куч ато қиладики унинг ишорати билан ой иккига айрилиши мумкин. Бу воқеъа пайғамбаримиз хақида эканлиги хаммага маълум бўлса керак.
Калимин чехрасин қилмас учун зард,
Чиқарди лахзада нил остидин гард.
Калим бу ердахазрати Мусо алайхуссалом бўлиб уни уялтирмаслик учун Нил дарёсини сувини иккига бўлиб, Мусо қавмини Фиравн таъқибидан қутқарди.
Кишининг рўзисин гар қилмаса кам,
Етар хар ерда мехнат қилмаса хам.
Барча жонзотнинг ризқини берувчи Раззоқ эгамиз ризқимизни хар ерда етказгучи узидир. Ухохласа мехнат қилмаган одамга хам ризқ бераверади.
Нечукким ҳазрати Солиҳ учун фош,
Болали тева туғди ҳукмидин тош.
Солиҳ пайғамбар қавми каромат талаб қилдилар, шунда Аллоҳдан иноят бўлиб у кишининг дуоси билан тошнинг ичидан туя чиқиб келди.
Юборди маряма рўзи малакдин,
Масиҳа моида тушди фалакдин.
Аллоҳ таоло Марямнинг ризқини фаришталар орқали юборар эди. Хазрати Исо қавмига эса осмондин дастурхон тушиб турар эди.
Азалда хар кишини айласа саъд,
Халил ўғлидек этса содиқул ваъд.
Аллоҳ таоло қайси бир кишини тақдирида Халил, яъни Иброҳимнинг ўғли Исмоилдек бахтли ва ваъдали қилса эди:
Агар забх этсалар қайтармагай қош,
Кўринмас бош ани олдида бир мош.
Яъни Исмоил алайхуссаломни қурбонлик қилмоқчи бўлганларида ҳеч бир қаршилик қилмадилар. Худонинг ҳукмига рози бўлиб бўйн эгдилар.
Кима берса жахолат хамридин жом,
Биҳишт олдига келса босмагай гом.
Аллоҳ таоло бандасини жоҳил, нодон қилиб қўйса у банда жаннат эшигида турса хам унга беперво бўлур, у томонга қадам босмас.
Етар рахмат суви кўк-кавкабина,
Етушмас қатраии гумраҳ лабина.
Аллоҳнинг рахмати бутун оламга ва барча жонзотларга етади. Бирор кимсани бу рахматлардан бебахра қилса унга бир томчи хам тегмас.
Кўринг бу Толиб ила бу Лаҳабни,
Улуғ дарё лабида хушки лабни.
Юқоридаги гапларга мисол тариқасида пайғамбаримизнинг амакилари ва боболари Абу Лаҳаб билан Абу Толиб пайғамбаримизнинг шафоатларидан бебахра қолдилар. (Ҳушки лаб-лаблари қуруқ қолди.)
Агарчи ўт бирла сувда бўлур фарқ,
Чиқорди сув маконидан нечук барқ.
Табиат ходисаси бўлмиш, ёмғир ёғишига сабаб бўладиган қора булутлардан чақмоқ чақиш ходисаси содир бўлади. Сув билан чақмоқ бир-бирига қарама-қарши нарсалардур. Бироқ Аллоҳ ўз қудрати ила сувдан чақмоқ чиқарур.
Агар чандики шаъм ўтдин бўлур жам,
Қаро сувдин қилур кўз нуридек шаъм.
Маълумки кўз ичида сув бордир. Аллохнинг қудрати ила кўздаги сув ичига ёниб турувчи модда қўшилиб кўриш жараёни амалга ошади.
Қаю бир қудратин қилмоқ керак ёд,
Эрур қосир уъқули одамизот.
Аллоҳнинг қудрати чексиз. Ақилли инсон уни хамма ерда кўради. Бироқ баъзиларига ақлимиз етада, баъзиларига эса етмайди.
ДАР БАЁНИ НАЪТИ РАСУЛУЛЛОҲ
Дуруди беадад ҳодийи динга,
Расули раҳматул лил оламинга.
Чексиз салому салавотларимиз ул Пайғамбар алайҳуссаломга бўлсинки у бизларни ҳидоят йўлига бошлади. У бу оламга рахмат учун яратилгандир.
Худони дўсти мухторул қурайши,
Мудом уммат учун талх эрди айши.
Расулуллоҳ (С.А.В.) нинг сифатларидан бири шу эдики, у Аллоҳнинг дўстидир. Уни Аллоҳ қурайш қабиласидан танлади. Унинг умрининг кўп қисми уммат қайғусида кечди, рохат кўрмади.
Эмас мавжуд анингдек гуҳари пок,
Далил улдурки, келди тожи “лав-лок”.
Пайғамбаримизни Аллоҳ таборака ва таоло гуҳари пок қилиб яратди. Бу дунёнинг яратилишига сабаб хам Пайғамбаримиз бўлди. Шу сабабли унинг бошига мадх тожини кийдирди.
Ўшал шаҳаншоҳиким, шамъи диндир,
Анинг парвонаси Руҳул- Аминдур.
Диннинг шаъми бўлмиш Расули акрамга парвона бўлган, доимо унинг хизматида парвона бўлган хазрати Жаброил алайҳуссаломдир.
Деди Маъбуд анинг отин Муҳаммад,
Мақомотиға ҳануз етмади ҳад.
“Муҳаммад “ сўзининг лўғавий маъноси “мақталувчи”дир. Пайғамбаримиз эришган даражага хеч қайси пайғамбар эришган эмас. Мана шундай исмни Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга насиб этди.
Тушурмай ер юзига соясини,
Етурди Арш уйига поясини.
Пайғамбаримизнинг соялари ерга тушмаган экан, чунки у киши нурдан яратилгандир. Барча пайғамбарлардан фарқли ўлароқ, Ҳазрати Расулуллоҳнинг қадамлари Аршга етди.
Қадам босқон манзил эди пур атр,
Саҳобул-Файз эрди бошида чатр.
Пайғамбаримизнинг қадамлари етган ер ҳушбўй ҳидга бурканар эди. У кишининг бошлари устида доимо оқ булут бирга юрар эди.
Жамолу неъмату матлуби кавнайн,
Камолидин муяссар қоба қавсайн.
Расули акрам салаллоҳу алайҳуссаломнинг жамоллари жуда беназир эди. Шунинг учун у кишига бутун дунё аҳли хаваслари келди ва унга интилиб яшади. Укишининг камоллари шундай бўлдики Руҳул-Амин икки камон оралиғи масофасида бўлди.
Шарофат мундин ўтмас суннату фарз,
Юруса то хуружи дооббатул-арз.
Дооббатул-арз бир махлуқнинг исмидир. У охир замонда ер юзига чиқади. Ислом дини энг етук диндир, бу дин дооббатул-арз ер юзига чиққунга қадар давом этадур.
Ҳама диндин бўлибдур дини боло,
Гувоҳи Хазрати Вожиб таоло.
Ислом дини барча динлардан мукаммал қилиб яратилгандир. Буни Аллоҳ таоло ўзи қуръонда эслатиб айтади.
Анинг авсофини йўқ интиҳоси,
Нағу етмас деса васфин Худоси.
Ҳазрати Расулуллоҳнинг сифатларини санаб адоғига етиб бўлмайди. Мадҳига сўз хам етмайди, магар Аллоҳ таоло ўзи етказмаса.
Худонинг раҳмати бўлсин дамо-дам,
Анинг авлодига, асҳобига хам.
Аллоҳ таолонинг раҳмати Расул ҳазратларига, авлодларига, асҳобларига бўлсин. У кишининг шафоатларидан бизларга ҳам насиб этсин.
ДАР БАЁНИ САБАБИ ТАЪЛИФ.
Ёзилди форси тил бирла мактуб,
Ақидати, фуруъи қурби маҳбуб.
“Саботул ожизийн” аввал форс тилида ёзилган бўлиб, унда ақида ва ундан чиққан хулосалар жуда яхши ёритилганлиги учун форс тилини тушунган кишиларга жуда маъқул келди.
Аниким кўрдилар туркий ёронлар,
Дедилар гар дуо қилса эранлар
Форсий тилда ёзилган ушбу китобни кўрган улуғлар, қани энди бу китобни туркий тилда ҳам босилса деб дуо қилдилар.
Битилса турки тил бирла ақида,
Кўнгиллар бўлса андин орамида.
Бу китоб туркий тилда босилса, форс тилини тушунмайдиган қанча халқларнинг диллари ором олиб, хурсанд бўлар эди.
Тамаллуқ қиилдилар чун бир неча ёр,
Қалам тортай Худо бўлсин мададкор.
Дуолар қабул бўлиб, Аллоҳнинг ёрдами билан бу ишга киришдим.
Ва лекин айлайин сўзларни ижмол,
Манга йўқдур муфассал қилғали ҳол.
Китобни ёзишга киришдимку, лекин уни тўлиқ манзур қилишга менинг имконим йўқ дейди камтарлик билан аллома.
Мане бечора чунки омидурман,
Грифтори маломат домидурман.
Яна шу камтарликни давом эттириб ман бечора омидурман, мени маломат қигучилар бор дейди.
Эрурман бандаларнинг сарнигуни,
Тавалло ёр-биродарлар забуни.
Мен бечора бандаларнинг энг гунаҳкориман, ёру дўстлар орасид ночори ҳам ўзимман.
Агар чандики бўлсам мағзи йўқ пўст,
Ишорат қилдиларким бир неча дўст.
Мен шунчалик саводим кам бўлишига қарамай, дўстларим мени бу ишга илхомлантиришди.
Ақида сўзларини қилдим исбот,
Анга қўйдум “Саботул ожизин” от.
Бу китобда Аллоҳнинг бирлиги ва ақида масалаларини баён қилдим. Уларга кўплаб исботлар келтирдим. Бироқ барча масалаларда хам исбот келтира олмаганим сабабли “Саботул ожизин” деб от қўйдим.
Ўзимдек хасталар бўлғайму деб шод,
Насойиҳдан хам андак айладим ёд.
Китобни туркий тилда битилишига яна бир сабаб ўзимга ўхшаган хаста кўнгиллиларни шод қилиш билан бирга уларга насихат сўзлар хам айтдим.
Насиҳат тингламас дил сахти махжуб,
Кўкармас тоша ёмғур ёғса хам кўп.
Насиҳатни қабул қилмайдиган қалб қаттиқ қулфлангандир, худди тошнинг устига ёмғир ёғгани билан у кўкармагани каби насиҳатни қабул қилмайдиган қалбнинг эгаси хам ўзгармайди.
ДАР БАЁНИ МАЪРИФАТИ АЛЛОҲИ ТАОЛО
Недур қуллуқ Ани муштоқи бўлмоқ,
Ўзидин фони Ҳақға боқи бўлмоқ.
Банда ўзини фоний билиб Аллоҳни боқий билмоғи айни қулликдан иборатдир. Яъни ўзини фоний билган одам Аллоҳни таниган бўлади. У банда фоний дуёни писанд қилмай, боқий дунё харакатида бўлади.
Тонимоқ Тангрини – тонмоқ ҳаводин,
Кейин турмоқ фиъоли нораводин.
Яъни Тангрини танимоқ билан одам дунё хавасларидан тонади,безади. Ёмон феъллардан ўзини сақлайди.
Бўйунсунмоқ, эгилмоқ қул демишда,
Қазога рози бўлмоқ барча ишда.
Аллоҳнинг қули унга ҳар ишда ҳеч иккиланмай бўйнсунади. Қазоу-қадарга рози бўлади, сабр қилади.
Умид этмак ўшал қудратли шоҳдин,
Ёнардин хавф этиб ёнмоқ гунаҳдин.
Аллоҳнинг рахматидан умидвор бўлиб яшайди. Дўзаҳ оловида ёнишдан қўрқиб, гуноҳ ишларни қилишдан қочади.
Яқийн билмоқ жамоат эътиқодин.
Кейин солмоқ муҳолиф ижтиҳодин.
Жамоат эътиқодини махкам ушлаб, турли-туман бошқа эътиқодларга эргашмаслик.Мухолифлар эътиқодидан йироқ бўлмоқ.
Ақида билмаган шайтона элдур,
Агар минг йил амал деб қилса елдур.
Ақоид илмини билмаган одам шайтонга элдир, яъни унинг малайидир. Унинг амали шамолга совурилган кабидир.
Уёлма маърифатни ўрганурдан,
Танур жойинг бўлур қолсанг танурдин.
Илму-маърифатни ўрганишдан уёлма. Аллоҳни танишга доимо харакат қил. Агар Аллоҳни танишдан қолсанг, жойинг тандирда бўлади, яъни дўзахда.
Уёлмасдур талаб амрини олғон,
Қолур яхши уй олмоқдин уёлғон.
Аллоҳни таниб, иймонни талаб қилган одам уёлиб қолмайди. Аксинча бўлса яхши уй ололмай қолади, яъни жаннатдан жой ололмай қолади.
ДАР БАЁНИ ТАВҲИД ВОЖИБ ТАОЛО
Худовандики бирдур бешаку райб,
Раво йўқдур анга ўртоқ ила айб.
Худойи таоло бирдир. Унинг бирлигига иймон келтирганмиз. Унинг шериги ёки ўртоғи йўқдир, уларга унинг эхтиёжи ҳам йўқдир. Унинг айби ҳам, нуқсони ҳам йўқдир.
Анинг фармонидин ҳеч ким қутилмас,
Тавонодур ҳамиша ўзга бўлмас.
Аллоҳ таоло нимани ирода қилса ўша бўлади. У доимо уйғоқ ва сергакдур.
Эрур ул барча оламнинг худоси,
Анинг йўқ ибтидоси, интихоси.
Аллоҳ таолонинг аввали ва охири йўқдир, у хамиша бирдек. У барча оламнинг тангрисидир.
Эрур ҳозир ҳамиша, йўқ макони,
Анга қилган эмас сабқат замони.
Аллоҳ ҳамиша ва хамма ерда хозирдир. Унинг макони йўқ. Унинг хозирлиги макон ёки замон билан эмас, у бир вақтнинг ўзида ҳамма ерда ва ҳамма билан хозирдир.
Ўзи бешубҳадур, хам бе намуна,
Раво эрмас анга чуну чакуна.
Аллоҳ таоло шубхасиз ягона тангридир ва унга ухўаў ҳеч зот йўқдир. Бизнинг ундоқ- будоқ дейишга хаққимиз йўқдир.
Кўнгилда кечса, кўзга тушса ҳар шай,
Эрур андан муназзаҳ Холиқи Ҳай.
Кўнглимиздан “Нега ундай” деган ҳаёл кечса иймонимизга путур етиб қолиши мумкин. Шунинг учун у “Холиқу Ҳай “ деган эътиқоддан оғишмай юришимиз керак.
Удур ҳоким ки ҳукмин ўзга этмас,
Анинг зотига ҳеч ким ақли етмас.
Аллоҳнинг иродасига ҳеч ким қарши чиқа олмайди. У ҳеч қачон ҳукмини ўзгартирмайди.
Фаришталар, набилар етмадилар,
Бўйнсундилару фикр этмадилар.
Тангримизнинг ишларига ҳеч кимнинг, хатто фаришталару, пайғамбарларнинг ҳам ақиллари етмас. Шунинг учун улар итоат қилдилару, нега ундай демадилар.
Вале фикр эт худонинг қудратига,
Ажойиб ишларига, санъатига.
Аллоҳнинг қудратига таъажубланамиз. Унинг ишларига қойил қоламиз ва санъатига ҳамду- санолар айтамиз.
ДАР БАЁНИ СИФОТИ ВОЖИБ ТАОЛО
Субутидир анинг саккиз сифоти,
Сифат зоти эмас на ғайри зоти.
Аллоҳнинг сифатлари саккизтадир. Бу сифатлар Аллоҳнинг зотига хос сифатлардир. Ундан ўзга эмасдир.
Ҳаёту, илму, қудрат ҳам басар, самъ,
Иродау, калом, таквиндур эй шамъ.
Бу сифатлар қуйидагилардур: 1-ҳаёт, 2-илм, 3-қудрат, 4-басар (эшитиш), 5-самъ (кўриш), 6-ирода, 7-калом, 8-таквин (ризқ бериш).
Ҳаёт улким, тирикдир ўзга бўлмас,
Ўлар ҳар зи нафс, ҳаргиз ул ўлмас.
Аллоҳ таоло доимий тирикдир. Барча жонзот ўлади лекин ул ўлмас.
Ўзини зотидин ҳайдур ўшал шаҳ,
Ва лекин жисм ила жондин муназзаҳ.
Аллоҳнинг тириклиги инсонлар каби эмасдир, ўз зотига мансубдир. У жисмга ва жонга мухтож эмасдур.
Керакмасдур Худоға ҳеч қаю шай,
Ғанидур барча оламдин ўшал ҳай.
Аллоҳ таолога емак, ичмак, жисм ва бошқа шунга ухшаш нарсалар керак эмасдур. У булар каби нарсалардан покдир.
Эмас муҳтож ҳеч ишга Ҳақ Таоло,
Юбормағил кўнгилни шийбу- боло.
Аллоҳ таоло ҳеч ишга мухтож эмас. Агар биз кўнглимизни юқорига-пастга юбориб турли ҳаёлларга борсак:
Агар мунда юборурсан кўнгилни,
Солур шайтон кўнгилга ўзга йўлни.
Шайтон кўнглимизга васваса солиб, бизни ҳидоят йўлидан адаштириб қўйиши мумкин. (Аллоҳ сақласин.)
Сифотининг биридур илм, ёро,
Эрур донойи ғайбу, ошкоро.
Иккинчи сифат бу илмдир. Аллоҳнинг илмидан ҳеч нарса махфий қолмас. У бўлиб ўтган, бўлаётган ва бўладиган ишларни билади. Унинг илмининг чеки ва чегараси йўқдир.
Халойиқдин кичикдур ё улуғдир,
Бўлибдур ҳар на иш, ё бўлғулуқдур.
Одамларнинг каттаю- кичик гуноҳлари ёки савоб ишларини, ўтмиш ва келажак ишларини билади.
Турушдир ё юрушдур хайру шардин,
На ким тегса анга нафъу, зарардин.
Аллоҳ таоло туришимизни, юришимизни, фойда ва зараримизни, ҳаммасини билади.
Кўнгилга тушса қайси ҳоли пеша,
Эмас пўшида илмидин ҳамиша.
Кўнглимиздан ўтказган ишларни ҳам Аллоҳдан сир сақлаб бўлмайди.
Билур ҳар кимда бўлса маърифатдин,
Бири қудрат эрур саккиз сифатдин.
Маърифатли одамлар биладиларки саккиз сифатнинг бири қудратдир.
Нафслик ё нафссиз, буд-нобуд,
Неким икки жаҳонда бўлса мовжуд.
Дунёдаги жонли, жонсиз, бизларга маълум ёки мавҳум нарсаларнин барчасини Аллоҳ ўз қудрати ила яратди.
Зарардур, нафъдур ё ҳайр, шаръдур,
Яқийн билгил қазо бирла қадардур.
Бандалардаги эзгулигу, ёвузлик, яҳшилик ва ёмонлик бу ҳаммаси тақдири илоҳийдир.
Халойиқнинг жамиъи феълу қовли,
Эмас бир зарраи бетақдири Мавли.
Одамларнинг феъли, сўзлари ҳаммаси Аллоҳнинг тақдири биландир.
Ирода айлагач Халлоқи Олам,
Ҳар ишни “бўл” деди, бўлди ўшал дам.
Аллоҳ таборака ва таоло ҳар кайси ишни ирода қилса у шу захоти бўлади.
На этса эрки бору, қудрати бор,
Қўли бирла яратди дема зинҳор.
Аллоҳ таоло нима қилса унинг эрки бор, қудрати бор. У бизга ухшаб қўли ёки оёғи билан қилди дейиш нотўғридир.
Тилингни сақла бундоғ кавли баддин,
Худовандим муназзаҳдир жасаддин.
Тилингни “Аллоҳнинг қўли бор,оёғи бор “ каби куфр сўзлардан сақла. Бу каби аъзоларга одам мухтождир. Аллоҳ бундай аъзолардин покдир.
Каломи Ҳақдаким ёд айлади ёд,
Анинг бир васфидур, эй одамизод.
Қуъонда “Аллоҳнинг қўли уларнинг қўли устида бўлур” (Фатх-10 оят) дейилишига кўра Аллоҳнинг қўли бор экан дейилмайди, зероки бу ўринда қудрат қўли хоқида гап боради.
Аимма билди Қуъон маънисин туз,
Кўнгилни қўймағил сан ҳар қаю юз.
Ўтган уламоларимиз қуръон маъноларини тўғри тушундилар ва бизларга буни ўз тафсирларида баён қилдилар. Улардан ибрат олиб биз ҳам тўғри тушунмоғимиз керак.
Басар ҳам самъ анинг васфи било-шак,
Басар маъниси кўрмак, самъ эшитмак.
Аллоҳ таолонинг сифатларидан кейигилари самъ- эшитмак, басар-кўрмакдир.
Неким мавжуд эрур дунёу- дунда,
Фалакдин юқори зеру, заминда.
Ер юзидаги, унинг остидаги ва осмондаги барча нарсалар Аллоҳнинг назаридан четда қолмас.
Эшитмак кўрмаги бешубҳау райб,
Эрур бирдек хамиша зоҳиру, ғайб.
Аллоҳ барча нарсаларни бешубҳа кўради ва эшитади. Хоҳи ошкор, хоҳи пинҳоний бўлсин.
Қулоқ, кўз бандага ҳожат эрур бас,
Худо ҳеч қасисинингмуҳтожи эрмас.
Аллоҳ таолонинг кўриши ва эшитиши биз бандалар каби кўз, қулоқ билан эмас. Бу аъзолар биз бандаларга хосдир, Худо бу аъзоларга муҳтож эмас.
Тирилсанг охиратда эй харидор,
Худойим кўрсатар дўстларга дийдор.
Қиёматда тирилсак Аллоҳнинг дийдорига эришишликни умид қиламиз.Чунки У дийдорини фақат дўстларига кўрсатур.
Вале кўрмакни бечуну чунон бил,
Жиҳатсиз, мислсиз бил, бемакон бил.
Аллоҳнинг дийдорини кўришга муяссар бўлган инсонлар ҳам Унинг дийдорини суврат ва макон билан эмас, балки васфсиз бир ҳолатда кўради.
Ўшал ким билдирур бешаклигини,
Билур ул яхши кўрсатмаклигини.
Аллоҳ таоло Ўзини кўрсатмаклиги бешубхадир. Албатта унга сазовор бандалар учун.
Билур ҳар одамини бўлса эси,
Калом эрмиш сифотининг бириси.
Кейинги сифатлардан бири каломдир. Буни ҳар бир ақилли одам билур.
Калом ҳодис эмасдир, қадим бил,
Ани айғон сўзи бекому, бетил.
Аллоҳнинг сўзи янги эмас, қадимдир. Сўзлашиш учун биз инсонларга тил , дахан, лаб ва шу каби аъзолар керак. Аллоҳга эса уларнинг кераги йўқ.
Халойиқ сўзлай олмас кому, тилсиз,
Худо муҳтож эмас ҳеч ишга ҳаргиз.
Юқорида айтилгандек Худойимнинг сўзлашуви тилсиз, оғизсиздур. Қуръонни Аллоҳнинг каломи деймиз, уни Жаброил алайҳуссалом Пайғамбаримизга ваҳий қилиб олиб келиб турди. Шунинг учун биз Қуръонни яратилган десак тўғри бўлмайди.
Битилса ё ўқилса, олса эл ёд,
Булар одат эрур эй одамизот.
Одамзотга Аллоҳ таоло ёзиш, ўқиш, ёд олиш каби ишларни ўргатди ва бу одамларга одат бўлди.
Худойимнинг каломин яхши бил боз,
Сўзини зотида йўқ ҳарфу овоз.
Аллоҳнинг сўзлашувида товуш, овоз ёки ҳарф йўқдир. Унинг қандай сўзлашишини таърифлаб бўлмайди.
На ким маҳлуқида бор эрса эй шаҳ,
Худовандим эрур андин муназзаҳ.
Биз бандалардаги аъзолардин Аллоҳ покдир, яъни муназзаҳ.
Сифотининг бирисидур ирода,
Муни билган киши етгай мурода.
Худойимнинг сифатларидан бири иродадир. Ироданинг маъносини яхши билган одам муродига етибди.
Қадалса бир тикан ё тушса бир қил,
Иродасиз эмас ҳеч иш яхши бил.
Ҳаётда ҳеч бир иш Аллоҳнинг иродасисиз бўлмайди. Хаттоки танангизга бир тикон қадалса ёки бир дона тукинггиз тўкилса.
Агар мўре қўяр ер устига по,
Вагар бир заррача қум бўлса бежо.
Юқоридаги фикрларни давом эттириб аллома айтадики, агар чумоли кадам босса ёки бир зарра қумнинг жойи ўзгарса, бу ишлар ҳам Аллоҳнинг иродаси билан бўлади.
Булардин ё кичикдир, ё зиёда,
Эмасдур ҳеч нимарса бе ирода.
Бу мисоллар кичик зарралар ҳақида бўлди. Бундан катта жисмлар, хаттоки чексиз осмон жисмлари харакати ҳам Аллоҳнинг иродаси биландур.
Худодин халққа рўзи барча ишлар.
Аллоҳнинг саккизинчи сифати “ таквиндир “, маъноси насаларни йўқдан бор қилиш, нарсаларни яратишдир.
Яратдиким нечук сизни ва бизни,
Тақи халқ этди бизни феълимизни.
Аллоҳ таборака ва таоло бизларни яратди, феълимизни ҳам яратди. Бизларга ақл берди, Пайғамбарларн бизларга йўл кўрсатувчи қилди. Китоблар туширди.
Агар чандики қўймас эркимизга,
Берибдур ихтиёри жузъий бизга.
Бизни ва бизнинг феълимизни яратиш билан , бизга ихтиёр ҳам берди. Ҳидоят йўлида юриб жаннатга киришимиз ёки аксинча жахолатда бўлиб жаханнамга грифтор бўлишимиз мумкин.
Муносиб иш эрур ё номуносиб,
Ани қилмоқға банда бўлди косиб.
Банданинг қилаётган иши шариатга муносибми ёки номуносибми буни банда ўзига касб қилган бўлади.
Ўшанча ихтиёри жузъидин боз,
Топар банда жазо кўп қилса ё оз.
Мана шу касб қилган ишига яраша мукофот ёки жазо олади.
Наким ризқики бўлса шайбу боло,
Яратибдур ани Вожиб Таоло.
Ризқимизнинг пастлиги ё баландлиги, Аллоҳнинг бизларга тақдир қилган ризқига боғлиқдир.
Ҳаромидин валеъ манъ этди бизни,
Берибдур ихтиёри жузъимизни.
Аллоҳ таоло бизларга ҳаромни олмасликни буюрди, шунинг билан бирга жузъий ихтиёримизни хам ўзимизга берди.
Худо рози эмас исёнимизга,
Ризолсидур анинг эхсонимизга.
Худойи Таоло бизларнинг исёнимизга, яъни ўзи буюрмаган ишларни қилишимизга рози эмас. У бизларга яхши, эзгулик ишларни қилишимизга розилик берган.
Киши рози деса исён қилурға,
Аимма ҳукмидир кофир бўлурға.
Кимки мана шу гуноҳни қилиш менинг тақдиримда бор деса, уламоларнинг ҳукми шундоғки, у кофир бўлур.
Худо зулм этмади хеч бандаларга,
Вале туз йўлни кўрсатди аларға.
Аллоҳ ҳеч қачон бандаларига зулм қилмайди. Хақиқатдан, агар банданинг тақдирига гуноҳ иш қилиш ёзилган бўлсаю, яна бу иш учун банда жазо олса бу зулм бўлур эрди. Маълумки бандаларга тўғри йўлни кўрсатиш учун пайғамбарлар юборди, китоблар туширди.
Ўшал халқики туз йўлдан озарлар,
Алар ўз жонларига зулм этарлар.
Шунча яхши ишлар қилишга чақирилган бандалар, яна гуноҳ ишлар қилишда давом этсалар, албатта улар ўз жонларига зулм қилган бўладилар.
Азоб этса бу олам ё у олам,
Эрур бул адл, эй фарзанди одам.
Энди бундай одамларга азоб бу айни адолатдир.
Нафссиз халқ эрур ё зи-нафсдир,
Анинг ўз мулкидир ҳеч зулм эмасдур.
Жонли ва жонсиз мавжудотларнинг барчаси, Аллоҳнинг ўз мулкидир. Уларга қилган амалларига яраша мукофот ёки жазо бериш зулм эмасдир.
Агар авф айласа ўз фазлидур ул,
Будур сидқинггу, ихлосинг будур йўл.
Агар Аллоҳ бир бандасининг гуноҳларини кечиб, жаннатга дохил қилса ўз ихтиёридир. Сен ихлосингни шундай тутки, нега?, нима учун?,каби саволлар туғилмасин.
Етар биз омиларга шунча билсак,
Тутуб махкам бўйинсунсак, эгилсак.
Бизлардаги билим чегаралангандир. Шуларни билсак кифоя қилади. Биздан Аллоҳнинг тақдирига рози бўлиш талаб қилинади.
Улуғ йўлни қўйиб ўлгунча эй ёр,
Қадам қўйма тояр ерларга зинҳор.
Бу ердаги “Улуғ йўл” дан мурод, тариқат йўлидир. Агар бу йўлда адашсак ёки ақлимиз етмаган баъзи ишларни ўзимизча таҳлил қилишга интилсак, йўлдан тойиб кетишимиз мумкин (Аллоҳ сақласин).
ИЙМОННИНГ БАЁНИ
Худодин ҳар на келса рост билгил,
Тилинг бирла яна иқрор қилғил.
Аллоҳнинг тақдирига рози бўлиш ва уни тил бирла тасдиқлашга иймон дейилади.
Мусулмонлиғ йўлида булдур иймон,
Муни билмас киши Тангла пушаймон.
Иймонга амал қилиб яшаган одамни мусулмон деймиз. Иймон нималигини билмаган одамлар қиёматда афсус ва надоматда бўлурлар.
Яқин билгилки иймон бўлмагай кам,
Эрур бирдек зиёда бўлмағай ҳам.
Иймон ортиқ ҳам бўлмайди, кам ҳам бўлмайди. Хақиқатдан қандай қилиб ишончни орттириш ёки камайтириш мумкин. Орттирсак, яъни Аллоҳни ягона ва қудратли зот дейишдан ортиқ тушунча топа олмаймиз, камайтирсак иккиланган бўлиб қоламиз (Аллоҳ сақласин).
Бу сўздир аҳли суннатнинг тариқи,
Жадал этди бу сўзда ҳар фариқи.
Иймон ортмайди хам, камаймайди хам деган эътиқод ила яшаш мусулмон кишининг йўлидир. Баъзи одамлар бу масалада бахслашадилар. Бу нотўғридир.
Бўлур аммо амал зойиду, нуқсон,
Топар яхши амалдин ажр инсон.
Иймонга амал қилиш ортиқ ёки кам бўлади. Ажр эса қилинган амалга боғлиқ бўлади.
Амал айланг ва лекин аймоғайсиз,
Амалдин доҳили жаннат бўлурмиз.
Иймонга амал қилиш ва ибодатда бардавом бўлишимиз керак. Аммо мана мен шунча ибодат қилдим, менга жаннат нақд деб ўйламанг. Биз ибодатни Аллоҳнинг бизларга берган неъматларининг шукронаси учун қиламиз. Жаннатга киритиш эса Аллоҳнинг фазлу карами ила бўлади.
Ани амрин дилу жонинг била ол,
Амал қил ҳам Ўзини фазлина сол.
Юқоридаги сўзни тасдиқлаб, ибодат қилгину Аллоҳга топшир, унга мағрурланма.
Насиб этса биҳишт ўз фазлидур ул,
Амалга иттиқо қилмай, амал қил.
Сен қилган амалларинга суяниб, амал қилишда сусткашлик қилма.
Ғараз улким амалга бўлма мағрур,
Амал қилғил, амалга банда маъмур.
Қилган амалларинга мағрурланиб кети йўлдан адашма. Биз амалга буюрилганмиз.
Амал қилмоқдин аҳли истифода,
Дедилар нури иймондур зиёда.
Яхши амалларни кўп қилганинг сари сенинг Аллоҳга мухаббатинг ортади. Юзингда иймоннинг нури янада ойдинлашади.
Вагарна бўлмас иймон зойиду кам,
Ақида булдур эй фарзанди одам.
Аҳли суннат ақидаси бўйича иймоннинг нури ортиши ёки камайиши мумкин, лекин иймоннинг ўзи эмас.
Амални нафъи хам иймон биландур,
Қачон ёлғиз амал қилғон биландур.
Амалнинг фойдаси иймон билан бўлади. Мана қўшнилар, таниш билишлар ибодат қиляпти мен хам ибодат қилмасам гап сўзга қоламан деб қилинган ибодатнинг ҳеч нафъи бўлмайди.
Наъаувзу биллаҳ иймонсиз кишини,
Қабул этмас Худойим ҳеч ишини.
Иймонсиз одам “хўжа кўрсинга” ибодат қилгани билан, унга ҳеч қандай мукофот берилмайди.
Агарчи яхўилар аъмолин этса,
Тасаддуқ ер юзини молин этса.
Юзаки ибодат қилувчиларнинг ибодати қабул қилинмайди. Шунингдек уларнинг эхсонлари хам қабул бўлмайди, гарчи ер юзидаги барча бойликларни эхсон қилганларида хам.
Риёзат бирла бўлса эртаю кеч,
Ўшалким сидқи йўқтур қилгани ҳеч.
Иймонсиз одам эртаю кеч ибодатда бўлса, қийналиб рўза тутса униг қилган амалларининг ҳеч нафъи бўлмайди.
Бўлур дўзах ани охир макони,
Қутилмас ҳаргиз ани жисму жони.
Иймонсиз кишининг охир борар жойи дўзахдир.
Агар иймон насиб этса кишига,
Берур ажр ани хуб қилмишига.
Иймонли кишига эса ҳар бир амалига кўплаб ажрлар берилади.
Агар чанди кабоир қилса беҳад,
Тамуғда қолмас иймонлиғ муаббад.
Иймонли одамларнинг гуноҳлари кўп бўлса ҳам, улар абадий дўзахда қомайдилар. Гунаҳлари куюб бўлгач жаннатга ўтказилурлар.
МУНОЖОТИ БА ДАРГОҲИ ҚОЗИЙУЛ ХОЖОТ
Илоҳи осимиз, бечорадурмиз,
Ҳавойи нафс ила овворадурмиз.
Ё Аллоҳ, биз бечора қулларинг гунаҳкормиз, чунки нафсимизни рози қилиш билан овворадурмиз.
Қўноқмиз бир кеча дунёи ҳеча,
На ишлар кечадур биздин бу кеча.
Умрни бир кечага қиёсламоқда эшон Сўфи Аллоҳёр. Этибор беринг бир кеча-кундузга эмас. Бу кечада биз қоқилиб-суқилиб қай манзилга борамиз, билмаймиз. Бу йўлда бизга иймон нуригина ёрдам беради.
Бу тунда тут бутун иймонимизни,
Сабоҳ қутқар бу тундин жонимизни.
Тун қоронғусида ўзинг бизларни қўлла, жонимизни омон қил.
Кўнгил сандуқина бир бебадалдур,
Ўзинг рост айлагил ё Кошифуз-зур.
Кўнгил сандуғи, бу қалбимиздур. Уни ўзинг бебаҳо дурлар билан тўлдиргин, яъни иймон билан. Бизларни хидоят йўлидин адаштирмагин.
Агар бўлсанг мани ҳолимга ҳомий,
Тўзар кулдек адувларни тамоми.
Агар Сен ўзинг менга ҳомий бўлсанг, мени ҳеч қандай куч ҳидоят йўлидин адаштира олмайди. (Адув-душман)
Агар Сен сақласанг раҳмат йўлидин,
Адув қул келса на келгай қўлидин.
Аллоҳим агар Сен раҳматинг бирла сақласанг, душман бўлган шайтоннинг қўлидан ҳеч бир иш келмас.
Яна иймонда айди аҳли таҳқиқ,
Худодиндур ҳидоят бирла тавфиқ.
Иймон илмида моҳир бўлган олимлар айтадиларки, ҳидоят ва тавфиқ Аллоҳдандир.
Худонинг феъли ул маҳлуқ эмасдур,
Киши ҳаргиз Ани маҳлуқ демасдур.
Аллоҳ таолонинг феъли маҳлуқ эмасдир. Уни маҳлуқ деганлар қаттиқ адашурлар.
Дедилар маърифат бирла иқрор,
Ўшалким бандасининг феълида бор.
Бандалар Аллоҳни қалби билан таниб, тили билан иқрор қиладилар. Булар биз бандаларга ҳос феълдир. Шунинг учун булар махлуқдир.
Нечук ким бандани халқ этди мавли,
Тақи маҳлуқ эрур феъли ва қавли.
Худойи таоло бизларни ва бизларнинг феълларимизни яратди. Шунинг учун бизнинг сўзимиз, ишларимиз ва феълларимиз маҳлуқдир, яъни яратилгандир.
Эрур бир маънида иймону, ислом,
Буни билса керак ҳар хосу, ҳар ом.
Иймон ва ислом сўзлари бир ҳил маънони билдиради. Яъни, иймонсиз ислом бўлмас, исломсиз иймон бўлмас.
Аимма қавлини берк ушла зинҳор,
Жадални нафъи йўқ бўлса на даркор.
Ўтмиш уламоларимизнинг сўзи шуни англатадики, бу сохада бахслашиб вақтингни бекор ўтказма. Ундан дунё ва охират учун фойда йўқдир.
ФАРИШТАЛАРНИНГ БАЁНИ
Малоикким эрурлар олами ғайб,
Ҳама Ҳақ бандасидур бешаку райб.
Фаришталар ҳайб оламига мансубдурлар, шунинг учун улар кўринмайдилар. Уларнинг борлигига иймон келтирганмиз.
Алар форуғ эрур ичмак, емакдин,
Ёмон қилмоқ, қабоҳат сўз демакдин.
Фаришталарда нафс йўқ, Шунинг учун улар емак ва ичмакдан, ёмон феъллардан холидирлар.
Нисо эрмас аларнинг васфи, эр ҳам,
Било шаҳват яратди Шоҳи Олам.
Фаришталар эркак ҳам, аёл ҳам эмаслар. Аллоҳ уларни шаҳватдан йироқ қилиб яратди.
Алар барча Худонинг тоатида,
Эмас ғофил алар ҳеч соатида.
Фаришталар доимо ибодатдадирлар. Бирор дақиқа ғофил қолмаслар.
Агарчи барчаси тоат саришта,
Муқарраб баъзидин, баъзи фаришта.
Фаришталар барчалари тоат, ибодатда бўлсалар ҳам, мартабада бир хил эмаслар.
КИТОБЛАРГА ИЙМОН КЕЛТУРМАК БАЁНИ
Мусулмонлар ўқур Қуръонки, ҳоло,
Эрур барча Каломи Ҳақ Таоло.
Қуръон бу Аллоҳ таолонинг каломи (сўзи) дир. Уни Жаброил алайҳуссалом пайғамбаримизга йигирма уч йил давомида оят-оят қилиб олиб келиб турган.
Тақи пайғамбаримиздин бурун бил,
Худовандим кутуби қилди нозил.
Қуръондан ҳам аввал китоблар нозил бўлган.
Юборди ҳар қаю пайғамбарига,
Ки иймон кетирубдирмиз барига.
Баъзи пайғамбарларга китоблар нозил қилинди, баъзиларига эса саҳифалар тушди. Биз уларнинг ҳаммасига иймон кетирганмиз.
Бариси Ҳақ таолонинг каломи,
Муни билса керак ҳар хосу оми.
Уларнинг барчаси Аллоҳнинг каломидур. Буни ҳамма мусулмонлар яхши билишлари керак.
Каломи васфидир эй одамизот,
Қилиб эрдим сифоти бобида ёд.
Аллоҳнинг каломи васфини, Аллҳнинг сифоти бобида айтилган эди.
ДАР БАЁНИ ИЙМОНИ ПАЙҒАМБАРОН
Саноу ҳамд қудратлиғ Худоға,
Ки иймон келтирубмиз анбиёға.
Барча мақтовлар қудратли Аллоҳ таолога бўлсин. Аллоҳнинг бирлигига иймон келтириш билан Унинг пайғамбарига ҳам иймон келтирамиз.
Аларнинг аввали ким Одам эрди,
Муҳаммад барчасига хотам эрди.
Одам алайҳуссалом пайғамбарларнинг аввалгиси эди. Охир замон пайғамбари Муҳаммад алайҳуссалом бўлиб, ундан кейин бошқа пайғамбар бўлмас.
Бариси Тангрининг суйган қулидур,
Бариси жаннату ризвон гулидур.
Пайғамбарларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг суйган қулларидир, уларнинг ҳаммаси жаннат гулларидур.
Худони ҳукмини ҳар феълу сўзга,
Набилар қилмади бир зарра ўзга.
Пайғамбарлар Аллоҳнинг ҳукмларини бир зарра ҳам ўзгартирмай амал қилдилар.
Етушмас ҳеч Валилар жоларига,
Етушмас балки хоки поларига.
Авлиёлар, Валилар пайғамбарларга тенг бўла олмаслар.
Алардур зурриёди Одами хок,
Гунаҳдин Анбиёнинг барчаси пок.
Барча пайғамбарлар Одам алайҳуссаломнинг зурриётларидурлар.
Уларнинг барчалари гуноҳдин покдурлар.
Алардин баъзи ишки қилдилар нақл,
Қилур таъвилини Нўъмони боақл.
Пайғамбарлардан баъзи ишларни нақл қиладиларки у ишлар гуноҳ ишлар эди. Одам алайҳуссаломнинг жаннатдаги таъқиқланган мевани еганлари, ёки пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳуссаломнинг асални харом деганларига ухшаш. Буларни шархлаб Имоми Аъзам айтадиларки, бу гуноҳлар қасддан қилинмаган бўлиб, улар тавба билан афу этилгандир.
Алар қасд ила ҳаргиз қилмадилар,
Буюрғон амридин айрилмадилар.
Албатта бу гуноҳлар қасддан содир этилмади. Пайғамбарлар асосан Аллоҳнинг амрини бажардилар.
Бари дарёи раҳматда эди ғарқ,
Расул ила Набида бўлди бир фарқ.
Пайғамбарларнинг барчаси дарёйи рахматга ғарқ бўлган инсонлардир. Аммо Расул билан Набийлар ўртасида фарқ бордир.
Бариси Тангридин тобти хитоб ул,
Набиға шарт эмас аммо китоб ул.
Пайғамбарларнинг ҳаммаларига Аллоҳдан ваҳий келгандир. Бироқ Набийларга китоб нозил бўлмаган, Расулларга эса китоб нозил бўлган.
Расулиға эрур шарт, эй неку ҳол,
Вале бўлди бариға ваҳий илҳом.
Эй одам билгилки Расулларга яхши ном шартдир. Ваҳий илҳоми эса барча анбиёларга баробардур.
Набидур ҳар Расул англагучи бўл,
Ва лекин ҳар Наби эрмас Расул ул.
Юқоридаги фарқлардан келиб чиқиб, барча Расулларни Набий дейиш мукинлиги келиб чиқади. Бироқ барча Набийларни Расул деб бўлмайди.
Дедилар пораи мўъмин боласи,
Эрур бир маънида ҳар иккаласи.
Баъзи одамлар Расул билан Набийнинг фарқи йўқ дейдилар.
Салафким айлади лутфу иноят,
Эрур аввалгиси машҳур ривоят.
Салафи-солиҳлар аввалгиси тўғри дейдилар. Расуллар Набийлардан фарқлидир дейдилар.
Башар пайғамбарин Султони Аъдол,
Малак пайғамбаридин қилди афзал.
Султони Аъдол, яъни адолатли султон бўлмиш Аллоҳ таоло инсон пайғамбарларини фаришталар пайғамбарларидан устун қўйди.
Бу сўздин мазҳаби суннат жамоат,
Алар ҳар на деди, қилғил итоат.
Аҳли суннатнинг эътиқоди шундан иборат, биз ҳам шунга итоат қиламиз.
Дедилар оммаи фарзанди Одам,
Малакни оммасидан фазли кўп хам.
Ўтган уламоларимиз айтадиларки, оддий инсонларнинг фазилатлари фаришталар фазилатларидан ортуқдир.
Китоби “Кофи” ким бир босафодур,
Деди “омма” бу ерда атқиёдур.
Китоби “Кофи” муаллифи айтадиларки, оммадан мурод бу аҳли тақво одамлардур.
Башарда бор на чандон беамалдур,
Баҳойимдек эрур бил ҳам азалдур.
Одамлар орасида шундайлари борки уларни фаришталардин афзал деб бўлмайди. Чунки уларда ибодатдан асар ҳам йўқ. Улардан ҳайвон афзалдур.
Паямбарнинг бари одил ва аъдал,
Ва лекин баъзисидин баъзи афзал.
Пайғамбарларнинг хаммаси одил ва аъдалдирлар. Лекин уларнинг мартабалари ҳар ҳилдур.
Савоби рутбадаафзал эрур ҳол,
Мусовидур нубувват бирла ирсол.
Ибодат савобида Расул билан Набий баробардир. Аллоҳга яқин бўлишлик савобнинг кўплигида эмас, балки василага боғлиқдир. Васила эса Аллоҳга яқин бўлиш воситасидир.
Барининг беҳтарини Мустафодур,
Ҳабиби Ҳақ, нигини анбиёдур.
Пайғамбарларнинг энг афзали охир замон пайғамбари Муҳаммад Мустафодур (С.А.В.). У киши барча анбиёларнинг ичида ажралиб турадиган бир узук кабидир.
ДАР БАЁНИ ТАСДИҚИ МЕЪРОЖ
Муҳаммадким эрур афзалу асдақ,
Эрур бешак шаби меърожи барҳақ.
Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (С.А.В.) пайғамбарларнинг афзалроғи ва Аллоҳга яқинроғи бўлганлиги сабабидан унга Меърож тунини ато қилди.
Ҳаромдин масжиди Ақсога ногоҳ,
Олиб борганидур оятда огоҳ.
Меърож воқеъаси қуръонда хам баён қилингандур. (Исро-1оят) Бунда аввал масжидул Ҳаромдин, масжидул Ақсоға бир зумда бордилар. Бу вокеъани исро воқеъаси дейилади. Исро сўзининг лўғавий маъноси “кечанинг бир қисмида сайр қилиш”.
Ҳам Ақсодин сомоға борди ул нур,
Бу сўзнинг сидқиға ахбори машҳур.
Масжидил Ақсодин хазрати Жаброил алайҳуссалом билан биргаликда еттинчи осмонга кўтарилдилар. Бу воқеъалар оятларда ва ҳадисларда келтирилгандур.
Самодин юқори ҳар қайси жоға,
Иноят айлади ул бо сахоға.
Аллоҳнинг фазлу инояти билан самодин юқори Аршу Аълога ҳам чиқдилар.
Барига сидқимиз, иқроримиз бор,
Эмас ҳеч қайси иш Тангрига душвор.
Бу воқеъалар оят ва хадислар билан ворид бўлганлиги сабабли биз уларга ишонамиз. Барча оламни яратган Аллоҳ учун бу ишларнинг заррача қийинлиги йўқдур.
Мақоми Сидрау нажми малакни,
Биҳишт, Арш Курсию на фалакни.
Агар бир кечада кўрсатса не кам,
Вагар бир дамда кўрсатса не шак ҳам.
Аллоҳ Таоло қудрати комиласи ила шу кечада пайғамбаримизга бутун борлиқни, Сидратул Мунтаҳони, жаннатни, дўзаҳни, Аршни кўрсатди.
Нечук ким айласа қодир Худодир,
Чора учун демак қулдан хатодур.
Аллоҳ нимани хоҳласа қудрати етади, Меърожни бошқа бир сабаб билан бўлди демак биз бандалар учун хатодир.
Яқин билгил ани Меърожин эй ёр,
Тани бирлан эди ҳам эрди бедор.
Пайғамбаримизнинг Меърожга чиқишлари тушда эмас, хақиқатда рўй берган вокеъадир.Бунга далиллар кўплаб келтирилган.
Ҳабибин ҳар нечук қилса сарафроз,
Худони раҳмати кўпдур эмас оз.
Аллоҳ Ҳабибини, дўстини қанча улуғлагани билан унинг чексиз Раҳмати камаймас.
ДАР БАЁНИ АЛҚОБИ ЧАҲОРЁР
Саҳобадур, банидур барчаси ҳақ,
Ёмон йўлда эмас ҳеч қайси мутлақ.
Пайғамбаримиз ёнларида юриб бир қанча вақт суҳбатларида бўлган одамлар саҳобалар дейилади. Улар пайғамбмримизнинг ёнларида доимо бирга бўлиб, уларнинг ҳулқлари билан ҳулқланган одамлардир.
Эрур ҳар қайсиси нажми ҳидоят,
Худо халқ ўғлиға қилғон иноят.
Улар ҳар бирлари ҳидоят йўлининг ёруғ юлдузлари кабидирлар. Аллоҳ ўзи уларни ҳидоят йўлига йўллагандир.
Биҳиштидур алардин қатъий ўн ёр,
Башорат берди ул Султони Аброр.
Саҳобаларнинг ўнтасига Султони Аброр, яъни пайғамбаримиз жаннатнинг башоратини бердилар.
Абу Бакр, Умардур сўнгра Усмон,
Алидур, Толҳадур ҳам Абдураҳмон.
Зубайр, Бу Убайда бўлди ахбор,
Саъиду Саъддур айғон бу ўн ёр.
Мана шу ўнта саҳобага пайғамбаримиз жаннатнинг башоратини бердилар.
Муҳаммад ким эди ҳодийи олам,
Башорат берди уч фарзандига ҳам.
Бириси Фотимадур ҳам Хатира,
Хасан бирла Ҳусайн икки набира.
Мана шу исмлари айтилган фарзандларига ҳам жаннатнинг башоратини бердилар.
Набийлар сўнгидин билгил ба таҳқиқ,
Ки инсон афзали Бу Бакр Сиддиқ.
Ки андин сўнг Умардур сўнгра Усмон,
Ки андин сўнг Али бешубҳа эй жон.
Набийлардан кейинги инсонларнинг энг афзали Абу Бакрдур. Ундан кейин хазрати Умар, хазрати Усмон, хазрати Алилардур.
Эрур бу тўрти умматнинг нигини,
Шафоатхохимизни жонишини.
Хазрати Абу Бакр, Хазрати Умар, Хазрати Усмон ва Хазрати Алилар умматларнинг энг афзали, пайғамбаримизнинг жонларига оро кирувчи инсонлар эдилар.
Расул айди ўгурсам дунёдин юз,
Хилофат бўлгай ўттиз йилгача туз.
Пайғамбаримизнинг берган башоратларига кўра улардан кейин ўттиз йилгача динда ҳилофат бўлмайди.
Ул ўттиз йилда шоҳ эрди у тўрт эр,
Алар вақтида бўстон эрди ҳар ер.
Пайғамбаримиз башорат берганларидек ўттиз йил давомида ислом олами янада кенгайиб, гуллаб яшнади. Чунки ўттиз йил давомида бу тўрт Чаҳорёр халифалик қилдилар.
Алардин сўнгра ҳеч олими одил,
Қила олмас алардек адлу комил.
Бу тўрт Чаҳорёрдан кейин ҳеч ким улардек одиллик билан давлатни бошқара олмади.
Ўшал тўрт эрни Аҳмад ёри эрди,
Биҳишти маърифат гулзори эрди.
Чаҳорёрлар пайғамбаримизнинг энг содиқ, энг ишончли давомчилари бўлиб, уларнинг ҳар бири жаннат гулзорлари эди.
Расулуллоҳ тариқин эртаю кеч,
Сари мўйи тахаллуф қилмади ҳеч.
Чаҳорёрлар Расулуллоҳ тутган йўлларини бир тукча бўлса ҳам ўзгартирмадилар.
Нечук бўлсун хилоф ул Чори Саъда,
Паямбар қилди ўттуз йилга ваъда.
Хақиқатдан улар қандай қилиб ўзгартирарлар, ахир пайғамбаримиз ўттиз йил деган эдиларку.
Аларнинг васфини ҳеч сони йўқтур,
Тамом этай десам имкони йўқдур.
Чаҳорёрларнинг васфини айтаверсам тамом бўлмайди.
Саҳобанинг бари ҳам пок диндур,
Бариси раҳнамойи роҳи диндур.
Саҳобаларнинг ҳаммаси ҳам динлари пок бўлган зотлардур, Уларнинг ҳар бири динимизнинг йўлбошчиларидур.
Киши бўлса Набийнинг суҳбатида,
Гумон йўқдур аларнинг қурбатида.
Пайғамбаримизнинг суҳбатларида бўлган ҳар бир одамнинг эътиқодига шубҳа йўқдур.
Алардин сўнгра ҳеч ким жолариға,
Етушмас балки хоки поларига.
Пайғамбаримиздан кейин ҳеч ким нафақат у кишининг ўринларига, балки оёқлари остидаги чангларига ҳам тенг бўла олмас.
Саҳоба баъзиси ким Муртазоға,
Тахаллуф айлади ул босафоға.
Муовия ва унинг тарафдорлари бўлган баъзи саҳобалор хазрати Алига қарши чиқа бошладилар.
Савоб эрди ул эрларнинг муроди,
Хато бўлди баногоҳ ижтиҳоди.
Муовиянинг қаршилиги ижтиҳод бобида эди. Муовия тортишган масаласи бобида анча билимли бўлганлиги сабабидан, унинг бу хатоси савоб хисобланиб унга гуноҳ ёзилмас.
Хато бўлгон билан ёзди демасмиз,
Жамоат ахлидин озди демасмиз.
Муовиянинг харакатидан мақсад яхшилик эди. Бироқ уни амалга оширишда нотшғри йўл танланди.
Айимма аҳли суннат ким эдилар,
Хатои мужтаҳид “маъфу “ дедилар.
Мужтаҳидларнинг хатоси узрли деганлар уламолар.
Хатоға балки тобтилар савоби,
Бу сўздир аҳли суннатнинг жавоби.
Ижтиҳод қилувчи киши хато қилса ҳам савоб бўлишини аҳли суннат имомлари айтганлар.
Битибдур “Мажмаъул- ашё “ да эй шамъ,
Хатодин балки қайтиб эрди ул жамъ.
“Мажмаъул-ашё” китобида ёзилишича, Муовия хатосини тан олиб хазрати Алидан узр сўраган эканлар.
ШАРТИ ИМОМАТНИ БАЁНИ
Имомат шарт бўлди ҳар диёра,
Ҳудуди шаръи то турғай қарора.
Мусулмонларга имом вожиб бўлди. Имом шариат йўлларини ўргатиб, қарор топтиради.
Юрутғайлар шариатни қиёмин,
Тақи қилғай ёмонлар ихтимомин.
Шариат йўлларини тушунтириб, йўлдан адашганларни тўғри йўлга йўллаб туради.
Агар чандики султон бўлса фосиқ,
Буюрса иш шариатга мувофиқ.
Қилурмиз жону дил бирла итоат,
Ўзи бўлса агарчи беқаноат.
Агар давлат бошлиғи ёки жамоат бошлиғи фосиқ бўлган тақдирида ҳам, унинг буюрган ишлари шариатга мувофиқ бўлса, уни бажариш керак бўлади.
Эмасдур шарт имом ул бўлса маъсум,
Қилибдур шарт аммо шийайи шум.
Имом бўлиш учун аҳли тақво бўлиш шарт эмасдир. Шийа мазҳабида эса бу нарса шарт қилингандир.
Мусулмон оқили болиғ, эй инсон,
Имомат шарти булдур, эй мусулмон.
Имом бўлиш учун киши оқил, доно ва балоғат ёшига етган бўлиши етарлидир.
Раводур иқтидо фожирга қилсанг,
Ҳадиси Мустафодур яхши билсанг.
Пайғамбаримизнинг ҳадисларига мувофиқ, фожир одамнинг орқасида унга иқтидо қилиб намоз ўқиса ҳам қабулдир.
Ўқусанг яхшиларнинг кейнида лек,
Савоби беададдур хислати нек.
Лекин яхши имом орқасида ўқилган намознинг савоби улуғроқдир.
Билурмиз барча масҳи музани ҳақ,
Нечукким билди таъйин Шоҳи Асдақ.
Махсига масҳ тортмоқни пайғамбаримизнинг суннатлари деб билганимиз каби, бу ишларни тўғри эътиқоддан деб билганимиз яхшидур.
ДАР БАЁНИ КАРОМАТИ АВЛИЁ
Эрур барҳақ каромат авлиёдин,
Иноятдур валиларга Худодин.
Авлиёларнинг каромати ҳақдур. Бу уларга Аллоҳнинг иноятидур.
Каромат хориқи одат эрур исм,
Бўлибдур хориқи одат неча қисм.
Каромат бу одатда қилиб бўлмайдиган ишдир, лекин бу ишларни қила олувчилар бир неча тоифаларга бўлинадилар.
Набидин хориқи одат не таъйин,
Дедилар мўъжиза, эй толиби дин.
Агар Набийлар ғайри таъбиий иш қилсалар, уни мўъжиза дейилади.
Нубувватдин бурунни дерлар ирҳас,
Муни билсанг керакдур “Аййуҳаннос”.
Пайғамбарлик келмасдан аввал бўладиган мўъжизалар ирхас дейилади.
Агар солиҳ кишидин бўлса ҳар гоҳ,
Каромат деб бўлур бешаку ишбоҳ.
Набий эмаску, лекин бир солиҳ одам мўъжиза кўрсатди. Буни каромат дейилади. Каромат-хурматлаш деганидур.
Кўрунса бир авом мўъмин кишидин,
Маунатдур ўшал айғон кишидин.
Авом мўъмин киши бир каромат кўрсатди, уни маунат дейилади. Маунат Аллоҳдан ёрдам деганидур. Бу ишлар ўта тақводор ёки ҳунарманд одам томонидан амалга оширилиши мумкин.
Агар кўрсатса мундоғ кофир инсон,
Ул истидрож эрур монанди шайтон.
Ғайри табиий ишларни кофир одам томонидан амалга оширилса, буни истидрож дейиладур. Бу амал шайтоний амал кабидур.
Вале ул орифи биллаҳ бўлса,
Ёмон ишдин қўли кўтоҳ бўлса.
Бир одам ўзи ориф бўлиб, гуноҳ ишларга қўлини урмаса.
Авомирни ҳамиша қилса ул қул,
Тақи қилма деганни қилмаса ул.
Буюрилган ишларни қилсаю, қайтарилган ишлардан қайтса. Нафсини ўзига қул қилган бўлса.
Яратғон Тангрини қўрқинчидин низ,
Қаю шубҳа дегандин қилса парҳиз.
Аллоҳдан қўрқса, шубҳали нарсалардан парҳез қилса.
Тақи лаззат билан шаҳватга эй ёр,
Фуру ҳам кетмаса ул яхши кирдор.
У одам лаззатли нарсаларга алданмаса, шаҳватга берилмаса, қилган ишлари билан мақтанмаса.
Бу таърифлар кишига бўлса содиқ,
Валидур ул ақоидга мувофиқ.
Юқоридаги таърифларга лойиқ бўлган одамни ақоидга мувофиқ Валий деса бўлади.
Шариатсиз киши учса ҳавоға,
Кўнгил берма анингдек худнамоға.
Шариатсиз киши гар ютса ўтни,
Хаво ўртасида минса булутни.
Шариатсиз киши ҳеч қандай воситасиз ҳавога учса, оловни ютса ёки булутни миниб юрса, сен ундай одамни сеҳрига учиб унга кўнгил бериб юрмагин.
Қачон тобқон бўлур қурбат изини,
Вали билманг тақи андоғ кадини.
Шариатсиз киши Аллоҳга яқин бўлишлиги мумкин эмас. Тағин ундоғ кишини Валий экан деб юрманг.
Бўлубдур мундоғ ишлар кофирийдин,
Нечукким бўлди сеҳр Сомиридин.
Баъзи ғаройиб ишлар мўъмин бўлмаган кишилар томонидан ҳам содир этилиши мумкин. Хазрати Мусо алайҳуссалом даврларида Сомирий исмли одам лойдан ясалган бузоқ ичига тилсимлар ўрнатиб, Мусо алайҳуссалом қавмини йўлдан озғурди.
Эшитгил балки Фиръавн амридин Нил,
Қуйидан юқориға оқти беқил.
Фиръавн амри билан Нил дарёси пастдан юқорига оқа бошлади.
Буни билгилки Ҳиндустонда ҳоло,
Учарлар кофири саноси боло.
Ҳиндустонда баъзи одамлар узоқ машқ қилишиб, руҳий қувват ҳосил килиш натижасида уча оладилар.
Шариат ҳукмин этмай истиқомат,
Таажжуб ишлари бўлмас каромат.
Шариатга мувофиқ бўлмайдига бу каби ажойиботлар каромат дейилмайди.
Шариатни кишиким тутса хуб пос,
Каромат мундин ўтмас, аййуҳаннос.
Шариат амрларини бажарувчи комил инсон, кароматдан йироқ бўлмайди.
Ҳилофи нафс исталмак тоат,
Бўлурму андин ортуқ хирқи одат.
Кароматнинг энг улуғи ўз нафсини енгишдир. Шундай одамларни хақиқий каромат эгаси деса бўлади.
Киши деса Валийни ғайбдандур,
Наъузамбиллаҳ, ул сўз кўп ёмондур.
Валийлар ғайбни биладилар десак, Аллоҳ сақласин қаттиқ гунаҳкор бўламиз.
Набий ҳам билмагай ушбу равишдин,
Магар билдурса Тангрим баъзи ишдин.
Хаттоки пайғамбарлар ҳам ғайбни ва одамлар ичидагиларни билмайдилар, магар ҳам Аллоҳнинг ўзи билдирмаса.
Худонинг хоссасидур илму ғайби,
Бу сўзнинг бўлмагай бир зарра райби.
Ғайбни билгувчи ягона Аллоҳдир. Бунга заррача гумон бўлмаслиги керак.
Яқин бил ғайб ишдан фолбинлар,
Хабар берса агар ё аҳли жинлар.
Киши чин деса ул ботил сўзини,
Бўлуб кофир, қаро қилғай юзини.
Шуни билгилки, ғайб ишдан фолбинлар ёки жинлар хабар берсалар бунга ишонган кишилар кофир бўлиши мумкин. Қиёматда бундоғ одамларнинг юзлари қаро бўлади.
Наъузу биллах, андоғ муътақиддин,
Худойим сақлағай бу ройи баддин.
Бундай тақлид қилиш, ишониш ва бу каби эътиқоддан Аллоҳ сақласин.
Яқин билгилки баъзи номусулмон,
Демиш: “вақтики қурбат тобса инсон
Кўтарур Ҳақ шариат ҳукмин андин”,
Бўлур юзи қаро мундоғ дегандин.
Баъзи номусулмон инсонлар: “Балки у Аллоҳга яқиндир. Шунинг учун унга Аллоҳ каромат инъом қилгандир”,-дейдилар. Бундай одамлар ҳам қиёматда юзлари қаро бўлиб, иймондан йироқ бўладилар.
Бу ботил сўз эрур қавли мулоҳид,
Шариатга эрур ул фирқа жоҳид.
Бу ботил сўзларни айтгучилар мулоҳид аталмиш мазхабдагиларнинг сўзидир. Улар бизнинг шариатимизга душман кишилардур.
Шариатга кишиким бўлса мункир,
Гумон йўқдур, бўлур албатта кофир.
Шариатга мункир бўлган кишилар, албатта кофирлардур.
Киши бўлмас муқарраб анбиёдин,
Алар безор эрур ажаб риёдин.
Аллоҳга Анбиёлардин яқин киши йўқдур. Улар риёдан ва манманликдан йироқдурлар.
Кўтарилмади ўлгунча алардин,
Худо ҳаргиз кўтармас ўзгалардин.
Пайғамбарлар, авлиёлар ва мусулмонлардан Аллоҳ шариат ҳукумларини кўтармади.
Ҳ И К О Я Т
Муҳаммадким муҳаббат кони эрди,
Ҳабиби Ҳақ Расул султони эрди.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (С.А.В.) Аллоҳ Таолонинг муҳаббати хазинаси эди. Аллоҳнинг дўсти, Расуллар сарвари эди.
Кетар вақтида андоғ бўлди ҳоли,
Вузу айларга йўқ эрди мажоли.
Пайғамбаримизнинг охират сафарига рихлат қиладургон вақтлари яқинлашиб қолган вақтида таҳорат қилишга ҳам дармонлари қолмади.
Эшитди чун азони бобашорат,
Деди: “Ё Ойиша қилдур таҳорат”.
Бемор бўлиб ётган ҳолларида азон товушини эўиттилар ва Ойиша онамизга таҳорат қилдиришни айтдилар.
Таҳоратдин сўнг ул шоҳ улул-азм,
Жамоатга борурга айлади жазм.
Таҳорат қилиб олгач, жамоатга чиқмоқчи бўлдилар.
Қадам босмай туриб кетди ўзидин,
Ғарқ селоб эди гулдек юзидин.
Жамоат сари қадам босганларида, юзлардан терлар оқиб ўзларидан кетдилар.
Ўзига келди боз этди таҳорат,
Яна қўптики , то топгай жамоат.
Ўзларига келгач яна таҳоратни янгилаб, жамоат сари йўлландилар.
Қадам босмай туриб ул соҳиби роз,
Ўзидин кетди дармон йўқидин боз.
Дармонлари йўқлигидан яна ўзларидан кетдилар.
Анингдек Мустафо қўрқинчидин ул,
Вузу қилди, ўзидан кетди уч йўл.
Икки олам сарвари бўлмиш Муҳаммад Мустафо (С.А.В.) Аллоҳдан қўрқиб яна бир бор жамоатга отландилар.
Нафас чиққунча то қутлуғ танидан,
Хилоф этмади бир қил айғонидан.
Муборак таналаридан жон чиққунича Аллоҳнинг айтганига бир қилча ҳам ҳилоф қилмадилар.
Суюклик бандаси то бўлса маҳрам,
Бўлур қўрқунчи ортуқ, ишрати кам.
Аллоҳнинг суюкли бандалари унга қанча яқин бўлсалар, уларнинг қўрқунчлари шунча кўп бўлади.
Агарчи анбиё бешак омондур,
Муборак диллари хавф ила қондур.
Пайғамбарлар охират азобларидан озод бўлсалар ҳам, уларнинг қалблари доимо хавфда бўлади.
Вале уммат агар ғовси замондур,
Эсон кетмоғи охирда гумондур.
Агар киши замонасининг энг тақводори, энг ибодатлиси бўлса ҳам дунёдан иймон билан кетмоғи гумондур.
Агар олам ёруса сен сабабдин,
Қуёшдек титра доим хавфи Рабдин.
Фараз қилгин дунё сен учун яратилган. Шундай бўлган тақдирда ҳам сен Аллоҳдан қўрқиб яшагин. Чунки бутун оламни ёритиб турган қуёш ҳам Аллоҳдан қўрқиб, титраб туради.
Керак олий карамни хавфи кўпроғ,
Бийик ердин йиқилғон қолмағай соғ.
Олий карамли зотдан қўрқиб ўзингни пастроқ олиб юр. Маълумки қанча юқоридан йиқилсанг, азобинг шунча кўпроқ бўлади.
Улуғ тутмас кичикдек мазҳабин кенг,
Тева тоймоғи эрмас қўй била тенг.
Улуғ кишилар ўзларини адашмоқликдан эхтиёт қилишлари керак. Чунки улар адашса авом дархол гап-сўз қилади. Мисоли туянинг тойиб кетиши, қўйнинг тойиб кетишидан фарқ қилгани каби.
Таваҳҳумлик бўлур афъоли хубнинг,
Сафарда хавфи кўпроғ моли кўпнинг.
Яхши ҳулқли банданинг Аллоҳдан қўрқинчи ҳам кўп бўлади, худди моли кўп одам сафарда қўрқинчи кўп бўлгани каби.
Таваҳҳумдин йироқ ғафлатли банда,
Кетар ғусса билан ғам ухлаганда.
Ғафлатда юрган банда Аллҳдан қўрқинчи бўлмайди, худди уйқудаги одам ғам-ғуссадин йироқ бўлгани каби.
АЖАЛ ИДТИҲОДИНИНГ БАЁНИ
Ажал албатта бирдур ўзга бўлмас,
Ўлар ҳар зи нафас ҳаргиз ул ўлмас.
Бизнинг ақидамизда ўлмоқ бирдур. Барча жонзот ўлади. Биргина Аллоҳ боқийдур.
Қаю қулга ажалнинг вақти етса,
Қутулмас ҳар нечаким ҳийла этса.
Вақти етгач ҳар қандай инсон ўлади. Унга ҳеч ким ва ҳеч нарса фойда бера олмас.
Кейин қолмас ажал, эй ибни Одам,
Етушса соати то илгари ҳам.
Ажали етган одам, бир дақиқа илгари ҳам, бир дақиқа кеч ҳам қолмай ўлади.
Кишини илгида ҳам ўлса ҳар жон,
Ажал бирла ўлубдур бўйла инсон.
Қаю боис билан ҳар жон ўлубдур,
Ажалдиндур қазо андоғ бўлибдур
Ўлимга турли холатлар сабаб бўлгани бирлан, одамнинг ажали етганан бўлсагина ўлади. Агарчи бир одам иккинчи одамни ўлдирган бўлса ҳам.
АЗОБИ ҚАБРНИНГ БАЁНИ
Азоби қабр кофирларгадур чин,
Кўрар гўрни азобин баъзи мўъмин.
Қабр азоби кофирларга бўлиши аниқ. Қабр азобини баъзи мўъминлар ҳам кўриши мумкин..
Битик кўп нусхайи машҳур ичинда,
Келур икки фаришта гўр ичинда.
Қабр азоби хақида Пайғамбаримиздан кўплаб ҳадислар ворид бўлгандир. Майит қабрга қўйилгандан кейин, қабрга икки фаришта, Мункар ва Накир кирадилар.
Сўрар кимдур худо бирла расулинг,
Надур дерлар яна дининг ва йўлинг.
Уларнинг биринчи саволлари: “Роббинг ким? Пайғамбаринг ким?” дейдилар. Сўнгра:”Дининг қайси. Йўлинг қайси?”-дерлар.
Агар кирса фаришталар ғазабдин,
Чиқар ўт бурни ҳам оғзу лабдин.
Агар фаришталар қабрга ғазаб билан кирсалар, уларнинг бурунлари ва оғизларидан олов чиқиб туради.
Агар ҳайбат била қилса назора,
Бўлур ғамгин кўнгиллар пора-пора.
Дегай эй одами булдур сенга жой,
Жавобин бермасанг вой устига вой.
Мункар ва Накир қабрга ғазаб билан кирганларида уларнинг сенга қарашлари ҳам қўрқинчли бўлур. Айтурларки эй одам мана шу жой энди ватан. Юқоридаги саволларга жавоб берган бўлсанг яхши, лекин жавоб бера олмаган бўлсанг вой устига вой бўлур.
Урарлар гурзи бирлан ул икки ёр,
Эшитур инсу жиндин ўзга жондор.
Аларнинг зарбига тоб этмагай тоғ,
Нечук тоқат қилур бир мушт туфроғ.
Жавоб бера олмаган бандаларни бу икки фаришта гурзи билан урарлар. Азоби қабрнинг товушини одам ва жинлардан бошқа барча жонзот эшитадурлар. Уларнинг зарби шундай кучли бўладики хатто тоғлар ҳам чидай олмас. Қандай қилиб лойдан яралган одам чидасин.
Тўлар дўзах саридин қабр ичи дуд,
Пушаймон анда харгиз қилмагай суд.
Дўзах томондан дарча очилиб қабр ичи тутунга тўлади. Шунда бу дунёда қилган ёмонликларингга пушаймонлар қилурсан. Лекин бу пушаймоннинг фойдаси бўлмайди.
Иноят айласа донойи асрор,
Кирар гўрга мулойим ул икки ёр.
Аллоҳим иноят айлаган бандасининг қабрига бу икки фаришта мулойимлик билан кириб келурлар.
Дегайлар кирсалар хавф этма мандин,
Сўрарлар меҳрибонлиғ бирла андин.
Агар берсанг жавоби бо савобе,
Очар жаннатдин ул манзилга бобе.
Фаришталар мулойимлик билан сўрарлар. Агар жавоблар ҳайрли бўлса у банданинг қабрига жаннатдан бир дарча очилур ва у бандага қабрнинг ўзидаёқ жаннатдаги ажойиб холатлар кўрсатилур.
Қоронғу гўр бўлур андоғ фараҳнок,
Жаҳонни шавқи ёдингдан чиқар пок.
Кўнгилда ғусса қолмас бир чигитдек,
Ётарсан янги уйланган йигитдек.
Бу банданинг қабри ёришиб, жаннатдаги ажойиботларни кўриб, бу дунёдаги барча инсонни шавқлантирувчи ишлар ёддан чиқиб кетади. Кўнгли қувончга тўлиб, худди янги уйланган йигитдек ётади.
Ки мундин сўнгра неъматларини,
Худодин ўзга ким билгай барини.
Юқоридаги бериладиган неъматлар бизларга ошкор қилинган неъматлардир. Булардан ташқари қандай неъматлар борлигини ягона Аллоҳ ўзи билади.
ДАР БАЁНИ МУНОЖОТ
Илоҳи бандаман бечорадурман,
Ҳавойи нафс ила оворадурман.
Аллоҳим ман бир нафсим билан оввора бўлиб қолган бандаман.
Эрурман барча нуқсонимга иқрор,
Мусулмон ўғли қилмас ишларим бор.
Эрурман бандаларнинг сарнигуни,
Тўла ёру-биродарлар забуни.
Менинг шундай гуноҳларим борки, бу гуноҳларни мусулмон одам қилмаслиги кераклигини биламан. Мен қилган гуноҳларимдан уёолиб бошим қуйида, аҳволим ёмон холатда юрибман.
Манингдек осий бўлғайму жаҳонда,
Гуноҳим зоҳиримдин кўп ниҳонда.
Мен бу жаҳондаги энг гунаҳкор одамман. Менинг очиқ гуноҳларимдан яширин гуноҳларим кўпдур.
Нетай чун айни ақлим безиёдур,
Амал ҳам йўқ, агар қисам риёдур.
Нима қилсам экан? Ақлимнинг нури йўқ, қилган амалларим ҳам “хужа кўрсин”га кабидир.
Агарчи ман ёмон қул пой то фарқ,
Бўлубман маъсият дарёсига ғарқ.
Валеъ содиқ эрурман бирлигингга,
Таянибман сани ғофирлигингга.
Мен бошимдан оёғимгача гунаҳ дарёсига ғарқ бўлган одам бўлсам хам, Сенинг бирлигингга содиқман ва Сенинг Ғофир сифатингдан умидворман.
Лаҳадга кирса бу ёлгуз ғариб бош,
Ўгурса юз ҳама қавму қариндош.
Таҳаййур бўлса жон ғами саришта,
Етушса сўрғали икки фаришта.
Дунёни тарк этиб, ёлғиз бошим лаҳадга кирса. Қавму-қариндошлар мени лаҳадга қўйиб ташлаб кетса. Мен шу лаҳад ичида жоним қайғудан хасратда бўлиб ётганимда, сўроқ қилиш учун икки фаришта кирсалар ҳолим нима кечади.
Сан осон этмасанг андоғ саволи,
Нечук кечгай ғариб бандангни ҳоли.
Деса:”Ман роббука” икки абдударгоҳ,
Тилимга жори қилгил “Раббим Аллоҳ”.
Шул вақтда сен ўзинг менга мададкор бўлмасанг, мен ғариб бандангни ҳоли ёмон бўлади. Фаришталар: “Роббинг ким” деганда тилимга “Роббим Аллоҳ” калимасини жорий ўилгил.
Агарчи осидур ё Раб бу банда,
Ўзинг бандам дегил Роббим деганда.
Эй Роббим бу банданг гунаҳкор бўлса ҳам ўзинг уни бандам дегил.
Агар сен қилмасанг қуллиқ отим худ,
Мани қулман деганимдан нечук суд.
Мени ўзинг “қулим” демасанг, менинг “қулингман” деганимдан фойда йўқ.
Илоҳи, лутф қил мунда ва онда,
Мани банда этиб, банди эт мунда.
Мени бу дунёда ва у дунёда ўзингнинг қулинг сифатида махкам боғлаб, мархаматингдан дариғ тутма.
Агар чандики гўрсиз ўлса инсон,
Сўралур албатта бешаку нуқсон.
Агар дарёда ўлсун ё осилсун,
Ғазаб этса бани одам на билсун.
Одам ёлғиз ўзи чўлда ўлиб қолсаю, кўмилмаса у албатта шаксиз сўралур. Дарёда чўкиб ўлса ёки осилиб ўлса ҳам, барча холларда сўралур.
Дарранда одам ўғлин қилса хўрок,
Гумон йўқдур сўрар қорнида эй пок.
Агар банда муаззиб бўлса анда,
Қолур туймай , бу ишдин ул дарранда.
Агар одамни йиртқич хайвон еса, у одам шу хайвон қорниду сўралур. Буни у хайвон сезмай қолур.
Нечук қилса эрур қодир ва носир,
Бу ерда бандасининг ақли қосир.
Аллоҳ барча ишларга қодирдур. Бу ишларга биз бандаларнинг ақлимиз етмайди.
На ким айди Худойинг ё Пайамбар,
Ани маҳкам тутиб айрилма дигар.
Эй одам сен Аллоҳнинг ва Пайғамбарнинг айтганидан чиқмасдан, ҳидоят йўлидан адашмай юргин.
ҚИЁМАТ ҲАҚ ТУРУР
Қиёмат ҳақ эрур эй одамизод,
Худо Қуръон ичинда қилди кўп ёд.
Қиёматнинг ҳақлиғига Қуръонда бир неча оятлар келгандир.
Бўлур қудрат билан туфроғимиз тан,
Кирар жон қайтадин бешубҳа ва зон.
Туфроқга айланган жисмимиз яна тана шаклига келади ва унга Аллоҳ таоло қайтадин жон ато этади.
Танинг ҳар турли бўлғон бўлса барҳам,
Қилур бурноғидек Ҳаллоқи Олам.
Худо ҳеч ерда йўқни айлади бор,
Яратса қайтадин эрмас бу душвор.
Тананг бўлак-бўлак бўлиб сочилиб кетган бўлса хам, уни аввалгидек қилиб тирилтириш сени йўқдан бор қилган Аллоҳга қийин эмас.
Удур ҳоким нечукким хукм қилди,
Тирил дегач хама олам тирилди.
Хокими мутлақ Роббимиз тирил деб амр қилса, ҳамма олам ўшал дам тириладур.
Йиғар маҳшар ерида барча жонни,
Сўрар бандасидан яхши-ёмонни.
Ҳар ишни кўп қилибдурсан ва ё оз,
Ҳисобин ҳам тилар ул бандадин боз.
Маҳшаргоҳга йиғиб бандаларини сўроқ қилади. Амалларинг озму, кўпму барчасининг ҳисобини берурсан.
Худо ҳар бандасига қилса осон,
Жавобин бергуси банда ўшал он.
Худо бандасига осон қилса, у банда ҳеч қийналмай барча саволларга осонлик билан жавоб беради.
Агар қаттиғ тутар банда ҳисобин,
Ўзи билгай анга солган азобин.
Агар банданинг гуноҳи кўп бўлса унинг ҳисоби ҳам қийин бўлади. У бандага берадиган азобларини ҳам Аллоҳ ўзи билади.
Билур гарчи жамиъи ҳолимизни,
Юборур номайи аъмолимизни.
Юборса номани раҳмат йўлидин,
Келур нома у қулни ўнг қўлидин.
Аллоҳ барча ҳолимиздан хабардор бўлса ҳам, бизларнинг қўлимизга номайи аъмолларимизни берур. Агар номайи аъмолимизда яхши амалларимиз кўп бўлса , у ҳолда ўнг қўлимизга берилур.
Қизил юзлик бўлиб ул ҳам сарафроз,
Суюнгандин қилур ул банда овоз.
Ўқунг номамни эй турғон халойиқ,
Келибдур нома ихлосимга лойиқ.
Номайи аъмоли ўнг қўли томонидан келган банда хурсанд бўлиб, атрофдагиларга баланд овоз билан мурожат қилиб айтадики: “эй ҳалойиқ кўринг менинг номам қилган амалимга лойиқ келибди”- дейди.
Биҳишти олия бўлгай макони,
Ғариқи раҳмати ҳақ жисму жони.
Энди бу банданинг жойи жаннати олия бўлади ва жисми Аллоҳнинг раҳмат дарёсига ғарқ бўлади.
Агар чандики бўлсам зишти бадкор,
Ҳабибинг умматиман, қул отим бор.
Мен ҳар қанча ёмон бўлсамда, Хабибинг умматиман, “қул” деган отим бор.
ТАРОЗУЙИ ҚИЁМАТНИ БАЁНИ
Тарозу ҳақ эрур рўзи қиёмат,
Анинг сидқига нозил бўлди оят.
Билур Тангри агарчи ҳолимизни,
Торозуға солур аъмолимизни.
Қиёматда тарозунинг хақлиғига иймонимиз комилдур, чунки у Қуръонда оят билан нозил бўлгандур. Тангримиз бизнинг барча ишларимиздан хабардор бўлса ҳам бизнинг амал дафтаримизни тарозуга солур.
Қилур огоҳ қулин қилмишларига,
Етушмас ақл эгамнинг ишларига.
Тарозу борига иқроримиз бор,
Нечук эрканига не коримиз бор.
Бандасини қилмишларини ўзига аниқ кўрсатиш учун торозу қўйилур балки. Эгамнинг ишларига бизнинг ақлимиз етмайди. Лекин тарозу борлиги аниқ, унинг қондоқлиги ва нимага кераклигини Эгамнинг ўзи билади.
Илоҳи , қил оғир мезонимизни,
Саломат тут бизнинг имонимизни.
Аллоҳим бизнинг яхши амалларимизни кўпайтир, иймонимизни саломат сақла.
ДАР БАЁНИ ПУЛСИРОТ
Жаҳаннам узра бир кўпрук эрур оҳ,
Ўшал кўпрук Сирот отлиғ гузаргоҳ.
Қиличдин тез эрур қилдин ингичка,
Пушаймонлар ўшал кун тушгай ичга.
Жаҳаннам устида бир кўприк бор. Уни Сирот кўприги деб аталади. Бу кўприк жуда дахшатли бўлиб, у қиличдан ҳам ўткир, қилдан ҳам ингичкадир. Уни кўрган захотинг ичингга пушаймонлар тушар.
Ажаб ҳайрон бўлур фарзанди одам,
Қадам қўйса анинг ости жаҳаннам.
Агар қайтай деса қўймас муаккил,
Бўлур фарзанди одам ҳоли мушкил.
Сирот кўпригининг дахшатини кўриб одамлар ҳайрон бўладилар. Юрай деса ўта олиши қийин, ортига қайтай деса муаккиллар яъни фаришталар қўймайдилар. Ахволимиз мушкил бўлиб қолади.
Муаййан кўрсалар халқ ул табу тоб,
Бўлур жон ваҳми бирлан заҳралар об.
Юраклар қон бўлиб, кўзлар тўкар ёш,
У манзилдин қутулгайму ғариб бош?
Пулсирот кўпригининг дахўатларини кўриб одамларни ваҳима босади. Юраклар сув бўлиб оқади. Тирикликдан умид узилади.
Фиғонлар қўпғай авлоди башардин,
Ким ўтгай, ким йиқиғай ул гузардин.
Одам авлодининг фиғони ҳамма ёқни тутиб кетади. Баъзилар Сирот кўпригидин ўтади, баъзилар жаҳаннамга қулайди.
Иноят қилса баъзи одамизот,
Ўтар андин яшиндек, баъзи чун бод.
Ўтар андин баъзиси югурук отдек,
Ўтар қурбига лойиқ баъзи ҳар як.
Аллоҳ иноят қилган одамлар Сирот кўпригидан яшиндек тез ўтиб кетадилар. Баъзилар югурук отдек ўтарлар. Ҳар ким қилган амалига яраша ўтади.
Ўтар баъзи мусулмон тоя-тоя,
Етар Охир ул ишратли жоя.
Қадам қўйса йиқилгай баъзи инсон,
Илоҳи айлагил ул кунни осон.
Баъзи одамлар тоя-тоя бир аммаллаб ўтадилар ва кўзланган мақсадга эришадилар. Баъзи одамлар Сирот кўпригига қадам босишлари билан йиқилгайлар. Аллоҳим бу кунни бизларга осон қилгайсан.
Агар ўтказмасанг андин саломат,
Қулинг расво бўлур рўзи қиёмат.
Агар Сирот кўпригидан саломат ўтказмасанг, қулингни ҳоли расво бўлади қиёмат куни.
Билиб тасдиқ этиб бул кўп хатарни,
Бу мискин қўймади исён этарни.
Қиёматда бўладиган ишларни ўқиб, эшитиб туриб ҳам бу исёнкор банданг ёмонлигини қўймайди.
М У Н О Ж О Т
Илоҳи бандани соҳиб надам қил,
Сироти шаръ узра соҳиб қадам қил.
Аллоҳим биз бандаларни Ўзингдан қўрқадиган қилгин. Сирот кўпригидан ўтишда соҳиб қадам қил.
Ҳидоят пирига топшур қўлумни,
Иноят кўйига кенг қил йўлимни.
Маосий лойига тойдурма пойим,
Биҳишти мағфиратни айла жойим.
Мени ҳидоят йўлига бошловчи пирга йўлиқтир ва Ўзингни ҳидоятингга сазовар эт. Оёғимни гуноҳ йўлларга бошловчи қилма ва жойимни жаннатдан қилгин.
Карамлик подшоҳо, кирдикоро,
Раҳимо, мағфиратлик биру боро.
Агар чандики беҳаддур гуноҳим,
Саломат қил хусрлардин илоҳим.
Эй карамлик, раҳимдил, мағфиратлик Подшоҳим, мен бечоранинг гуноҳларим бехад кўп бўлса ҳам, ёмонликлардан Ўзинг асрагин.
Агарчи сони йўқ исён қилибмиз,
Умид улки сани воҳид билибмиз.
Илоҳо, бирлигингни ҳурматидин,
Саломат қил у кўприк меҳнатидин.
Аллоҳим биз беҳисоб гуноҳлар қилдик, лекин сени бирлигингга шак келтирмадик. Шунинг ҳурматидан бизларни Сирот кўпригидан ўтишимизда Ўзинг осон қилгин. (омин)
ДАР БАЁНИ ҲАВЗИ КАВСАР
Қиёматда паямбар ҳавзидур ҳақ,
Сифотин қилди тайин шоҳи асдақ.
Ҳавзи кавсарнинг баёни пайғамбаримизнинг ҳадисларида таърифлангандур.
Суви ул ҳавзнинг сутдин эрур оқ,
Иси чун мушкдан ҳам эрди беҳроқ.
Бу ҳавзнинг суви жуда тоза, ранги сутдан ҳам оқ, ҳиди эса мушкдан ҳам ёқимлироқ.
Даме сув ичса андин ҳар мусулмон,
Яқин бил сувсамас ҳаргиз ул инсон.
Бу ҳавздаги сувдан бир хўплам сув ичган одам ҳеч қачон чанқамайди.
Худовандо, насиб этгайсан андин,
Умиди кўп эрур бандангни Сандин.
Аллоҳим бизларга шу ҳавзи кавсардин сув ичишликни насиб этгайсан. (Омин.)
ДАР БАЁНИ ШАФОАТИ АНБИЁ ВА АВЛИЁ
Худо изни билан ҳақдур шафоат,
Қилурлар анбиёву аҳли тоат.
Шафоатким мусулмонларғадур суд,
Ва лекин бўлмағай беизни маъбуд.
Қиёматда шафоат қилиш хуқуқи анбиёларга ва баъзи иймонли, тақводор инсонларга хам Аллоҳнинг изни билан берилиши мумкин.
Худо изн айласа рўзи қиёмат,
Суюклик бандаси айлар шафоат.
Шафоат ҳуқуқи Аллоҳнинг суюкли бандаларига насиб қилур.
Қиёмат кун ажаб шиддатли кундур,
Анинг қаттиғлиги ҳаддин фузундир.
У куннинг ҳайбатидан бешаку райб,
Бўлур кўк пора-пора, тоғлар ғайб.
Қиёмат куни жуда дахшатли кундир. Унинг дахшатидан осмонлар пора-пора бўлиб кетади, тоғлар эса майдаланиб кетади.
Замин автоди барча кўҳи сангин,
Бўлур Ҳақ хашмидин чун пашм рангин.
Ернинг қозиқлари бўлмиш тоғлар титилиб пат сингари ҳавода тўзиб кетади.
Ўшал шиддатга ер-кўк қилмаса тоб,
Нечук тоқат қилур бир қараи об.
Бўлур ҳам ғам билан хурдони зийбо,
Далилим “ яжъал ул-валидан” шийбо.
Қиёматнинг шиддатига еру, осмон дош бера олмаса қандай қилиб бир томчи сувдан яралган инсон дош берсин. Унинг шиддатидан ёш болаларнинг сочлари оқариб кетар экан. Бунга далил “Музаммил” сурасининг 17- оятидир.
Ҳаво мисдек қизир, ер ҳам темирдек,
Ғазаб қилган киши бўлғай кўмирдек.
Келур найза бўйи хуршиди тобон,
Хижолат терига ғарқ ул биёбон.
Қиёматда офтоб найза бўйидек яқин келиб қолади, натижада ҳаво мисдек қизибкетади, ер ҳам худди темирдек қизийди. Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган бандаларнинг юзлари кўмирдек қорайиб кетади.
Бўлур ўз ҳоли бирлан одамизод,
Келур кўнглига қилган ишлари бот.
Одамлар ўзлари билан ўзлари оввора бўлиб колурлар. Бу ёруғ дунёда қилган ишлари кўз олдиларига келиб туради.
Агар Ҳақ ёпмаса журм айлаган жой,
Гувоҳлик бергуси бил даст ила пой.
Қабохатлик амаллар тушса кўзга,
Иложин ким билур Ҳазратдин ўзга.
Гуноҳларингни Ҳақ ўзи ёпмаса уни ёпувчи йўқдур. Гуноҳлар ёки савобли ишлар учун барча аъзоларинг гувоҳлик берурлар, жумладан қўл ва оёқлар. Шунинг учун бизларга ёрдам берувчи, ёрлақагувчи ягона Аллоҳдур.
Муҳаммад ким эрур Ҳақнинг ҳабиби,
Маосий дардининг ҳозиқ- табиби.
Муҳаммад алайҳуссалом Аллоҳнинг дўсти, гунаҳкор бандаларнинг шафоатчиси, табиби.
Белин ҳиммат қурига боғлаб ул эр,
Ҳама нафсин деса ул умматин дер.
Ҳама ўз нафсига бўлса гирифтор,
Муҳаммад уммати мискин учун зор.
Қиёматда ҳамма одамлар ўз нафсини ўйласа, Пайғамбаримиз умматларини ўйларлар. Гунаҳкор умматларига шафоат излайдилар.
Агар бўлса эматурғон бола гум,
Топилғонда нечук жавлон урар ум.
Минг андоғ анодин хўброғу , беҳроқ,
Муҳаммаддур ғариб уммат учун доғ.
Эмузукли она боласи учун қандай парвона бўлса, Пайғамбаримиз ҳам биз умматлар учун шундай парвона бўлурлар.
Оқар дарё бўлур ул муҳтарамдин,
Шафоат шери бўстони карамдин.
Қиёматда Пайғамбаримизнинг шафоатлари ҳудди бир оқар дарё каби оқиб туради.
Қилур Ҳақ изни бирла ҳар тараф жўш,
Насиб этган у дарёдин қилур нўш.
Шафоат дарёси оқиб тургани билан, у дарёдин фақатгина Аллоҳнинг изни билан насиб этганларгина ичади.
Насиба этмаган фарзанди Одам,
Қолур андоғ улуғ емдин қуруғ фам.
Насиб этмаган Одам фарзанди бу дарёдин сув ича олмай, қуруқ оғиз холатида қолади.
Киши билмас қиёмат даштида оҳ,
Бу қулларни дегайму уммат ул шоҳ.
Агар уммат деса хуш давлати бахт,
Йўқ эрса осийларга иш бўлур сахт.
Қиёмат даштида ҳеч ким билмайди, кимни Пайғамбаримиз шафоат қиладилару, кимни шафоат қилмайдилар. Агар бир одамни шафоат қилсалар албатта ул одам учун бу катта бахт. Аксинча эса бу гунаҳкор банда жуда мушкил холатда қолади.
Агар уммат деса “нуран ало нур”,
Йўқ эрса осийларга иш бўлур зўр.
Агар Пайғамбаримиз бизларни умматим деб шафоат қилсалар бу бизга “нур устига нур” бўлар эрди. Аксинча холимиз мушкил бўлур.
Ўшал султонки даоян илоллоҳ,
Ғариб уммат учун доғ эрди валлоҳ.
Пайғамбаримиз биз умматларга шафоат тилаб дуо қилар эрдилар.
Бу умматлар ажаб зишт этди ҳолин,
Ёпар бидъат билан суннат жамолин.
Умматлар қабих ишларни қилдилар. Ўзларига ўзларининг раҳми келмади. Пайғамбаримизнинг суннатларини бидъат ишлар билан қориштирдилар.
Баҳойимдек иши ичмак-емакдур,
Қуруғ тил бирла умматмиз демакдур.
Бундай одамлар ҳайвон каби бу дунёга емак ва ичмак учун келганлар. Тилда умматмиз деган билан бўлмайди, амал керакдур.
Илоҳи, лутф қил ҳасратли соат,
Ҳабибингдин насиб этгил шафоат.
Айурма яхшиларни орасидан,
Йироғ этма ҳабибинг қорасидан.
Аллоҳим бизларга қиёматда ўзинг лутф қил. Бизларга яхши бандаларинг қаторидан жой бергин. Ўзингни Ҳабибинг шафоатидан насиб эт.
БИҲИШТ ВА ДЎЗАХ БАЁНИ
Эрур жаннату дўзах ҳоло мавжуд,
Яратибдур ани халқига маъбуд.
Жаннат ва дўзах мавжуддир. Унга шубҳамиз йўқ. Уларни Аллоҳ биз бандалари учун яратди.
Кўнгилга солма эй ақли пиёда,
Сиғар ул икки манзил қайси жода.
Агар амр айласа кавнайн бир пой,
Бўлур бир пистани пўчоғина жой.
Сен шунча беҳисоб одамларни сиғдирувчи жаннат ва дўзах қайси жойга сиғади деб ўйлама. Аллоҳ амр қилса бу чексиз коинот бир пистани пўчоғига жойлашиши мумкин.
Кирар дўзахга кофир қайта ўлмас,
Азоби сахтидин ҳаргиз қутилмас.
Кофирлар дўзахга кирадилар, лекин у ердаги азобларга дош бера олмай ўладилар деб ўйлама. Энди улар ўлмайдилар , уларга азоб абадийдир.
Ҳамиша қолмағай иймонли банда,
Тутар охир қўлин иймони анда.
Иймонли бандалар ҳам дўзахга кирурлар, лекин у ерда улар абадий қолмаслар. Гуноҳлари куйиб бўлгач у ердан чиқарилурлар.
Агар афу этса осоми кабойир,
Дегил жоиз удур Ғофиру Сотир.
Сагиродин агар тутса худованд,
Дегил ким эрк анингдур эй хирадманд.
Агар Аллоҳ бандасининг гуноҳларини кечса ўзи билади. Чунки унинг бир исми Ғофиру Сотирдур. Баъзи кичик гуноҳларимизга жазоласа ҳам ўзи билади.
Ўзи Қодир, ўзи Ғофир худодур,
Қулига ҳарна ҳукм этса раводир.
Наъувзу биллаҳ,истиҳсоли исён,
Олур мўъмин кишидан шамъи иймон.
Аллоҳ ўзи Қодир хохлаган ишини қилур, ўзи Ғофир хохлаган одамларнинг гуноҳларини афу этади. Аммо Аллоҳ сақласин унга исён қилиб нега ундай десак, у биздан иймон нурини олиб қўяди.
Биҳишт ичра кишиким бўлса дохил,
Бўлур анда ҳама мақсуди ҳосил.
Агар одам биҳиштга дохил бўлса, у ерда унинг барча орзулари ушалади.
Тирикдур доимо андин сўнг ўлмас,
Аламдин, ҳазни ғамдин зарра бўлмас.
Ҳамиша айш ила ишратда банда,
Кўнгилда кечмаган иззатлар анда.
Жаннатда ҳам одам абадий яшайди, ўлмайди. У ерда ғам ҳам алам бўлмайди. Инсоннинг хатто ҳаёлига келмаган ноз-неъматлар, иззату-ҳурматлар бўлади.
Агар жаннат билан дўзахни авсоф,
Қилурға жамъ бўлса коф то коф.
Адо бўлмас бу ики манзил сифоти,
Ани яхши билур Тангримни зоти.
Агар дунёдаги барча инсонлар жаннат билан дўзахнинг тавсифини қилсалар ҳам, адо қила олмаслар. Унинг тавсифини ягона Аллоҳ ўзи билур.
Ики манзил сифотин сони бўлмас,
Алар аҳли билан ҳеч фони бўлмас.
Ул икки манзил сифотининг саноғи йўқдур. Бу икки манзилнинг ахли ҳеч қачон ўлмас.
Битибдур шориҳи “Аврод” они,
Ки бўлмас Аршу Курси, Лавҳ фони.
Фано бўлмас деди Лавҳу Қалам ҳам,
Ақида булдур, эй фарзанди Одам.
“Ал Аврод” номли китобда ёзилишича, еру осмонлар фоний бўлган замонда, Аршу Курсий, Лавҳу Қалам фоний бўлмас. Мусулмон кишилар ақидаси шулдур.
М У Н О Ж О Т
Илоҳи, эътиқоди пок бирлан,
Мани оғушта қилғил хок бирлан.
Аллоҳим мани туфроқдин яратдинг, эътиқодим мустаҳкам вақтида менинг жасадимни яна туфроққа қориштир.
Дилим содиқ тилимга бўлди қойил,
Бу сўздин қилмағил бир зарра мойил.
Қалбим билан Сенинг бирлигингга ва Пайғамбарнинг хақлиғига гувоҳлик бераман. Тилим бирлан тасдиқлайман. Энди ўзингни Рахматингдан умидворманки мени бу эътиқоддан айирмайсан.
Худовандо, Ўзингни ҳурматингдин,
Кариму, Ғофиру, Саттор отингдин.
Бу мискинларга мўъмин исм қилдинг,
Жамоат аҳли суннат қисм қилдинг.
Ўшал отдин айирмағил ҳамиша,
Агар чандики бўлсак журм пеша.
Аллоҳим, Сен ўзингнинг ҳурматингдин бизларни мўъмин қилиб яратдинг. Аҳли суннат қилдинг. Энди бизларни шу сифатларимиздан айирмағайсан, гарчи биз гунаҳкор банда бўлсак ҳам.
Малак келса жасаддин олғала жон,
Қилур шайтони малъун қасди иймон.
Жон олғувчи фаришта келганида, шайтон малъун бизни иймонимиздан айиришга харакат қилади.
Қилурда жон ширин жисмдин нақл,
Азиз жон аччиғидин кам бўлур ақл.
Кўнгил шаҳбозини қилмоқ учун сайд,
Қилур ҳар ёнда шайтон ҳийлау кайд.
Жасаддин жон ажралиш вақтидаги жон аччиғида баъзи одамлар бир оз ўзларидан кетиб қолишлари мумкин. Шундан фойдаланган шайтон турли ҳийлалар ишлатиб, бизни иймондан айирмоқчи бўлади.
Мадад Сан қилмасанг ул дамда ё Ҳай,
Урар тирноғимизга ул лаъин най.
Шул дамда Сен ўзинг бизларга ёрдам бермасанг, шайтон бизларни йўлдан адаштириб қўйиши мумкин.
Худовандо, тирикда, жон чиқарда,
Лаҳадда, Ҳашрда, кўпрук ўтарда.
Жамиъ ерда мўъмин отимиздин,
Айирма сидқимизни зотимиздин.
Аллоҳ, бизларни ҳамма ерда ва ҳамиша ўзинг қўллаб тургин. Бизларни мўъминман деган сўзимизга амал қилишга муваффақ айла.
Ҳамиша нафс ила шайтон каминда,
Мани озғурмагил дунёу-динда.
Нафсимиз бизни доимо шайтонга рўбарў қилиб туради. Лекин Сен ўзинг мадад берсанг шайтонга алданмасмиз.
Тилагим бу аё Суббуҳу Қуддус,
Қулингни қилмағил расвою маъюс.
Эй Поко Парвардигор қулингни шарманда қилиб, бошини эгиб қўйма.
Худовандо, не қилдим турфа ёздим,
Шайотин макри бирлан йўлдин оздим.
Пушаймонман, паришон ўтган ишдин,
Баҳору, тийра моҳу, ёзу, қишдин.
Худовандо, шайтоннинг макри ила қилган ишларим ҳаммаси хато бўлиб чиқди. Бу қилган ишларимдан доимо пушаймонман.
Ёмон ишдин ҳама узвимни пок эт,
Кўнгил мулкин мақоми дарднок эт.
Аллоҳим мени ёмон ишлар қилишдан ўзинг асра. Кўнглим мулкини доимо Ўзингни ёдинг билан бўлишини насиб эт.
Яна шарманда қилма қайта бошдин,
Уётлиғ қилмағил дастори фашдин.
Мени тавба қилиб гунаҳларимга истиғфор этганимдан кейин яна шайтон васвасасига учиб йўлдан адашишдан Ўзинг сақла. Бошимда салла билан фисқу-фасод ишлар қилишдан ўзинг асра.
Муножот этди Оллоёри мискин,
Қабул этгайсан эй дорандаи дин.
Эй динни ушлаб турувчи, яъни Аллоҳ Сенга Оллоҳёр мискин мурожот этади.
Тилим узр айғоли, эй кошифи роз,
Тилимни минг тилим қилсам эрур оз.
Эй сирларни очгувчи, мен тилимни минг тилим қилиб Сенга минг тил билан узр этсам ҳам оз.
Уётлиғман вале эй Олимус Сир,
Қани узр айғоил юз мингдин бир.
Қилган гуноҳларимнинг юз минггидин бирига ҳам узр айтолмадим.
Эмасман туз, карам хонинда еб туз,
Керак юзларга қўйсам ҳар қаю юз.
Сенинг неъматларингдан кечаю-кундуз баҳраманд бўлиб юрибман. Бунинг шукронасига мен доимо ибодатда бўлиб, тўғри юрмоғим керак.
Тила айдим тила ҳар матлабинг бор,
Деди: “Ҳақдур ўзи донойи асрор”.
Тилимга нима тилагинг бўлса сўра дедим. У айтдики: “Аллоҳ Ўзи барча сирларни билгувчи “.
Ўшал бохавф этиб борур еримдин,
Терим хижолат била оқса теримдин.
Ўшал хавфли ерга боришдан хижолат бўлиб, хижолат терларим териларимдан оқиб турса яхши бўлар эди.
ДАР БАЁНИ АЖЗУ ШИКАСТИЙИ МУСАННИФ РОҲМАТУЛЛОҲ
Ўтар дунёда Оллоёр маъюб
Мунингдек юрганингдин ўлганинг хуб.
Бу дунёда гунаҳкор банданг Оллоёр яшаяпти. Лекин унинг бундоқ яшаганидан кўра ўлгани яхшироқ эди.
Ёмон нафсинг сани ўтдек туташди,
Гуноҳинг бора-бора ҳаддан ошти.
Била олмам аё ноқобил авқот,
Нечук жонсан, нечук тансан, нечук зот.
Эй ноқобил банда сени гуноҳларинг ҳаддан ошиб кетди. Ўзинг қандай одамсан ахир ?
Баҳойимсан башар, девонасан, соғ,
Гуноҳинг олдида арзинча йўқ тоғ.
Муханнассанму, эр, болуғмисан, ёш,
Юзинг қаттиғ, тилинг аччиғ, дилинг тош.
Сен ўзи кимсан? Ҳайвонмисан, одаммисан, жиннимисан, соғмисан. Нима учун шунча гуноҳларни қиласан. Эркакмисан, хунасамисан ёки ёш боламисан билиб туриб, ёмонликлар қиласан.
Фаолинг номуборак, талъатинг шум,
Ҳумойи бахтинг, ўз каъбинг била бум.
Ишларинг номуносиб, бахтинг қародир. Сен бахт қушинг Хумони ўз фосиқлигинг билан қўлдан чиқориб уни бойқушнинг шумлиғига алмаштирдинг.
Неким сен ахд қилдинг бўлди ёлғон,
Қани сендек гуноҳ остида қолғон.
Йироқ тушдинг нағу қурбатли йўлдин,
Юбординг риштаи тоатни қўлдин.
Сенинг қилган ахдларинг ҳаммаси ёлғон бўлди. Ёлғон эса катта гуноҳ эканлигини билар эдингку. Сен саодатга олиб борувчи яқин йўл қолиб, уқубатли узоқ йўлдин кетдинг. Натижада тоатни қўлдан чиқординг.
На ким қилдинг жаҳонда эртаю кеч,
Риё бирла ул ишни айладинг ҳеч.
Белингни боғла махкам бўлма мафлуж,
Кўзинг оч карвонеқидилар кўч.
Сен қилган ибодатларингни риё билан йўққа чиқординг. Энди кўзингни оч, белингни махкам боғла, фалажга ўхшаб ётма, кўрмаяпсанму бу дунёга ҳеч ким устун бўлмаяпти. Сенинг корвонинг ҳам йўлга тушди.
Ётиб ғафлат қаросин сурма юзга,
Еди халқ ўз ғамини сендин ўзга.
Мусоҳиблар ки ҳамаҳд эрди мунда,
Кетарлар боқи уйга кунда-кунда.
Ғафлат қаросини юзингга суриб ётма. Халойиқ охратнинг харакатини қилмоқда. Дўстларинг ҳам бирин-кетин охират сафарига кетаяптиларку.
Кўрарсан қофилани ўтганин фош,
Кўтармассан хатарлик уйқудин бош.
Кўзинг олдидаги бегонау- хеш,
Сафар рахтини боғларлар пешу-пеш.
Вале сан хамри ғафлатдин бўлиб кайф,
Ётарсан неча расволиғ била ҳайф.
Корвон аҳлининг ўтиб бораётганини кўриб туриб ҳам ғафлат уйқусидан уйғонмаяпсан. Кўриб турибсанку охир ҳамма бирин кетин охират сафарига кетиб боришмоқдалар. Сен ҳам туриб сафарнинг харакатини қил, ғафлат майи билан кайф қилиб ётаверма.
Улуғлардин, кичиклардин баякбор,
Кетарлар хонаи мақсудга ночор.
Агар сандек кичиклар тутсалар роҳ,
Ётурсанму ҳануз эй ақли кўтоҳ.
Ўлим ёши катта ёки кичик демайди. Ахир тенгдошларинг бир қанчаси охират сафарига кетганини кўриб туриб ҳам ётаверасанму, эй эси паст.
Баногоҳ карвон султони етса,
Санга асл ватанни ҳукмин этса.
Улуғ йўлга кирарсан хоҳ-нохоҳ,
На қилғайсан вале бетўшаи роҳ.
Ажал фариштаси келиб, қани кетдик деса албатта иложимиз йўқ. Хоҳласак-хоҳламасак йўлга тушамиз. Агар сафарга қуруқ қўл билан чиқсанг, сафаринг қийин бўлади.
Ажаб йўл уқбаи ҳар бир қадамда,
Жамиъи карвони баҳри ғамда.
Охират сафарига олиб борувчи йўл, машаққатли йўлдир. Бу йўлда кетиб бораётган карвон аҳли ғамда қолгандур.
Хусусан йўлда бир ваҳшатли уй бор,
Кирар ёлғуз бошинг ул уйга ночор.
Бу йўлда бир ваҳшатил уй борки, уерга ёлғиз ўзингни киритурлар.
Айуруб карвондин фўндирурлар,
Қизил гулдек юзингни сўлдурурлар.
Азиз жисмингки неъмат хора бўлғай,
Қора ер остида бечора бўлғай.
Сени бир ўзингни карводан айуруб шу уйга киритурлар. Гулдек юзинг сўлиб, жисминг туфроққа қоришиб бечора бўлур.
Юз алвон бирла сўз айғон сучук тил,
Демас фармондин ортуқ биргина қийл.
Лаҳад қурти агар келса егали,
Қани ул дамда дармон “киш” дегали.
Бу дунёда турли сўзларни гапирувчи тил, энди Аллоҳнинг изни сиз бирор сўз айта олмайди. Хаттоки лахадқурти жасадни егали келса, унга “киш” ҳам деёлмайди.
Етишса сўрғали икки фаришта,
На қиилғай бандайи хасрат саришта.
Магар Тангри Таоло қилса имдод,
Вагарна қайда етгай дод – фарёд.
Сени сўроқ қилғали келган икки фариштага нима дейсан ? Сенинг дод – фарёдингни энди ҳеч ким эшитмайди.
Яқин билгил муни эй бандаи зор,
Худодин ўзга йўқ ҳеч ҳокими кор.
Сенга Худодин ўзга хеч ким ёрдам бера олмайди, буни яхши билиб ол.
Нағу қуллуқға боғласанг белингни,
Саноси бирла сабз этсанг тилингни.
Белингни ибодатга махкам боғлаб, тилингни Аллоҳнинг зикру-саноси билан машғул этгин.
Лаҳаддин барча Одам ўғли турса,
Бўлуб бир карвон Маҳшарга юрса.
Ва лекин ҳар киши ўз мотаминда,
Бўлур охирги савдоси ғаминда.
Рўзи қиёматда барча одамлар туриб Маҳшар сари йўлга тушарлар. Ҳамма ўз ғами билан бўлади.
Худо қилса нидо эй бандаи зор,
На келтурдинг, на турли қилмишинг бор.
Тану терингда тотлиғ жон яратдим,
Баҳойим қилмадим, инсон яратдим.
Шунда Худо бандаларга : “ Эй бандам қани нима билан келдинглар, Мен сизларни онгли одам қилиб яратган эрдим “,- деб нидо қилади.
Ҳамиша айладим тарбиятингни,
Нағу қилдинг паришон ниятингни.
Сани солдим мусулмонлиғ ерина,
Қани шукр этмадинг мингдан бирина.
Тамом аъзоларингни солим этдим,
Ариғ зотим билурга олим этдим.
Суғордим оби неъматдин тишингни,
Қани, айғил менга қилғон ишингни.
Аллоҳ таола бандаларига нидосини давом эттириб : “ Мен сизларни доимо тариягизда бўлдим, сизларга китоблар юбордим, Пайғамбарлар туширдим. Сизлар эса бунга шукр қилмадинггизлар. Танларинггизни соғ қилдим. Турли ноз – неъматларни бердим. Эвазига сизлар нима қилдинггиз”, - деб сўрайди.
На бергайсан жавобин эй тани зор,
Бу ҳасратдин фиғон эй рўсиё вой.
Эрур бошдан аёғинг барчаси айб,
Магар афв айлагай донандаи ғайб.
Бу саволларга жавоб беришга ожиз банда юзи каро бўлиб, фиғон чекади. Энди умид фақатгина гуноҳларимизни кечиргувчи Аллоҳдан.
Яна келса нидо андин билинглар:
“Ёмонлар, яхшилардин айрилинглар”.
Қиёмат сахросида нидо келса:” Ёмонлар яхшилардин айрилинглар”,-деб.
Мусулмон ўғлида турфа ёмонсан,
Ёмонлар ўртасида бегумонсан.
Ёмонлиғни магар донандаи роз,
Ёпуб қўшқай саодат аҳлина боз.
Сен бегумон ёмонлар орасидасан. Бандада бўлган ёмонликларни билувчи Рабби таоло ўзи билиб, раҳмати ила ёмонликларингни ёпиб, яхшилар сафига қўша олади.
Тилингда халқ аро тасбиҳу- таҳлил,
Ва лекин ботинг тазвир ила хил.
Халқ орасида қўлингда тасбеҳ, тилингда таҳлил. Ботинингда эса алдаш ва такаббурлик.
Вагарна сан жаҳон расвосидурсан,
Халойиқ ичра фитна бошидурсан.
Тилингда халқ ичинда ваъз ила дарс,
Ва лекин ботинингда онча йўқ тарс.
Сендек икки юзламачи одам бўлмаса керак. Чунки халқ ичида юрганингда ваъзу насихатлар қиласан, ўзинг ёлғуз қолсанг такаббурлик қиласан. Ўз ишингдан ўзинг уяласан.
Кўрар кўзга ажаб сўфинамосан,
Ниҳонда нафс итига мубталосан.
Сани кўрган одам жуда ибодатли, илмли одам экан деб ўйлайди. Аслида эса сен бу ишларни қилишда нафсингни ўйлайсан.
Магар раҳмат билан Донои Асрор,
Гуноҳларни афв этгай баякбор.
Ўшал ғамлик кўнгилни айлагай шод,
Накулар ўртасида айлагай ёд.
Ажаб эмаски бутун сирларни билгувчи Аллоҳ Таоло сени гуноҳларингни афв этиб, яхшилар орсида ёд этса. Албатта шунда кўнгиллар шод бўлар эди.
Киши то шар қилур савдоси тошар,
Наъувзу биллаҳ, улки ҳаддин ошар.
Одам гуноҳни бир маротаба қилса, энди уни яшириш учун яна гуноҳ қилади. Яъни ёлғон сўзлайди. Шундай қилиб гуноҳлар кўпасий кетади. Гуноҳинг ҳаддан ошиб кетишидан Аллоҳ сақласин.
Башар бўлсанг қўй афоли башарни,
Абас ўтказмагил исно ашарни.
Одам бўлсанг гуноҳ ишлар ўилиш одатингни ташла. Ўн икки ойни яъни умрингни бекор ўтказма.
Кийибсан халқ аро фақрона малбус,
Ва лекин ботинингдадур беномус.
Ё нар хунсомусан қавлингда ё нар,
Уҳудинг нахли ҳаргиз бермади бар.
Ўзинг беномус бўлсанг ҳам халқ орасида фақирона кийим кийиб оласан, худди тақводор одамлардек. Сен ўзи кимсан? Эркакмисан ё хунасамисан, сенинг ваъдаларингни хурмоси хали ҳам мева бермадику.
Ёшинг етган сари феълинг сани ёш,
Кўзинг ёши қани эё мағзи йўқ бош.
Қаноат маъданига оч, кўзинг оч,
Тамаъ бўйи кўринмай бўйидин қоч.
Ёшинг катта бўлгани сари, сенинг феълинг худди ёш болалар каби. Қачон сен ақлингни йиғиштириб ибодатга киришасан? Кўзинг оч, қачон қаноатни ўрганасан? Таъмагирликни ташла. Тамаънинг хатто ҳидидан ҳам қоч.
Сочилмасдан бурун сочгил ўзингни,
Сўрулмасдин бурун сўргил ўзингни.
Қозилмай ер санга қайт озғонингдин,
Ёзилмай иқдалар ён ёзғонингдин.
Сен ўзингни ўзинг тергаб – текшириб туришни ўрган. Ўзинг ўзингдан сўрагин нима қилдинг ? Нима қилмоқчисан ? Сенга гўр қазилмасидан аввал ақлингни йиғиштириб ол. Гуноҳларингга тавба қил.
Бақодир дема айши бебақони,
Яқони тут ажал тутмай яқони.
Бу дунёни сан абадий деб ўйлама, эртага ажал ёқангдан олмасдан бурун тавба қил.
Макон этган ерингдур муҳталит лой,
Насихат гўша олсанг гўша тут жой.
Сенинг макон қилиб олган еринг балчиқ ердир. Сенга маслахатим энди сен фанони, яни ёлғизликни ихтиёр қил.
Яниб айшу тарабдин иста Рабдин,
Ўзин билган қачон қолгай талабдин.
Бу дунёнинг айшу- ишратидан кеч. Энди Аллоҳга ибодат қилиб, гуноҳларингни мағфират қилинишини сўра. Ақли бор одам шундай қилади.
МУСАННИФИ АЛАЙҲИ РОҲМАНИНГ ВАСИЯТЛАРИ
Ман ўлсам эй жамиъи маҳрами роз,
Мани ўзга ўликдек қилманг эъзоз.
Хасу хор устига ташланг тутинг хор,
Қилинг мандек баҳойим жисмидин ор.
Эй дўстларим ман ўлсам менинг жасадимни бошқа ўликлар каби эъзозламанг. Жасадимни хасу – хор устига ташланг. Менинг жасадимни бир ҳайвон жасади каби кўринг.
Бўсаға устига ташлаб танимни,
Кафан айланг чурук пироҳанимни.
Манга ҳайф этмангизлар тутмаган бўз,
Агар чандики мардум қилсалар сўз.
Менинг жасадимни остонага ташлаб, эски кийимларимдан менга кафан қилинг. Менга янги бўзни исроф қилманг, бегоналар гап –сўз қилган тақдирда ҳам.
Юборунг тез боратурғон йўлумға,
Мабодо қолмағайсиз шумлуғумға.
Кўзинггиздан чиқарманг қатраи ёш,
Жанозам орқасидан отингиз тош.
Менинг жасадимни тез мозорга олиб боринг. Кўзинггиздан ёш чиқарманг, аксинча жанозам орқасидан тош отинг.
Аёғимдан тутиб судранг лаҳадга,
Нечук қилмадинг деб қуллуқ Аҳадга.
Лаҳадга мени оёғимдан судраб олиб боринг ва айтингки нега ёлғиз Аллоҳга қуллик қилмадинг деб.
Агар чандики ман бўлсам гунаҳкор,
Дуойи зориға сизлар бўлинг ёр.
Мен гунаҳкор бўлсам ҳам, мени дуо қилинглар.
Дейингиз Парвардигоро, Кирдикоро,
Роҳимо, Мағфиратлик, Биру боро.
Олиб келдук сани қочқон қулингни,
Хатолар бобини очқон қулингни.
Келибдур ҳийласи йўқдур кетарга,
Тили йўқдур бу қулни узр этарга.
“ Эй Роббимиз мана сени бир қулингни Ўзингни ҳузурингга олиб келдук. Бу қулинг хатокор, лекин уни Ўзинг мағфират қилгайсан, унинг тили йўқ узр этолмайди”,-денглар.
Агар берсанг жазо қодир Худосан,
Вагар афу айласанг Сен Подшосан.
Агар жазоласанг ҳам ўзинг биласан, валекин афу этсанг ҳам Ўзинг подшосан.
Илоҳо, барча отинг ҳурматидан,
Ариғ зотинг, сифотинг ҳурматидан.
Бу қочқон бандага қилғил тараҳҳум,
Агарчи қилди қуллуқ риштасин гум.
Аллоҳим Ўзингнинг барча исмларинг ҳурматидан, Сифатларинг ҳурматидан бу бандага Ўзинг тараҳҳум қил. Агар у қуллик ипини узган бўлса ҳам.
Муҳаммад отли дўстинг ҳурматидин,
Насиб эт охиратни роҳатидин.
Ҳама ўтган Расулинг хурматидин,
Жамиъи яхши қуллар Ҳурматидин.
Агар чандики бандангдур бад афъол,
Руҳи исёна савби мағфират сол.
Ўзингнинг дўстинг Муҳаммад ва ўтган барча Пайғамбарлар ҳурматидан, қулингга охират роҳатидан насиб этгайсан. Униг гуноҳлари устини ёпиб, мағфират қилгайсан.
Муҳаббат аҳлининг асрори учун,
Рўйи зард, дили хунбори учун.
Ғазо қилган эранлар жони учун,
Шаҳидларнинг муборак қони учун.
Улуғларни соқоли оқи учун,
Йигитларнинг дили муштоқи учун.
Ажузларни оқарган боши учун,
Етимларни кўзини ёши учун.
Шикаста беваларни дарди учун,
Асир халқини оҳи сарди учун.
Агар чандики йўқ илкида ҳеч шай,
Бу қочқон қулни расво қилма ё Ҳай.
Тариқат аҳлини қалбидаги сирлари учун, сарғайган юзлари, яраланган қалблари. Ғазо қилган эранлару, шаҳидларнинг тўкилган муборак қони учун. Кексаларнинг соқоллари оқию, йигитларнинг дили муштоқи учун, кекса оналар сочлари окию, етимларнинг кўз ёшлари учун. Беваларнинг дардию, асирларнинг оҳи учун. Бу қулингни ҳеч амали бўлмаса ҳам Ўзинг уни шарманда қилма.
На бўлғай бу дуолардин худойим,
Бу қочқон бандага ўтса жаройим.
Аллоҳим ушбу дуоларимни қабул қилиб, гуноҳларимни афу этгайсан (омин).
ТОЛИБ УЛДУРКИ ПИРИ КОМИЛ ТОПИБ ҚЎЛ БЕРСА
Кел эй толиб бу дундин юз ўгирсанг,
Тариқи каъбаи мақсудда юрсанг.
Эй толиб сен бу дунё лаззатларига алданма. Сен қалбингдаги асли мақсадларинг каъбаси сари юр.
Қадам қўйсанг агар бул водийға,
Қўлингни топшир ул ходийға.
Бу йўлға киришни истаган толиб аввал бир ходий, яъни бир пири комил топиши ва унга ўзини топширмоғи керак бўлади.
Ажаб йўлдир анинг поёни йўқдир,
Хатарлик ерларининг сони йўқдир.
Талаб қилғон ўша роҳи адамда,
Ҳалокат чоҳидур ҳар бир қадамда.
Аллоҳ Таолонинг розилигига элитувчи йўл жуда узоқ ва машаққатли йўлдир. Бу талаб қилинган йўлда жуда хатарли жарликлар бордир.
Ажаб йўлдир тамоми меҳнату ранж,
Ва лекин ҳар қаришда бир ниҳон ганж.
Бу йўлга киргач жуда кўп ранжу аламлар тортасан, лекин унинг ҳар қаричида бир ҳазана яширингандур.
Ўшал ганжи ниҳон ётган заминда,
Муҳайёдур қароқчилар каминда.
Бу йўлда қароқчилар ва йўл тўсарлар борки, улар толибни йўлдан уришга харакат қиладилар.
Агар бўлмаса йўл бошлағувчи пир,
Солур бўйнингга ногоҳ доми тазвир.
Агар бўлмаса бир соҳиб каромат,
Эмас мумкин киши етгай саломат.
Мана шундай холатлардан эсон – омон ўтиб олиш учун пири комил керак бўлади. Бўлмаса шайтон сени йўлдан оздириб шарманда қилади.
Қачон ҳар пир билур қутлуғ йўлингни,
Топиб эр яхшисин топшур қўлингни.
Ахли сулук бўлмоқни истаган чоғингда, шайхларнинг комилига, мукаммалига қўл бергин. У сенинг холатингни билсин.
Ўшал пирики эрнинг, эри бўлғай,
Тариқат бешасини шери бўлғай.
Тахаллуф қилмаса ҳеч шаръ ишидин,
Тамаълик бўлмаса ҳаргиз кишидин.
У пир хақиқий тариқат пешвоси бўлиб, тариқат ўрмонининг шери бўлсин. Шариатга ҳилоф иш қилмасун, тамаъдин йироқ бўлсин.
Олиб қўлга чироғи илми зоҳир,
Улуми ботинида бўлса моҳир.
Фано бўлса тану – жон таваллойидин,
Қутулса мосавийдин, лутфи ҳайдин.
Шайх бўлмиш киши илми зоҳир ва илми ботиндан ҳам хабардор бўлиши керак. Бўлмаса у муридини сақлай олмайди. Яна у аҳли фанодан бўлиб, тану – жондан кечиб ўзини Аллоҳга топширган бўлиши керак.
Қаю эрмиш фано бўлғон нишони,
Такаббур бўлмаса миқдори доне.
Ўзини нафсини ул билмаса пок,
Бўлуб қуллуғда айтса “Ма абаднок”.
Шайх бўлган одам такаббурликдан йироқ , тавозуълик бўлмоғи лозим. Шубҳали нарсалардан сақланувчи, доимий ибодатда бўлиб : “Бизнинг қуллуғу , ибодатимиз қаерга ҳам боради” – деб ўзини камтарона тутмоғи керак
Агарчи бўлмаса фориғ ишидин,
Ўзин кам тутса ҳар мўъмин кишидин.
Эшитмаса киши ҳеч ман дегонин,
Ўзи ҳам билмаса фони эконин.
Ман шайхман энди менга мехнат қилиш шарт эмас демаса, доимо мехнатда бўлса. Ўзини ҳаммадан кам тутса, манманлик қилмаса. Ўзининг фони эканлигини ўзи билмаса.
Ўзи айтса фано бўлдум эмасдур,
Фано бўлган киши ҳаргиз демасдур.
Ўзини бошини сотса ўзи қул,
Қачон оқил киши анга берар пул.
Муршид фанолик даражасига етган бўлса ҳам, у ўзининг муршидлигини кўз – кўз қилмаслиги керак. Мен фано мақомига етдим демаслиги лозим. Буни атрофидагилар ўзлари билсинлар. Гўёки бир одам ўзи қул бўла туриб у ўзини ўзи бозорда сотса, ақли бор одам уни сотиб олмайдику. Демак шайх бўлган одам мен мақомга етишдим демаслиги керак.
Агар рўберса ҳам баъзи мукошиф,
Ишонмасдур анга ҳеч марди ориф.
Агар кўрган билан ўздин кетибдур,
Етибсан деб анга шайтон етибдур.
Агар вақтики бирор мўъжиза ёки ажойибот содир бўлса ҳам, ақилли муршид бу ишларга эътибор бермайди. Набодо уни кўриб қалбида такаббурлик уйғониб қолса ва “мен етишибман “-деса, билингки уни шайтон етаклабди.
Бу кунни туш билан туш қилма эй хом,
Баён этмак билан қолғонини шом.
Агар ким бўлса кўрмакдин мухофат,
Етар ахшом сабо бу тушдин офат.
Сенга тушингда кўринган ажойиботларга маҳлиё бўлиб, тушгача туш кўрсанг , кейин кўрган тушингни кечгача гапирсанг, қачон ибодат қиласан эй хом калла ? Бу кўрган тушингни гапирмаганинг яхшироқдир. Чунки агар яхши туш кўрган бўлсанг, алданганингни билдирур. Ёмон туш кўрган бўлсанг, умидингни йўқотур.
Ўзин айғон киши албаттадур хом,
Валоят тахтига босган эмас гом.
“Мен аҳли кароматман”- деган киши, албатта хом кимсадур. У одам Муршидлик даражасига ҳали қадам ҳам босган эмас.
Агарчи ҳар кеча кўк бўлса тавфи,
Бурунғидин зиёда бўлса хавфи.
Бўлур ҳолатлик эр албатта хомуш,
Агар етилса май ҳеч урмағай жўш.
Хақиқий муршид ҳар кеча еттинчи осмонга чиққанида ҳам, буни бировга айтмайди. Унинг Аллоҳдан қўрқинчи орта боради. Ҳол илмидан огоҳ бўлган инсон жим юради. Мисоли: Етилган май кўпик ва товуш чиқармагандек.
Кўтармас ун валоятлик хирадманд,
Садо чиқмас унидин боғласа қанд.
Яна юқоридаги фикрни давом эттириб мисол келтириладики, шакар қамиш етилгани сари унинг ичи шакарга тўлиб, овози чиқмай қолади.
Демас ҳеч кимга асрори ҳақойиқ ,
Агар топилса ганж ихфоси лойиқ.
Хол илмидан огоҳ киши ҳазина топиб олса ҳам бировга айтмайди.
Чунки айтса фитнага сабабчи бўлади.
Киши учқон билан суйи самовот,
Таварруъ қилмайин бўлмас камолот.
Бирор одам самода учиб юрса ҳам уни каромат дейилмас, истидрож ёки маъунатдир.
Вали улдир чиқарса мосувони,
Ҳаводиндур талаб қилмоқ ҳавони.
Валий бўлган киши кўнглидан Аллоҳнинг ишқидан бўлак ишқни чиқариб ташлаши керак. Ҳавойи нафс ишқи ва Аллоҳнинг ишқи бир қалбга сиғмайди.
Наби табиатидур риштаи ҳубб,
Вараъ қилмоқ камолоту тақарруб.
Набийлар табиатида қуллик ва мухаббат иплари боғланганлик бордур. Тақво қилмоқлик комил хол ахлларининг уларга яқинлигидир. Шу сабабли улар Аллоҳга яқиндурлар.
Агар филдек эрур манҳи вагар қил,
Вараъ асҳоби айтурлар ҳазар қил.
Шариат маън қилган иш филдек катта бўладими ёки қилдек ингичка бўладими, уни қилишдан сақланмоқ керак.
Агарчи кўп эрур жуду сужуди,
Кўринмас заррача ориф вужуди.
Харомдан ва шубхадан сақланмаган кишининг ибодати кўп бўлгани билан, ҳудди елга совурилган каби бўлади.
Агарчи зоҳиру ботин деса дарс,
Сақар олдида турғондек қилур тарс.
Аҳли тақво кишилар кўриниб турган ёки махфий ишлардан дарс бериб турган вақтларида, ўзларини ҳудди дўзаҳ олдида тургандек ҳис қилурлар.
Анингдек ҳодий амрин кўйма зинҳор,
Шайотин шатталар айрилсанг эй ёр.
Анингдек ҳодийга қилсанг итоат,
Саодатдур, саодатдур, саодат.
Сен айни шундай пирга эргаш, шунда сен саодатга эришасан. Агар ундайлардан айрилсанг қалбингни шайтон шатталайди.
Гадойи кўчайи даргоҳ бўлсанг,
Умиддур мулки дилни шоҳи бўлсанг.
Бундай кимсанинг хизматида кўча тиланчиларидек доимо бўлгин.
Умид қиламенки шунда сен қалб мулкининг шоҳи бўларсан.
Киши қилса хилофи ҳукми шариъ,
Ани жинни дегил ё марди сариъ.
Бир одам муршидлик даъвосини қилсаю, баъзи шариатга ҳилоф бўлган ғайри табиий ишларни содир этиб турса, сен бу одамни “ жинни” ёки “қутирган” дегин.
Агар сув устида юрса ўша кас,
Дегил чандон бўлур сув устида хас.
Ҳавоға учса монанди жиндур,
Ани ҳодий дема шайтондиндур.
Агар шундай одам сув устида юрса ёки ҳавода учса сен унга эътиқод қилиб иймонингдан айрилма. Чунки хас –чўп ҳам сув устида сузиб юради.
Кўран ортуқ эмасдур, кўрмаган кам,
Ким атқо бўлса “ индаллоҳ ул акрам”.
Ўзини ҳаммадан ортиқ кўрувчи киши Аллоҳ наздида мартабаси ортиқ бўлмагани каби , ўзини кам кўрган киши ҳам Аллоҳ наздида кам бўлмас. Аллоҳга ҳуш келувчи киши тақводор ва парҳезкордир.
Керак тобиъға матбуъи мукаммил,
Улуғ тандин бўлур пайдо улуғ зилл.
Одамларни эргаштириш учун, эргаштирувчи инсоннинг ўзи комил инсон бўлмоғи керак. Катта тандин катта соя хосил бўлади.
Керак кўп толиб ичра бир ненку рой,
Ёрутмас мунча юлдуз бўлмаса ой.
Олиҳиммат йигитларга керак пир,
Камонсиз учмагай кўп бўлса хам тир.
Илм талаб қилувчи, ҳиммати баланд йигитларга бир оқил муршид, йўлбошчи керак. Мисоли, осмонда юлдузлар кўп бўлгани билан токи ой чиқмагунча осмон ёришмайди ёки ўқлар кўп бўлгани билан комонсиз улар учмаганидек.
Ўшал чандики ҳарб олатин осар,
Агар босар юруса ёвни босар.
Ёвга қарши курашда ҳам доно қўмондон керак, бўлмаса аскарлар пароканда бўлиб кетади. Биринчи “босар”- бошни ишлатиб дегани.
Соғилтур телбани пири забардаст,
Қуюннинг шўришин дарё қилур паст.
Йўл топа олмай юрган одамни ьир пири муршид йўллаб қўяди. Ҳудди қуюн дарёнинг устига келиб пасайгани каби.
Тушиб шоҳ илкина бози қочар боз,
Бўлур зоғларга бози эй сарафроз.
Қарчиғай қўлдан чиқиб қочса яна қарғаларга бош бўлади. Мурид муршиддан айрилса, шайтонга дўст бўлади.
Бу таърифларга содиқ бўлса пиринг,
Ва лекин бўлмаса равшан замиринг.
Эрур нуқсон ўзингдин кўрма андин,
Бўлур саъй албатта пирман дегандин.
Пиринг юқоридаги таърифларга мос келадиган инсон бўлсаю, сени ундан кўнглинг тўлмаса, айбни ўзингдан қидир. Чунки муршидиног пирликка мос эканлиги маълум.
Пиринг фармонидин қилсанг тахаллуф,
Таассуфдур, таассуфдур, таассуф.
Бундай пирнинг айтганларини қилмасанг, афсуслар бўлсин.
ШАРОБИ МУҲАББАТНИ ПИРИ КОМИЛДИН
ИЧМАК БАЁНИ
Кел эй соқий икковлон айлали шурб,
Ўшал шурбики халқ андин топар қурб.
Эй соқий кел иккаламиз муҳаббат шаробидан ичайлик. Бу шаробдин Аллоҳга яқинлик топайлик. Бу шароб шундай шаробки ундан халқ манфаат топар.
Шароби берки дил андин бўлур саҳв,
Қилур бир муддаодин ўзгани маҳв.
Бу шароб шундай шароб бўлсинки уни ичгач дилларда Аллоҳнинг муҳаббатидан ўзга муҳаббатга ўрин қолмасин.
Агар Фағфури Чиндир, Қайсари Рум,
Муҳаббат аҳлининг олдида маълум.
Фағфур чин шохи, Қайсар эса Рум шохи эканлиги маълумдир. Улар ўз даврининг машҳур одамлари бўлиб, жуда бой бўлганлар. Аллома айтадиларки соқий берган шаробдин сўнг бу инсонларнинг мартабаларию, бойликлари у кишига писанд бўлмай қолсин.
Муҳаббат жомидин тобса киши баҳр,
На қилсун мулку молу, Мовароуннаҳр.
Муҳаббат жомидин баҳра олган кишига Мовароуннаҳр мулки ҳам писанд эмас.
Кўнгил мулкига бир олий сифатдур,
Муҳаббат боғи ганжи маърифатдур.
Кўнгилнинг мулки шундай бир хазинаки, унинг олдида дунё моли йўқдек. Қалб бу Аллоҳнинг уйидир, уни таърифлаб бўлмас.
Анингдек мулкни султони бўлсанг,
Не ҳожат ер юзини хони бўлсанг.
Шундай мулкнинг султони бўлсанг, сенга ер юзининг султони бўлишнинг нима кераги бор.
Агар хардалча бўлса меҳри ағёр,
Бўлур ботин кўзинг маҳжуби асрор.
Агар кўнгилда қалампир уруғичалик муҳаббат Аллоҳдан ўзгага бўлса, ўша кимсанинг қалб кўзи Аллоҳ таолонинг сирларидан пардаланади.
Нечукким зарраи хас тушса кўзга,
Қилур албатта кўрмакликни ўзга.
Кўзга кичик бир заррадек нарса тушса, кўзнинг кўриши ёмонлашади.
СОЛИК ҚАЗОГА РОЗИ, БАЛОҒА СОБИР.
Кел эй соқий муҳаббат жомидин май,
Харидор илкина бергил паё- пай.
Эй соқий бизларга муҳаббат шаробини ичиргил, ундан кетма-кет қуйиб бергил. ( Бу ерда “соқийдан” мурод Аллоҳ таборака ва таоло, “харидор” эса соликдур.)
Қаю ҳолатда бўлса эртаю кеч,
Хилофи ҳукми маҳбуб этмагай ҳеч.
Ахли тариқат бўлмиш кимса ҳар доим ва ҳар қандай холатда маъшуқи хукмига ҳилоф қилмайди.Туну-кун Аллоҳ розилигини сўрайди.
Бу йўлни барчасин тай қилғон эрлар,
Ризо бермак мақом аълоси дерлар.
Тариқат йўлига кирган эрлар айтурларки, Аллоҳнинг берган неъматларига шукр қилмоқ ва балоларга сабр қилмоқ бу авлиёлар, улуғларнинг мақомидур.
Агар ҳар кунда ичса заҳр аёғин,
Суюкли бандаси читмас қабоғин.
Аллоҳни севувчи сабрли бандаларга турли азиятлар етиб турса ҳам, улар сабр қилиб, хафа бўлмаслар.
Кишиким розилик томминда бўлса,
Қилур шукр, аждаҳо коминда бўлса.
Аллоҳнинг тақдирига рози бўлган одам аждарҳонинг оғзида бўлса ҳам шукр қилади. ( “томм”- ишқнинг мукоммаллиги.)
Ризо айвонида то тобқон киши жо,
Демас “во”- боби офат бўлса ҳам жо.
Киши Аллоҳ таолонинг розилигини топган бўлса, унга бало эшиклари очилган тақдирда ҳам аҳволидан шикоят қилмайди. Доимо шукрда бўлади.
Агар мағзи дилинг айрилса то пўст,
Йиғини йиғ агар чин қулсан эй дўст.
Эй дўстим агар сенинг тортган азобларингдан этинг терингдан айрилиш даражасига келганда ҳам, сабр қил. Чин қуллар йиғламайди, сабр қилади.
Сўнар ғам тушса ҳам озода эрга,
Ўчар ўт келса хасдин ўзга ерга.
Сабрли озода кишининг бошига иш тушса, чидам ва матонат билан уни енгади. Худди хас йўқ ерга ўт тушса учиб қолгани каби.
Худо амрига оқил ғам емасдур,
Демас гар дун қилур, “Гардун эмасдур”.
Ақилли одам Худонинг амри билан келган бало, офатларга қайғурмайди. Сабрда собит туради.
Бутоққа сурсалар ташлаб бутоқдин,
Санодин ўзга чиқмас аҳли соғдин.
Агар қийндур вагар минг қилсалар қийн,
Қачон тушгай чин эрнинг кўнглига чин.
Сабр аҳлига азоб бериб уни қийнасалар, бир бутоқдин олиб иккинчи бутоққа ташласалар. Уни уриб қийнасалар ҳам уларнинг оғзидан шукрдан ва санодан ўзга гап чиқмайди.
Қаю ҳолат билан жон бўлса танда,
Бўлар шокир, ҳамиша рози банда.
Шокир банда ҳар қандай холатда хам яратгандан рози бўлган холатда қолади.
Улуғ йўлдин адашган неча беақл,
Қилур эрлардин ул ёлғончилар нақл.
Йўлдан адашган баъзи нодонлар ўзларининг шариатга хилоф ишларини биз бу ишларни палон авлиёдан ўргандик дерлар. Улар ёлғончидурлар. Чунки авлиё бўлган кимса шариатга хилоф иш қилмайди.
Кишиким ошиқи дийдори Ҳақдур,
Муҳаббат аҳли бирлан ҳамсабақдур.
На ҳожат ўзгача тоатлар андин,
Бўлур юзи қаро мундоғ дегандин.
Бир одам Аллоҳнинг дийдорига ошиқ ва муҳаббат аҳли билан бирга дарс олса, бундай одамга Аллоҳнинг буюрганидан бошқа ибодатга зарурат қолмайди. Кимки баъзи одамлар Хаққа етишибди энди уларга ибодатнинг кераги йўқ деса юзи қаро бўлади.
Буюрғонига ҳар ким бўлса мункир,
Гумон йўқдур, бўлур албатта кофир.
Аллоҳнинг буюрган ишларини инкор қилган киши, шубҳасиз кофир бўлур. Шу жумладан, агар биров авлиёлар шариатга ҳилоф иш қилсалар ҳам, ботинлари чин бўлади десалар.
Ўшал халқеки кўп беақл эмишлар,
Худонинг душманин ошиқ демишлар.
Кўзимизга шариатга ҳилоф ишларни кўрсатгучиларни, ботинда ҳақ деювчилар барчаси ақлсизлардир. Чунки Аллоҳ таолонинг душманини ишқ аҳли билиб, авлиё дерлар.
Дилу жон бирла бўлган ошиқи зор,
Хилофи ҳукм қилмас заррайе кор.
Аллоҳга жону дили билан ошиқ бўлган киши унинг ҳукмларига заррача ҳилоф қилмайди. Балки розилигини топишга интилади.
Буюрғон ишларини шоду ғамда,
Қилур бирдек фароғатда, аламда.
Аллоҳга чинаакм ошиқ бўлган банда унинг буюрган ишларини шодлигию, ғамда, фароғатдаю, аламда бирдек бажаради.
Агар тўлдирсалар ернинг юзини,
Қизил тилло билан солмас кўзини.
Бало ўқи қадалса, урмагай оҳ,
Қилич бошига келса бурмагай роҳ.
Аллоҳга ошиқ бандалар ернинг юзини тилло билан тўлдирсалар унга назар солмаслар.Балолар ўқи қадалганда ҳам фарёд чекмаслар. Бошларига қилич келса ҳам йўлларидан озмаслар. Шариат йўлини махкам тутарлар.
Кишиким қилса ошиқликни лофин,
Қилурму ҳеч маъшуқин хилофин.
Хақиқий ошиқ маъшуқига хилоф қилмайди.
Ҳ И К О Я Т
Мусулмонени юз чўб урди бир дун,
Ўшал озодадин ҳеч чиқмади ун.
Кўчада бир мусулмон кишини бир ярамас инсон ёғоч билан юзига урди. Умусулмон одам ҳеч нима демади.(Ривоятларда айтилишича мусулмон одам Яъқуб Чархий бўлиб, уни урган одам Ловийи Ҳиндий эди дейилади).
Деди бир нозире: “Қўб , ҳокима бор”,
Бу айди: “Ҳоким ҳозирдур, эй ёр”.
Бу можарони кўриб турган бир одам айтдики, ҳокимга бориб арз қил, уни жазолайди деди. Калтак еган одам айтдики менинг ҳокимим шу ерда. У ҳаммасини кўриб турибди.
Тану жон чунон амлоки Раббдур,
Мақосид истамак биздин ажабдур.
Ва яна айтдики , тану жоним бари Аллоҳнинг мулкидир уни сақлаш ёки калтакланишига йўл қўйиш унинг хохишидур. (Айтадиларки бу сўзларни эшитган Ловийи Ҳиндий зор йиғлаб Яқуб Чарҳийнинг оёғига бош уриб узр сўради.)
ТОЛИБ УЛДУРКИ , ЖАҲОН САВДОСИДАН МОСУВО БЎЛСА
Кел , эй кўнгил , жаҳон савдосидан кеч,
Қадам ғам кишварина урмагил ҳеч.
Эй кўнгил , дунё ишлари ва завқларидан кеч. Дунёнинг ғам ҳасратлари сари қадамингни қўйма.
Жасад қолмасдин илгари нафасдин,
Ҳаво кўп қилмагин , кечгил ҳавасдин.
Танингда жон борлигида ҳавойи нафсга берилиб кетма , тавба қил.
Дари тавба очуқда иста мақсуд,
Иш ўтган сўнг пушаймондин нечук суд.
Тавба эшиклари очиқлигида тавба қилиб муродингга ет. У эшиклар ёпилгач қилган армонинг бефойда.
Эгил тезроқ Худонинг тоатига,
Кейин қўйма бу дамни соатига.
Вақт ғаниматда тезроқ ибодатга эгил. Бу ишни бир дақиқа ҳам орқага сурма.
Йигитликда ажаб хуш хавфи зори,
Ёғинлик ўтса хўб йилнинг баҳори.
Ёшлигингдан Аллоҳдан қўрқиб, кўз ёши тўкиб ибодатга эгилсанг, умринг баракотли ва ҳайрли бўлади. Чунончи , баҳор серёмғир бўлса йил баракотли бўлгани каби.
Кўзидин ёш оқар , қўрқиб тўкар ёш,
Дурри раҳмат бўлур ҳар ёшига чош.
Агар ёшликдан Аллоҳни таниб , унинг ибодатига ўзини боғлаган ва Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган одамнинг кўзидан оққан ҳар томчи ёши дурри раҳмат бўлур.
Мабодо тавба келмасдин бурунроғ,
Ажал келса , кетарсан тавбасиз доғ.
Ажал тавба қилмасингдан аввалроқ келиб қолса , дунёдан афсус билан кетарсан.
Ўлимни доимо ёнингда билгил,
Анинг илгин гирибонингда билгил.
Ўлимни соқисин пешонада бил,
Лабингни доимо паймонада бил.
Ўлимни доимо эслаб тур. У ҳар доим ёнингда , қўли эса бўйнингдадир. Ўлим соқиси сенга паймонани тайёрлаб турибди. Лабинг эса шу паймонани ичиш учун тайёр турибди.
Кўторибдур қилич бизга солурға,
Киши билмас қўярму дам олурға.
Ажал тортиб турибдур ёй била ўқ,
Ёшинур ер , қочар дармонимиз йўқ.
Ажал қиличини тепамизда кўтариб турибди. Ёйни ўқлаб қўйган. Биз билмаймиз нафас олишга улгирамизми ёки қочарга дармон , яширинишга жой топа оламизми.
Билурсан йўқ бу дунёни бақоси,
Қадам қўйгон ерингдур жар ёқоси.
Бу дунёнинг вафосиз эканлигига ҳаётда неча бор амин бўламиз. Шунда ҳам тавба қилмаймиз. Ахир биз жар ёқосида тургандекмизку.
Таажжуб бундин ўтмас жар лабинда,
Бани одам ҳануз ўз матлабинда.
Қадам дарё юзинда рўйи хасда,
Ҳануз авлоди одам минг ҳавасда.
Жар лабида турган одам хали ҳам тавба қилмай , нафсини қондириш тараддудида эканлиги ажабланарлидур.
Саҳар бўлса нидо айлар фаришта,
Дегай :”Эй одами ғафлат саришта.
Сени халқ айлаган Султони Ғолиб,
Ҳамиша бандасидан тавба толиб “.
Саҳар вақтида , тўртинчи осмонда бир фаришта айтадики : “ Эй одам болалари , сизларни яратган Аллоҳ таоло доим бандаларидан тавбага келишларини кутади. Саҳарларда зикр қилишларини яхши кўради “.
Эгамни мағфират дарёсидур жўш,
Ажабдур бандасидан , ғафлат оғуш.
Эгамни лутфу раҳмат бобин очмоқ,
Ажабдур бандасидан мунча қочмоқ.
Худойимнинг мағфират дарёси тошиб оқиб турганда , ундан фойдаланиб бир қултум бўлса ҳам ичиб қолиш ўрнига , хали ҳам гафлатда ётибмиз. Аллоҳим лутфу – раҳмат эшигини очиб турганда, биз ундан қочамиз.
Ётурсан тобакай , эмди уёнғил,
Дилу жонинг билан Ҳазратга ёнғил.
Эй , одамлар ғафлатдан уйғонинглар. Аллоҳга тавба қилинглар.
Наким қилмишларингдин тавба қилғил,
Бошинг кўп юқори этма , қуйи қил.
Кеч бўлмасдан тавба қилинглар. Такаббурлик билан бошинггизни юқори қилманг. Аксинча бошинггизни қуйи қилиб гуноҳлардан уялинглар.
П А Н Д У Н А С И Ҳ А Т
Агар ер юзини султони бўлдинг,
Ўлим чангалига охир тутилдинг.
Ўлим барчага баробардур. Гадогами , шохгами , қаригами , ёшгами. Ҳаммамиз бир куниўлим чангалига тушамиз.
Агар тобсанг ҳаёти ҳазрати Нуҳ,
Қилур бир кун ўлим жонингни мажруҳ.
Агар тобсанг ҳаёти Хизру Илёс,
Кетурсан бу жаҳондин аййуҳаннос.
Агар умринг Нуҳ алайҳуссалом каби !000 йил бўладими ёки Ҳизр билан Илёснинг умрини яшасанг ҳам , охир бир кун бу дунёдан кетарсан.
Надур тавба демак , ёнмоқ гуноҳдин,
Тузук йўлга юрумак ўзга роҳдин.
Тавба нима ўзи ? Тавба бу гуноҳлардан қайтмоқ , тўғри йўлга кирмоқдир.
Худо даргоҳида чун айладинг аҳд,
Ани синдирмагил , нафс айласа жаҳд.
Аллоҳга сўз бериб тавба қилдингми , энди бу сўзда туришга астойдил харакат қил. Сени нафсинг тавбангни бузушга ундаса ҳам.
Агар тавба демак чиқти тилингдин,
На суд , ул бўлмаса жону дилингдин?
Дилу жон бирла қилғонни нишони,
Яна қилмаса тавба қилғон они.
Тавбани чин дилдан айтилмаган бўлса бундай тавбадан фойда йўқ. Тавбанинг чин дилдан қилинганига исбот уни қайта такрорламасликдур.
Агар чин ёнасан , тормош бу ёна,
Таҳи поёнадур , тойрилма ёна.
Тавбанг чин дилдан бўлса , тавбангга собит бўл. Оёғингни юмшоқ бос, тавба аҳлидан айрилма. “ Таҳи “-юмшоқ маъносида.
Надам нурин кўнгилдин қилма ғойиб,
Агар тойиб эрурсан , кетма тойиб.
Ўкинч нурини ҳамиша кўнглингда асрагил. Тавбангни бузиб , йўлдан тойиб кетиб афсус надоматда қолма. (Аввлги “тойиб”- тавба қилувчи маъносида.)
Ўлар бир аҳд ила бир хайли бўлса,
Агар чандики , ишрат майли бўлса.
Инсоннинг қалбида Аллоҳнинг муҳаббати ғолиб бўлса , нафси дунё лаззатларини тиласа ҳам , у ўзини тия олади.
Кўнгил тасдиқи решадур , амал шоҳ,
Улуғи тавбадур , синдирма гўстох.
Кўнгил ростлиги томирдур , амал эса бутоқ. Тавба эса бу ишларнинг улуғидир. Тавбангни синдирма эй феъли тез инсон.
Синуқ шох зарби бирлан захм олур асл,
Мабодо қолмагай хушк , охири фасл.
Дарахтнинг шохини синдирсанг дарахт ўзи ҳам шикастланади. Буни ўнглаш учун у ерга лой чаплаб қўйилади, бўлмаса дарахт ўзи ҳам қуриши мумкин. Шунга ўхшаб сенинг тавбаларингни бирортаси бузилиши , иймонингни заифлашишига олиб келади.
Жарима чирки бирла зоҳиру сир,
Бўлубсан кир , надам дарёсига кир.
Гуноҳлар лойи билан сени жисминг кирланибди. Сен бу гуноҳларни ювиш учун тавба дарёсига кир. Тавба қилиб , надомат чек.
ҲИКОЯТИ РОБИЪА АЛАЙҲА РОҲМА
Эшитгил Робиъани ашкин эй шоҳ,
Бировнинг чодирига томди ногоҳ.
Робиъа исмли бир валийа аёлнинг ҳикоясини эшитгил эй шоҳ. Робиъа бир мажлисда ўтирган эди , ногоҳон Аллоҳдан кўнглига қўрқув тушиб йиғлади. Кўз ёши оқиб , бир аёлнинг чодирасига тушди.
Деди: “Юв чодирингни , эй қариндош,
Қизил қондир кўзимдан сачрағон ёш
Уётлиғ осиядин , эй газида,
Бўлубдур қона табдил оби дийда”.
Робиъа кўз ёши чодрасига тушган аёлга деди: “Эй дугона чодрангни ювгин.Чунки менинг кўзимдан томган сув кўз ёши эмас , балки қондир. Қон эса мурдор , чодиранг нажас бўлди”.
Агарчи Робиъадур маръи биззот,
Эранлар қўйдилар “Тожур рижол” от.
Робиъа ўзи аёл бўлса ҳам , зоҳидликда эркаклардан кам бўлмаганлиги сабаб унга “Тожур рижол” , яъни “эрлар тожи” исм бердилар.
Ўзин судраб Ҳарамга жони бирлан,
Етушти етти йилда ёни бирлан.
Робиъа турли азоблар билан етти йил яёв юриб Каъбатуллоҳга зиёратга келди.
Анинг шаънидаги касбу камолат,
Ададдиндур берун азвоқи ҳолат.
Робиъанинг шаънига айтилган ривоятлар , касбу камолатларининг ҳисоби йўқдур.
Мунингдек йиғласа андоқ неку рой,
Бизингдек рўсияхлар ҳолига вой.
Умрининг ҳаммасини ибодат ва риёзат билан ўтказган Робиъадек валийя аёл кўзидан қон чиққунча йиғласа , гуноҳкорлар ҳоли нима бўлади ?
Ҳамиша завқимиз айшу кулишда,
Етишмас эрта қилган тавба тушга.
Биз вақтимизнинг ҳаммасини ўйин кулгу билан ўтказамиз. Тавба қилсак ҳам унда қатийлик йўқ. Эрталаб қилган тавбамиз , туш вақтига етиб бормайди.
МУНОЖОТ БА ДАРГОҲИ ҚОЗИЙУЛ ҲОЖОТ
Илоҳи лутф қил ман мубталоға,
Тушубдурман биёбони балоға.
Илоҳи мен йўлдан адашиб балолар даштига кириб қолдим. Энди Ўзинг менга лутф қил.
Ётибман юз тубан , иссиғда сувсаб,
Киши йўқдур томизғай қатраи об.
Гуноҳларимнинг оғирлигидан худди кимсасиз чўлдаги одам каби , Сенинг рахматинг сувига чанқоқ бўлиб ётибман. Сендан ўзга ҳеч ким менга ёрдам бера олмайди.
Қуриб қоним , етибдур лабга жоним,
Тушубдур ерга оғзимдин забоним.
Қоинм қуриб , жоним лабимга келиб қолди. Оғзим шунчалик қуридики тилим осилиб ерга тегай деяпти.
Мазиййат аҳли атрофимдадур пур,
Умидликман ҳануз , ё Кошифиз-зур.
Атрофимда яхши одамлар кўплигидан , хали умид қиламанки бирортаси менга шафоат қилар деб , эй мушкилларни очувчи Аллоҳим.
Карам баҳридин эй султони Ваҳҳоб,
Ато қилсанг манга бир журъайе об.
Жўмардлик денгизидан менга бир томчи бергил , эй гуноҳларни кечирувчи Подшоҳим , Аллоҳ.
Саодат қувватин қилсанг иноят,
Рафиқим бўлса тавфиқи ҳидоят.
Илоҳим менга саодат қувватини ато этсанг. Менга Сенинг ҳидоятинг йўлдош бўлса.
Бериб синмас асойи тавба қўлға,
Талаб дарди билан солсанг бу йўлға.
Қўлимга қаттиқ , синмас тавбадан асо бер. Мени ошиқлик йўлига солгин.
Таварруъ зоди бўлса қўйнимизда,
Убудиййат таноби бўйнимизда.
Тавба йўлига киргач қўйнимизда тақволик озуғи , бўйнимизда эса бандачилик юкию , умиддлари бўлса.
Юритиб яхшилар кезган субулни,
Ризо мулкига қўндурсанг бу қулни.
Аллоҳим , бу қулингни улуғлар ва яхшилар юрган йўлларга йўлласанг , Ўзингни ризолик давлатингдан панох берсанг бўларди.
Мунингдек ишлар , эй Донои асрор,
Санга осон эрур , гар бизга душвор.
Бундайин ишлар Сенга осон эрур , бизга қийин. Эй сирларни билгувчи Аллоҳ.
Кўтарибмад умид бирлан билакни,
Худовандо , қабул этгин тилакни.
Умид бирлан сенинг рахматингга сиғиниб , дуо қиламиз. Дуойимизни қабул қилгайсан Худовандо!
МАВЪИЗА: ҲАСАДДИН ЙИРОҚ БЎЛМОҚ БАЁНИ
Кел , эй нафс , очмагил кўз ҳар қаёна,
Йўқ эрмиш эътимол ушбу замонда.
Эй одам ,кўзингни ҳар томонга югуртириб суқланиб боқма. Бу дунё боқий масдур. Бу фоний дунёнинг боқоси йўқдир.
Муяссар бўлса тиллодин сенга тахт,
Ўзингдин пастга зинҳор аймагил сахт.
Сенга Ҳақ таоло тахтни насиб қилса , ўзингдин паст мартабали кишига қаттиқ гапириб , кўнглини ранжитма.
Агар берса жаҳон султонлиғи даст,
Киши билмоқлиги керак ўз ҳолини паст.
Агар дунё халқи сени подшоҳ деб билганида ҳам, сен ўзингдан кетмай , шоҳликка ғурурланмаслигинг керак.
Агар рутбанг эрур аълойи афлок,
Йиқилғон хасталарни ҳолина боқ.
Агар сенинг мартабанг қуёшдек баланд бўлса ҳам , мартабангга алданма. Атрофга қара , хасталардан ибрат ол.
Бу рифъат бирла кўкни кўр ҳамиша,
Юзидур ер сари , эй яхши пеша.
Осмон нақадар улуғ ва юксак бўлишига қарамай , у ҳамиша ерга қараб туради.
Агар чандики ўрнинг бўлса афлок,
Қуёшдек ўп , юриб рухсораи пок.
Агар сенинг ўрнинг осмонда бўлса ҳам , қуёш каби ерга қараб юр , такаббурлик қилма.
Агар дунёда бўлса зўр бозу,
Вале анда қуруғлиғдур тарозу.
Сен бу дунёда ҳаммадан зўр бўлсанг ҳам , у дунёдаги сенга қурилган тарозуни ўйла.
Тараф мўре ва сенда қудрати фил,
Мусулмонлиғда анга марҳамат қил.
Сенга рақобатчи одамнинг қуввати бир чумолича , сенинг қувватинг эса филдек бўлса ҳам , сен унга зулм қилма. Марҳамат қил.
Агарчи ул оёқ остидадур хор,
Худо махлуқидур , оғритма зинхор.
Агар биров оёқ остидаги чумоличалик бўлса ҳам , унга озор берма.
Такаббур қилмағил , эй бемаъоний,
Фалоний ўғлидурман , деб фалоний.
Мен фалончининг ўғли фалончи бўламан деб , насабинг билан такаббурликка кетмагил.
Агар олдингда қул бўлса волий,
Кўнгилни кийнасидан айла холий.
Агар сен билган қул бирор ерга ҳоким , муфтий ёки султон бўлиб қолса , сен унга хасад қилма.
Бурунғи ҳолига этма назора,
Ани тангрим азиз тутса , начора.
Сен ана шу мансаб эгаси ёки дин пкшвоси бўлган одамнинг аввалги ҳолига қарама. Аллоҳ азиз қилибди , мартабага эришибди.
Ишонма отага , қолма талабдин,
Сўралмасдур қиёматда насабдин.
Менинг отам фалончи эди деб , насл-насабингга ишониб Аллоҳни танишдан қолиб кетма. Зероки қиёматда насабдан сўралмайди.
Ҳасаб фавқи насабдур , эй неку ҳол,
Йипак тўндин ўтар кўп ишлаган шол.
Тақволи ва яхши амалли одамлар , насабли кишилардан устундурлар. Бозорда яхши тўқилган шолча , ипак тўндан афзал бўлгани каби.
Қорача ўғли хўжа ўғлидин кам,
Муаллим бўлса , саййиддин ўтар ҳам.
Қулнинг боласи хўжа ўғлидан пастроқ туради. Аммо у қулбачча билимдон , илимли бўлса , саййиддин ҳам юқори туради.
Агар соҳиб насаб туздир ишига,
На сўздир икки хислатлик кишига.
Агар насл-насабли киши иймонли , эътиқодли бўлса нур устига аъло нур бўлиб икки хислатли бўлур.
Агар қилсанг сафар дорул ҳаётга,
Хўб ота бор , дема , тормош хўб ота.
Вақти қазойинг етиб охират сафарига отлансанг , сени одамлар фалончининг ўғли демасин. У фалончи , бундоғ яхши ишларни қилган десин.
Агарчи Нуҳ эди ҳодийи инсон,
Туғубдур андоғ эрдин номусулмон.
Нуҳ алайҳуссалом пайғамбар бўлишларига қарамай , улардан туғилган ўғил Канъон кофир бўлди. Отасининг пайғамбарлигига ишонмади.
Агарчи Нуҳ ўғлин арзин этди,
Худодин “Лайса мин аҳлик” эшитди.
Хазрати Нуҳ алайҳуссаломга Аллоҳдан тўфоннинг хабари келганда у кишининг учта ўғиллари кемага чиқишди. Канъон эса кемага чиқмади. Шунда Нуҳ алайҳуссалом Аллоҳга “сенинг ахлларингни қутқараман” деган ваъдасини эслатди. Жавоб бўлдики: “Канъон сенинг аҳлинг эмас”.
Абу Толибки , ъаммдур Мустафоға,
Ота эрди Алиййул Муртазоға.
Кичикдин Мустафоға эрди мушфиқ,
Ва лекин бўлмади динда мувофиқ.
Абу Толиб Пайғамбаримизнинг амакилари ва хазрати Алининг оталари эди. Пайғамбаримиз отадан етим қолганлари учун амакилари Абу Толиб у кишига шафқат қилиб , тарбияларига олган эдилар. Шунга қарамай динга кирмай ўлиб кетдилар.
Диёнатсиз ўшалки , бўлди нобуд,
Паямбар шафқати ҳам қилмади суд.
Абу Толиб динга кирмаганлиги сабабидан , Пайғамбаримизга қилган шунча яхшиликлари ҳам инобатга олинмайди. Пайғамбаримиз уни шафоат ҳам қила олмайдилар.
Анинг ҳукмидадур идбору иқбол,
Тикандин гул чиқарди , заҳрдин бол.
Аллоҳ ўзи билгувчи Зотдир. Нима қилса Ўзи билади. Хохласа тикандин гул чиқаради , заҳардин эса бол.
Халилуллоҳ эрдилар Озар ўғли,
Тақи Лут набийдур , Ҳозар ўғли.
Маълумки , Иброҳим алайҳуссалом Озарнинг ўғли эди. Ўғлининг барча ўтинчларига қарамай у кофирлигича қолди. Лут алайҳуссаломнинг оталари эса Ҳозар бўлиб у ҳам кофирлигича қолди.
Ҳасуд этган киши дуну дағалдур,
Бу бир сўз халқ аро эски масалдур.
Ҳасад қилиш жуда ёмон одатдур. Ҳасадчининг бу дунёда ҳам , у дунёда ҳам иши юришмаслигига мисоллар ва маталлар жуда кўп.
Чароғиники , ҳақ ёндирди , қўйди,
Ани ким “пуф” деди , соқоли куйди.
Аллоҳ таоло бировни азиз қилиб қўлига ислом чироғини ёқиб берди. Унга ҳасад қилиб чироғини пуфлаб учираман деган одамнинг соқоли куйиб , эл олдида шарманда бўлади.
Худони сунъидан кўрдинг карашма,
Бир эски ердин оқти янги чашма.
Худонинг сунъига , қудратига чегара йўқлигини кўриб турибсан. У ҳоҳласа сувсиз чўлда булоқ чиқариб қўяди.
Ани банд этгали бирав олди бел,
Ани ғарқ айлади ногоҳ келиб сел.
Бу булоқни беркитишга келган ҳасадчи одамни , сел келиб оққизиб кетди.
Агар тори киши зулм этса тор-тор,
Вале мазлум деганнни ажри ортар.
Бир золим қўлига қилич олиб , зулмга отланди. Мазлум эса сабр қилиб дуойи хайр қилди. Албатта бу ерда мазлумнинг ажри ортди.
Мусулмонега ҳеч бўлма мукобир,
Борур жой бир эрур , эй нафси жобир.
Мусулмон кишига такаббурлик қилма. Кўнгилдан ҳасадничиқар. Ахир ҳамманинг борадиган жойи бирку.
Тушурма нафъи йўқ ранжиш миёна,
Сани элтар зиёна тозиёна.
Ҳасад юки оғирдур , у белингни майиб қилиши мумкин. Ҳасад ўтида ёниб зиёнга кирасан. Охиратда ҳам ҳасадчи зиёндадир.
Тирик юргунча золим , ўлгани хўб,
Гуноҳдин бир неча кам бўлгани хўб.
Албатта золимнинг тирик юрганидан ўлгани яхши. У қанча тез ўлса гуноҳи шунча камроқ бўлади.
Ҳ И К О Я Т И Ҳ А Ж Ж О Ж
Мусулмонеға бир кун айди Ҳажжож,
“Дуои хар учун бизга қўлинг оч”.
Ҳажжожнинг олдига бир мусулмон кирди. Укишига Ҳажжож айтди:” Менинг хақимга бир дуойи ҳайр қилгин”- деди.(Ҳажжож ўзининг ўта шафқатсизлиги жихатидан ,”золим” лакабини олган Макка подшоҳи бўлган. Унинг олдига келган мусулмон эса ўта тақводор, Бағдодлик Сулаймон ибни Мусо эди).
Дуоға қўл кўтарди ул неку ҳол,
Деди: “Ё Рабб , бу золим жонини ол”.
Ул азиз Ҳажжожни дуо қилиб деди: “Эй Худо бу золимнинг тезроқ жонини ол”.
Деди Ҳажжож ўшал марди Худоға:
“Тилинг борди нечук мундоғ дуоға ?”
Ҳажжож айтди: “Нега сен бундай дуо қилдинг , қўқмадингму. Мен сенга нима ёмонлик қилган эдим”.
Деди Ҳажжожга ул марду неку сайр,
“Сенга ҳам барча мусулмонларгадур хайр.
Гуноҳинг кам бўлур , агар ўлсанг тез,
Кетар зулминг аларни бошидин тез”.
Ҳажжожга жавобан ўша яхши ҳулқлар соҳиби айтдики: “Сенинг ўлиминг қанча эрта бўлса шунча яхши бўлади. Сен эртароқ ўлсанг гуноҳинг камроқ бўлади. Халқ ҳам сенинг зулмингдан қутилади”.
ТАМАЪДИН ҚОЧМОҚНИ БАЁНИ
Кел, эй озода , бўл ҳиммат билан ёр,
Тамаъ зиндонига бўлма гирифтор.
Эй , озода инсон , сен ҳимматли бўл. Бировдан ҳеч нима тамаъ қилма. Унинг зиндонига тушиб қолма.
Берарга бўлмаса дунё ишидин,
Уз истиғно , тамаъ қилма кишидин.
Бировга берадиган ҳеч ниманг бўлмаса ҳам , жуда қашшоқ бўлиб қолган тақдирингда ҳам , буни билдирма. Одамлардан бирор нима сўрама.
Худойим ҳар на берса , қил қаноат,
Юракни қилма миннатдин жароҳат.
Аллоҳнинг берганига шукр қил. Бировдан бирор нима сўраб олсанг, у одам кейинчалик миннат қилиши мумкин. Бу эса сенинг қалбингни жароҳатлайди.
Югурсанг кунда бир кади учун чанд,
Бухоро ўлкасидан то Самарқанд.
Бадахшондин кўтарсанг юз сари тош,
Баҳоси Балх ичида бўлса бир мош.
Агар боши билан чоҳ қазса банда,
Кўзини ёшича сув тобса анда.
Вагар қазса ариғ кирпик била мард,
Агар бир хўшайе жав қилса парвард.
Бу меҳнат бирла тобсанг парчаи нон,
Кишини миннатидан улдур осон.
Эй , яхши одам , сен бир дона қовоқ топиш учун Самарқанддан то Бухорогача югурсанг. Юз сари оғирликдаги тошни сотиш учун Бадахшондан Балхга кўтариб келсанг , унинг фойдаси бир мошча бўлса. Бир одам боши билан қудуқ казиса ва ундан кўз ёшича сув чиқса. Бошқа бир одам киприги билан ариғ қазиб , у сув билан бир бошоқ арпа етиштирса. Бу қилинган меҳнатлар эвазига топилган бир парча нон , бировнинг берган миннатли хазинасидан ортиқдур.
Қидирғон бирла ризқинг қидри тошмас,
Кетар қадринг , қадардин ҳаргиз ошмас.
Югуриб-елиб , ўзингни ўтга- чўғга уриб ризқ қидирганинг билан , ризқинг қозони тошмайди. Аксинча қадринг кетади , одамлар гап-сўз қилади. Тақдирингдагидан ортиқ бўлмайди.
Таваккул ганжидин , эй юз ўгурғон,
Буюрғонга мухолифдур бу юрғон.
Эй одам , сен таваккул хазинасидан юз ўгуриб , тамаъ сари юзландинг. Бу ахир Аллоҳнинг буюрганига қаршику.
Ола бўлғон , ола юрғондин ортиқ ,
Кўмулғон , термулиб турғондин ортиқ.
Эски , ямоқ кийимларда юриш , тамаъ билан бировлардан янги кийим олишдан яхши. Бировларнинг қўлига термулиб тургандан , кўмилиб ер остида ётганинг яхши.
Агар тош чайнаса элдин чиқиб тош,
Кишига эгмагай ҳимматли қул бош.
Агар бир химматли одам , одамлар орасидан чиқиб кетиб тош чайнаб юрган бўлса ҳам , у бировдан тамаъ қилмайди.
Тамаъ нонига лаб очгунча ул оч,
Минан ўтидин учқундек бўлиб қоч.
Тақволи одам қорни оч бўлса ҳам тамаъ бирлан топилган нонга оғзини очмас. Миннатдан яшин тезлигида қочади.
Агар қорни бироз тўймаса қорни,
Кишига эгмагай ҳар банда сарни.
Агар бир ҳамиятли одамнинг қорни бир неча кунлаб оч қолганида ҳам, у бошини бировга эгмайди. Тамаъ қилмайди.
Қаноат маъданига оч кўзинг оч,
Тамаъ бўйи кўринмай бўйидин қоч.
Кўзи очлик қилмагин , қаноатли бўлгин. Тамаънинг бўйи- басти кўринмасдан аввал , хаттоки унинг ҳидидин қоч.
Тамаълик силадан беҳдур силинган,
Тилангандин эрур ортуқ тилинган.
Тамаъ билан бир сурув қўй олгандан кўра , бир мушт еганинг афзалдур. Тиланчилик билан умр ўтказгандан , тилинганинг яхшироқдур.
Тамаъ қилма топарга зарнигорин,
Бу зар меҳри бузар динни ҳисорин.
Олтиннинг муҳаббатига кўнглингни боғлама. Унинг меҳри диннинг қалъасини бузади.
Кишининг матлаби сийм бўлса ё зар,
Халилнинг отаси бўлса ҳам озар.
Кишининг қалбига бойлик топиш иштиёқи тушгач , у Иброҳим алайҳуссаломнинг отаси Озар бўлса ҳам йўлдан озади , адашади.
Мусоҳиб билмагил дунё хасиймин,
Насийми маърифат иста , на сиймин.
Дунё бойлигига ўч бўлган одамни дўст деб билма , сен маърифат шабадаси эсиб турадиганлар билан дўст бўл.
Эмаклаб кетса , тушса эт билан пўст,
Тамаъ қилма кишидан тўша , эй дўст.
Юришга ҳолинг келмай эмаклаб қолган бўлсанг , теринг бориб суягингга ёпишиб қолса ҳам , одамлардин бир луқма бўлса ҳам тамаъ қилма , эй дўстим.
Ғарази дунё бўлиб , эй одамизод ,
Азиз умрингни ҳаргиз қилма барбод.
Бу дунёдан хафа бўлиб , умрингни бекорга ўтказма эй одам. Тоатда ибодатда бўл.
Кишининг хизматида боғласанг қўл,
Жиловида югурсанг бир қадам йўл.
Сен бир яхши муршиди комил топиб қўл берсанг , унинг жиловида бўлиб хизматини қилсанг яхши бўлади.
Бу юрғондин фано кечгонинг ортиқ,
Бу неъматдин заққум ичгонинг ортиқ.
Тамаъгирлик қилиб юргандан кўра ўлганинг яхши. Тамаъ бирлан топилган овқотни егандин , жаҳаннам заққумини еганинг яхши.
Ва лекин тегса хос эрнинг жилови,
Саодатдур дилинг дардига дови.
Бир муршиди комил сени йўлга солиб, ҳидоят сари етакласа дилингнинг дардларига дори бўлар эди.
Анингдек эрнинг даргаҳида қишу-ёз,
Азиз умринг ўткарсанг , эрур оз.
Ўшандай пири комил хизматида умрингни ўтказсанг , озлик қилур. Ўшал эрнинг эриким бериёдур,
Қадам туфроғи кўзга тўтиёдир.
Бу пири комил хақиқий эр бўлиб , риёсиз ва тамаъсиз бўлса , бундай муршиднинг оёғи остидаги туфроғини кўзга тўтиё қилиб сурса бўлади.
Анингдек бандани бўлсанг гадоси,
На давлатдур Худойимнинг ризоси.
Шундай муршиди комилнинг гадоси бўлсасанг , шу йўл билан Аллоҳнинг ризосига эришсанг айни муддаодир.
Анинг бир донасидур хирмани зар,
Дами суддир ул эрдин мушку анбар.
Бундай муршиди комилнинг биттаси хирмон қилиб уюлган зарга тенгдир. Ва бу одам билан сухбат қурушлик мушк ила шакардек ёқимлидир.
Саодатлик мурид ул ҳақ роҳинда,
Бўлур йўлбошчининг даргоҳинда.
Шундайин пирнинг муриди саодатли муриддир. Бундай мурид муршиди йўлида , доимий хизматида бўлади. Ундан ҳеч айрилмайди.
Не расво пир эрур нафс учун хор,
Муриди эшигида юрса ул зор.
Бу қандай пирки , нафси учун хор бўлиб муридлари эшигида юриб улардан мол тамаъ қилса.
Ҳаё йўқ , шарм йўқ ҳаргиз аларда,
Битиклик ҳодийлардан нусхаларда.
Булар каби тамаъгир одамларда шарм хаё йўқдур. Бундай одамлар илгари вақтларда ҳам бўлганлиги китобларда ёзилган.
Кеча кундузга кимнинг кучи етса,
Ҳаром эрмиш ўзини сойил этса.
Бир одамнинг бир кеча кундузга етарли озуғи бўла туриб , у яна тиланчилик қилса ҳаромдир.
Набий айди: “Қиёмат бўлса эй дўст,
Тамаъгирни юзида бўлмағай пўст”.
Пайғамбаримиз айтадиларки: “ Қиёмат тонги отиб ҳамма ўрнидан турганда тамаъгирларнинг юзидаги терилари бўлмайди. Ҳунук ҳолатда турадилар”.
Билай десанг бу сўзни иста “Мишкот”,
Тамаъ бирла кечирган ҳайф авқот.
Бу сўзнингмаъносини чуқурроқ англамоқчи бўлсанг “Мишкот” китобига мурожат қил. Унда айтилганки “ Тамаъ бирла ўтказилган умр, зое кетган умрдур”.
Ҳ И К О Я Т И С А В Б О Н
Ажаб мард эрди Савбон атқиёда,
Ул отлиғ эрди бир кун , эл пиёда.
Савбон разийаллоҳу анҳу жуда тақводор ва сўфий киши эрдилар. Бир куни йўлга чиқдилар , ўз жамоалари билан. Савбон отда эдилар , жамоалари эса пиёда борардилар.
Қўлидин ерга қамчи тушди ногоҳ,
Тушуб олди ўзи ул марди огоҳ.
Озроқ йўл юрганларидан кейин ногаҳон Савбоннинг қўлларидан қамчилари тушиб кетди. Дарҳол отдан тушиб қамчини олдилар.
Ёронлар айди ул покиза ҳалқа:
“На бўлғай эрди амр этсанг бу халққа”.
Ёнларида кетаётган одамлар айтдилар : “Буюрсанггиз биз олиб берар эдикку қамчинггизни”.
Деди Савбон: “Тамаъдин бўлмагай , деб,
Олиб бергил демакни кўрмадим эб”.
Савбон разийаллоҳу анҳу айтдилар :” Тамаъ бўлиб қолмасин деб , сизларга олиб бер дейини эп кўрмадим”.
МУҲАББАТСИЗ КИШИДИН ҚОЧМОҚ БАЁНИ
Кел , эй толиб , кўзинг ибрат била оч,
Муҳаббатсиз кишидин қуш бўлиб қоч.
Эй , Аллоҳ таолонинг розилигини истагувчи инсон , кўзингни очиб атрофга ибрат назари билан қара. Кўнглида Аллоҳга муҳаббати бўлмаган одамдан қуш каби қоч.
Муҳаббат аҳлини жўёни бўлгил,
Ушалким учради , қурбони бўлгил.
Эй дўстим , мақсадга эришай десанг сен доима Аллоҳга муҳаббат қўйган инсонлар сухбатини излагин. Уларни учратсанг жонингни фидо қилиб ҳизматларида бўлгин.
Кишининг кўнгли ким бегона бўлса,
Эрур душман , агар ҳамхона бўлса.
Агар бирор одам сен билан бир хонада яшасада, қалбида Аллоҳнинг муҳаббати бўлмаса , сен у одамдан қоч. У сенга душмандир.
Муҳаббатсизки бўлди ҳар каю зот,
Агар фарзанди шириндур , эрур ёт.
Агар Аллоҳни севмаган зот сенинг фарзандинг бўлганда ҳам , у сенга душмандир, Бунга Нуҳ алаҳуссаломнинг ўғилларини мисол келтириш мумкин.
Муҳаббат бўлмаса ҳар кимда , эй хайр,
Отанг бўлса , эрур бегонаву ғайр.
Одамнинг қалбида Аллоҳга муҳаббат бўлмаса , у сенга бегонадир. Агар у одам , отанг бўлганида ҳам.
Ақориб юрмаса кўнгли ақориб,
Қўлингдин келса , ҳеч ўлтирма бориб.
Бирор яхши танишинг ёки қариндошинг қалби Аллоҳнинг ишқи билан ёришмаган бўлса , қўлингдан келса сен у билан қариндошлик ришталарини узиб ташла.
Агар бегонайенингдоғи бўлса,
Анга сарф эт кўзингни ёғи бўлса.
Агар бир бегона кишининг қалбида Аллоҳнинг муҳаббатини кўрсанг сен у билан қариндош тутун. Чунки сенга ҳақиқий қариндош шудир.
Жигарбандинг юрагинг гўшасидур,
Анинг меҳри қиёмат тўшасидур.
Аллоҳни севган ўша бегона одам сенинг жигарбандингдир . Ана шундай кишини севмоқ қиёмат кунининг озиғидир.
Анингдек ёр ила айладинг аҳд,
Ичурса заҳр , ани билмоқ керак шаҳд.
Ана шундай одам билан дўст тутиндингми , энди бу дўстликни ҳеч узма , гарчи у сенга заҳар ичирса ҳам.
Тиласа бўркни бермоқ керак бош,
Агар жон истаса , қайтармагил қош.
Шундай дўстинг сендан бош кийимингни сўраса , сен унга бошингни бер. Агар у жонингни сўраса , хеч иккиланмай бер.
Агар бўлсин десанг енгил оғирлар,
Чиқиб бир ёна тоб , бирён бағирлар.
Агар оғирларим енгил бўлсин десанг , яъни ҳаёт машшаққатлари сени Аллоҳнинг муҳаббатидан чалғитаётган бўлса , у ҳолда сен аҳли риёзатни қидириб топиб улар билан бирга бўл.
Қилур суҳбат асар , эй толиби роҳ,
Мунингдек жори ўлди одатуллоҳ.
Эй тўғри йўл талабида юрган одам , риёзат аҳлининг суҳбатидан кўнгилларда Аллоҳга бўлган муҳаббат яна ҳам улғаяди. Бу иш Аллоҳнинг жорий қилган одатидир.
Наким тузганига тушса , бўлур туз,
Ки андин ўтса неча кеча кундуз.
Аллоҳнинг сенга тузиб берган йўлида юрсанг , ўзингга яхши бўлади . Умринг бекорга кетмайди.
Агар чандики ноқобиллигинг бор,
Некулар жамъидин айрилма зинҳор.
Агар сен аҳли солиҳлар суҳбатларига аралашишга қобилятинг етмаслигини билсанг ҳам , бу суҳбатлардан қолма. Уларнинг жамоасидан айрилма.
Агар чиқса йипакнинг жамъидин лос ,
Ўлур ғарқи сиёҳи , аййуҳаннос.
Ипак газмол тўпи орасидан хас ёки чўп чиқиб қолса , савдогар хижолат терига ботади. Худди шундай охиратда бекор ўтказилган умр учун киши хижолат бўлади.
Ўзин қилса қаю мис нуқрага зам,
Қўяр мис отини халқ ўғли дирҳам.
Мисни кумушга аралаштириб , кумуш танга атайдилар. Сен ҳам аҳли солиҳлар суҳбатида доимий бўлсанг , солиҳ инсон отини олсанг ажаб эрмас.
Олур суҳбатда бир-бирдин киши баҳр,
Агар кўп чашма бир бўлса , бўлур наҳр.
Суҳбатда одамлар бир-бирларидан оз-оздан ўрганиб баҳра олурлар. Шундайки , бир қанча булоқлар бирлашса , дарёга айланади.
Жамоатдин ўзингни қилма мумтоз,
Чопар кўп тўпдин айрилган қуша боз.
Эй , яхши одам , энди сен ўзинг суюб қўшилган аҳли солиҳлар жамоасидан айрилма. Ахир айтадиларку галадан айрилган қушни қарчиғай осонгина олади деб.
Галага бўри чопса , эй фалони,
Қаю айрилса аввал тишлар они.
Отарга хужум қилган бқри ҳам , биринчи бўлиб тўдадан айрилган қўйни олади.
Юрусанг якка , дев бошингни янчар,
Қароқчи тўпдан айрилғонни санчар.
Ўзинг якка юрсанг , девга сени бошингни янчиш осон бўлади , шунингдек қароқчиларга ҳам осонгина ўлжа бўласан.
Худони раҳмати бўлса жамоат,
Эрур раҳматидин айрилган шаноат.
Жамоат ҳудонинг раҳматидур . Ундан айрилиб ёлғиз юрмоқ , ҳўрликни ва забунликни келтириб чиқарадур.
На ул жамъики ғафлат аҳла бўлғай,
Баҳойимдин зиёда жаҳли бўлғай.
Жамоат деганимизда биз фосиқлар ва ғафлатда қолган одамлар жамоасининазарда тутмаяпмиз. Шунингдек , ақли йўқ ҳайвонлар жамоасини ҳам айтмаяпмиз.
Аларнинг суҳбатин бил заҳри қаттол,
Бузар кўп суҳбатин бир бад афъол.
Жоҳиллар суҳбатини одамни ўлдирувчи заҳар каби бил. Чунки солиҳлар суҳбатидан олган савобларингни , бир ёмон феълинг йўққа чиқариши мумкин.
Керак суҳбат эди бир тану , бир ранг,
Барас бар рўйи нохун бўлса ҳам нанг.
Суҳбат аҳли ҳаммаси бир тан бўлиб , ҳамфикр бўлишлари керак. Маълумки тирноқда оқ бўлса яхшиликка , бошқа ерда бўлса ёмондир.
Агар музирдур ул нафрат қил ондин,
Йилондин не зарар кўрсанг , бил ондин.
Агар сени ҳамсуҳбатинг билан суҳбатинг қовушмаса , унинг қалбида Аллоҳга муҳаббат бўлмаса , сен ундан қоч. Чунки бу одамнинг зарари илоннинг зараридан кўпроқдир.
ҲИКОЯТИ ДЕВ АЛАЙҲИЛ ЛАЪНА
Деди бир деви ҳосид яна бирга,
“Бориб қайд эт фалон фаҳшли ерга”.
Бир шайтон бошқа бир шайтонга дедики: “Фалон ерда сўфийлар мажлис қуриб ўтирибдилар . Сен бориб ҳийла билан уларни йўлдан оздириб , бузуқ ишларга ундагин”.
Деди: “Ул фирқадин фориғ бўл эй ёр ,
Алардур бир-бирига даҳбару нор.
Иккинчи шайтон биринчи шайтонга жавоб тариқасида дедики: “Эй ўртоқ , ул сўфийлар жамоатидан йироқ бўлганинг бўлганинг яхши. Уларни васваса қилиб бўлмайди. Улар дўзах олвини бир-бирларидан узоқ қилиш учун харакатдалар”.
Билибдур зоҳирий душманларин дўст,
Эмас ҳожатки , кирсанг раг била пўст.
Инсонлар гоҳида душманлиги кўриниб турган одамларни ҳам, ўзига дўст биладилар. Агар сен тариқат йўлига жону-танинг билан кирган бўлсанг , унда сен яхшилик ва ёмонликни ажрата олурсан.
ДУНЁДИН ТАЖАРРУД ҲАҚИНДА
Кел , эй солик , ўзингни йўлга солдинг,
Улуғ ҳиммат асосин қўлга олдинг.
Эй тариқат йўлига кирган инсон , ҳиммат таёғини қўлингга олдингми , энди унда қаттиқ тур.
Агар қолмай десанг кирган йўлингдин,
Тажарруд давлатин берма қўлингдин.
Бу йўлда юришни хохласанг , дунё ишларидан юз ўгир. Дунёга алоқаси бор нарсаларга кўнгил берма.
Кейинга боқмагудек бўлса банда,
Етар мақсудига тез излаганда.
Ўтган умрга қарамасдан , энди кирган йўлида махкам турган одам , мақсадига эришади. Аллоҳ таолонинг “Мени изласанг топарсан “ сўзига амал қилиб , ҳамиша талабда бўлмоқ керак.
Агар боқсанг кейин бу тоғу чўлда,
Мабодо қолмағайсан ўрта йўлда.
Қўлингга ҳиммат таёғини олиб йўлга тушдингми , орқаага қарама. Ўрта йўлда орқангга қарасанг , кўнглинг бўшлик қилиб аввалги ҳаётга қайтишинг мумкин
Машаққат бўлмаса сунғон бўйунда,
Беҳ андин бўлғони ернинг қўйинда.
Аллоҳнинг ризолигини излаб , бу машаққатли йўлга кирдингми энди чидаш керак. Чидай олмай аҳдни бузганингдан , ер остида бўлганинг яхшироқдир.
Ибодат бандани манзури бўлса ,
Беҳ ул эрни уйида ҳури бўлса.
Солиҳ банданинг энг яхши кўрган иши ибодат булсаю , унинг яна ҳурдек аёли бўлса.
Ва лекин этмаса шаҳват жудолиғ,
Кўнгилга тушса қасди кадхудолиғ.
Бу аёлнинг муҳаббати ибодатдан қолдирмаса , эрниг кўнглини бузмаса бу жуда яхши.
Диёнат истагудекни талаб қил,
Агар топилмаса , кунжида хаб қил.
Сен уйланмоқчи бўлсанг шундай аёлга уйлангинки , у сенинг дин йўлидаги ишларингдан чалғитмасин. Сўфия аёл бўлсин. Унақаси топилмаса кунжакда жим ўтир.
Агар зангибачадур кўзлари кўр ,
У ким мастура бўлса , бил уни ҳур.
Сенинг талабларингга мос аёл , қора хабаш каби бўлиб яна кўзлари ҳам кўр булса , лекин ўзи мастура бўлса сен уни бу дунёнинг ҳури деб бил.
Агар чандики бўлса бандазода ,
Ани соҳиб насабдин кўр зиёда.
Агар шу аёл қулдан туғилган бўлса ҳам , сен уни энг насаби улуғлар қаторида кўргин.
Тилини узуни шарму ҳаёси ,
Юзини оқидур эрни ризоси.
Бу аёлнинг тили узун бўлмаса , яъни кам гапирса , шарму ҳаёси бўлса . Эрига очиқ юз билан гапирса, албатта бундай аёл яхшидур.
Ўшал хотунки , номаҳрам назардур,
Агар шамсу қамардур , мочахардур.
Сенинг уйланган аёлинг ойдек гўзал бўлсаю , лекин номаҳрамдан ўзини олиб қочмаса , уни урғочи эшакдан фарқи йўқдир.
Агар чандики бузургзодадур ул,
Яқийн бил тўрт оёқлик модадул ул.
Бегона эркаклардин юзини яширмаган аёлнинг насаби жуда улуғ бўлса хам , уни тўрт оёқли мода хайвондан фарқи йўқдир.
Ўшал хотунки яширмас юзини ,
Ки номаҳрамга кўрсатур ўзини.
Ани маън этмас эрдур беҳамийят ,
“Хулоса”да эрур мундоғ савийят.
Агар хотин юзини яширмай , ўзини номаҳрамга кўрсатадиган бўлса , эр эса буни маън қилмаса , бундай эр беҳамийятдир . “ Хулосаи фатаво” китобида улар ҳар иккаласи гуноҳкордир дейилган.
Боғайрат эр бўлур рози қазоға,
Юбормас хотунини тўйу азоға.
Ғайратли эр турмуш аччиқ-чучукларига рози бўлади. Хотунини тўйга , азога ёлғиз юбормайди.
Бўлур рози қаро ерга тиқарга ,
Қачон рози бўлур уйдан чиқарга.
Бундай эрлар хотунини кўчага ёлғиз чиқаришдан кўра , ер остига кўмишни афзал кўрурлар.
Ғараз эй бандалар , нозир бўлинглар,
Ёмон йўл фирқага ҳозир бўлинглар.
Эй бандалар , нотўғри йўлда юрувчи гуруҳлар бордир. Шуларни баён қиламан. Сизлар бунга гувоҳ бўлиб туринглар.
Бани одамда бор бир фариқа ,
Тутарлар ўзларин аҳли тариқа.
Одам болалари орасида шундай бир гуруҳ борки , улар ўзларини тариқат аҳли санарлар. Бироқ қиладургон ишлари умуман шариатга тўғри келмайди.
Алар шаръи Набийнинг душманидур ,
Аларнинг оти , яъни Равшанийдур.
Юқорида таърифланган фирқа аъзолари Пайғамбаримиз шариатининг душманларидир . Балки ундан ҳам баттарроқдур. Улар ўзларини Равшанийлар дерлар.
Алар ўзларига ориф кўйиб от ,
Ўқурлар омиларга яхши абёт.
Бу ботил мазҳаб аҳли бир-бирларини ориф атайдилар. Бир уйга эркак , аёл қамалиб олишиб ноғораю . доиралар чалишиб , баланд овозларда ҳар ҳил нарсалар ўқишиб (ўзларича уни зикр деб атарлар) харакатлар қилурлар. Баъзилар ҳушларидан кетадилар. Айтишларича у хонада одамни ҳушидан кетказувчи ўтлар ёқилар экан. Бу маросимларни бошқарувчи шайхлари эса оғизларига асал солиб олиб , ҳушидан кетмас экан. Кейин ҳушидан кетган аёллар ва бесоқоллар билан жимоъ қилар эканлар.
Ва лекин айтишур беҳуда маъни ,
Ўзини йўлина солмоққа яъни.
Бу фирқанинг шайхлари ўтган авлиёлар ва уларнинг ҳоллари ҳақидаги ёлғон гаплар билан омийларни ўзларига оғдириб , ботил йўлга соладилар.
Аларда бўлмағай ҳеч яхши нийят ,
Аёлу аҳлида бўлмас ҳамийят.
Бу фирқа аъзоларининг нийятлари яхши эмас. Уларнинг нияти фахш ва бузуқ ишларни қилишдир. Хотинлари ва оилаларига куюнчак бўлишмайди.
Жамиъи жонворлар тушса кўзга,
Ҳамиятли бўлур тўнғуздин ўзга.
Дунёдаги барча ҳайвонларда ҳамият бордир. Биргина тўнғизда ҳамият бўлмайди.
Аларнинг феълидур тўнғузга ўхшаш,
Шариат мункиридур , оғзига тош.
Равшанийларнинг феъллари тўнғизларникига ўхшашдир. Тўнғизларга ўхшаб уларда ҳам , рашк йўқ. Шариатни инкор қилиш буларнинг одатидир.
Аларнинг феълини ким яхши билди,
Бўлиб кофир , ёнар ўтга йиқилди.
Уларнинг қилаётган ишларини яхши била туриб , уларнинг йиғинларида қатнашган ёки у ерга хотинларини , болаларини юборган одам кофир бўлиб , ёниб турган олвга ўзини ташлабди.
Бўлубдур ҳам тақи бир фирқа пайдо,
Оти мўъмин , валеъ нафсига шайдо.
Яна бир фирқа пайдо бўлибди. Бу фирқанинг оти мўъмин , ишлари эса нафсга шайдолик.
Йиғарлар порайе бўйни йўғонни ,
Солурлар ўртага қизу жувонни.
Бу гуруҳ аъзолари равшанийлардан ҳам ёмон ишлар қилурлар. Бу гуруҳ аъзолари ҳам бир уйга йиғилишиб , ўртага олов ёқиб унга унга “бўйни йўғон” деган ўтни ташларлар. Бу йиғинга қизу жувонлар ва бесоқоллар олиб келинади. Халиги ўтдан чиққан тутун одамларни беҳуш қилади. Ундан кейин кимнинг қўлига ким тушса шу билан жимъо қиладилар.
Агарчи равшани эрмас бу авбош,
Вале бу иш шариат ҳукмидин тош.
Бу мазҳабни тузувчиси Аббос ибн Убайда ал-Харуфий ал- Авбошийдир. Авбош Шеъроз яқинидаги бир шаҳардир. Бу мазҳабдаги одамлар ҳам шариатга зид ишлар қилганлари учун биз уларни ҳам равшанийлар каби кофирлар қаторига қўямиз.
Битибдур Бул Ҳасан , ул яхши банда,
“Китоби танбеҳ уз-зоолийн” ичинда.
Абулҳасан ал Хирқоний хазратлари “Одоби сўфий” номли китобида ёзишича , бу мазкур икки гуруҳ замона охирида чиқиб , жуда кўп бўлишар.
Бу айғон фирқаким золлу музиллдур ,
Шариат аҳли бу элдин хижилдур.
Мазкур китобда ёзилмишки , бу икки гуруҳ йўлдан озганлардур ва йўлдан оздиргучилардур. Уларнинг бу ишларидан шариат аҳли уёлурлар.
Инонсун , деб тақи бир неча беақл ,
Қилурлар Хожа Аҳмаддин муни нақл.
Одамлар ишонсинлар деб , бир енча беақл мазҳаб аъзолари: “Биз Яссавий авлодимиз “, -деб даъво қилурлар.
Худони дўсти бўлса Хожа Аҳмад ,
Қилурми ҳеч мунингдек бидъати бад.
Уларнинг даъволари Яссавийга тухматдир. У киши Аллоҳнингсуюкли бандаларидан бўла туриб, бу каби куфр ишларни қилмаса керак.
Шариатда эди ул офтобе ,
Қолибдур бизга ул эрдин китобе.
Сўфи Аллоҳёр айтадиларки , Хўжа Аҳмад Яссавий ҳазратлари шариатнинг қуёшидур . Ул кишининг “ Нажотуз зокирийн” номли китоби кўлимизга тушди.
Ўшал султон битибдур балки онда ,
“Чиўар мундоғ фариқ охир замонда.
Ул султон , яъни Хўжа Аҳмад Яссавий ҳазратлари “ Нажотуз зокирийн” дан нақл қилиб , “Танбиҳуз зооллийн” китобининг ичида ёзди. Демак бу икки китоб бир жилдда жамланган бўлиб шу ҳолда Сўфи Оллоёрнинг қўлига тушган.
Анингдек фирқа малъуни Худодир,
Аларни феъли суннатдин жудодир”.
Бундайин гуруҳ Аллоҳнинг раҳматидан йироқ ва уларнинг ишлари аҳли суннат вал жамоат ишидан айрилгандир.
Бу ишлар бешаку райб , эй мусулмон,
Ўшал қутби замонга эрди ёлғон.
Бу айтилган икки гуруҳнинг ишлари шак-шубҳасиз шу замоннинг қутби бўлган Хожа Аҳмад Яссавий ҳазратларига тухмат эди.
Қаю эрдинки нақл этса бу ишни ,
Инонманг зинҳор андоғ демишни.
Кимки агар бу ишни бирор авлиёдан кўчириб нақл қилдим деса , ишонманг. Албатта бу ёлғондир.
Ани шаънида ёлғондур бу афъол ,
Агар чин деса , эрмас соҳиби ҳол.
Бундай сўзларнинг Хўжа Аҳмад Яссавий ҳазратлари ҳақида айтилиши ёлғондир. Бундай сўзни айтган одам аҳли соликлардан эмас. Чунки аҳли ҳолдин бундай ножоиз сўзлар чиқмас.
Валий бўлса , улуғ йўлдан тоярму ?
Хилофи шаръи Паямбар этарму ?
Бу ишларни қилган одам валий бўлса , ундоғ одам Аллоҳ кўрсатган йўлдан чиқмасди . Пайғамбаримиз шариатларига ҳилоф иш қилмасди.
Валий билмасмиз ул айғон кишини ,
Қилиб ўтган экан шайтон ишини.
Бу ишларни айтган кишини валий деб билмаймиз. Бу одам шайтоннинг ишини қилган деб биламиз.
Олиб борса киши аҳлу аёлин ,
Кўтарур беҳамийятлик ваболин.
Агар бирор одам аёли ёки болаларини бу икки гуруҳнинг мажлисларига олиб борса , бу одам ҳам шу гуруҳ аъзолари қаторида кофир бўлибдур.
Харом ишники тоат билса инсон ,
Эрур бул эътиқоди номусулмон.
Харом ишни ибодат деб билган одам , билингки бундай эътиқодда бўлган одам мусулмон эмас.
Биродарлар , билинглар роҳи Ҳақни ,
Тутунг душман ўшал айғон фариқни.
Эй биродарлар , тўғри йўлни яхшилаб билиб олинглар. Юқоридаги каби бузуқ эътиқоддаги одамларни душман деб билинг.
Қиёмат кун қўшилса жон била тан ,
Қўпар ҳар одам ўз дўсти бирлан.
“Қиёмат куни жон билан тан қўшилиб одамлар қайта тирилганларида , ҳар ким ўзи севган одами билан бўлади”, дейилади Пайғамбаримиз ҳадисларининг бирида
Ҳ И К О Я Т
Паямбар даврида бир кун гадойе ,
Келиб эрди тилаб , ҳайри Худойи.
Ривоят қилишларича Пайғамбаримизнинг (С.А.В.) уйларига бир тиланчи келиб , Аллоҳ йўлида бирор нарса беришларини сўради.
Туруб эрди қарошиб баъзи азвож,
Ғазаб бирла қаради шоҳи меърож.
Пайғамбаримиз (С.А.В.) нинг хотинларидан баъзилари шу тиланчига қараб туришарди. Пайғамбаримиз ( С.А.В.) нинг жахллари чиқиб уларга :”Нима учун номаҳрамга қараяпсизлар”,- дедилар.
Дедилар : “Эй шаҳаншоҳи қабоил,
Биз андин қочмадук кўр деб бу соил”.
Аёллар айтдиларки : “ Эй қабилалар султони биз тиланчининг кўрлиги сабабидан қочмадук “.
Аларга дедилар султони аброр,
“Агар кўр бўлса ул , сизларда кўз бор “.
“У тиланчи кўр бўлса сизларда кўз борку “,- дедилар Сарвари олам.
Алар : “ Биз билмадук “ –деб зори қилди,
Гуҳарлар кўзларидан жори қилди.
Аёллар : “ Биз билмадук “, -деб кўзларидан гавҳардек ёшларини оққизиб узр сўрадилар.
Не сўз Пайғамбар азвожига эй хок,
Алар эрди жамиъи шубҳадин пок.
Пайғамбаримиз (С.А.В.) нинг хотинлари барча шубҳалардан пок бўлсаларда , бошқаларга ибрат бўлсин деб келтирилади ушбу ҳикоя.
Таажжуб фитналикдур бу замона,
Тушубдур эрлар аҳволи ёмона.
Бу замон турли-туман фитналарга тўлиб кетди. Жумладан эркаклар аёлларини бозорларга , тўй томошоларга маҳрамсиз юборурлар.
Хирадманд , эшит мандин неча панд,
Бу сўзга бўлмадим омил агар чанд.
Эй ақл эгаси , мен ўзим бу сўзларга кўпда амал қилмасам ҳам сенга бир неча насихат қиламан.
Замона хотунини йўлга солмлқ,
Эрур осон ул ишдан жанг қилмоқ.
Замона хотинини йўлга солишдан , урушга кириб жанг қилиш осонроқдир.
Узулмас солмани бўйнингга солма,
Агарчи олмадур рухсори олма.
Агар аёл олмадек чиройли бўлсаю , лекин итоатсиз ва ҳаёсиз бўлса ундай аёлни олма. Уни олсанг худди узингни бўйнингга ўзинг дорнинг арқонини солгандек бўласан.
Дами айшики бўлғай охири сард,
Ани хушлаб қабул этма узун дард.
Қисқа айшингни охири совуқ бўлмасин . Эхтиёт бўл . Агар ҳаёсиз , иймонсиз аёлга уйлансанг узун дардга чалинган одам каби бўласан.
Бола деб солмағил жонинг балоға,
Бола бирлан бўлурсан мубталоға.
Аёлинг ёмон бўлса , лекин ундан фарзандинг бўлса уни деб умрингни ёмон хотин билан ўтказма. Бир умр азобга мубтало бўлма.
Мусулмони олий бўлсанг олма олин ,
Агар олсанг қабул этма ваболин.
Агар сен мусулмони комил одам бўлсанг , ўзи чиройли лекин ҳулқи бузуқ бўлган аёлга уйланма. Унинг гуноҳғларига шерик бўлма.
Қўйуб Тангри таолонинг ризосин,
Нечук тандур қилур зан муддаосин.
Фақат аёлингни айтганини қилиб юраверсанг , хаттоки Аллоҳнинг буйруқларидан ҳам юз ўгирсанг , унда сен қандай одам бўлдинг ?
Агар бор олғанингни яхши ҳоли,
Дема хотун , дегил диннинг камоли.
Агар олган хотининг яхши феълли бўлса. Иймонли , эътиқодли , сенга итоаткор бўлган аёлни сен хотин дема , балки диннинг камоли дегин.
Хуш ул зан билмаса беҳуда дерни,
Сучук лафзи билан шод этса эрни.
Яхши хотин беҳуда гаплар билан эрининг бошини қотирмайди. Эрига доимо яхши муомалада бўлади.
Агар ўн йил уйида бўлмаса ун ,
Уни чиқмас уни айтурға бир кун.
Яхши хотин сабрли бўлади. Агар уларнинг уйида ўн йил уни бўлмаса ҳам , яхши хотин бировга шикоят қилмайди.
Билур эр олдида додак ўзини ,
Вагар юз тепса қайтармас юзини.
Яхши хотин эрини олдида ўзини канизакдек билур. Эрнинг қийноқларига сабр қилур.
Агар ўйса кўзин кулфат била шуй ,
Туриб уйдан чиқарга айламас ўй.
Агар эр аччиқ устида аёлининг кўзини ўйиб олса ҳам , яхши хотин уйдан чиқиб кетишни хаёлига ҳам келтирмайди.
Сирин фош айламас , гар ғамда бўлсин ,
Агар танг бўлса , айтур “ Бўлса бўлсин”.
Яхши хотин , оиланинг сирини ҳеч кимга фош қилмайди. Агар танг аҳволда бўлса сабр қилади. Агар биров келиб шундай оғир аҳволда қолибсан деганида , “Худо хохласа эрта индин яхши бўлиб қолар”,-дейди.
Агар занни мунингдек бўлса хишти ,
Ани билгил бу дунёни биҳишти.
Юқорида баён қилинган хисллатларга эга бўлган аёлни , бу дунёнинг биҳишти десак бўлади.
Иликка тушса мундоғ нозанин гул ,
Дегил: “ Бу сандадур – бўсанда , ман қул”.
Шундай бир яхши хислатларга эга бўлган аёл сенга насиб қилса , сен у аёлга бор меҳрингни бер. Уни эркалаб , ардоқла . Хаттоки сенинг қулингман десанг ҳам бўлади.
Қаро дема , қара хуш феъли , хўйи,
Некудир на кўча кўрса , на кўйи .
Сен уйланадиган бўлсанг аёлнинг , ташқи гўзаллигига эътибор берма. Балки унинг феълига , иймонига эътибор бергин . Ҳуда – беҳудага кўчага югуравермайдиган аёл бўлса ундан ҳам яхшидур.
Ғанимат бил топилса хулқи хуш кўр,
Балодур жонингга моҳ , суҳани шўр.
Яхши феълли , хулқи гузал бўлган аёл гарчи кўр бўлса ҳам сен учун бир хазинадур . Валекин ўзи ойдек гўзал , тили аччиқ бўлган аёл жонингга балодур.
Оқизур оқлигин гар келса тилга ,
Қизил деб олмагил бадҳў қиз элга.
Оғзидан бол томиб тургучи аёл гарчи кўримсиз бўлса ҳам , феъли ёмон бўлган гўзалдан минг чандон яхшидур.
Ёмон бўлса , наъувзу биллаҳ андин,
Зиёндин ҳеч ўзга келмас ёмондин.
Олган хотининг ёмон бўлса , бундай хотиндан фақат зиён кўрасан. У сенга ҳеч дўст бўлмайди.
Ёмон хотун шаётин қамчисидур ,
Қўлинг боғловчи арғамчисидур.
Ёмон хотин шайтоннинг қамчисидур , яъни шайтоннинг қўлида сени ибодатдан , яхши ишлардан қолдиргучи бир воситадур. Бундай хотиндан воз кечмак керак.
Ду олам нори бўлса , нори кетсун,
Кўзунг кўрмаса шум дийдори кетсун.
Бундай ёмон хотин икки оламнинг дўзахидур. Шунинг учун унинг сендан нари кетгани яхшидир . Унинг шум дийдори сендан узоқда бўлгани афзалдир.
Агар ул кетмаса , сен кет олиб бош,
Кўтариб юрмагил тоғдин оғир тош.
Бундай феъли ёмон хотин кетмаса , сен ўзинг бу уйдан бош олиб чиқиб кет. Ёмон хотин билан яшаб гуноҳларингни орттириб юрма.
Ҳ И К О Я Т
Неку зотеға айди бир неку хўй :
“Эрурсан бул ажаб минқоди шўй ?”.
Бир оқила аёл иккинчи бир оқила аёлдан сўради :” Сен ниму учун эрингга бу қадар итоатлисан ?”,-деди. (Ривоятларда келтирилишича сўрагувчи аёл Ҳафза бинти Умар бўлиб , сўралгувчи аёл Фотима эди).
Деди :”Қасдим мани Тангрим ризоси,
Битар бу ўртада эр муддаоси.
Агар тоат муяссардур бу ишда,
Нечук сунмай бўйин амр айламишда”.
Сўралгувчи аёл жавоб бериб айтдики : “Менинг эримга итоат қилиб унинг айтганларини бекаму – кўст бажаришимдан мурод , аввало Аллоҳ ризолигини топишдур . Қолаверса бу ишдан албатта эрим ҳам рози бўлур “. Маълумки ибодатли аёлдан эри рози бўлса у аёл жаннатий аёл эканлиги хадисларда келгандир.
ШАЙХИ КОМИЛ ИСТАМАКНИ БАЁНИ
Кел эй сўфий , умид этсанг сафодин,
Қариш чиқма тариқи Мустафодин.
Эй сўфий , сен Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлсанг Муҳаммад Мустафо яъни Пасғамбаримиз (С.А.В.) нинг йўлидан чиқмай унга қаттиқ амал қил .
Амал қил , иттиқо қилмай амалга,
Таваккул айлагил Азза ва Жаллга.
Суннатга амал қилганингда унинг барча шартларини бажар. Бу ишда оғишма. Қилган амалларинг билан фахрланма , балки Аллоҳга топшир . Чунки у амалларни қабули Аллоҳнинг ихтиёридадур.
Амал қилмай сафо бўлмас кўнгилда,
Оёғсиз ҳеч киши юрмади йўлда.
Мен мусулмонман деган билан иш битмайди . Бунинг учун амал
Қачон қўлсиз киши бўлғай шиновар ,
Шиноварман деса , ҳеч қилма бовар.
Қўлсиз киши сувда суза олмагандек , амалсиз банда Аллоҳга яқин бўла олмайди. Қўлсиз одам мен суза оламан деса ҳеч ким ишонмайди . Аллоҳнинг розилигини топиш учун амал қилмоқ керак.
Солибдур аҳли суннат роҳи ома ,
Бу йўлдин чиқмагил ўзга мақома.
Амалда мустахкам бўлдингми , энди сан аҳли суннат йўлидан оғишмай юр . Турли бошқа йўлларга кириб кетма.
Дема : “Туттум фалон бузрук ишини”,
Қўя кўрма Набийни қилмишини.
Мен фалончи авлиёнинг йўлини тутдим деб , адашиб кетма. Аввал яхшилаб ўйлаб кўр . Бу йўл Пайғамбаримиз (С.А.В.) тутган йўлларига мос келадими ёки йўқми ?
Ўшал бузрукки соҳиб ҳимматидур ,
Расулуллоҳнинг хос умматидур.
Ўзини бузрук , яъни шайх деб билган кимса ҳимматли , ориятли ва ибодатли бўлса , бундай одамни Расулуллоҳнинг (С.А.В.) хос уммати деса бўлади.
Паямбар қилғонидин қилмагай тош ,
Агар чандики , бўлса кўз била қош.
Юқоридаги ҳислатлар эгаси бўлган инсон Пайғамбаримиз (С.А.В.) буюрган ишларидан заррача ҳам четга чиқмайди. Агар бу иш кўз била қош орасичалик кичкина бўлса ҳам.
Шариат ҳукмидин ташқи риёзат ,
Эмас тоат , қабоҳатдур , қабоҳат.
Шариат буюрган ишлардан ташқари қилинган ибодат , яъни бидъат амаллар у ибодатга кирмайди , балки қабоҳатдур.
Амал қилмоқ учун кирсанг , бу йўлда,
Керакдур шамъи илм , албатта қўлда.
Тариқат йўлига киришни иҳтиёр қилган киши , шариат илмидан етарлича огоҳ бўлиши зарур.
Қоронғуда қадам қўйсанг , ёзарсан ,
Агар кўз бўлмаса йўлдан озарсан.
Илмнинг чироғи қўлингда бўлмаса сени бошқа йўлларга бошлаб кетишлари мумкин. Маълумки қоронғуда йўл юрган одам адашади.
Эрур чунки ажойиб бир қатраи роҳ ,
Қадам қўйсанг оёқ остидадур чоҳ.
Тариқат йўли тасодифларга тўла йўлдир . Илмсиз одам бу йўлда турли қийинчиликларга дучор бўлади. Ҳар бир қадамни ўйлаб босмоқ керак бўлади .
Тузук йўл деб қадам ўтру солурсан ,
Қудуққа тушганинг билмай қолурсан.
Илмсиз бўлсанг сени тўғри йўлдан озғириб , нотўғри йўлларга солиб юборишлари мумкин . Шунда залолат қудуғига тушиб халок бўлишинг мумкин.
Кўзинг гар бўлмаса , эй ақли ҳуш ёр ,
Асокашсиз қадам қўйма ҳеч зинҳор.
Ўзингнинг илминг йўқ бўлса , лекин ақлу- ҳушинг жойида бўлса , унда сен ўзингга бир йўл кўрсатгувчи топ ва шунга эргаш.
Агар олим сўзини хўб билса омил ,
Ани омий дема , эй марди комил.
Олимларга эътиқод қилишнинг ўзи ҳам бир ибодатдир. Олимлар сўзини эшитиб унга амал қилгувчи кишини оми дема , бундай одамни “марди комил “ дегин дейилмоқда.
Диёнат беҳидур илми ақоид,
Томирсиз шоха сув бермак на фоид.
Ақоид илми иймоннинг диёнатнинг асосидир. Бу илмдан бехабар бўла туриб олимликни даъво қилсак , қуриб қолган чўпни ўстириш учун сув қуяётган одамга ўхшаб қоламиз.
Удур жоҳил билиб муршид сўзини ,
Қулоққа олмагай олим сўзини.
Муршид сўзини қулоқларига олмай , ўзларини олим санаган одамлар жоҳилдурлар. Улар нафақат муршид сўзини , балки олимлар сўзини ҳам қулоқларига олмаслар.
Бу махкам туб шажарни шохи аъмол ,
Либоси бўлди тақво , меваси ҳол.
Иймон бир дарахт бўлса , унинг шохлари амаллардир. Тақво унинг либоси , меваси эса илми ҳол яъни тасаввуф илмидир.
Ажаб аслеки фаръи фис самодур ,
Чиқарар ҳодий илми раҳнамодур.
Иймон мустахкам бўлгани сайин , Аллоҳга яқинлик хам орта боради . Бу яқинликни амалга оширгувчи муршиди комил бўлади.
Бедуни илм агар қўйсанг анга пой ,
Тойиб кетсанг сани аҳволинга вой.
Тариқатга киришдан аввал илм ўрганиш лозимдур. Илмсиз тариқат йўлига кириб , унда тойиб кетиш ёмон оқибатларга олиб келади.
Иликка домани ҳодийи илм ол ,
Чиқиб шояд егайсан меваи ҳол.
Тариқатга кириш учун албатта муршид тутмоқ лозимдур. Шунинг учун бу йўлга кирувчи одам аввал бир муршиди комилни топиб унга қўл бермоғи лозимдур. Шундагина у ҳол илмининг мевасини тотади.
Ажабдур ердаги турғон аъмоға ,
Узотур илкин асмори самоға .
Киши ўзи саводсиз бўлса-ю , осмонга қўл узотиб “ Мен тариқат илмини эгалладим , Аллоҳга яқин бўлдим”-деб даъво қилса бу ажабланарли ишдир.
Заифе айтса :”Бефиқҳи зарурий
Муяссардур анга тоат сурури ?”.
Ақли заиф одам айтадики , фиқҳ илмини ва бошқа илмларни билмай туриб тоат , ибодат сурурини топиш мумкин дейди.
Ўқий билмаса зоҳир лафзи Қуръон,
Нечук тафсирини билгай ул инсон.
Қуръоннинг маъноларини англаш учун илм керак. Илм бўлмай туриб унинг маъноларини англаб бўлмайди.
Агар мағзин олибдур марди зоҳир,
Нечук қолди кўрунмай фашри зоҳир.
Бир киши Қуръоннинг маъноларини билса, унинг барча ҳукмларини тўғри англаса бундай кишига албатта Қуръоннинг зоҳири аниқ , тушунарли бўлади. У одам Қуръоннинг маъноларини бошқаларга ҳам тўғри тушунтура олади.
Эрур дин илми чун зардолу , эй дўст,
Мулаззаздур ани ҳам мағзи , ҳам пўст.
Дин илми ҳудди ўрикка ўҳшайди. Унинг мағзи ҳам, пўсти ҳам лаззатлидир.
Биродарлар , будур бу қулни арзи,
Вале бўлғайму қилғон тарки фарзи ?
Эй биродарлар, валий бўлиш учун доимо Аллоҳнинг фарзларини тарк қилмай ибодатда бўлиш керак. Фарзни тарк қилғон одам чинакам муршид бўла олмайди.
Эрур фиқҳи зарурий , фарзи айни,
Ёмондур турфа нодонлиғни шайни.
Ҳар бир одам фиқҳ илмидан кераклигича огоҳ бўлишлиги фарзи айндир. Умуман фиқҳдан бехабар бўлмоқ ёмондур.
Бу тарк узра бўлур тарки фаройиз,
Нечук бўлғай валий , тонгла аройиз.
Фиқҳ илмидан бехабар бўлган муршид ўз муридларини тўғри йўлга бошлай олмайди. Бундай одам авлиёлик даъвосини қилиши мумкин эмас , чунки у фарзни тарк қилган билан баробардур.
Агар у билмаса илми ақоид ,
Бўлур ул акбари ъосома оид.
Агар муршид бўлмиш киши илми ақоиддан бехабар бўлса , унинг муршидлиги дуруст бўлмас. У киши бўйнига катта гуноҳларни олибди.
Анингдек телба зотни , эй неку зот ,
Валий билма , агар кўрсанг кашуфот.
Муршид мен валийман деса , лекин ақоид илмидан бехабар бўлса , бундай муршидни телба деб билгин эй фаросатли одам. Агарчи сен у одамда кароматлар кўрсанг ҳам.
Юмиб кўз , уйқуда кўрган била кас ,
Валий билмас ани марди суханрас.
Муршидлик даъво қилаётган одам уйқуда , тушумда мен ундоқ бўлдим , мундоқ нарса кўрдим деб одамларни ўзига оғдиришга харакат қилса сен унга ишониб йўлдан адашма. Валийлик мақомига эришган одам бундай сўзларни гапирмайди.
Югурмакдин ўзни билса зиёда ,
Дегил отдин тушиб бўлди пиёда.
Агар ёлғон муршид одамларни ўзининг уйдирмаларига ишонтириб, вақтинча обрўларга эришиб такаббурликка кетса , сирри фош бўлгач у отдан туширилиб йўлига пиёда қайтарилибди.
Бурунги ҳолидан қилди таназзул,
Тушар саркашли қулни бўйнига ғул.
Юқоридаги каби такаббур , ёлғончи муршиднинг иши таназзулга юз тутиши аниқ. Бундай одамнинг бўйнига у дунёда оловли занжирлар осилур.
Не яхши ёр , ўзин билса гунаҳкор ,
Бўлур кўрган сари қўрқинчи бисёр.
Ўзини барча одамлар каби гунаҳлар қилгучи одам санаб , камтарин бўлиб юрган одам қандай яхши одамдир. Бундай одам ҳаётда турли ҳолатларни кўриб , қўрқинчи тобора ортади.
Агарчи бўлса кўп пинҳон сужуди ,
Кўрунмас заррача ориф вужуди.
Ўзини ориф билиб пинҳон саждалар билан машғул бўлган билимсиз одамда орифлик нишонаси бўлмайди.
Ризойи Ҳақ анинг мақсуди бўлса ,
Ҳаёву илму ҳилм жуди бўлса.
Анинг ихлоси қуллуқ бўлсаю бас,
Риёдин бўлмаса кўнглида бир хас.
Муршид бўлган одамнинг кўнглида фақатгина Аллоҳнинг ризолиги йўлида харакат , ҳаё , илм ва ҳилм хосил қилиш бўлса. Бу ишларнинг барчаси чин ихлос билан бўлса. Риё аралашмаса , бундай муршид ҳақиқий муршид бўлади.
Жамиъи ишларин солса Худоға ,
Қўлун топшурса ул марди Худоға.
Муршид бўлмиш киши барча ишларини Худоға солса. Қўлини ҳақиқий шайхга топширса , саодатга эришади .
Ҳ И К О Я Т И Ш А Й Х И М О М Б А С Р И Й
Имоми аҳли суннат шайхи Басрий
Умид улдурки , жаннат бўлса қасри.
Имоми Басрий улуғ имомларнинг бири бўлиб , аҳли суннат вал жамоатнинг имомлмридан эди. Умидимиз шулки Эшон Сўфи Оллоҳёрнинг дуолари ижобат бўлиб , Ҳасани Басрийнинг охиратдаги жойлари жаннатдаги қасрларда бўлсин.
Ани бор эрди бир оми муриди ,
Ва лекин танда эрди кашфи дуди.
Имоми Басрийнинг бир нодон муриди бор эди. У нодон бўлишига қарамай шайхи хизматида қоим эди. Кароматдан ҳам хабари бор эди.
Муриди келмади бир неча айём ,
Ўзи тобти ани ул шайхи ислом.
Ўша мурид бир неча кун шайхнинг мажлисига келмади. Шайх ўзи муридини излаб топти.
Деди ул омийни қилмоқ учун ол ,
“Манга асроринг айғил , эй неку хол”.
Шайх ўша омий муридини синамоқ учун деди:” Нима учун бизнинг сухбатимизга келмай қўйдинг”-дедилар.
Деди: “Ҳар гоҳки , хуфтон келса қарши ,
Етарман лаҳзада айвони Арши .
Малоикдек бўлиб Арш ичра мумтоз,
Худо бирлан узун шаб этарман роз “.
Муршид айтдики :” Ҳар куни хуфтон намози вақтида бир лаҳзада Арши Аълога бораман . У ерда Аллоҳ билан тонгга қадар сухбатлашаман”. Шайх Басрий айтдилар :
Деди :”Борсанг ўшал манзилга чун бод,
Бу мискин отини ҳам айлагил ёд”.
Ҳасани Басрий нодон муридларига : “Агар сен яна шу жойга борсанг менинг исмимни ҳам ёд эт”-дедилар.
Яна кечага ул манзилга етти ,
Ҳасан отин тилига жори этти.
Бузулғон кўрди арши дилкушойин,
Нажосатхонайеда кўрди жойин.
Нодон мурид кеч киргач ўзини яна ўша “арш” бўлиб кўринган жойда кўрди. У ерда Ҳасани Басрий исмини тилга олган эди , “арш” бўлиб кўринган жой бузулиб , ўзини ҳожатхонада кўрди.
Яқийн билди муни шайтон қилиб кайд ,
Қилур эркан уни ҳар кечаси сайд.
Мурид билдики уни шайтон йўлдан уриб , ҳар кеча унинг ҳийласига учибди.
Инобат қилди бориб қайта бошдин,
Муяссар этти илм отлиғ қуёшдин.
Мурид бориб Ҳасани Басрийга узр айтиб қайтадан у кишининг мажлисларига қатнай бошлади . Аллоҳ таоло у муридга илм қуёшини берди. У одам яхши мартабаларга эришди.
Бузар ботилни туз олимни зоти ,
Факайфа , ул ерда хозир бўлса зоти.
Бу ҳикоядан маълум бўлдики , олим кишининг оти ботил ишни бузади . Демак тўғри йўлга юриш учун бир олим муршид зарур экан.
Ариғ илму амалдур раҳбари ҳол ,
Бу икки бол билан учган ичар бол.
Илм ўрганмоқ ва унга амал қилмоқ билан ҳар бир киши мақсадга эришади . Ҳол илмида раҳбар бўлади. Бундай даражага етган одам албатта бол ичади.
Агар бўлмаса илминг , эй сабук сайр ,
Билур болинг-вуболинг барчасин хайр.
Эй шошқалоқ инсон! Илминг бўлмаса сенинг амалларинг ўзинг учун яхшидек кўринади. Яхши-ёмон амалларингни фарқига ета олмайсан.
Агар билсанг неку афъоли баддин,
Наъувзу биллаҳ андоғ мўътақаддин.
Қилинган ёмон амаллардан савоб кутсанг , бундойин эътиқоддин Аллоҳ ўзи асрасин.
М А В Ъ И З А
Кел , эй оқил , буюрсанг ақлинг ишга,
Ўзингдин кетмагил “доно” демишга.
Эй оқил одам, сен барча ақлингни ишлатиб Аллоҳни таниб , унинг барча фарзларини бажариб юрган бўлсанг ҳам , ўзингни доно ҳисоблама. Бу ҳолда такаббурликка кетиб қоласан.
Агар боло чиқиб , кетсанг ўзингдин ,
Йиқилғайсан тойиб ерга юзингдин.
Агар ўзингдан мағрурланиб , такаббурликка кетиб қолсанг , бир куни йиқилишинг аниқ.
Ўзин боло тутиб кибр айламакдин ,
На чобуклар йиқилдилар оёқдин.
Ўзини юқори тутиб ,кибрга кетиб қолган не-не зийрак одамлар охири шарманда бўлиб қолганларига тарихда мисоллар кўп.
Агарчи ҳар кеча дил махзанина ,
Боқарсан кўп туриб ,кўп турмасина.
Сен агар комолот топиб , турли сирлардан огоҳ бўлиб қолсанг ҳам ўзингни камтарин тут. Ҳар бир ишингни яхшилаб ўйлаб , сўнгра бажар.
Агар чандики бўлсанг қутби аброр ,
Дегил не донишим , не-да ишим бор.
Агар сен яхшиларнинг яхшиси бўлсанг ҳам, ўзингни камтарин тут. Менда на илму , на бирор яхши иш бор дегил.
Ниҳоли меҳнатинг берсун десанг бар ,
Ризойи Ҳақ учун илм эт муяссар.
Сенинг меҳнатингни ниҳоли мева берсун десанг , Аллоҳ розилиги учун илм истагин ва уни бошқаларга ўргатгин.
Агар боғингда бўлса гил риёси ,
Қачон бўлғай чироғингни зиёси?
Агар амалларингни боғига риёнинг туфроғи аралашган бўлса , у ҳолда сенинг илм чироғингни ёруғи бўлмайди.
Агар ҳоли риёдин холи эрмас ,
Ҳақиқат ул кишини ҳоли эрмас.
Илми ҳол билан машғул бўлган кимса риёдан холи бўлмаса , бу одамнинг ҳақиқат сирларидан огоҳ бўлишга ҳоли етмайди.
Ўқур бўлсанг ўқ ур нафсинг кўзина ,
Қара чин кўз билан Мусҳаф юзина.
Сен ўқиш , илм ўрганиш харакатида бўлсанг нафсингдан ғолиб бўл , яъни уни жиловлаб ол . Ҳусусан Қуръон ўрганишда бутун вужудинг билан кириш.
Муҳаққақ олим улдур , одил ўлса ,
На кўп жо дил югуртиб , жодил бўлса.
Ҳақиқий олим барча ишларни одиллик билан хал қилувчи одамдир. Бу олим аввало айтганларига ўзи амал қиладур.
Жадалдин қолки , қил устиндадур қол ,
Йиқилсанг ё йиқитсангдур забун ҳол.
Ҳақиқий олим бахслашувдан йироқ бўлади . Зероки илми “қол”да , яъни сўзлашув илмида “қил” сўзи кўп қўлланилади . Баҳсларда енгсанг ҳам , енгилсанг ҳам маломатга қолурсан.
Вужудинг уқбаси эрмас алоша ,
Тал оша келган ўлтурмас талоша.
Эй оқил инсон , сенинг вужудингни тоғи унчалик балан эмас. Яъни сенинг илминг маълум бир чегара ичидадир , чексиз эмас. Шундай бўлгач бахслашувдан фойда йўқ. Бахслашув оқибатида обрўйинг кетиб қолиши мумкин.
Ўқурдиндур ғараз Тангри ризоси ,
На ул илмики , бўлғай халқ ризоси.
Бахслашишдан қайтаришдан мақсад Тангри розилигини топишдур. Илмни ўрганишдан мақсад халқга фойда келтириш . Агар аксинча бўлса , бундай олимдан халқ норози бўлади.
Ёниб келганда меҳнат шамъи эй ёр ,
Ёниб , тутма ҳаво бодиға зинҳор.
Кўп машаққатлар билан ўрганган илмингни , бўлар-бўлмас ишларга ишлатиб , ҳавога сарфлагандек бўлма эй дўстим.
Замона халқи аксар толиби қадр,
Бўлай деб садри мажлис , қон қилур садр.
Замонамизнинг илм истагувчилари асосан халқ орасида обрў олиш, ёки бирор мартабага эришиш мақсадидадурлар. Бундай мақсад билан охират мартабасини топиб бўлмайди.
Ўқубдурсан агар холис маони ,
Юрак қони билан асори қони ?
Агар сен илмни холис Аллоҳ учун ўрганиб , одамларга ҳам холисона бу илмни ўргатганингда эди , сенинг мехнатларинг натижаси, юрагинг қони асорати, кўринган бўлар эди.
Агар қилдинг муяссар илм ишидин ,
Аёғинг босма эгри , кўр кишидин.
Билиб ўз душманинг қилма анга ҳарб ,
Кўриб ўтқа ўзинг солмоқ нечук зарб ?
Илмни ўрганиб уни қай йўлларга сарфлашни ҳам билиш керак . Бу илмни бекорга сарфлаш ёки уни душманга ўргатиш , ҳудди билиб туриб ўзини оловга ташлаш кабидир.
Мувофиқ илмига қилса ишини ,
Дегил арбоби илм андоғ кишини,
Олим одамнинг қилган ишлари илмига монанд бўлса , бундай олимни арбоби илм дегин.
Таварруъ шартида , эй мардикори ,
Керакдур албатта қорию-қори.
Бир олим ўзи яшаб турган манзилда тақво билан иш юритса , бу олим албатта ўзи тақволи , сабрли , андишали одам бўлмоғи керак.
Ҳ И К О Я Т И Б А Д Б А Х Т О Н
Битибдур “Жомиъи мишкот” ичинда,
Набийдтн сўрди бир сўрғувчи банда.
Бир куни бир одам Пайғамбаримиз ( Саллаллоҳи алайҳи васалламдан ) сўради. “Жомиъи мишкот” китобида ёзилган. Сўрагувчи одам Абдуллоҳ ибн Масъуд эдилар.
“Ёмонларнинг ёмони қайси бир инсон ?”
Жавобин бермади анга ўшал он.
Уч айғон сўнг жавобин берди они ,
“Ёмон олим , ёмонларнинг ёмони”.
Сўрагувчи одам : “Ё Расуллулоҳ айтингчи , ёмонларнинг ёмони ким”,-дедилар . Унга пайҳамбаримиз (С.А.В.) дарҳол жавоб бермадилар. Савол уч марта такрорлангач айтдилар : “Ёмонларнинг ёмони илмига амал қилмайдиган олимлардир . Улар илмларини пулга сотарлар “.
Яна айди ўшал ҳамрози маҳбуб ,
Ки :”Хўбларнинг хўби ҳам олими хўб”.
Аллоҳнинг сирдоши Пайғамбаримиз (С.А.В.) яна айтдиларки :”Яхшиларнинг яхшиси хам , яхши олимлардур “.
Деди Пайғамбари оламга ҳодий ,
“Эрур дўзахда бир шиддатли водий.
Ўшал водийни “Жуббул ҳузн” оти ,
Риёлик қорийлар жойи ул водий.
Жаҳаннам кунда тўрт юз қатла андин ,
Паноҳ истар Худои зул-минандин”.
Олам аҳлини тўғри йўлга бошловчи Пайғамбаримиз ( С.А.В.) дедилар :”Дўзахда бир водий бор , унинг оти “ Жуббул ҳузн”( Қайғу водийси.) деб аталади. Бу водий дўзахнинг ўртасига жойлашган. У жойга риёкор қорилар , риёкор олимлар , эрларига қаттиқ гапирган аёллар ва ота-онасини ранжитган одамлар тушадилар . Ул водийнинг ҳайбатидан жаҳаннамнинг ўзи ҳам Аллоҳдан паноҳ истайди .
Худовандо йироқ этгил риёдин ,
Айирма сидқу иҳлос ва зиёдин.
Эй Тангрим , бизларни риёкорликдан йироқ қилгин. Сенга бўлган иҳлосимиз ва иймонимиз нуридан айирмагин. (Омин.)
ТАКАББУРЛИК ҚИЛМАЙ , ТАВОЗУЪЛИК ИХТИЁР ҚИЛМОҚ БАЁНИ
Кел эй зоҳид , қўлунгдин берма тоат ,
Зиёд эт тоатинг соат- басоат.
Эй қалбини Аллоҳга боғлаган банда , тоат ва ибодатингни ҳеч канда қилма , балки уни соат сайин орттириб бор.
Уётлиғ пеша қил хавфи тамаъдин,
Риёзат ила тақвоу вараъдин.
Бировдан бирор нарсани тамаъ қилишдан қўрқин , чунки тамаъ бу жуда ёмондур. Ибодатда бўлиб нафсинг хохишига юрма. Нафсингни қийна , тақво қил.
Фароғат бирла ошиқ ҳеч етарму ,
Киши роҳат бирла ошиқ этарму ?
Аллоҳга ошиқ бўлган одам , фароғат истаб тинч ёта оладими ? Аксинча у одам маъшуқиға етиш учун тинмай ибодат билан машғул бўлади. Бу дунё роҳатларидан воз кечади.
Агар қул Хожасин жўйинда бўлса ,
Етарму йўлда ошиқ , банда бўлса ?
Агар қул Хожасига чиндан ҳам ошиқ бўлиб , уни излаб йўлга чиқса , албатта у Хожасига етади. Ошиқлиги чин бўлмаса , у ҳолда ета олмайди.
Егил кам , кеча турмоқдин есанг ғам,
Бўлур иш кам , агар кўп тўйса ишкам.
Кечалари туриб тоат , ибодат ила машғул бўлмоқликни истасанг , камроқ еб-ичгин. Маълумки кўп есанг қорнинг шишиб кетиб ишлашингга йўл қўймайди. Ибодатдан қолдиради.
Эгам аҳд этса “Фатлубний тажидний”,
Қўярму бандалар бу жаҳду жадни ?
Аллоҳ таоло :”Мени изласанг топарсан”-деб айтганини билган бандалар , Аллоҳни излашдан тўҳтайдиларму ? Асло ундай эмас.
Оғир жисминг агар бўлсун десанг соғ,
Саноч оғзин сан оч , албатта камроғ.
Тану жоним соғ бўлсун десанг камроқ еб-ичгин. Саноч бу ерда меш маъносида келмоқда , бу мешнинг оғзини камроқ очиш керак.
Риёзат мевасидур мисли ёнғоқ ,
Агарчи зоҳири тош , ботини ёғ.
Риёзат чекиш , яъни оч юришнинг натижаси ёнғоққа мисол келтирилмоқда. Оч юриб ўзингни қийнаш ташқаридан қараганда ҳудди ёнғоқ пўсти каби тошдек бўлса хам , унинг натижаси ёнғоқ ичидаги ёғли мағизига ўхшайди. Бу дунёда риёзат чеккан одам , охират яхшиликларига эришади.
Маишат аввали нарм , охири қаҳр ,
Йилоннинг таши юмшоқдир , ичи заҳр.
Маишатнинг аввали роҳат бўлади , натижада эса Аллҳнинг қаҳрига учрайсан. Маълумки илоннинг усти юмшоқ бўлгани билан , ичи тўла заҳардур.
Риёзат хокига ҳар кеча ур бош,
Юрак қон айласа , лаъл атанур тош.
Риёзат чекиб , кечалари ибодатлар билан машғул бўлиб узингни қийнасанг,Аллоҳнинг наздида сенинг ҳурматинг ошади. Юрак қонингни қийнаб уни тошга айлантирсанг , у тош лаъл бўлади.
Белингни боғлагил хизматга чуун най,
Шакар тўлдурса , шояд қалбинга Ҳайй.
Сен риёзат камарини белингга боғлаб , Аллоҳ йўлида қамишдек туриб хизмат қилгин . Аллоҳ сенинг хизматларинг эвазига сенинг қалбингни иймон нури билан тўлдирса. Шакар қамиш ичи шакар қуми билан тўлгани каби.
Билур оқил бу дунни сижни бадбўй,
Баланд уй истасанг , нафсинг кўзин ўй.
Ақилли одам бу дунёни ёмон ҳидли зиндонга ўхшатади . Бу зиндондан чиқиб , боқий яхши уйни истаган одам унинг харакатида бўлиши керак . Бунинг учун нафсингни кўзини ўйиб , ўзингни тоат-ибодатга боғлаб , Аллоҳнинг розилигига эришишинг лозим бўлади.
Тўшаб қолин , ёпиб тоат жамолин ,
Қўйибсан бошингга болин ваболин.
Тўшагингни қалин қилиб , яна устингга ҳам ёпинчиқ ёпиб роҳатланиб ётурсан . Бошингга ҳам қават-қават ёстиқлар қўйиб олгансан . Бу билан сен тоат ва ибодатнинг юзини ёпиб олдинг.
Тели нафсинг тила тоатга кам-кам ,
Магар бўлғай эгилмас гарданинг ҳам.
Сен телба кўнглингни тоатга , ибодатга аста-секин ўргатиб бор. Зеро уни ёшликдан ўргатиб бормасанг , эгилмас бўлиб қолади . Натижада бўйнинг эгилиб , яъни уялиб қолишинг мумкин.
Кўзингни айла ғафлат уйқусин дур ,
Ва лекин бўлмағил тоатга мағрур.
Кўзингдан ғафлат уйқусини узоқлаштир , яъни кўп ухламай ибодат билан машғул бўл . Қилган ибодатларингга мағрурланиб , ўзингдан кетиб қолма.
Агарчи бўлсанг аҳли илму зуҳҳод ,
Такаббур қилмагил , аслингни қил ёд.
Сенинг илминг харакатларинг туфайли юқори даражаларга етишган тақдирда ҳам , ўзингни кимлигингни эсдан чиқарма . Аслинг сени туфроқдан эканлигини унутма.
Такаббурлик айламак шайтон фиъоли ,
Йиғию зоридур одамнинг ҳоли.
Эришган илмига такаббурлик қилиш бу шайтонга хос ишдир . Одам эса илмига шукр қилиб , Аллоҳдан илми бундан ҳам зиёда бўлишини зорланиб сўрамоғи керакдур .
Риёзат бирла ҳам очсанг кўзингни ,
Азозилдек улуғ тутма ўзингни.
Риёзат бобида юқори мартабаларга эришган бўлсанг ҳам , ўзингни камтарроқ олиб юр . Маълумки Азозил илмига мағрур бўлиб , такаббурлик қилгани учун , Аллоҳнинг даргоҳидан қувилди.
Агар ернинг юзига айласанг дарс ,
Такаббур бўлмағил , бўлғил Худотарс.
Илм бобида тенгги йўқ олим бўлиб , дунё аҳлига дарс берсанг ҳам , такаббурликка кетма . Доимо Аллоҳдан қўрқиб яша.
Сани кирган йўлинг турфа узоқдур ,
Орада сони йўқ банду тузоқдур.
Тарикат илмига олиб борадиган йўл жуда узоқдир . Бу йўлда сон-саноқсиз дому тузоқлар бордур.
Ажаб йўлдир , орада кўп хатар бор ,
Киши билмас чибин етгайму , шунқор.
Бу йўл шундай йўлки , хавфу-хатарларга тўла . Бу хавфларни ким енга олиши ҳам номаълум . Кичкина чивин енгадими , ёки шунқор енгадими. Бунга мисол тариқасида Азозилни келтирамиз , у илимда тенги йўқ эди , лекин такаббурликка кетиб шарманда бўлди.
Киши билмас бу уммон остида фош ,
Жавоҳирпора қиймат борму ё тош ?
Тоату-ибодатни денгизга қиёс қилсак , бу денгизнинг остида нима борлигини биз билмаймиз . Унинг остидан биз жавоҳир топамизми ёки бир оддий тошми ? (Бунинг сири ёлғиз Аллоҳгагина маълум. ) Шунинг учун биз қанча ибодатлар қилсак ҳам , қабул бўлишини Яратгандан доимо илтижо қилиб сўраймиз.
Агар чандики гавҳарпорадурсан ,
Яқийн бил бандасан , бечорадурсан.
Гарчи сен тенги йўқ олим бўлсанг ҳам , билгилки ожиз бандасан. Шуни эсдан чиқарма.
Ҳамиша бандадандур зори қилмоқ ,
На ҳаддур бошини юқори қилмоқ .
Сен бандалигингни эсдан чиқармасдан , ҳамиша Аллоҳга ёлбориб ўзингга ва яқинларингга омонлик , яхшилик тилаш билан машғул бўлгин . Такаббурлик қилиб бошингни юқори қилишга ҳаддинг йўқ.
Тавозуълик бўлиб , тутгил ўзинг кам ,
Шажарким , бўлса мевалик бўлур хам.
Ҳамиша ўзингни кам тутгил , тавозуълик бўлгин. Маълумки дарахтнинг меваси кўп бўлса , шохлари эгик бўлади.
Теракким , ул кўтарди юқори бош ,
Самарсиз бўлди , кўрдингму ани фош ?
Терак дарахти бўйи узун ва тик бўлгани билан меваси йўқдир. Шу теракка ўхшаб бошингни юқори тутиб , такаббур бўлсанг Аллоҳ наздида мартабанг паст бўлади.
Кишиким хоки роҳдур , бериёдур ,
Яқийн билгилки , кўзга тўтиёдир .
Агар одам туфроқ каби ўзини хор тутса , риё нима эканлигини билмаса , бундай кишининг оёғи остидаги туфроқни кўзингга тўтиё қилсанг арзур.
Кетар дамда тўлай деб паст ўтар кун ,
Сабоҳ чиқса бўлур оламдин устун.
Қуёшдан ибрат олгин , у ботар вақтида жуда паст бўлади . Тонг ёришганда эса ҳаммадан баланд бўлади ва бутун дунёни мунаввар қилади.
На бўлғай қатрадек қилсанг ўзинг гум ,
Гуҳар бўлсанг , то қилсанг тожи мардум .
Сен ўзингни садафнинг оғзига тушган томчидек тутиб , ўзгаларга мақтанмасдан илм билан пинҳон машғул бўлгин . Ажаб эрмаски сенинг илминг бир меъёрга етгач халойиқ уни англаб сени бошига тож қилса. Садафнинг ичидаги томчи куни келиб инжуга айланиб , подшоҳлар бошига тож бўлгани каби.
Агар файз истасанг , қилма такаббур ,
Буюкка оқмагай баҳр ўлса ҳам пур.
Эй одам боласи , илминг зиёда бўлиб халқ ичида обрўйинг жуда баланд бўлганда ҳам , такаббурликка кетма . Кўрмайсанму охир денгизнинг суви қанчалик тўла бўлса ҳам , сув юқорига оқмайди.
Агар тутсанг тариқи Мустафони ,
Ёмон куйдур такаббур , куйдур они.
Агар сен ўзингни Пайғамбаримиз (С.А.В.)нинг чин уммати деб ҳисобласанг такаббурлик қилма . Такаббурлик кўчаси ёмондир . Ул кўчани иймон ўти бирлан куйдуриб ташла.
Оғир тутди ўзини санги хора .
Талаб бозорида кирмас шумора.
Тош ўзини оғирлигига мағрур бўлиб такаббурлик қилди . Натижада унинг нархи арзимас бўлиб қолди.
Кичик билди ўзини ҳолини дур ,
Баҳосидур харидор олдида пур.
Дур ўзини кичик тутгани сабабли , унинг нархи харидор олдида қийматлидур.
Эгармиш жазби ишқ шикаста касни ,
Йиғар гирдоб аксар хору-хасни.
Аллоҳнинг ишқи кишини тавозуъли ва камтар бўлишга ўргатади. Сув устидаги гирдоб хору-хасни йиғиб кетгани каби.
Агар нафсинг ҳамиша тутмасанг кам ,
Дуруст ихлос бирла бўлмағай ҳам.
Агар сен нафсингни жиловини ушлаб олмаган бўлсанг , демак сенинг ихлосинг дуруст эмас экан.
Ҳ И К О Я Т И А З И З И
Азизи комилни жоҳили хом ,
Қабиҳа лафзи бирла берди дашном.
Бир азиз одамни , иккинчи бир жоҳил одам бўлмағур сўзлар билан хақоратлаб турар эди. (Нақлларда айтилишича бу азиз одам шайхи Шиблий бўлиб , уни хақорат қилиб турган одамнинг исми Абдураҳмон ибни Масъуд эди.)
Тутуб соқолини ул марди хушхўй ,
Дер эрди ўз танига:”Эй хунук рўй,
Сани расволигингни эртаю кеч ,
Ўзум айғонға бовар қилмадинг ҳеч.
Бу мўъминдин эшитиб , келтур инсоф,
Шайх Шиблийни хақоратлаб турган одам кетгач , у киши соқолларини ушлаб ўзларига дедилар : “ Эй бадбашара нобакор , у одам юзингга барча айбларингни айтди. Мен ўзим ҳам доимо бу айбларни билар эдим , лекин вақтида хатоларимни тузатмадим . Мана энди бу айбларни ўзга кишидан эшитиб инсофга келарсан . Энди мен фалончиман деб такаббурликка бормағил . Балки тавбвю истиғфор қилиб , айбларингни тузат”.
Ана инсоф , ана хулқ эй биродар ,
Ўзингни айбинга сан ёпма чодар.
Бундай инсоф ва хулқдан ибрат олиб ўзингни хулқингни гўзал қилишга интил . Айбингни беркитишга урунма , уни тузатишга харакат қил . Хатоларингга тавба қил .
Агар сен қилмасанг нафсинг шикасте ,
Етар соқолинга ҳар куни дасте.
Агар сен нафсингни жиловлаб ололмасанг у ҳолда халқ ичида обрўйинг кетиб қолади. Сени соқолингдан тортиб хақоратлагувчилар кўпайиб кетади . Шунинг учун ўзингни хақир тут , мағрурланма.
Т А В А К К У Л Б А Ё Н И
Кел эй ошиқ , кўнгилни айлагил пур ,
Тариқи Каъбаи мақсудинга кир.
Эй Аллоҳга ошиқ банда , кўнглингни унинг ишқи билан тўлдир. Мақсадинг Каъбаси сари астойдил интил.
Нечук бўлғай дебон , андиша қилма,
Таваккул айла , ўзга пеша қилма.
Бу йўлга киргач қандай бўлар экан , деб турли ҳаёлларга борма . Таваккал қил , бошқа ҳеч нарсани ўйлама.
Таваккул бандани йўлдоши бўлса,
Ажаб эрмас , қора тош оши бўлса.
Банда Аллоҳга таваккал қилса , яратгучи унинг ризқини ғойибдан етказиб туради . Бунга мисоллар кўп.
Агар ҳиммат кишини ёри бўлса ,
Ажаб йўқ , ҳарзалар бозори бўлса.
Агар одам ҳимматли , иймони бутун бўлса , ундай одамга тоғу-тошлару , чўлу- сахроларда ҳам бозори ривож топади.
Етар охир таваккул айлаган қул ,
Таваккул қил , таваккул қил , таваккул.
Таваккул қилган киши охири бир кун мақсадига эришади.
Эрур бир ихтиёри жузъи сандин ,
Талаб қилғонинга еткурмак Ондин.
Аллоҳ сенга мақсадга эришмоқ йўлларини кўрсатди . Сен шу йўлдан адашмасдан юриб , қолганини Яратганнинг ўзига тавакал қилгин. Ажаб эрмаски Аллоҳ сени мақсадингга етказса .
Агар тутса Худо , қул хотирин пос ,
Чиқар ҳар гўшайедин Хизру , Илёс.
Таваккул қилган кишини Аллоҳ хотирини сақлаб турса ва ундан мархаматини дариғ тутмаса , ул кишининг йўлидан Хизр ва Илёс алайҳуссаломлар чиқиб ёрдам бериб турарлар.
Агар биткурса Мавло қул ишини ,
Қилур мушфиқ кўзига ҳар кишини.
Аллоҳ бирор одамнинг ишини битишини ирода қилса , унга учраган ҳар бир одамни ёрдамчи қилиб кўяди.
Агар лутф айласа , бўстон бўлур чўл ,
Олов ўртасида пайдо бўлур йўл.
Аллоҳ ирода қилса бир зумда чўллар бўстонга айланиб , у ерда турли неъматларни хосил қилади . Хохласа оловнинг ўртасида йўл қилиб бандасини асрайди (Иброҳим ҳалилуллоҳни асрагани каби).
Ўтарда аждар оғзин сўрса пойинг ,
Зиён этмас омон этса Худойинг.
Аллоҳ ўзи асраган бандасини оёғини аждаҳо тишлаб сўрганида ҳам, унга зиён етказа олмас.
Эгам “Қум!” деди , қумдин чиқиб част,
Муҳаббат қумқумидин қил ўзинг маст.
Аллоҳ таоло “Тур Мени топгил” деди. Бу чақириққа асосан сен тез ўрнингдан туриб , Аллоҳни иста . Аллоҳнинг муҳаббатига тўла жомдан ичиб , унинг ишқи билан маст бўл.
Бузуғ ерда ётиб бўлмас ишинг беҳ ,
“Маконан тоййибан , фазҳаб биавниҳ”.
Бу бузуқ дунёда Аллоҳни истамай ётишимиз , ғафлатдан ўзга нарса эмас. Шундай бўлгандан кейин сен доимо Аллоҳни истаб , жаннат сари юрмоқ қасдида бўлгин.
Агарчи бўлса санда аҳли фарзанд,
Яратибдур аларни ҳам Худованд.
Ўзи қилди аларни жисм ила жон,
Берур албатта жон берган , Худо нон.
Бола-чақаларим бор деб, уларнинг таъминотини қиламан деб, ибодатдан қолма. Чунки бола-чақаларингни ҳам Аллоҳ ўзи яратибдими, ризқини ҳам ўзи беради.
Азиз жон чиқмаса қолибларидин,
Камаймас неъмати Ҳақ лабларидин.
Одам яратилибдими , энди унинг танидан жони чиқмагунча Аллоҳ унинг ризқини етказиб туради.
Саноғлиғ умридин то жон тугалмас ,
Якийн бил оғзидин нон тугалмас.
Юқоридаги фикрларга хулоса қилиб айтиляптики, одам бола чақамни едираман , ичираман ва кийинтираман деб Аллоҳнинг ибодатидан қолиб кетмаслиги керак. Ризқни бергувчи Раззоқ ўзи тақдир қилганидан ортиқ бўлмас.
Агар дарё тубинда бўлса жойинг,
Баҳона бирла еткургай Худойинг.
Агар дарёнинг тагида бўлсанг ҳам, Аллоҳ сенинг ризқингни етказиб туради.
Ғараз ҳар қайда, эй фарзанди одам,
Саноғлиғ рўзий ҳаргиз ўлмағай кам.
Қаерда бўлсанг ҳам Аллоҳ таоло сенинг ўлчоғлиғ ризқингни етказиб туради. Ундан кам ҳам бўлмайди, ортиқ ҳам бўлмайди.
Кишини бўлса мундоғ эътиқоди,
Анга бўстон эрур ҳар қайси водий.
Ҳар бир одамнинг эътиқоди юқорида таърифлангандек бўлса, унниг учун ҳамма жой бўстон бўлиб кўринади.
Вужудинг хору хошоки қолиндур,
Ёлинсанг ҳам ҳаво учмас ёлиндур.
Агар сен дунёнинг ҳою-ҳовасларига алданиб арзимаган мол дунё учун, ибодатларингдан воз кечсанг у ҳолда кейинги ялинишларинг ҳавога учмаган ёлин каби бўладур.
Миниб ҳиммат буроқин Ҳақ болиндин,
Ёлин маҳкам тутуб сачрат ёлиндин.
Ҳиммат отини миниб, турли бидъатлар ўрмонидан чиқ. Бу отнинг ёлидан маҳкам тутуб, эътиқодинг учқунларини таратиб бошқаларни ҳам ўзингга эргаштир.
Етибдур соли умринг, эй табаҳ ҳол,
Таваккул соли мақсуд баҳрина сол .
Умринг охирлаб қолдику, эй ҳоли бузуқ одам. Энди сен таваккул солини ясаб, мақсадинг денгизига сол.
Кириб жон бағрина, эй нафси золим,
Дема :”Солим мани етгайму солим ?”.
Таваккул денгизига кирдингми, энди сен бошқа ишларга чалғима, эй нафси золим инсон. Менинг солим бу денгиздан саломат ўтадиму деб қайғурма.
Етар-етмаслигингдур ҳукми Раббда,
Эранлар шартидур, ўлмоқ талабда.
Сенинг солинг етар-етмаслиги Аллҳнинг ҳукмига боғлиқдур. Лекин сен Ҳақни истамак талабидан қолма, бу иш бизларга эранлардан меъросдир.
Таваккулни талаб қил, эй одамизод,
Югургил Каъбаи мақсудга чун бод.
Эй одамзот, доимо Аллоҳга таваккал қилиб, мақсадинг Каъбаси сари югур. Чунки умрга ишонч йўқ.
Кириб йўлға, кўруб аълому осор,
Узун бар, деб гумонбар бўлма зинҳор.
Тариқат йўлига киргач турли қийинчиликларга дуч келишинг мумкин. Турли ғаройиботлар ҳам содир бўлади. Бундай ҳолатда эътиқодингни маҳкам ушла. Мен юқори мақомларга эришиб қолдим деб, ўзингдан кетиб қолма. Бу йўл бепоён экан деб гумонга бориб қолма.
Бу бормоқда агар бормоқ солур шер,
Қачон қайтар таваккул айлаган эр ?
Таваккал қилиб Ҳақ томонга юришликда сенга турли хавф-хатарлар учраши мумкин. Агарчи арслон хужум қилганда ҳам чекинмасдан мақсад сари юрган киши, албатта унга эришур.
Хатардин аҳли ҳиммат хийра бўлмас,
Агар эл тийра тутса, тийра бўлмас.
Эътиқоди мустахкам, ҳимматли киши хавфу-хатардин қўрқмас. Хаттоки ҳамма одамлар уни ўққа тутса ҳам.
Таваккулдин кишиким олса баҳра,
Қачон заҳра ўлур ғарқ ўлса заҳра ?
Таваккал қилиб ундан фойда кўрган инсонни, заҳар тўла денгизга ташласалар ҳам, у қўрқмайди.
Ема рўзий ғамин ҳеч ерда, эй ёр,
Ким асроринг билур, Ул яхши асрор.
Сен ризқу-рўзинг ғамини қилма. Барча сирларни билгувчи Аллоҳ сенинг ризқингни етказур.
Худоға қилса ҳар ким хўб таваккул,
На ерда бўлса зойеъ бўлмас ул қул.
Аллоҳга чин таваккул қилган банданинг ризқини Худойи таоло доимо етказиб туради. У банданинг харакатлари зоеъ кетмайди.
ҲИКОЯТИ АБДУЛЛОҲ ИБНИ МУБОРАК
Муборак ўғли бир кун азғуриб роҳ,
Ажойиб сувсоғанда кўрди бир чоҳ.
Абдуллоҳ ибн Муборак Шомдан Мадина сари кетаётганларида йўлдан адашиб, қаттиқ чанқаганлари ҳикояларда келтирилгандир.
Кечурди кўнглида то бўлди матлуб :
“Агар далву расан бўлса эди хўб “.
Шунда узоқдан бир қудуқ кўринди. Кўнгилларидан ўтказдиларки: “Қани энди шу қудуқда челак билан арқон ҳам бўлса яхши бўлар эди”,-деб.
Ўшал дамда бир оҳу келди сувсаб,
Тошуб чиқди қудуқни оғзина об.
Қарасадарки қудуқнинг олдига бир чанқоқ оҳу келган эди , қудуқдан сув тошиб чиқди.
Ул ичган сўнг ўшал шаҳ борди чаҳга,
Етар-етмасда ул сув тушти таҳга.
Оҳу сув ичиб қонди ва йўлига кетди. Абдуллоҳ ибн Муборак қудуқ олдига боргунларича сув қудуқ тагига тушиб кетди.
Деди: “Ё Рабб, берурсан оҳуга об,
Менга бермассан, эй Султони Ваҳҳоб?”.
Абдуллоҳ ибн Муборак ҳайрон бўлиб дедилар:”Ё Раббий, нима учун оҳуга сув берасану менга эса бермайсан. Иккаламиз ҳам Сен Ўзинг яратган маҳлуқотларингмизку “.
Нидо келди ўшал важҳи ҳасанга:
“Тилинг борди сани далву расанга.
Ўшал оҳуки, кўрдинг чиқти ерга,
Таваккул қилмади Биздин дигарга”.
Чиройли қоматли Абдуллоҳ ибни Муборакка нидо келдики: “Эй Абдуллоҳ сен қудуқни кўрганингда кўнглингга арқон билан челак ҳам бўлса эди, деган фикр келди. Оҳу эса фақатгина Менга таваккул қилди”.
Эшитиб бул нидони бўлди беҳуш,
Ичидин Қулзуми завқ айлади жўш.
Бул нидони эшитиб Абдуллоҳ ибн Муборак беҳуш бўлиб йиқилдилар. Ичларида Аллоҳнинг завқи Қулзум денгизидек жўш урди.
Муҳаббат жоми ҳўл қилди тамоғин,
Тирикликда унутди сувсамоғин.
Аллоҳга бўлган муҳаббати янада ортиб, Абдуллоҳ ибн муборакнинг томоғи муҳаббат жомидан ҳўл бўлиб, тирикликларида чанқашни унутдилар.
Эди аввалда ҳам эр атқиёда,
Юз онча ҳиммати бўлди зиёда.
Абдуллоҳ ибн Муборак тақводор одам эдилар. Бу воқеъадан кейин тақволари юз баробар ортди.
Мане мискин таваккул бобида доғ,
Тушубдур ҳимматим кун-кундин забунроғ.
Ҳикоят тугагач сўфи Аллоҳёр ўз тилларидан демишларки:”Мен мискиннинг таваккул бобидаги харакатларим суст. Амалларим кундан-кун камайиб бормоқда.
Ҳамиша нафси зиштим мубталоси,
Манингдек борму ҳеч мўъмин болоси.
Мен ҳамиша нафсимнинг ҳохишини бажариш билан овораман. Ҳеч бир мўъмин боласи мендек бўлмаса керак.
Илоҳо, баҳри ҳимматдин қилиб сер,
Мане хунсога эрлар нашъасин бер.
Аллоҳим, мендек ҳимматсиз қулга ўзинг ҳиммат ато қил. Яна мендек қўрқоқ қулингга эр йигитлар ғайратини бер.
Эрурман ақли йўқ, идроки йўқ қул,
На тамкин бор, на ҳиммат, на таваккул.
Мен бир ақлсиз, идроксиз қулман. Менда на қатийят, на ҳиммат, на таваккул бор.
Гила боттим, гила қилмам кишидин,
Кўрармен барча, ўз нафсим ишидин.
айбламайман. Мен буларнинг барчасини ўз нафсимнинг ёмонлигидан деб биламан.
Бу мўъминлар ичида бир баломан,
Бузуқ йўлдан чиқолмай мубталоман.
Мўъминларнинг ичида мендек балоларга гирифтор бўлгани йўқдир. Шу бузуқ йўлга кириб қолиб, энди чиқолмай оввораман.
Бўлубман ғарқ баҳри изтироба,
Хароб ўлмишман, тушуб нафси хароба.
Пушаймонлар денгизига ғарқ бўлдим. Бу шум нафсим мени хароб қилди.
Эрур кўнглимда кўп зори ниҳони,
Юзум йўқдур туруб айтарға они.
Менинг кўнглимда яширин сирларим кўп. Уларни изҳор қилишга юзум чидамас. Ўз қилмишларимдан уялурман.
Ўзингсан Олими сирру хафиййот,
Муайиндур Санга мажмуъи ҳолот.
Аллоҳим Сен Ўзинг барча сирлардан огоҳсан. Шунинг учун Сенга сирларимни айтишнинг хожати йўқ.
Агар қайтармасанг раъйим вародин,
Қутулмасман мунингдек можородин.
Эй Аллоҳим мени нафсим раъйига юришдин Ўзинг қайтармасанг, у ҳолда мен бошимга тушган можоролардан қутула олмайман.
Агарчи сони йўқ бу қул гуноҳи,
Гирифтори ғазаб қилма Илоҳи.
Агар менинг гуноҳларим ҳисобсиз бўлса ҳам, Менга Ўзинг раҳим қил. Азобингга гирифтор қилма.
Д А Р В И Ш Л И К Б А Ё Н И
Кел, эй дарвиш, агар дарвиш атандинг,
Тариқи Каъбаи мақсуд атандинг.
Эй дарвиш, (яъни сўфий) ўзингга шу йўлни танладингми, энди огоҳ бўл. Сенинг мақсадинг Каъбаси энди тариқат йўлидир. Танлаган йўлинг ва исмингга хилоф қилма.
Агар отинг хилофи бандаликдур,
Қиёмат кун нечук шармандаликдур.
Агар сен исмингга ва йўлингга хилоф иш қилсанг, қиёматда шарманда бўлурсан. Сени турли ёмон исмлар билан чақирурлар.
Қуруқ от била ўтган ҳайф авқот,
Уётлиғ бўлма, мағрури қуруқ от.
Амалинг бўлмаса, унда умринг хайф ўтибди. Шунинг учун олган исмингга мос амал қилгин. Акс ҳолда уялиб қоласан.
Қуруғ юрма қуруғ дасти ажалда,
Солур ногоҳ гумон этмас маҳалда.
Сўфий номини олдингми, энди шунга яраша амал қил, бекор юрмагин. Чунки ажалнинг сиртмоғи қачон бўйнингга солинишини билмайсан. Бу сиртмоқ ҳеч кутмаган вақтингда бўйнингга солинур.
Ўзингдан кетма ихлоси авома,
Суюнма нома келмай яхши нома.
Одамлар сени муршид билиб, сенга ихлос қилишларига алданиб, такаббурликка кетиб қолмагин. Сенга қиёматда номанг ўнг қўлингдан келгандагина қувонишга ҳақлисан.
Киши рўда кийиб гар юрса рўда,
Қачон восил бўлур дурри шуҳуда.
Денгиздан дурру, инжулар олиш мақсадида бўлган одам, кийимини ечмасдан денгиз қирғоғида юриш билан мақсадга эришмас. Денгиздан инжу тераман деган одам, ечиниб сувга тушиши керак бўлади. Денгизга шўнғиб унинг остидан инжуларни олади.
Сивани нафъи эканин айла исбот,
Таваккул баҳрина бот, эй кўнгил бот.
Сен чинакам Аллоҳга ошиқ эканлигингни амал билан исботла. Таваккулнинг денгизига қайта-қайта бот.
На бўлғай кирса қўлга дурри мақсуд,
Вагар на сувда юргандин нечук суд?
Аллоҳга астойдил таваккул қилиб, шу билан бирга амалда ҳам пешқадам бўлсанг мақсадинг дуррига эришасан. Аксинча бўлса, сени сув устида юришингдан фойда йўқ.
Кўнгил Ҳақ файзина бўлсун десанг чок,
Ки аввал мартаба ҳалқингни қил пок.
Қалбингга Аллоҳнинг муҳаббати киришини ҳохласанг, аввало ҳалқумингни ҳаромдин пок қил.
Ема зарра ҳаром оғушта нондин,
Бўлур чоҳи нажас бир қатра қондин
Ҳалқумни пок сақлаш учун озгина ҳаром аралашган овқотлардан емаслик керак. Чунончи, қудуққа бир томчи қон тушса, қудуқ сувини ҳаром қилади.
Агар ош манҳи бўлса кўз юмиб ош,
Вагарна тонгла қорнингдан чиқар тош.
Агар емоқчи бўлган таоминг шубҳали бўлса, сен унга қарама. Шу таомни емасдан кет. Акс ҳолда қиёматда қорнингдан тош чиқади, яъни турли азобларга учрарсан.
Эрур хардалча манҳи заҳри қотил,
Қилур бир қатраси, хум сувни ботил.
Ҳаром нарса бир дона уруғдек кичик бўлса ҳам, уни заҳри қотил деб бил. Бир томчи ҳаром сув, бир хум сувни ҳаром қиладику.
Ҳаром оз бўлса кўпдур, ема они,
Самони бўлса ҳам билгил сам они.
Ҳаром озгина аралашган бўлса ҳам, сен у таомни ема. Агар у ҳаром бедана гўшти бўлган тақдирда ҳам, сен уни захар деб бил.
Битибдур “Шаръа”да, эй лобиси далқ,
Фаройиз аъзамидур покийи ҳалқ.
“Шаръатул ислом” китобида ёзилишича, фарзларнинг энг улуғроғи ҳалқумни тоза тутишдур, эй жулдур либосли сўфий.
Қаю тоатки, ул марзои Раббдур,
Яқийн бил, қути луқмаи сабабдур.
Ибодатларинг Аллоҳнинг розилигини топиш учун бўлганидан кейин, албатта унинг қабул бўлиши ҳалол луқма сабабидандур.
“Кифояти шуъуби”да ҳам битилди,
Расулуллоҳ сўзидин нақл этилди.
“Кифоятул Шаъбий” номли китобда юқорида зикр этилган мавзу Пайғамбаримиз (С.А.В.) хадисларида ҳам тасдиқланган дейилган.
Ариғсиз луқма бирлан қилса тоат,
Қабул эрмас ўшал қилган ибодат.
“Ҳалқумни покламасдан қилинган ибодат қабул эмас”,-деб ёзилган юқоридаги китобларда.
Худони манъини нафс истаганда,
Агар бир заррасин тарк этса банда,
Ибодатларики бўлғай инсу жиндин,
Бу айғон бандалик афзалдур андин.
Аллоҳ манъ қилган таомлардан, ишлардан тийилган одам, одамлару-жинлар ибодатларига олган ажрдин кўпроқ савобга эруширлар.
Агар тарк этса зарра шубҳа, эй ёр,
Деди:”Юз ҳаждин ортуқ, эй неку кор”.
Шубҳали таомни рад этган банда юзта ҳаж савобини топади дейилган шу китобларда.
“Рисолаи Абу Лайс” ичра мазкур,
Набийдин қилди нақл, ул маъдани нур.
Либосида ҳаром оғушта бўлса,
Ўшал оғуштаси бир ришта бўлса.
Ўшал тун бирла ўтказган намози,
Қабул эрмас, деди ул баҳри рози.
Ҳазрати Абу Лайс Самарқандий “Танбиҳул ғофилин” китобида Пайғамбаримиз (С.А.В.) дан келтирилган бир ҳадисда дейди: “Агар бир кишининг либосига ҳаром теккан бўлса , ул кишининг туни билан қилган ибодати қабул бўлмайди”.
Сиём ила агарчи ўтса кунлар,
Қиём ила кечурса барча тунлар.
Риёзат бирла ўткарсанг баҳар кайф,
Ариғ бўлмаса луқманг, мехнатинг ҳайф.
Сирлар денгизи бўлмиш Пайғамбаримиз (С.А.В.) яна дедиларки: “Агар сен нопок кийимда кундузларни рўза тутиб, тунларни ибодат бирлан ўтказсанг. Луқманг ҳалол бўлмаса, бу чеккан риёзатларинг ҳаммаси бекордир”.
Маноҳи рангидин ишинг бўёғлиғ,
Бўёғлиғ иш иладир, ҳайф у ёғлиғ.
Манъ қилинган ишларни яшираман деб уни турли ёлғонлар билан бўяб, яширмоқчи бўласан. Лекин бу бўялган ёлғонларинг билан яхши амалларингни йўққа чиқарасан, яъни оҳратингни барбод қиласан.
Фаройиз аъзамин қилғон киши тарк,
Муҳаббат бўйини қайдин қилур дарк?
Фарзларнинг улуғи бўлмиш, ҳалол луқмани тарк қилган киши қандай қилиб Аллоҳнинг муҳаббати исини топади? Албатта топа олмайди.
Отинг чиқди ибодат аҳли, халқга,
Игирдинг ҳалқа, шубҳа солма халқа.
Халқ орасида сенинг отинг сўфий, яъни аҳли тоату-ибодат. Шу отга яраша амал қил. Аҳли солиҳлар ҳалқасига киргач, ҳалқумингга ҳаром аралаштирма.
Кўнулсун тан десанг, зуҳд айла пеша,
Очилсин ич десанг, пок ич ҳамиша.
Танангни Аллоҳнинг ибодатига кўндирмоқ учун уни пок сақла. Қалбимга маърифат кирсин десанг, ҳалқумингни ҳаромдан сақла.
Агар оғзингдадур болу болий,
Дегил:”Улдур ҳамим”, эй марди олий.
Сени оғзингдаги луқманг бол ёки болдек мазали бўлса ҳам, уни сен жаҳаннамдаги қизиган сув деб билгил, эй мард одам.
Агар манҳий эмас бўлса баъийдинг,
Бўлур кўп ваъдалик ийдинг ваийдинг.
Агар сен манъ қилинган озуқалардан истеъмол қилмасанг, ҳалқумингни пок сақласанг. Қилган ишларинг яхшилик бўлса, у ҳолда сенга Аллоҳнинг севинч хабари бўлур. Сен севинч хабаридан мағрурланиб кетиб, ибодатдан юз ўгирсанг барчаси бекор бўлур.
Агар қилса киши лима валима,
Гирифтор ўлмағил ранжи алима.
Агар бир одам закоти берилмаган бойликдан тўй қилса ва унга сени таклиф қилса, у йиғинда бидъатлар зоҳир бўлса, у тўйга бориб гуноҳлар орттирмагин. У тўйга борма, охират азобига қолма.
Таомики агар анда хатардур,
Яқийн бил лаҳчаи ўтдин батардур.
Таомга агар ҳаром аралашган ёки шубҳала бўлса, у таомдан воз кеч. У таомни есанг, олов парчасини егандек бўласан, балки ундан баттарроқ.
Агар бўлса ҳаром ул луқмаи шум,
Ани неъмат дема, де заҳри заққум.
Надур заққум, эрур таъзиби сахте,
Жаҳим остида битган бир дарахте.
Ҳаром луқмани сен неъмат дема, унга яқинлашма. Ҳаром луқмани истеъмол қилган киши жаҳаннамда “заққум” билан таомланурлар. У шундай, таомки оловдан иборат бўладур.
Жамиъи заҳар ҳаргиз бўлмас андоғ,
Еганни қорни қайнар қозондоғ.
Ичининг бори пора-пора бўлғай,
Иложин билмағай, бечора бўлғай.
Заққумни таркиби барча заҳарлардан ҳам кучлироқдир. Уни еган одамнинг қорни худди қозондек қайнар. Ички аъзолари пора-пора бўлиб сочилиб кетгай. Унинг чорасини топа олмай, ул одам бечора бўлғай.
Илоҳо, кўнглимизни бегумон эт,
Ўшал шармандаликлардан омон эт.
Аллоҳим бизларни ўзингнинг фазлинг ила бундай азоблардан омон сақла. Ўзингнинг марҳаматингдан умид қиламиз, кўнглимизда гумон қолдирма.
Ҳ И К О Я Т И А Ҳ М А Д И Б Н И Ҳ А Н Б А Л
Эшитгил: Аҳмад Ҳанбалга бир явм,
Деди бир бева зан: “Эй ҳодийи қавм,
Чироғим йўқтур асло, эй улуғ нарх,
Ўгурур эрдим ойнинг борида чарх.
Ҳикоятларда айтилишича, Аҳмад ибни Ҳанбалнинг олдига бир бева аёл келиб: “Эй қавм бошлиғи менинг уйимда чироғим йўқ. Шунинг учун кечалари ойнинг ёруғида чарҳ ўгирар эдим”,-деди.
Фуру кетди жаҳон айвонидин моҳ,
Халифа ўтди машъал бирла ногаҳ.
Ани равшанлиғида, эй чусту чолок,
Ўгурдим бир-икки чархимни эй пок.
Аёл ҳикоясини давом эттириб деди:” Бир куни ой ботган вақтда кўчамиздан халифа машъала билан ўтиб қолди. Машъаланинг ёруғидан фойдаланиб, чархимни бир-икки айлантириб, ип йигириб олдим”.
Манга ул риштам, эё қутби замона,
Жавоб айғил, ҳалол ўлғайму ё на?
“Бу йигирган ипим менга ҳалолми ёки йўқми? Шуни менга аниқлаб бер, эй қутби замона”,-деди аёл.
Имом айди бу ғафлат оламинда:
“Нечук зансан, мунингдек дин ғаминда?”
Имом айтдики: “Сен ўзинг кимсан, шунчалик дин қайғусида юрибсан. Бу дунё бир ғафлат дунёси бўлса”.
Заифа айди:”Эй мақбули вофий,
Менинг ҳамзодим эрди Бишри Ҳофий”.
Ул аёл айтди:” Мен Бишри Ҳофий билан туғушканман, эй вофоли зот”. (Бишри Ҳофий улуғ авлиёлардан бири эди. Ул киши оёқ кийим киймаганлари учун “Ҳофий” лақабини олган эканлар, яъни “Ялангоёқ”.)
Эшитти Бишр отин кўздин тўкиб об,
Деди:”Сизга раво йўқ, эй дурри ноб”.
Аҳмад ибни Ҳанбал ҳазратлари аёлдан Бишри Ҳофий исмини эшитиб, кўздин ёш тўкиб айтдиларки:”Сиздек тақводор одамларга сиз айтган ип ҳалол эмас”.
Анингдек мардни туфроғи эй меҳ,
Бизингдек юз минг эрни қонидин беҳ.
Бунингдек тақводор аёлнинг оёғи остидаги туфроғи, эй нур юзли одам, биз каби амали йўқ одамларнинг қонидан яхшидур.
Дариғо, эр отин булғаб юрибмиз,
Амома бир абас, чўлғаб юрибмиз.
Бизга афсус ва надоматлар бўлсинким, бошимизга салла ўраб, мен фалончиман деймиз. Аммо биз бу номларнибулғаб юрибмиз. Номимизга яраша амал қилмаймиз.
Лачак ортуқ бизинг дасторимиздин,
Эранлар ор этар кирдоримиздин.
Бизнинг салламиздан юқоридаги ҳикояда зикр этилган аёлнинг рўмоли ортиқ. Бизнинг ишларимиздан эранлар ор этурлар.
Ҳавас бозорида, эй майли кўп нафс,
Емак бирлан қилибсан гарданинг ғафс.
Эй нафсининг ҳохишларига қул бўлган банда, емоғу ичмак бирлан бўйнингни йўғон қилиб олибсан.
Санга суд айламас бу жисми раминг,
Қилиб шарр минг бора, келмасму шарминг.
Билгилки нафсга тобеъ бўлиб танангни семиртиришдан сенга фойдайўқ. Минг бора гуноҳ қилиб, бирор марта уялмайсанми?
Бўлиб шармандалик дарёсига ғарқ,
Ёмону яхшини фарқ этмаган фарқ.
Сен шармандалик дарёсига ғарқ бўлибсан. Қиёматда ҳолинг нима бўлади. Бу дунёда ёмон билан яхшини фарқига бора олмадинг, эй хом калла.
ЗОҲИД СУЧУК ТИЛЛИ БЎЛМОҚИНИНГ БАЁНИ
Кел , эй зоҳид, ўзингни айлагил хок,
Ҳарому шубҳадин кўнгилни қил пок.
Эй ибодатли яхши инсон, камтарин бўл. Ўзингни туфроқдек бил. Ҳаром ва шубҳали нарсалардан ўзингни сақла.
Очуқ қўллик, кушода юзли бўлгин,
Мурувватлик, мулойим сўзли бўлгин.
Сен хақиқий зоҳидлардан бўламан десанг, саҳий бўл, очиқ юзли бўл, мурувватли ва ширин сўзли бўл.
Бу хислатлар мувофиқ бўлса санда,
Умид улким, Худойим деса банда.
Шундай хислатларга эга бўлсанг, шояд Худойим сени бандам деса.
Мусулмон ўғлида бўлса сучук тил,
Олиб келса бўлур бир кил ила фил.
Мусулмон одамнинг тили ширин бўлса, у одам қилдек ингичка ип билан филни етаклаши мумкин.
Сучук лафзи билан мўри хирадманд,
Солур зўр аждаҳони оғзига банд.
Сучук тилли чумоли, аждаҳони оғзига тузоқ қўйиши мумкин. Бу байт албатта бир зарбулмасал. Бу билан дейлмоқчики, ҳар қандай кучли душманни ҳам сучук тил билан инсофга чақириш мумкин.
Мулойим тил билан беҳарбу безарб,
Бировни келтирурлар шарқдин ғарб.
Юмшоқ, ёқимли сўзлар билан ҳеч қандай урушсиз, зўрликсиз бир одамни машриқдан мағрибгача олиб бориш мумкин.
Эранлар олмайин бир игна қўлга,
Солурлар бир неча гумраҳларни йўлга.
Ҳақиқий иймонли тақводор зотлар, қўлларига бир игна ҳам ушламай, қанча гумроҳларни яхши насихатлар билан тўғри йўлга солурлар.
Сучук тил бўлса қайси муҳтарамға,
Солур кўкдагини зери қадамға.
Ширин сўзли одамларни халқ эъзозлайди. Ул одам ширин сўз билан кўкдаги, яъни баландпарвоз одамларни ҳам ҳушига келтириб, пастроқ тушириб қўя олади.
Сучук тилдир ажаб ганжи муаззам,
Ато қилғон билан ҳеч бўлмағай кам.
Ширин сўз ажойиб бир хазинадир. Уни қанча улашсанг ҳам камаймайди, аксинча кўпайиб боради.
Дема ҳарфеки, бўлса бемаъни,
Агар тил ҳарза бўлса, тил ани.
Бемаъни сўзларни гапиришдан ўзингни тий. Агар тилинг бемаъни, ёлғон, ғийбат сўзларни ғапиришга одатланган бўлса, бундай тилни тилиб ташла.
Калиди ганжи маъноким забондур,
Анга бир нуқта кўп бўлса зиёндур.
Маънолар хазинасининг калити тилдир. Тил сўзи форсчада забон дейилади. Уни араб имлосида ёзилса “забон”даги “бе” ҳарфига яна бир нуқта қўйилса “зиён”га айланади. Хулоса шулки сўзни жуда эҳтиёткорлик билан сўзлаш керак, баъзи ҳолларда бир нуқта ҳам ортиқчалик қилиб қолиши мумкин.
Қилур қаттиқ такллум ўнг ишинг чап,
Сўзинг тиклаб кўнгил бузгунча тик лаб.
Ҳаддан ортиқ такаллум ҳам ишингни бузуб қўйиши мумкин. Шунинг учун такллумни ҳам меъёрида бўлгани яхши. Ўз сўзингни тасдиқлаб бировнинг кўнглини ранжитгандан кўра, шу сўзни гапирмаганинг яхшироқдир.
Агар сўз жона пайдо қилмаса сўз,
Ани сўз демагил, мажлиси афрўз.
Агар сўзинг қалбларни қувонтирадиган, унга роҳат бағишлайдиган бўлмаса, сен уни сўз дема. Сўзинг мажлисларни равшан қилувчи бўлсин.
Агар тутсанг улуғларни ишини,
Набот эт тил, на бот оғрит кишини.
Агар сен улуғларнинг ишини давом эттиришни орзу қилар экансан, у ҳолда тилингни ширин қил. Одамлар кўнглини ранжитма.
Совуғ айғунча, эй халқи замона,
Забона хавфидин хавф эт забона.
Бироовларга совуқ сўзларни айтиб уларнинг қалбларига озор етказманг. Бу ишларни қилишдан қўрқинг, бундай сўзларни айтгувчи тилларинггизга мухр босиб қўйинг.
Чу Нўъмон муҳрида бул эрди мактуб,
“Қулил ҳойро ва илла фаскут” эй хуб.
Мазҳабимиз бошлиғи Имоми Аъзам (Р.А.) ҳазратларининг муҳрларида: “Сўз айтсанг яхши сўз айт, булмаса сукут сақла”,-деб ёзилган экан.
Совуқ сўздан бўлур иймон қоронғу,
Зарардин ўзга йўқдур, нафъи борму.
Ёмон сўз айтиш билан иймоннинг нури сўнади. Ёмон сўз фақат зарар келтиради, асло фойда келтирмайди.
Ба ҳар жойе тилингни сақла зинҳор,
Киши тилни ёмонидин бўлур хор.
Қайси жойда, қандай ҳолатда бўлсанг ҳам тилингга эҳтиёт бўл. Чунки ёмон тил одамни хор қилади.
Ёмон тил гох сарғартирур юзингни,
Тубан бошингни, термултар кўзингни.
Ёмон тил юзингни сарғайтиради, бошингни эгиб қўяди, кўзингни жавдиратиб қўяди.
Ёмон тил икки оламда зарардур,
Гаҳи исён, гаҳи хавфу хатардур.
Ёмон тил бу дунёда ҳам, охиратда ҳам зарардур. Ёмон сўз инсонни гоҳида исёнга бошлайди, гоҳида эса хавфу хатарга ташлайди.
Ёмон тил шумлиғи гоҳ жонга урғай,
Гоҳи жондан ўтиб иймонға урғай.
Ёмон тилнинг шумлиги гоҳида жонга урса, гоҳида жондан ўтиб иймонга ҳам уруши мумкин.(Аллоҳ сақласин.)
Мусулмон ўғлига яхши қилиқ қил,
Тилингни хуш, чеҳрангни йилиқ қил.
Эй мусулмон биродар! Сен мусулмон дўстларингга яхши муомала қил. Уларга тилингни ширин қилиб, чеҳрангни эса илиқ қил.
Оғиздин соч еринда дурри маъни,
Агар бўлмаса хомуш айла, яъни.
Агар бўлмаса санда сўзга етмак,
На давлатдур сукут этмак, эшитмак.
Одамларга бир сўзни айтганингда, унинг маъносига эътибор бер. Маъноли гапларни гапир. Бу иш қўлингдан келмаса жим тур. Бошқалар гапирсин, уларнинг гапларига қулоқ сол. Ўзгалар гапларини эшитмоқ ва ундан ибрат олмоқ ҳам катта давлатдир.
Эшит аммо қаю сўз бўлса беҳроқ,
Қулоққа ани ҳалқа қилиб тоқ.
Қулоқ солма валеъ бемаъни сўзга,
Эшитсанг қўп, у ердин ўзга ерга.
Ўзгаларнинг сўзларини эшитгину, улардан керагини ўзингга ол, қулоғингга сирға қилиб тақ. Фойдасиз, бемаъни сўзларни эшитма. Ундай сўзлар бўлаётган жойдан қоч.
Қулоқ, куздин, қўлингдин, поларингдин,
Сўрар тонгла тамом аъзоларингдин.
Қиёмат кунида барча аъзоларинг қилган ишларинг ҳақида гувоҳлик берурлар, чунки улар сўрарурлар.
Эшитсанг нафъи йўқ сўз, эй неку зот,
Ани ҳам гўша олмай гўша чиқ, ёт.
Эй яхши одам, агар сен бефойда гапларни эшитишга мажбур бўлиб қолсанг, уни қулоғингга олма. Бир четга чиқиб ўтир.
Киши санчиқ сўз айтса, сан чиқ у ердин,
Ёмондин қоч, ёмондин қоч, ёмондин.
Айтилаётган сўз шу даражада ёмон бўлсаки, у одамнинг қалбига наштар каби санчилса. Сен у ердан қоч. Бундай сўзларни гапирувчи ёмон одамдан узоқроқ юр.
Ҳ И К О Я Т И Ҳ А З Р А Т И Л У Қ М О Н
Насиҳат қилди фарзандига Луқмон,
“Сенга жоҳил киши баҳс айтса, эй жон.
Агар нафъ этмаса, қилма иъода,
Бўлур айғон сари жаҳли зиёда.
Агар суд этмаса, аймоқ савоби,
Сукут этмакдур андин сўнг жавоби”.
Луқмони Ҳаким ўғлига насиҳат қилиб дедики:” Эй ўғлим бир жоҳил одам сенинг олдингга келиб бир сўз сўраса, сен унга яхши муомала қилгин, ширин сўзлаб жавоб бергил. Агар у жавобингдан қониқмай сен билан баҳслашмоқ истаса, сен баҳслашма. Чунки баҳслашганинг сари унинг жаҳли зиёда бўлади. Бунинг ҳам фойдаси бўлмаса жим турганинг яхшидур”.
ИККИ МЎЪМИН БИР-БИРИГА ХАЙР ҚИЛМОҚНИНГ БАЁНИ
Кел, эй мўъмин, ҳамиша хуш инон бўл,
Мусулмон бўлса ҳар ким, меҳрибон бўл.
Эй мўмин одам, сен мусулмон биродарларингга яхшиликлар билан ёрдам қилгувчи бўл. Кимки мусулмон бўлса унга меҳрибон бўл.
Очилғайсан ани кўрганда гулдек,
Тавозуъ айла, хизматкор қулдек.
Мусулмон биродарингни кўрганингда, уни табассум билан қарши ол. Унга қўлингдан келганича товозеъ кўрсат, хизматини жонинг билан адо қил.
Сариғ ёғдек анга бўлгин мулойим,
Сучукликни асалдек айла доим.
Мусулмон дўстларинг билан сўзлашганда, улуарга сарғёғдек юмшоқ муомалада бўл. Уларга асалдек ширин сўзлар сўзла.
Тут ул дўстингга сут устида қаймоқ,
Азиз жонингча кўргил, балки беҳроқ.
Бу дўстларингдан борингни аяма, энг яхши таомларингни уларга едир. Гўёки устида қаймоқ бойлаган сутни уларга ичиргандек. Уларни жонингдан ортиқ кўр.
Худони буйруғидин тойса ногоҳ,
Биродарлик ўшалдир, қилсанг огоҳ.
Мусулмон биродаринг хатога йўл қўйиб, Аллоҳнинг буйруғига мос келмайдиган иш қилиб кўйса, сен уни бундан хабардор қилиб, бу ишдан қайтариб , тўғри йўлга йўллаб қўй.
Биродар жисмига жондек югурсанг,
Талаттуф бирла ул йўлдин ўгурсанг.
Биродарингни жонига оро кириб, унга яхши сўзлар айтсанг, ажаб эмаски у биродаринг нотўғри йўлдан қайтса.
Талаттуф бирла улким бўлмаса туз,
Сучуклик риштасини илгидин уз.
У биродарингга яхши сўз кор қилмаса, энди сен унга қаттиқроқ гапиришга ўт.
Агар чандики қилсанг меҳрибонлиғ,
Сани айғон сўзинг, билса ёмонлиғ.
Тилинг захми била қилғил жароҳат,
Уёлиб, шояд этгай истибоат.
Агар мусулмон биродарингга яхши сўзларинг таъсир қилмаса, сени сўзларингни душманлик деб билса, энди сен унга қаттиқ гапир. Шундай сўзлар айтгинки унинг қалбини жароҳатласин. Зора шунда у уялиб инсофга келса.
Агар тил захми анга қилмаса кор,
Қўлингдин келса қилгил зарб ночор.
Агар у биродарингга айтган аччиқ сўзларинг ҳам таъсир қилмаса, энди бошқа чора қолмагач кучинг етса уни ур.
Буларнинг барчасидур меҳрибонлиғ,
Тараҳҳумдур анга, эрмас ёмонлиғ.
Бу қилаётган ишларинг дўстингга меҳрибонлиғ туфайлидир. Бу ишларни сен унга яхшилик тилаганинг учун қилдинг, ёмонлик тиламадинг.
Бу саъй этган билан ҳеч бўлмаса туз,
Кўрарда ошнолиғ риштасин уз.
Мусулмон биродаринг шундан кейин ҳам яхши томонга бурулмаса, энди сен у билан дўстликни уз. Кўрганингда у билан сўзлашма.
Вале ботинда шоғил бўл дуоға,
Ани аҳволини солғил Худоға.
У биродаринг билан зохирда алоқани узганинг билан, ботинда яъни ичингда, уни дуо қилгин. Аллоҳдан унга инсоф тила, ҳидоят йўлига бурулишинитила ва уни Аллоҳга топшир.
Кишики бўлса мўъминликка мавсуф,
Эрур вожиб у қулға амри маъруф.
Ўзини хақиқий мўъмин деб билган киши, мусулмон биродарларини яхшиликка даъват қилмоғи вожибдур.
Кўзи йўқ мўъмине борур эди роҳ,
Назар қилдинг анинг олдидадур чоҳ,
Хабардор этмасанг улдур хиёнат,
Қаю инсоф эрур, қайси диёнат?
Бир кўзи кўрмайдиган одамнинг йўлида чуқурлик ёки жарлик бор бўлса. Сен уни кўриб туриб уни огоҳлантирмасанг бу инсофдан бўлмайди. Диёнатли одам бундай қилмайди.
Фиғону дод ўшал бийно қулидин,
Агар қайтармаса дўзах йўлидин.
Адашган биродарини қўлидан ушлаб тўғри йўлга йўллашга харакат қилмаган одамга фиғону, дод бўлсин.
Киши ёпса қудуқ оғзига чодар,
Нечук дерсан анингдекни биродар.
Бир одам қудуқнинг оғзига чодир ёпиб, бошқа одамни шу чодир устига бошласа, бундай одамни дўст деб бўладими? Бу бир мисоли гап. Бунинг тагида агар одам дўстини тўғри йўлдан адашаётганини билиб туриб, уни қайтармаса гуноҳи азимга қолади деган маъно ётади.
Ва лекин амри маъруф айлаган мард
Ўзи бўлғай амаллиғ, соҳиби дард.
Одамларни тўғри йўлга бошловчи одам, ўзи амаллик ва тақводор бўлиши керак. Акс ҳолда одамлар унинг гапини бир пулга олмаслар.
Агар омир эмас росиҳ ишига,
Қачон таъсир этар ўзга кишига.
Одамларни яхшиликка даъват қилувчи инсон, аввало айтган сўзига ўзи амал қилиши керак. Бўлмаса у одам бошқа кишиларга таъсир ўтказа олмайди.
Бизингдек шарми йўқ, инсофи йўқ жисм,
Бошида мағзи, маъни йўқ, қуруқ исм.
Ишимиздур риёву, ҳийлаву, тазвир,
Қилур айғон сўзимиз кимга таъсир.
Биз каби айтган сўзида тура олмайдиган, уятсиз, инсофсиз, ақлсизларнинг сўзига ким ҳам қулоқ солади? Ишимиз нафсимизни қондириш учун, бировларни алдаш, риё қилиш, ҳийла-найранг ишлатиб пулини олишдан иборат бўлса. Бизнинг қилган амри маъруфимиздан ҳеч қандай наъф бўлмайди.
К Ў З И Н И Ҳ А Р О М Д И Н Ю М М О Қ Б А Ё Н И
Кел эй мўъмин, агар тарсанда бўлсанг,
Кўзингни сақлағил ҳар қанда бўлсанг.
Эй иймонли одам, ушбу насиҳатни эшит. Қаерда бўлсанг ҳам кўзингни номаҳрамлардан сақла, уларга назар солма.
Қуйи бўлсин ҳамиша нуқтаи чашм,
Мабодо бўлмағай боло тушиб хашм.
Кўзингни қорачиғи ҳамиша пастга қараб турсин. Яъни номаҳрамлардин сақлансин. Акс ҳолда турли нопок нарсаларни кўриб, Аллоҳнинг қахрига учраб қолиш мумкин.
Назар қилгунча бад, эй нафси маъюб,
Тушуб кўз нуқтаси, кўр бўлганинг хўб.
Назарингни номаҳрамларга ва нопок нарсаларга қаратганингдан кўра, кўзингни қорачиғи тушиб, кўр бўлганинг афзал.
Саодатдур назар бўлса қадамда,
Тажовуз айлагач, бўлса надамда.
Нигоҳингни юқори қаратмасдан, оёқ остига қараб юрсанг саодатли бўларсан. Агар кўзингни номаҳрамлардан ва нопок нарсалардан олиб қочмасанг охиратда афсус ва надоматлар қилурсан.
Агар қон чашма бўлса, чашма эй меҳ,
Хатарлик ерга тушгандин эрур беҳ.
Кўзинг оғриқ бўлиб, у қонли бўлса ,номаҳрамларга ва нопок нарсаларга қарамаса, бундай кўз қиёматда дўзахда куядиган кўздан яхшидир.
На хушдир дийдаи тарсанда бўлсанг,
Вагар на косасидин канда бўлсанг.
Фақатгина Аллоҳ рухсат этган нарсаларга қаровчи кўз қандай яхши кўз. Акси бўлса бундай кўз, косасидан чиққани яхши.
Хатардин юм кўзинг, эй ўғли хифа,
Нечукким юмди қўрқуб Бу Ҳанифа.
Эй Аллоҳдан қўрқувчи инсон фарзанди, хатардан кўзингни юм унга қарама. Абу Ҳанифа, яъни Имоми Аъзам ҳазратлари чиройли, кўркам йигитларни кўзим тушмасин деб, орқага ўтказиб сабоқ берур эканлар.
Юраким соф эрур деб урмагил лоф,
Аларча бўлмагайсан, келтур инсоф.
Менинг юрагим тоза, шунинг учун мен номаҳрамларга қарасам ҳам кўнглим бузулмайди дема. Зеро юқорида Имоми Аъзамдек одам ҳам кўзларини нопокликлардан сақлаганлари ҳикояси келтирилди. Инсоф билан айтганда биз улардек бўла олмаслигимиз аниқ.
Қароринг қўймасанг, элтиб қароринг,
Олур шайтон зимоми ихтиёринг.
Сен номаҳрамларга қарашингни қўймас экансан, у ҳолда шайтон ихтиёрингни олиб, сени гуноҳ ишларга бошлар.
Бақосиз маъсиятларга бақосиз,
Нечук ўз жонингизга ўт ёқосиз ?
Номаҳрамларга қараб лаззат олиш бир дамлик бефойда ишдир. Сиз шу бефойда ишни қиламан деб ўз жонингизни жаҳаннам ўтида ёнишини хохлайсизму?
Баногоҳ номаҳрам тушса кўзга,
Иккинчи боқмагил зинҳор у юзга.
Кўзинг беихтиёр номаҳрамнинг юзига тушса, кўзингни олиб қоч ва иккинчи бор унга қарама, шунда бу иш гуноҳ бўлмас.
Иккинчи чунки шаҳватдин хатардур,
“Ниҳоя” ким китоби мўътабардур.
Иккинчи қарамоқда шаҳват хатари бордур. “Ниҳоя” китобида шу маънода ёзилгандур.
Деди:”Ким боқса номаҳрам юзина,
Қуярлар тонгла қўрғошин кўзина”.
Намаҳрам аёлга шаҳват кўзи билан қараган одамнинг кўзига, қиёматда қўрғошин қуярлар.
Битибдур “Шаръа”да ул соҳиби базл,
“Кишиким қилса номаҳрам била ҳазл,
Ани ҳар бир сўзига, эй хирадманд,
Бўлур дўзахда то минг йилгача банд”.
“Шаръатул ислом” китобида ёзилишича, номаҳрам аёл билан ҳазл қилган одамнинг, ҳар бир сўзи учун минг йил дўзахда азобланади дейилган.
“Агар ул интизом этса ҳарома,
Яна ул нусхада битилди хома,
Қиёмат куни, дардгир этарлар,
Ани шайтон била занжир этарлар”.
Шу китобда ёзилишича, номаҳрам билан зино қилганларни, шайтон билан бирга занжирбанд қилурлар ва қаттиқ азоблар билан азобларлар.
Лаъин шайтонки, бўлғай душмани шах,
Анинг бирла бўлур мадхули дўзах.
Шайтони лаъин бизнинг энг катта душманимиздур. Юқорида зикр этилган зинокорларни, шу энг катта душман шайтон билан бирга занжирбанд қилиб, дўзахга ташлайдилар.
“Хулоса”ю, “Хизона” ,”Шарҳи аврод,
Битибдур балки чандин нусхада ёд.
“Фатавои хулоса”, “Хизонатул фатаво” ва “Шарҳи аврод” китобларида қуйидагилар ёзилган.
Жувон хотунки, номаҳрам эмишдур,
Салом этмак анга мамнуъ эмишдур.
Сенга номаҳрам бўлган ёш аёлга, яъни жувонларга салом бериш харомдир.
Бериб бўлмас жавоб, айтса саломи,
Эрур аврат анинг савти каломи.
Номаҳрам аёлнинг саломига алик олиб бўлмайди, чунки унинг овози ҳам авратдир.
Жувон хотунки, аврат бўлса овоз,
Қабоҳатдур кишиким бўлса дамсоз.
Агар ёш аёлнинг товуши ҳаром экан, у билан сўзлашиш умуман мумкин эмас.
Ғараз, эй одами сақла ўзингни,
Ки номаҳрам сари солма кўзингни.
Бу гаплардан хулоса шулки, кўзни номаҳрамлардан сақлаш керак. Уларга қарамаслик керак.
Ки, номаҳрам сари боққунча беқил,
Беҳ улким кўзларига тортсалар мил.
Номаҳрамларга қарагувчи кўзларни ўйиб ташлаган яхшироқдир.
Бу дунё майли ўтгай бир замонда,
Қиёмат майлидин тутгай амонда.
Бу дунёнинг ўткинчи эканлиги маълум, қиёмат давронидин омон қолмоққа харакат қилмоқ керак.
Қиёмат кун ажаб шиддатли кундир,
Гунаҳкор одам ўғли сарнигиндур.
Қиёмат кун жуда шиддатли кундир, бу кунда гунаҳкор одамларнинг боши эгилган бўлади.
Қизар кўку, еру, сар иссиғда чун тос,
Бўлур саргашталар парвонадек нос.
Қиёмат кунида еру, осмон жуда қизиб кетади. Одамларнинг миялари қайнайди. У кунда такаббур инсонлар капалакдек безовта бўлурлар.
Тегар ўтдек аёғ остида туфроғ,
Бўлур юнгдек замин устидаги тоғ.
Қиёмат бўлганда оёқ остидаги туфроғ ниҳоятда қизиб кетади, тоғлар юнгдек титилиб кетади. Бу хақида қуръонда бир неча сураларда хабарлар келган.
Бўлур кўп халқ ўзининг ҳолидин сир,
Бу ғамдир токи гўдаклар бўлур пир.
Қиёматда халойиқ ўз ҳолидин хабардор бўлиб, дахшатга тушарлар. Бу шиддатдатдан хаттоки гўдакларнинг сочлари оқариб, чолларга ўхшаб қолурлар.
Ёшурмоқ бўлса қайси рўсиёҳлик,
Илик сўзлаб, аёқ бергай гувоҳлик.
Инсонлар гуноҳларини яширмоқчи бўлсалар, Аллоҳнинг изни ила аъзолар қилган гуноҳларга гувоҳлик берурлар.
Тамом аъзолари даъво қилурлар,
Халойиқ олдида расво қилурлар.
Юқорида айтилгандек барча аъзолар тана эгасидан даъво қилиб сўрарлар, нега мени харомга ишлаттинг деб, халойиқ олдида шарманда қилурлар.
У кун даъвосини ҳеч дафъи бўлмас,
Пушаймон бўлғай, аммо нафъи бўлмас.
Бу айтилаётган даъволарни тўхтатиб бўлмайди, чунки бари хақиқатдир. Бунда фақат пушаймон бўлади, унинг фойдаси бўлмайди.
Анингдек воқеалардин бурунроғ,
Ўзингни айла ғафлат хамридин соғ.
Бошингга бу ғовғолар тушмасидан аввалроқ, ўзингни ғафлатнинг майидин олиб қоч.
Пушаймон бўлсанг ул қилмишларингдин,
Дилу жон бирла ёнсанг ишларингдин,
На бўлғайким қабул этса Худойим,
Қиёмат шиддатин қилса мулойим.
Вақтида ақлингни йиғиб олиб, қилмишларингдан пушаймон бўлиб, тавба қилсанг. Қилган ишларингдан уялсанг, ажаб эрмаски Худойим сени авф этиб, қиёмат шиддатларини сенга осон қилса.
Қаю қулни Худойим қилса мамнун,
Бўлур йўлбошчиси Пайғамбар ул кун.
Махшаргоҳда Аллоҳим қайси қулни ёрлақаб, жаннати қилса, у қулни Пайғамбаримиз (С.А.В.) ўзлари жаннат сари етаклаб борадилар.
Бошида соя бўлғай Арши аъзам,
Фаришталар кўнгил бергай, дамо-дам.
Иноят номасин қўлга олурлар,
У кунни ўтганин билмай қолурлар.
Пайгамбаримиз (С.А.В.) йўлбошчи бўлган одамларнинг бошига Арш соя солиб туради. Фаришталар бу қуллардан тез-тез хабордор бўлиб турадилар. Уларнинг номаи-аъмоллари ўнг қўлларига берилур. Бундай одамлар қиёматнинг шиддатини сезмай қоладилар ва уларга қиёмат бир сонияда тугагандек бўлади.
Илоҳи, айла мухлислар билан ёд,
Бу қулни айлагил ул кундин озод.
Илоҳим бу қулингни ҳам мухлис бандаларинг қаторига қўшиб, қиёмат шиддатидан озод эт. (Омин)
Илоҳи гарчи банданг Қул Азиздек кўп гунаҳкордир,
Қатори яхшилар, дийдор кўргай, кўзда ойнаксиз.
(Отам Мулла Абдулазизнинг “Кўзда ойнаксиз” ғазалидан.)
Ҳ И К О Я Т И Ш А Й Х Б А С Т О М И Й
Қариғон палласида шайх Бастом,
Ўзидин соате кетти бир оқшом.
Ҳикояда айтиладики, ҳазрати Абу Язид Бастомий қариған чоғда бир нафас ўзидан кетиб йиқилди.
Ўзига келди эрса, айди асҳоб:
“Нағу бўлдинг мунингдек, эй дурри ноёб?”.
Бир оз вақтдан кейин шайх Бастомий ўзига келди. Шунда муридлари;”Сизга нима бўлдики, ўзингиздан кетиб, бир оз вақт ҳушсиз бўлдингиз”,-дедилар.
Деди:”Болиғ бўлур ҳолатда бир роҳ,
Кўзима бир жамила тушди ногоҳ.
Ёниб бори дигар солдим нигоҳим,
Чиқиб эрди эсимдин ул гуноҳим.
Эсимга ҳоло тушди ул наззора,
Юрагим бўлди қўрқиб пора-пора”.
Шайх Бастомий айтдилар:”Йигитлик вақтимда йўлда борар эдим, кўзим бир гўзал қизга тушди. Унинг гўзаллиги мени ром қилиб, иккинчи бор қарадим. Шу вақтгача бу гуноҳим эсимдан чиққан эди. Ҳозир шу гуноҳим эсимга тушиб, Аллоҳнинг азобидан қўрқиб, юрагим пора-пора бўлди. Шу сабабли ўзимдан кетдим”.
Муборак оғзидин кўп томди қони,
Ўшал хавф ила охир чиқти жони.
Бастомий ҳазратларининг оғизларидан қон оқиб, шу қўрқинч ила жон таслим қилдилар.
Мунингдек йиғласа андоғ неку рой,
Бизингдек рўсиёҳнинг ҳолига вой.
Шундай Азиз зотлар номаҳрамга бир қараганларидан шунча қўрқинчда бўлиб, бу қадар йиғласалар, биз каби юзи қароларнинг ҳоли нима бўлар экан?
Ҳамиша завқимиз айшу кулушга,
Етушмас эрта қилган тавба тушга.
Бизларнинг истагимиз ҳамиша ўйин-кулгуда. Эсимизга тушганда тавба қиламизку, лекин эрталаб қилган тавбамиз, пешинга етиб бормайди. Тавбамизни бузуб яна ўйин-кулгу истаймиз.
Ўтар дунё ишин тутдик муқаддам,
Гуноҳ айниқса кўп, қўрқинчимиз кам.
Биз ўткинчи дунё ишини охират ишидан аввалга қўйдик. Шу жиҳатдан кўплаб гуноҳлар қилдик, Аллоҳдан қўрқмадик.
Худовандо Ўзингсан Олими ғайб,
Мане мискиндадур ҳеч сони йўқ айб.
Худовандо Ўзинг барча сирларни билгувчи Олимсан, биз мискинларнинг ҳисобсиз айбларимизни ҳам билурсан.
Гуноҳи бениҳоят бандадурман,
Бўлуб шарр манда чун шармандадурман.
Мен ожиз қулингнинг гуноҳларим беҳисобдур, гуноҳларим кўплигидан, эл орасида шармандадурман.
Абас бирла қўлимдин кетса вақтим,
Амал меҳрин ёшурди абри мақтим.
Бекорчи ишлар билан вақтимни кетказдим. Амалларим қуёшини қуюқ булутлар билан беркитдим.
Жаримам беадад бўлса агар чанд,
Ҳижоби мағфират ёп, эй Худованд.
Менинг гуноҳларим беҳисоб кўп бўлса ҳам, умидим Сенинг раҳматингдан, Худойим. Менинг устимга мағфират ҳижобингни ёпгайсан.
Ювуб раҳмат билан важҳим қоросин,
Насиб эт барча неъматлар саросин.
Менинг юзим қаросини, раҳматинг суви билан ювгил, неъматларинг яхшисини мендан дариғ тутма.
ХУДОНИ НЕЪМАТЛАРИГА ФИКР АЙЛАМОҚНИНГ БАЁНИ
Кел, эй озода, воқиф бўл кўнгулга,
Кўнгил йўлбошчидир қурбатли йўлга.
Эй озода инсон, кўнглингнинг ҳохишига қулоқ сол. Кўнглинг доимо сани яхши йўлга бошлайди.
Тафаккурни қушин ҳеч қилма ғофил,
Палағда бўлмағай то байзаи дил.
Тафаккуринг қушини ғафлатда қолишига йўл қўйма. Тафаккуринг қуши ғафлатда қолса, унинг тухуми палағда бўлиб қолиши мумкин. Бу бир зарбулмасал гап. Бунинг тагида қуйидаги маъно ётади. Агар тафаккуринг гафлатда қолса, уни дарҳол шайтон эгаллайди ва сени қалбингга такаббурликни солади.
Тафаккур мурғи доим бўлса дамсоз,
Умид улдурки, андаи учса шаҳбоз.
Ақлинг доимо соғлом бўлиб Аллоҳнинг ишқи билан бўлса, сенинг тафаккуринг товуғи тухумидан қарчиғай ёриб чиқса. Яъни қилган меҳнатларинг эвазига Аллоҳ сенга юқори мақоматларга эришмоқликни насиб этса.
Анингдек боз элига айласанг кайд,
Кўнгил қушларини қилса бўлур сайд.
Агар сен шундай бургутни қўлга тушира олсанг, демак сен кўнгил қушларини овлаш имконятинг бўлади. Яъни муридлар тарбия қилсанг бўлади.
Кўнгил ҳар гоҳ салоҳиятда бўлса,
Топар банда қаю ниятда бўлса.
Кўнглинг доимо яхшиликларни истаса, албатта яхшиликларга эришасан. Ҳар бир амал ниятга боғлиқдир.
Ҳама аъзо раъиятдур, кўнгил шоҳ,
Амонлиғ бўлғуси шоҳ адлидин роҳ.
Барча аъзоларинг бир юртнинг халқи бўлса, бу юртнинг шоҳи кўнгилдур. Агар подшоҳ адолат йўлида юрса, халқи ҳам унга эргашур.
Агар султон ўзи қилса ёмонлиғ,
Қачон бўлғай раъиятда амонлиғ.
Агар подшоҳ ўзи адолатсиз, аҳлоқсиз бўлса, унинг халқи ҳам ўзига ўхшаган бўлади. Шунингдек агар кўнгил тўғри бўлмаса, аъзолар ҳам носоғлом бўлади.
Кўнгил жўш этмаса, кўз бўлмағай нам,
Чиқаму сув қудуққа, тошмаса ҳам?
Агар Аллоҳнинг ишқида қалбинг жўш урмаса, кўзингга ёш келмайди. Гўёки қуруқ қудуқдан сув чиқмагандек.
Эшитгансан ани дилдур назаргоҳ,
Назаргоҳдур кўнгил бир бўлса ҳар гоҳ.
Сенга маълумки, кўрган, эшитган вокэъаларингни қалбинг хис қилади ва кузатади. Қалбинг кўрган ва эшитган ишларнинг яхшиларини сен ҳам бажарувчи бўл.
Югурса ул кўнгилким ҳар тарафга,
Қачон лойиқ бўлур андоғ шарафга.
Кўнглинг беқарор бўлса, бир мақсадни кўзламаса. Бундоғ кўнгил шарафга лойиқ бўлмас.
Кўнгил дарсини дерлар хуш сабақдур,
Тамоми маърифатдур, ишқи Ҳақдур.
Кўнгулни тарбиялаш, дунёда энг керакли дарсдур. Унинг турган битгани маърифатдур. Уни шундай тарбия қилиш керакки Аллоҳнинг ишқидан ўзга ишққа жой қолмасин.
Ҳ И К О Я Т
Кўнгил дарсин савол этдим бир эрдин,
Талаттуфдин деди: “Сўрма бу ердин”.
Мен бир улуғ одамдин кўнгилнинг дарсини сўраган эдим ул муҳтарам зот айтди: “Эй Оллоҳёр, кўнгул ишини мендан сўрама. Кўнгил Аллоҳнинг мулкидир, Аллоҳнинг мулкини ўзидин бошқа жонзот билмас”.
Била олманг бу шарбат тотмагунча,
Ўзингни яхшиларга қотмагунча.
Ул зот яна айтдиларки: “Кўнгил боғининг шарбатини тотиб кўрмагунча, унинг мазасини тушунмайсан. Мазасини тушуниш учун бу шарбатни мазасини тушунган яхшиларга яқин бўлгин”.
Агар Ани унутса банда оне,
Тирик эрмас агарчи бўлса жони.
Аллоҳни бир дақиқа унутган одам гарчи жони бўлса ҳам аслида у ўлукдур. Бундан натижа шулки, Аллоҳни хеч қачон ёддан чиқариб бўлмас.
Кўнгил бурчинда ғафлат иллати пур,
Давом улдур давом этса тазаккур.
Кўнглимизнинг турли жойларида ғафлат иллатлари кўпдир. Ундан қутулишнинг ягона йўли тилимиз ва қалбимиз Аллоҳнинг зикрида бўлмоғидир.
Ўшал дамни надам дер аҳли маъни,
Оғиздин чиқса ғафлат бирла яъни.
Тилимиз ва дилимиз Аллҳнинг ёди билан бўлган вақтдаги умримизни, яхшилар хаётнинг энг яхши дамлари дейдилар. Тилда Аллоҳнинг зикри булсаю, хаёлимизда нафснинг фикри бўлса, бундай ҳолатдин ҳеч қандай наф бўлмас.
БАНДАИ МЎМИН ИШҚДА ҲАРИС БЎЛМОҚИНИ БАЁНИ.
Кел, эй содиқ ҳариси ишқи Ҳақ бўл,
Кўнгил ёрони бирла хамсабақ бўл.
Эй Аллоҳнинг мухаббати бирла яшаётган биродарим, бу йўлда содиқ бўл. Ўзингга ухшаш кишилар бирла дўст бўлиб, улар билан бирга устознинг дарсини ол.
Агар кезсанг тариқи маърифатни,
Муяссар айласанг турлук сифатни.
Аллоҳ сенга насиб қилиб тариқат илмидин хабардор қилса ва яна сени баъзи бир сиқатларга эга қилса.
Мақомоти ҳақиқат айладинг тай,
Кўнгилда бўлмаса жузъ хиллати Ҳайй.
Яна аҳли ҳақиқатнинг барча мақомларида турган бўлсанг ва у ерда юришингда, кўнглингда Аллоҳнинг ишқидан бўлак нарса бўлмаса.
Бурунғидан зиёда дур талаб бўл,
Агар дарёлар ичсанг хушклаб бўл.
Сен шунда ҳам, мен шундоқ даражотга эришдим деб такаббур бўлиб қолма. Агар сен бу йўлда дарёларни ичиб юборган бўлсанг ҳам, ҳамиша Аллоҳнинг розилигига эришишга чанқоқ бўл.
Бу йўлни чунки ҳеч поёни йўқдур,
Агар етай десанг имкони йўқдур.
Тариқат йўлининг ҳеч охири йўқ. Мен бу йўлда мумкин бўлган ҳамма даражаларга эришдим деб айтиш тўғри эмасдур.
Дегил ҳар лаҳзада “Аллоҳумма зидний”,
Деди Ҳақ чунки “Фатлубний тажидний”.
Ҳар лаҳзада Аллоҳга ёлбориб:”Аллоҳим орттиргил, фойдали қилгил. Такаббур аҳлидан қилма”,-дегил. Зеро Аллоҳнинг ўзи:”Мени изла, топарсан”,- деб амр қилган.
Талаб амрин эшитса банда Раббдин,
Ўзин билган қачон қолгай талабдин.
Ақилли инсон юқоридаги амрни эўитгандан кейин, албатта Аллоҳнинг розилигини топиш иштиёқида бўлади.
Набийдин йўқ кишиким қурби боло,
Ани айди “Ҳабибим” Ҳақ таоло.
Анга ҳам айди Ҳақ:”Қур робби зидний”,
Қўярму ўзгалар бу жаҳду жудни.
Аллоҳга пайғамбаримиз (С.А.В.) дан яқинроқ кимса йўқдир. У зотни Аллоҳ таоло “Ҳабибим”,яъни дўстим деб атаган. Шундай бўлса ҳам Аллоҳ таола “Тоҳо” сурасининг 114 оятида айтадики: “Эй Муҳаммад,(С.А.В.)-айтгил- яқинлигимизни орттир”,-деб. Бу буйруқни тушунган одам қандай қилиб Аллоҳнинг розилигини излашдан тўхташи мумкин.
Сучук жон шарбати то бўлса лабда,
Керакким бандаси бўлса талабда.
Бандалар тирик эканлар, Аллоҳнинг розилигини топиш ва илм ўрганиш харакатида бўлишлари керак.
Белингни қуввати борда олиб бел,
Кўнгил боғин суғор, келмай туриб сел.
Бедингда қувватинг борида қўлинга кетмон олиб кўнгил боғини суғориш учун сув олиб кел. Азиз умринг ўтиб кетмасдан аввалроқ. Яъни, ёшликда куч-қувват борида Аллоҳни иста.
Етар йўл юргали ҳолоки ҳолинг,
Юра кўр, бир куни кетгай мажолинг.
Йўл юришга қувватинг етиб турибдими, Аллоҳнинг розилигини истаб йўлга чиқ. Бир куни юрушга ҳолинг қолмайди. Унда кеч бўлади.
Юрарга қолмаса вақт ила дармон,
Эмакла, қолмасин то ичда армон.
Юришга дармонинг қолмаса, эмаклаб бўлса ҳам Аллоҳнинг розилигини топ. Шунда ичингда армон қолмайди.
Эмаклар қуввати ҳам кетса қўлдин,
Ўзингни судра ҳаргиз қолма йўлдин.
Аллоҳнинг розилигини топиш йўлида, эмаклашга ҳам қувватинг қолмаса, судралиб бўлса ҳам бу йўлдан юришда давом эт.
Етушмас судралишга ҳам мажолинг,
Кўзинг тик йўлга, то битгунча ҳолинг.
Судралишга ҳам мажолинг қолмаса, у ҳолда кўзинг билан у йўлни кузат.
Кўзинг ҳам бўлса бўлсин кўнгилда,
Бу матлаб бирла жон чиқсин бу йўлда.
Кўзинг ҳам кўрмай қолди бу йўлни, қалбинг бирла иста Аллоҳнинг розилиги йўлини. Бу йўл талабида жон таслим қил.
Агар мундоғ талабда чиқса жонинг,
Уланса боқиға бу жисми фонинг,
Умид улдур худойим деса банда,
Тилаган мақсудингни берса анда.
Аллоҳнинг розилигини топиш мақсадида жон бердинг. Руҳинг фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилди. Энди умид қиламизки Худойим сени бандам деса ва барча мақсадларинга эриштирса.
ДУНЁИ МАККОРАНИНГ БАЁНИ.
Кел, эй хоиф, ўлимнинг ёдин этгил,
Кетар манзилнинг истеъдодин этгил.
Эй Аллоҳдан қўрқувчи банда, ўлимни асло ёдингдан чиқарма. Унга таёрлан. Йўл озуғини хозирла.
Лабин тизмай туриб, марқад лабин халқ,
Қўярмусан тафаккур бобини ҳалқ ?
Қабринг оғзини халқ ғишт билан беркитмасдан бурунроқ, фоний дунё хавасидан кеч. Боқий дунё таёргарлигини кўр.
Йиғиб ҳийма, ваҳийма қилмай анда,
Ётибсан устида ғафлатли банда.
Охиратни ўйламасдан мол-дунё йиғиб, яна бемалол у мол-дунё устида ғафлат уйқусида ётибсан, ваҳима қилмасдан.
Ўлимнинг ўқи тургандир суяниб,
Уёниб ўртамай, тургил уёниб.
Ўлимнинг ўқи ёйга тортилиб, суяниб турибди, отилишга тайёр бўлиб. У ўқ сени ёндириб юборишидан аввал сен ғафлат уйқусидан уйғонгин.
Уёнмасдан туриб ўртансанг эй қул,
Мабодо бўлмағай кулл ишларинг кул.
Ғафлат уйқусидан уйғонмасдан аввал ёниб кетсанг, яъни ўлсанг , сенинг барча қилган ишларинг кул, яъни бефойда бўлади.
Бурниға боди ғам тегмай бурунроғ,
Ўзингни қил хавас сукронидин соғ.
Бурнинга ғаму-андуҳ шамоли тегмасдан бурунроқ, тавба қилиб қол. Ҳою-ҳавас майидин ўзингни омон сақла.
Ёпишмасдан бурун сўнгакинга пўст,
Ўлим бирла ўзингни айлагил дўст.
Этинг суягинга ёпишиб ўлиминг аниқ бўлмасдан туриб, ўлимдан қўрқмайдиган ҳолатга ўзингни таёрла.
Яқийн бил, кимни кўпроқ айласанг ёд,
Бўлур сани дўстинг эй одамизод.
Шуни билгилки эй одамизод, кимни кўп ёд этсанг, ўша сенинг дўстинг бўлади. Юқоридаги байтдан келиб чиқиб биз ўлимни доимо ёдимиздан чиқармаслигимиз керак.
Билур ҳар одам ўғли бўлса у ёғ,
Ватаннинг аслидир бизга туфроғ.
Ақли бор одам ватаннинг асли туфроғ эканлигини билади. Шундан келиб чиқиб хаёт тарзини танлайди.
Яқийн бу жаҳони пур хатарга,
Келибмиз бир неча кун савдо этарга.
Биз бу дунёга бир неча кунлик меҳмон бўлиб келдик. Билдикки бу жаҳон хатарларга тўла. Унда савдо қилдик.
Етишгач ушбу шахри муқтарфга,
Таралди карвоне ҳар тарафга.
Ушбу касб шахрига етишгач, баъзилар ўзларига Аллоҳнинг розилигини топиш амалини касб қилдилар. Бошқалар эса нафсларининг ҳоҳишини истаб бошқа тарафга кетдилар.
Ўзин билганлариким йўлга солди,
Ҳаёлсиз нақд умрин қўлга олди.
Ўзини билган ақл фаросатли одамлар яхшиларга эргашди. Уларни ўзларига муршид билиб, суҳбатларида бардавом бўлдилар. Шул жиҳатдан улар Аллоҳнинг розилигини топдилар.
Қилиб савдоларини чобуку част,
Сафар сахтини боғлаб, қилдилар раст.
Ана ўша фаросатли кишилар охират савдоларини ўрнига қўйиб бажардилар. Охират сафарига тайёр ҳолатда қадам қўйдилар.
Қачон “Юк қўй” деса, тайёр эрур зод,
Кирарлар йўлларига хурраму шод.
Қиёматда Аллоҳ таоло бандаларига:” Эй қулим нима келтирдинг”,- деса, бу одамлар олиб келган “юкларини” хурсандлик билан кўрсатурлар ва Аллоҳнинг изни ила жаннат томон юрурлар.
Ва лекин карвондин баъзи инсон,
Кўрар бу фоний уйни боғи хандон.
Бу карвонда баъзи одамлар борки уларга бу ёлғончи, вақтинчалик дунё хурсандчилик боғи бўлиб кўринади.
Кўриб яхши унинг нақши нигорин,
Унутқайлар ўшал келган диёрин.
Ёлғончи дунёнинг орзу хавасларига учиб, асл диёрларини унитиб қўядилар.
Қулоқ солғай туғаннию навоға,
Кўнгил бергай хавас бирла ҳавоға.
Бундай одамллар ўйин-кулгу, наволарга қулоқ солиб, улардан завқ олурлар. Ибодатдан қочадилар. Бемаъни ашулаю, маъносиз мусиқалардан завқланурлар.
Ажаб маккорадур дунёйи фоний,
Минг алвон жилва бирлан алдар они.
Бу фоний дунё жуда маккордур. Турли-туман дунё матоҳлари билан одамларни алдаб қўяди. Орзу-хавас деб одамларни бир-бирлари билан мусобақа қилдиради.
Ўшал маккорани ким солса қўйнига,
Севингандан кирар шайтон ўйинга.
Шу маккор дунё бир одамнинг қўйнига кириб уни йўлдан урса, шайтон бунга севиниб ўйинга тушар экан.
Кирар инсон анинг ёлғон сўзига,
Сурадур сурмаи ғафлат кўзига.
Инсон шайтони лаъиннинг сўзига кириб, унинг ёлғон сўзларига учса, шайтон унинг кўзига ғафлат сурмасини суриб, баттарроқ йўлдан урар экан.
Гаҳи уйғониб, ўйун айласа ёд,
Талаттуф бирла дер: “Эй одамизот,
Ошиқма бир куни савдо қиларсан,
Бу кун гар бўлмаса, фардо қиларсан”.
Дунёнинг макрига учиб, ғафлат уйқусида ётган одам гоҳида ўзига келиб тавба қила бошласа, шайтон айтар экан:” Эй одам, шошилмагин хали ёшсан ўйнаб кул, еб ичиб ол. Бугун бўлмаса эртага тавба қиларсан”.
Бу ол ила ўша маккораи дун,
Адо қилғай жамии нақди умрин.
Маккор шайтон мана шу йўл билан одамни алдаб бутун умрини адо қилади.
Адо қилғач бисоти умрини пок,
Берур рухсат қошидин чусту чолок.
Ул одамнинг умрини бекор ўтказгач, мақсадига эришган шайтон ул одамнинг ёнидан тезлик билан кетади.
Урар силига дер:”Кетгил бу ердин”,
Дегай:” Безор эрурман сендек эрдин”.
Шайтон бу одам устидан ғалаба қозонгач:”Сен энди бу дунёдан армон билан кет. Сендек ёлғонга учадиган одамдан мен безорман”-дейди.
Назар қилмас фиғону ноласиға,
Урар шатта анинг думболасиға.
Шайтон энди у одамнинг зорланишига эътибор бермай, унинг орқасига бир уриб кетиб қолади.
Амири карвон аввал дамда етгай,
Анга асли ватан ҳукмин этгай.
Шайтоннинг қилган ишига хайрон бўлиб турган одамнинг олдига Азроил келиб, асл ватанга кетдик деб буюради.
Қўюлмай эркига судраб ёқодин,
Чиқорурлар жахони бебоқодин.
Ул одамни дод-войига қарамасдан Азроил жонини олиб, бу бебақо дунёдин чиқорур.
Фиғон айлар:” Кетарни билганим йўқ,
Кетарга тўша хозир қилганим йўқ”.
Ул одам фиғон айлаки:” Эй Аллоҳим мен бунчалик тез ўлишимни билганим йўқ. Менга мухлат бер охират озуғимни тайёрлаб олай”.
Фиғон суд айламас аммо у касга,
Қачон рухсат қўярлар бир нафасга.
Энди бу фиғон фойда бермайди. Чунки ажални бир дақиқа олдига ҳам, орқага ҳам суриб бўлмайди.
Кейин қайтай деса бўлмас мажоли,
Кетар асли ватанга дасти ҳоли.
Вафот этган одамнинг қайта тирилиб дунёга қайтиш имконяти йўқдир. У энди асл ватанга қуруқ қўл билан борар.
Будур эй одамизод ҳасби ҳолинг,
Бошингдан ўтмиш онча моҳи солинг.
Сен ҳаётда ғафлат билан неча йиллар умрингни ўтказдинг. Энди сенинг эришган хикматинг ва ҳолинг шудир.
Қулоққа тиқма ғафлат латтасини,
Ема шайтони малъун шаттасини.
Қулоғинга ғафлат латтасини тиқиб олганинг сабабидан, шайтоннинг шапалоғини единг.
Севинма гар сени дунё севибдур,
Суюбман деб кўзинга қум қуюбдур.
Мени дунё севгани учун менга шунча бойлигу, мансаб бериб қўйди деб севинма. Аслида у сени алдаб кўзингга қум қуйган. Шу сабабдан сен охиратингни ўйламадинг.
Кима кўрсатган бу фоний вафони,
Азалдан душмани жон билгил они.
Эй дўстлар бу фоний дунё кимга вафо кўрсатган? Бу дунё азалдан алдамчи, бевафо ва душмандир.
УМРНИНГ ФОНИЙЛИГИ ВА ДУНЁГА ҲИРСДИН НАҲИЙЛАНМАКНИ
БАЁНИ.
Кел эй мўъмин яқийн билдинг кетарни,
Ҳисоби умр бесомон ўтарни.
Эй мўъмин биродарим, билар эдингку бу дунё бевафолигини ва бир кун келиб ундан кетишингни. Шундай бўлгандан кейин нима учун умрингни бекор ўтказдинг. Охиратга таёрланмадинг?
Ўтар дунё учун бўлма гирифтор,
Ўлумса йиғмагил монанди кафтор.
Ўткинчи дунё ҳою-ҳавасига учма. У билан гирифтор бўлиб охиратни қўлдан берма. Бўрсиқ каби ўлимтик йиғма.
Агар дунёга ҳирсинг бўлса фажсан,
Нажосат йиғмоғингда кал-ҳамажсан.
Забун ва пасткаш одамлар дунёга ҳирс қўядилар. Гўнг қўнғиз эса учраган гўнгни мол санаб, уйига ташмалайди.
Эсиз умринг нажас йиғмоқ раҳинда,
Қолурсан бир кун охир ер таҳинда.
Умрингни гўнг йиғиш билан ўтказдинг, бир куни ер тагига киришни ўйламадинг.
Ўримчакдек хамиша тор этарсан,
Қаноатсизлигинг изхор этарсан.
Мол-дунё топиш йўлида ўргимчакдек тўр тўқиб, содда одамларни илинтирмоқчи бўласан. Бу билан ўзингни қаноатсизлигингни билдирасан. Қаноатли одам борига шукр қилиб, бўш вақтини илм ўрганиш ва ибодатга сарфлайди.
Қилурсан риштаи жонинг билан қайд,
Магасдек, мурдек қилмоқ учун сайд.
Ўргимчак пашша ва чумолиларни овлаш учун тўр қўйганидек сен ҳам дунё молини тўплаш қасдида турли ҳийлаларни ўйлаб топасан.
Супурса сохиби хона баякбор,
Ўрамчи ҳам кетар, ҳамсайд, ҳам тор.
Уйнинг эгаси уйини тозалаш мақсадида супурги билан супурса, ўргимчак ҳам, унинг ови ҳам, тори ҳам ахлатга кетади. Зарбулмасалдан мурод, Аллоҳ ажални юборса, унинг моли ва дунёсидан наф йўқдур.
Қолибсан танга деб аҳволи танга,
Машаққатлар бошингда ранга-ранга.
Мол дунё йиғаман деб ахволинг танг бўлибди. Бошинг ранг-баранг машаққатлар билан гаранг бўлибди.
Югурма жийфа кўп йиғмоққа йил, ой,
Бўлай деб бой, бисотинг бермагил бой.
Бойлик машаққат келтирар экан, нима учун уни йиғаман деб югурасан. Энди тўхта, бор бисотингдан ҳам айрилиб қолма.
Яқийн билгил буни эй соҳиби ҳол,
Ҳарис эрмас зиёд этган била мол.
Шуни билгилки эй соҳиби ҳол, ибодатдан чалғимасдан бола-чақага ризқ топиш учун қилинган харакат ҳарислик саналмайди.
Ҳарис улдур агар дунёйи фоний,
Йиғай деса, мухаббат бирла они.
Ҳарис деб шундай одамга айтиладики, у фоний дунёга муҳаббат қўйган бўлади. Ибодатдан кўра мол йиғишни афзал кўради.
Агар бўлса кишида мол саҳли,
Кўнгил берса бўлур дунёни аҳли.
Ибодатларни бажаришдан кўра, мол-дунё йиғиш қайғусида бўлган одамни дунё аҳли дейилади.
Бисотида агар бир арпа қурси бўлса,
Эрур дун аҳлибил гар ҳирси бўлса.
Бир арпа донича моли бўлсаю, шу молини кўпайтириш мақсадида фарзларни бажармаса, бундай одам ҳам аҳли дунёдан бўлади.
Кишининг кўнглида бу фони бўлса,
Эрур дунё анинг бир дони бўлса.
Кимдур бу дунёнинг фонийлигини англаб, озгина молига қаноат қилиб, Аллоҳга шукр қилиб ибодатларини вақтида бажариб юради.
Агар бир қулда юз харвор зардур,
Агар бўлмаса меҳри безарардур.
Агар бир одамнинг юз хуржун тиллоси бўлса у одам бу бойликка бефарқ бўлиб, унга меҳр қўймаса. Бу бойликни яхши ишларга сарфласа, у ҳолда бу бойликнинг зарари йўқ.
Агар минг тилло кўза тушса кўза,
Қачон давлат билур аҳли дил ўза ?
Аллоҳни чиндан севган кишининг кўзига тилло билан тўлдирилган мингта кўза кўринса, яъни унинг шунча давлати бўлса, ул одам бу давлатга меҳр қўймайди.
Қаюдир меҳри йўқ эрни нишони,
Буюрғон ерига сарф этса они.
Бир одамнинг давлати бўлсаю, уни зиқналик билан Аллоҳ йўлига сарф этмаса, бундай эрни хақиқий эр деб бўлмайди.
Деса:” Меҳрим йўқ”, аммо тутса махкам,
Эрур ёлғончи ул фарзанди одам.
Мени молу-дунёга меҳрим йўқ десаю, аммо молини Аллоҳ йўлида сарфлашга зиқналик қилса бу одам ёлғончидир.
Киши молини беэҳсон емасдур,
Худони фазлидур, дунё эмасдур.
Аллоҳ берган бойликни ўзгалар билан бахам кўрган ва бу бойликни Аллоҳнинг фазли деб билган одам, дунё аҳлидан эмас.
Дема дунё чироғи охиратдур,
Худойимдин нишони иағфиратдур.
Дунё аҳлидин бўлмаган одамларнинг эҳсонлари охират уйининг чироғи бўлур. Бундай одамга аллоҳнинг мағфирати бўлур.
Бизоат бўлса ҳам кам айла инфоқ,
Юзумдур барги кам, зардин сучукроқ.
Ўзингнинг бойлигинг кам бўлса ҳам, имконинг борича эҳсон қил. Узумнинг барги кам бўлса меваси ширинроқ бўлади. Худди шунингдек кам бойликдан берилган эҳсоннинг савоби кўп бўлади
Керак аҳли карам ҳулқ этгали жам,
Ўзини дамо-дам кам қилса чун шаъм.
Ҳимматли, қўли очиқ одам ҳулқини жамлаш учун, бор бойлигини мискин бечораларга улашади. Савоб олади. Худди шаъм ёнганида унинг пилиги камайиб боради, бошқалар ундан баҳра олади.
Кишининг эътиқоди бўлса солим,
Демас:”Гўру кафанликдур бу молим”.
Ҳақиқий эътиқоди мустахкам одам молининг тугаб қолишидан ҳавф қилмайди. Бу менинг кафанлигим, ўлимлигим демайди. Муҳтожларга борини беради.
Не ғам иймонли қулни ўлганида,
Танида бўлмаса уч газ танида.
Банданинг иймони саломат бўлса, ўлганидан кейин яланғоч кўмилса ҳам уни уят санамас.
Карамлик бандаси гар бўлса чўлда,
Ичар ер бўлмаса бир зарра қўлда,
Қўпиб ўлтиргали қолмай мажоли,
Халокат палласига етса ҳоли,
Агар кўз ёшича сув топса анда,
Қилур ярмини эҳсон яхши банда.
Карам аҳлидин бўлган бир банда чўлда чанқаб сув излаганда, уни топа олмаса. Чанқов шу даражага етсаки, туришга ҳоли келмай қолиб халокат ёқасига яқинлашганда кўз ёши миқдорича сув топса. Шунда ҳам бу одам сувнинг ҳаммасини ўзи ичмай, ўзига ўхшаш чанқоқ одамлар билан бахам кўради.
Топилса луқмайе жону жигардин,
Дариғ этмас они ёру дигардин.
Саховатлик одам қийналиб бир луқма егулик топган бўлса, у одам бу егуликни мусулмон биродари билан баҳам кўради.
Карамлик бандага ёлғиз еган ош,
Бўлур хок оғзида, балки бўлур тош.
Карамлик одам топган ошини бир ўзи еса, гўёки у ош унга туфроқдек, балки тошдек туюлади.
Шакар нўш этса ёлғиз топмагай баҳр,
Бўлур қон оғзида, балки бўлур захр.
Агар саҳий одам ёлғиз ўзи шарбат ичса ундан баҳра олмайди. Балки бу шарбат унга қондек ёки захардек туюлиб оғзида туриб қолади.
Каро сув ичсалар икки биродар,
Кўрар шарбатча, балки оби кавсар,
Икки ҳамдил еса луқмаи нондин,
Сучук билгай асалдин, балки жондин.
Икки мусулмон биродар суҳбатлашиб ўтириб оддий сув ичсалар улар учун бу сув шарбатдек, балки оби кавсардек тотли бўлур. Улар бир луқма нонни бирга есалар асалдек тотли, жондек ширин бўлур.
Киши нондек қилар эҳсонда ҳуйин,
Олур танур ичинда оби рўйин,
Қизил юзлик бўлиб чиққан замона,
Тушар халқ оғзига эҳсони они.
Эҳсон қилгувчи одам тандирдаги нонга ухшайди. Нон тандирда қизариб чирой олиши учун нонвой унинг юзига сув сепиб туради. Тандирдан қизариб пишиб чиққан нон дархол одамлар оғзига тушади. Нон пишгунча қанча машаққатлар чекади, лекин у буни миннат қилмайди. Эҳсон қилган одам ҳам, уни миннат қилмайди.
Кулуб меҳмон қошиға чиқғил эй қул,
Шажарким мевалик бўлса, қилар гул.
Меҳмон келса очиқ юз, табассум билан кутиб олгин. Дарахт мева қилишидан аввал гуллагани каби.
Агар эҳсон этар бўлсанг, эшит ҳарф,
Ани ҳам ўз жойига қилмоқ керак сарф.
Агар эҳсон қиладиган бўлсанг эй одам яхшилаб эшитиб ол, уни ўз жойига сарф қилгин. Эҳсонни яхшиликка ва яхши одамларга қилгин.
Билиб қўй жойига кади йаминни,
Зироат айлама шўра заминни.
Дехқончилик қиладиган одам ерни тўғри танлаши керак. Уруғни шўр ерга экиб, ундан хосил кутиш нотўғри.
Ёмон ерга ани сарф этма бори,
Бўрини йирторига берма йори.
Кучингни ёмон ерга сарфлаб бекор кетказма. Харакатингни яхши ерларга қилгин. Бўри келиб сени тилка пора қилишини пойлаб ўтирма, унинг чорасини қил.
НАФСИ ШУМНИ БАЁНИ.
Кел эй кас, бўлма акнун тобеъи нафс,
Сўлур ақшом сабо бу гардани ғафс.
Эй одам, нафсинга тобеъ бўлиб бўйнингни йўғон қилма. Умрнинг оқшомиду барибир бу йўғон бўйнинг ингичкалашиб қолади.
Ҳама тоатларинг хўбию софи,
Яқийн билгил эрур нафснинг хилофи.
Тоат ибодатларинг энг яхшиси тақводур. Тақво эса нафснинг истакларига қари курашдан иборатдир.
Қўяр кажликка доим нафси бад юз,
Қачон ўт туз ёнар ёлборсанг ўттуз.
Нафсинга ихтиёр берсанг у доим сени эгри йўлга бошлайди. Оловга тўғри ён деб ўттиз маротаба ёлборсанг ҳам, у шамолда тебраниб ёнади.
Эрур нафсинг думоғи турфа еллик.
Қачон эллик қилур ёлборсанг эллик.
Нафсингни думоғи турли томонга эсадиган елга ухшайди. Шунинг учун нафсинг елини тўғри томонга эсиши учун кураш. Токи у сени эгриликка бошлаб кетмасин. Унга эллик маротаба яхшилик қилсанг хам у сенга эл бўлмайди.
Ўзинг паст айласанг, нафсинг забардаст,
Бошинг чайнаб солур чун уштури маст.
Ўзингни паст тутиб, нафсингни сўзига кирсанг у сени бошингни маст туядек чайнаб ташлайди.
Бурунға боди кибр эсмай бурундин,
Бурундуқ сол анга қўймай бурундин.
Бурнинга такаббурлик шабадаси эсмасдан бурун, сен унинг бурнига бурундуқ солиб, ўз йўлинга юргаз. Нафсинг сўзига кирсанг у сени такаббурликка етаклайди.
Риёзат бандиға беркит аёғин,
Кўтарма бошидин тақво таёғин.
Нафсингни оёғини мехнат занжири билан кишанла. Бошидан тақво таёғини кўтарма. Шунда у сендан устун бўлмайди.
Йиқилиб қолмагудек бер емишни,
Зиёда айла кам-кам қаттиғ ишни.
Нафсингни бирданига жуда қаттиқ қийнама. Оз-оздан емиш бериб тур, йиқилиб қолмасин. Уни қийнашни аста секин орттириб бор.
Қўюб андозаи ҳолича юкни,
Ибодат йўлига кўндир бу лўкни.
Нафсинга тоқатига яраша юк қўй. Бўлмаса у сендан безиб қолиши мумкин. Ибодат йўлига аста секин кўндир.
Бу мехнат бирла ул аммораи дин,
На бўлғай мутмаинна бўлса бир кун.
Нафсингни аста секинлик билан қийинчиликларга ўргатиб борсанг, шундай кун келадики нафсинг сендан рози бўлади.
Семиз кўп қилма бу туллак итингни,
Қутириб ёрмагай токи бетингни.
Нафсингни туллак итга ухшатиб кўп семиртирма. Чунки” ти семирса эгасини қопади”- деган мақолдагига ухшаб нафсинг сени қопмасин.
Йилони асрадинг неча йил они,
Улуғ бўлган сари ўсти зиёни.
Илонни боқиб ўстирганинг сари унинг зарари орта боради, Шунингдек нафсингни хохишига қарасанг, у хам борган сари катталашиб, зарари ортаверади.
Ўтибдур қўл билан бўйнин тутардин,
Хатардур куч қилиб боссанг ютардин.
Нафсинга эрк бериб уни семиртирибсан, энди уни қўл билан эгиб бўлмайдиган ҳолатга келибди. Шу ҳолат давом этса у сени ютиб юбориш ҳавфи бор.
Етибдур қўйгали кўксинг юзина,
Кима дерсан, ўзинг қилдинг ўзингга.
Ҳолат шу даражага етибдики нафсингни юзига сен кўксингни қўйибсан. Бунга айбдор ёлғиз ўзингсан.
Улоқиб ҳоли ҳам тутма ўзинг суст,
Белингга боғла химмат фўтасин руст.
Умидсизлик қилма. Хали ҳам бўлса ўзингни қўлга ол. Белингга химмат камарини боғлаб, нафсинг билан кураш.
Таваккул сайфини сидқ илкина ол,
Қил ични ҳолис, андин сўнг қилич сол.
Нафсингни тўғри йўлга солиш учун таваккул қиличини қўлингга олиб,нафсинг билан курашни бошла. Бунинг учун аввал қалбингни такаббурлик, хасад ва бошқа иллатлардан тозалаб ол.
Таажуб билма фазли бебаҳодин,
Халос этса мунингдек аждаҳодин.
Бир кун келиб нафсинг итоаткор бўлиб қолса ажабланма, зероки Аллоҳ карами кенг зотдир.
Ғараз мундоғ адувни қилма фарбеҳ,
Агар келса қўлингдин қатъи сар беҳ.
Мундоғ сенга душман бўлган нафсингни семиртирма. Қўлингдан келса нафсингни бошини кесиб ташла.
Семирса нафс агар ичмак емакдин,
Юз онча эт олур яхши демакдин.
Нафсинг емак ичмак билан семирса, уни мақташдан у баттарроқ эт олади.
Яна юқори ўтмакдин берур баҳр,
Бу нафси жоҳила дунёи бадқахр.
Бу жоҳил нафс балосига гирифтор бўлган одамни, ўзига ухшаган бидъат аҳли уни мақтаб юқори ўтқазурлар. Билмасларки бундан у одам бадтарроқ шум нафснинг мубталоси бўлиб қолур.
Ўтибман деб ўтарда бўлмагин шод,
Ўтинг дейдур, ўтинг олғай бу жаллод.
Юқори ўтдим демак мен бу одамлардин ақиллироқман деб хурсанд бўлма. Сени юқорига ўтқазиб, қалбингни ўтини, жигарингни ўтини суғуриб олади бу жаллод дунё.
Киши билса ризо шахдини завқин,
Билур бирдан мажолис тахту фавқин.
Одам боласи Аллоҳ розилигининг завқини билса, у ҳолда бу одам учун мажлиснинг тўри ҳам, пасти ҳам бирдек бўлади. У атрофидагиларнинг тилёғламаликларига учмайди.
Турар ўз ҳолида бисёру камда,
Юрушин бузмағай ҳеч шоду ғамда.
Нафсини жиловлаб олган одам бойлигида ҳам, камбағаллигида ҳам бирдек юради. Ғамини ҳам, шодлигини ҳам бировга билдирмайди.
Киши кўрса Худодин жузъу куллни,
Билур ул хайрият иззату зуллни.
Аллоҳ розилигини истаган одам барча яхшилик ва ёмонликни Аллоҳдан деб билади. Одамларнинг хурматларию, жабрларини ҳа тақдирдан деб билади.
Эрур ҳолоки, тавба боби мафтуҳ,
Ёмон нафсингни қилгил тобеъи руҳ.
Товба эшиклари ёпилмасдан бурунроқ тавба қил. Ёмон нафсингни жиловлаб яхши йўлларга юргаз.
Агар нафсинг сани етмиш бошингдин,
На бўлғай фойда, етмиш ёшингдин.
Ёшинг етмишга келса ҳам нафсингни розилигини истаб яшамоқдасан. Сенинг бу ёшингдан нима фойда, нафсингга қул бўлгач.
Агар нафсинг муродин изламаксан,
Агар саксонга умринг етса, саксан.
Агар ёшинг саксонга етганда ҳам, нафсинг розилиги учун яшаяпсанми, демак сенинг итдан фарқинг йўқ экан.
Азал кундин агарчи хавфи йўқсан,
Агар тўқсонга кирсанг кўнгли тўқсан.
Қиёматнинг хавфи йўқ экан, сенинг тўқсон ёшингдан не фойда ?
Азалдин қилса кимни кўнглини реш,
Дегай ўн беш ёшин кўп, балки ўн беш.
Одамнинг қалбида охират кунининг ҳавфи бўлса, ёши ўн бешда бўлса ҳам, эллик ёшли одамдек фикрлайди.
БАНДА АҲДДА ТУРМОҚНИ БАЁНИ.
Кел эй содиқ, ки қилдинг сидқ лофин,
Ўланча қилмагил ваъда ҳилофин.
Эй аҳдига содиқ банда, сен тўғри сўзлик даъвосини қилсанг умринг охиригача ваъдангга хилоф қилма.
Хилоф этган забунлардин забундир,
Бу дунёу у дунё сарнигиндур.
Ваъдасига хилоф қилган банда эси пастларнинг эси пастроғидир. Бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам боши эгик, уятлидир.
Халойиқ олдида кўтоҳ забондур,
Худо даргоҳида андин ёмондир.
Ваъдасини бузувчи одам халқ орасида тили қисиқдир. Аллоҳнинг даргоҳида ундан ёмон, мунофиқдур.
Хилоф этсанг агар айғон сўзингдин,
Кўтар эркаклик отини ўзингдин.
Айтган сўзингга хилоф иш қилар экансан, ўзингни эркак деб хисоблама. Эркак одам ваъдасини бузмайди.
Дадак қийғочи дасторингдин ортуқ,
Сани йўқ бўлганинг борингдин ортуқ.
Ваъдасида тура олмайдиган эркакнинг салласидан, чўри қизнинг рўмоли ортиқ. Сендек одамнинг боридан йўғи яхши.
Чиқармағил оғиздин қилмас ишни,
Қилурман дема қўлдин келмас ишни.
Қилмайдиган ишингни асло гапирма. Қўлингдан келмайдиган ишни қиламан деб ваъда берма.
Оғиздан чиқса сўз, қайтармагил қош,
Агарчи кетса ҳам ул сўз учун бош.
Оғзингдан сўз чиқтими, энди афсус чекиб қошингни чимирма. Унинг ўрнига сўзингни устидан чиқиш чорасини изла. Агарчи ваъдангни бажариш йўлида бошинг кетса ҳам.
Керак эрман деганнинг ваъдаси туз,
Агар туз бўлмаса андин кўнгил уз.
Хақиқий эркакман деган одам ваъдасида туради. Ваъдасида тура олмайдиган эркакдан кўнглингни уз.
Яқийн билгилки тузликдин асони,
Эранлар олдилар ўнг қўлга они.
Таёқ тўғри бўлганлиги сабабидан, уни тариқат аҳиллари ўнг қўлларига олдилар.
Хусусан туз керак эл эътимоди.
Бўлурму эгри ҳеч масжид иъмоди.
Хусусан элга бош бўлган одам тўғри сўзли бўлиши керак. Масжиднинг устуни эгри бўлганини ким кўрибди?
Сўзин бузғон киши бузмасму иймон,
Ўлумса бирла қилма аҳду паймон.
Сўзин бузғон кишини яхши эрлар,
Қусиб қайта они ичганча дерлар.
Сўзидан қайтган одамни иймонидан қайтмайди деб ким ваъда беради. Ўлимтик билан аҳду паймон тузиб бўлмаганидек, сўзида тура олмайдиган одамлар билан ҳам аҳдлашиб бўлмайди. Яхши одамлар сўзида тура олмайдиганларни қусуғини кайтариб ичган одамларга ўхшатадилар.
Қаю тойиб киши ичгай қайидин,
Тириксан қолмагил аҳдинг пайидан.
Қусуғини ичган кишини ҳеч ким кўрган эмас.Чунки у инсон табиатига тўғри келмайди. Шунинг учун ваъдани бузуш ҳам яхши одамга хос иш эмас.
Мабодо узсанг ақволинг уъқидин,
Тўкулуб қолмагай йиғган нуҳудинг.
Мабодо ваъдангни бузсанг, сенинг йиллар давомида ортирган яхши номинг, тўкилган нўхат доналари каби сочилиб кетмасин.
ҲИКОЯТИ САЪДУ САИД.
Саиду Саъд қилди аҳди ёри,
Сафар бўли аларни ихтиёри.
Ҳикояда келишича Саид ва Саъд исмли икки йигит дўст бўлмоққа ахдлашдилар. Улар соҳобалардан эдилар. Кунлар ўтиб улар сафарга чиқдилар.
Дилу жондек эди ул икки огоҳ,
Қазодин оқдилар дарёга ногоҳ.
Бу икки дўст бир бирларига дилу жондек меҳрибон эдилар. Тақдиртақозоси билан улар дарёдан ўта туриб оқиб кетдилар.
Бирисин тутди малаҳе ўшал он,
Деди:”Қўйгил мани, ёрим қўлин ол”.
Шу вақт дарёда бир қайиқчи пайдо бўлиб улардан бирини қутқариш учун қўлини чўзди, шунда чўкаётган дўстларнинг бири айтдики:” Мени қўйиб тур дўстимни қутқар”.
Муни қўйди ани тутди мазбут,
Бу ҳам айди:”Мани қўйгил ани тут”.
Қайиқчи иккинчи дўстни қутқариш учун қўл чўзса у ҳам айтдики: ”Мани қўй дўстимнинг қўлидан торт”.
Томошо қил алардин аҳди ёри,
Ана қавли дуруст эрларни ҳоли.
Қайиқчи буларнинг дўстлигига тасаннолар айтиб қойил қолди. Аҳдига содиқ дўстлар шундоқ бўлишлари керак.
МЎМИН ДОИМ ХАВФУ РАЖОДА БЎЛМОҒИНИНГ БАЁНИ.
Кел эй тан, бўл хамиша илтижода,
Давомул умр бўл хавфу ражода.
Эй Аллоҳнинг бандаси, сен чиндан Аллоҳни севсанг хамиша илтижода бўл. Умрингни Аллоҳдан қўрқиш ва унинг мархаматидан умидворликорасида ўтказгин.
Кўтарма ҳеч ражову хавфдин рас,
Яқийн билгил куфрдан ҳам амну, ҳам йас.
Аллоҳнинг хос бандаси бўлсанг, бошингни умид қилиш ва ундан қўрқишдан кўтарма. Аллоҳнинг азобини инкор қилмоқ, раҳматидан умидсиз бўлмоқ куфрдир.
Сани олдингдадур пайдо икки йўл,
Бири ўнг қўл сари борғон, бири сўл.
Одам боласи икки йўл орасидадур. Бири ўнг томонга, яъни жаннатга олиб борса иккинчиси чапга, яъни жаханнамга олиб боради.
Киши билмас қиёмат даштида ох,
Кетар банда икки йўлдин қаю роҳ.
Қиёмат даштида бу йўллардан қайси бири насиб этишини билмаймиз. Шунинг учун умримизни қўрқув ва умидворликда ўтказамиз.
Агар сонсиз ато қилса худойинг,
Биҳишти Адн эшигин сурса пойинг,
Қариш йўл қолса жаннат этгали тавф,
Бурунғидан зиёда айлагил хавф.
Худойинг сенга чексиз марҳаматлар кўрсатиб, Адн жаннатининг эшиги олдига келдинг. Жаннатга киришингга бир қарич йўл қолди. Шунда ҳам сен хотиржам бўлма, қўрқинчинг янада ортсин.
Наъувзу биллаҳ ул борғон йўлингдин,
Агар қайтарса не келгай қўлингдин.
Аллоҳ ўзи сақласин, жаннат эшиги олдидан сени қайтариб жаҳаннам сари йўлласа қўлимиздан нима келади?
Агар дўзаҳ лабинда бўлса пойинг,
Умид узмаки, Ғофирдур Худойинг.
Агар сан дўзаҳ лабида турган бўлсанг ҳам Аллоҳнинг мархаматидан умидингни узма. Чунки унинг исмларидан бири Ғофирдур, яъни гуноҳларни кечиргувчи.
Ажаб эрмас агар қайтарса андин,
Насиб этса биҳишти жовидондин.
Аллоҳ ўзи ёрлиқаган бандасини дўзаҳ лабидан қайтариб, абадий жаннатга доҳил қилса бу ўзининг иши.
Агар устингдаги етти табақни,
Кезиб дарс айласанг етмиш сабақни,
Малойикдек агар паррандадурсан,
Яқийн бил бандаи бечорадурсан.
Аллоҳ сани мушарраф қилиб етти қават осмонни кезсанг, етмиш ҳил илмни билсанг, фаришталардек учиб юрсанг ҳам билгилки сен барибир бир бечора бандасан.
Сани отинггу зотинг бўса банда,
Нечук хавф айламас жон бўлса танда.
Санинг отинг ҳам, зотинг ҳам банда бўлгач нима учун Аллоҳдан қўрқмайсан? Танингда жонинг бор экан Аллоҳдан қўрққин.
Эрур қулни иши қўрқунчу зоре,
Қабул этмак эгамни ихтиёри.
Банданинг иши Аллоҳдан қўрқиб унга ёлборишдан иборатдир. Тавбаларни қабул қилиш ёки қабул қилмаслик эгамнинг ихтиёридадир.
Агар авф этмаса бечорадурсан,
Қаю йўл деса анда борадурсан.
Илтижоларингни қабул қилмасдан, гуноҳларингни кечмаса ўзи билади. У қайси йўлни ихтиёр қилса шу томонга борасан.
ҲИКОЯТИ РАСУЛИ АКРАМ (С.А.В.)
Муҳаммадким шоҳи дунёву диндур,
Сифоти Рахматул лил аъламиндур.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайхуссалом дунё ва охиратнинг подшоҳидур. У барча оламларга Раҳмат қилиб яратилгандир.
Замину осмоннинг ҳалқу ҳайли,
Яратилди бас, ул эрнинг туфайли.
Еру осмон ва ундаги жозоду набототлар Пайғамбаримиз туфайли яратилди.
Ўқурда бир куни тангри китобин,
Ўқуди анда дўзаҳни азобин.
Пайғамбаримиз қуръон тиловат қилиб ўтириб, дўзаҳ азоблари хақидаги оятларни ўқидилар.
Ул оят ваҳмидин кетди ўзидин,
Йиқилди ерга ул дамда юзидин.
Пайғамбаримиз (С.А.В.) ул оятларнинг ваҳмидин юзлари билан йиқилдилар.
Саҳоба ҳар қаю бир ҳола бўлди,
Замину осмон дар нола бўлди.
Бу ҳолатни кўриб турган саҳобалар бир ҳолатда бўлиб, дод солдилар. Уларнинг оҳлари еру осмонни тутиб кетди.
Замондан сўнг кўзини айлади боз,
Саҳоба айдилар: “Эй муҳтарам роз,
Сани халқ афзали қилди Худойинг,
Муҳайё бўлса жаннат ичра жойинг,
Сифотинг Раҳматанлилаъламиндур,
Худодин мунча қўрқинчинг надиндур?”.
Бир оз вақт ўтгач Пайғамбаримиз ўзларига келиб кўзларини очдилар. Саҳобалар сўрадилар: “Ё Расулуллоҳ нима бўлдики сиз ҳушингиздан кетдингиз. Сизни Худо халқ афзали қилиб яратганку. Сизга жаннатдан жой берганку. Нечун сиз дўзаҳ азобидан қўрқиб мунча қайғурасиз. Сизнинг сифотингиз Раҳматанлилаъламин бўлса, бу қадар қўрқишингизни боиси нима?”.
Деди:” Гарчи Расули жузъи куллман,
Нечук хавф айламай зероки қулман”.
Расули Акрам (С.А.В.) айтдилар:”Эй биродарлар мен сизларнинг пайғамбарингиз бўлсам ҳам, Аллоҳ олдида бир бандаман. Шундай экан нечун Аллоҳдан қўрқмайин”.
Агар юз минг башорат бўлса ёри,
Керак қулдин ўшанча ҳавфу зори.
Агар бир бандага юз минг маротаба жаннат башорат қилинган тақдирда ҳам, бу банданинг қўрқинчи аввалгисидан кучлироқ бўлиши керак.
Кишининг исму зоти бўлса банда,
Бўлурму фориғият қул деганда.
Биз ҳаммамиз Аллоҳнинг қўлимиз. Шундоғ экан бизнинг ишимиз унга ибодат қилиш ва раҳматидан умидвор бўлишдан иборат бўлиши керак. Шундагина биз Аллоҳнинг бандаси деган исмга сазовор бўламиз.
ХУДОНИНГ РАҲМАТИДАН УМИДВОР БЎЛМОҚ БАЁНИ.
Кел эй тан бермагил вақтингни қўлдин,
Югур дарёи раҳматга бу чўлдин.
Эй фарзанди одам, вақтингни қўлдан бермай, Аллоҳнинг раҳмати оқиб турган дарё томон югур.
Гуноҳим кўп дебон бўлма маъюс,
Ажаб эрмас агар авф этса Қуддус.
Гуноҳим кўп деб Аллоҳнинг раҳматидан умидсиз бўлма. Ажаб эмаски Худойим гуноҳларингни кечиб, тавбангни қабул этса.
Дилу жон бирла тавба қилсанг эй ёр,
Магар авф айлагай донои асрор.
Тавбани дилу жон бирла қилсанг, қайтиб бу гуноҳ ишларга қўл урмасанг, ажаб эрмаски барча сирларни билгувчи Раббимиз тавбангни қабул этса.
Агар лутф айласа саттори олам,
Битар бир лаҳзада кори ду олам.
Оламларни қопловчи Тангри лутф айласа, икки дунёнинг ишлари бир лаҳзада битади. Аллоҳга бу сира қийин эмас.
Абасдин эмди йиғ лаб, титра йиғлаб,
Тила жону дилингдин раҳмати Рабб.
Лабингни бекорчи гаплар гапиришдан тийиб ол. Роббингга титраб йиғлаб, жону дилинг билан илтижо қил.
Ҳавони паст этар ашкинг нужуми,
Кавокибдур шайотуннинг ружуми.
Осмондаги юлдузлар шайтонларни хароб қилгани каби, кўз ёшинг томчилари ҳавони ( кибрни) паст қилади. Яъни нафсингни жиловлайди.
Юрак ёғин кетар бўлсун десанг оз,
Қилур кўз ёғи ич ёғини оз.
Нафсинг ғолиб бўлиб, семириб юрагингни ёғ босиб кетгану сен ундан қутилмоқчисан. У ҳолда сен кўзингни ёғигни кўп оққиз, Аллоҳга ёлбориб йиғла. Зора шунда ичингдаги ёғлар камайса.
На давлатдур келиб айбингга шарминг,
Дили гарминг айрилса гар минг.
Қилган айбларингни ва гуноҳларингни бўйнингга олиб, тавба қилиб, истиғфорлар айтсанг бу катта давлатдур. Такаббурликни енгиб қалбингни минг пора қилиб бўлса ҳам, тавба қилгин.
Худони хавфидин бир қатраи ашк,
Азозил олдида чандон бўлур рашк.
Аллоҳдан қўрқиб кўзингдин чиққан бир томчи ёш, шайтоннинг кўзига парда бўлса ажаб эмас. Шунда у сени кўра олмай тинч қўяди.
Саодатлик киши еб доимо ғам,
Кўзин Ҳақ хавфи бирла қилса шабнам.
Саодатлик киши оҳиратнинг қўрқинчи билан доимо ибодатда бўлиб, Аллоҳдан қўрқиб йиғлаб юради.
Ғараз узма умид, эй толиби роҳ,
Деди:” Ла тақнату мираҳматиллоҳ”.
Эй Аллоҳ талабида юрган банда, Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидингни узма. Аллоҳ ўзининг каломида:” Эй бандаларим раҳматимдан умидсиз бўлманглар”,-деган.
Ўтилмас журми ширк, эй марди солик,
Ўтар лутф айласа, “Маа дууни заалик”.
Аллоҳга ширк келтиришдан бошқа гуноҳлар кечирилади, агар чин дилдан тавба қилинса. “Нисо” сурасининг 48 оятида Аллоҳ айтади:”Ширкдан бошқа гуноҳни, кимни хоҳласа кечирадир”.
ҚАЗОҒА РОЗИ БЎЛИБ, БАЛОҒА САБР АЙЛАМАК БАЁНИ.
Кел эй банда ўзингни сол Худоға,
Қазоға рози бўл, сабр эт балоға.
Эй банда ўзингни Аллоҳга топшир. Аллоҳнинг тақдирига рози бўл. Юборган балолариға сабр қил.
Яқийн бил банда бўлса асл исминг,
Худони мулки бўлса жону жисминг,
Анингдур молу мулк, ҳар на бори,
Нечук қилса ўзининг ихтиёри.
Сенинг исминг банда бўлса шуни билгилки, сенинг жонинг ва жисминг Аллоҳникидир. Молу мулкинг ва барча боринг ҳам Аллоҳникидир. Мулк эгаси у мулкни нима қилишини ўзи билади.
Бўйун сунгил нечукким қилса фармон,
Бўлурму бандада хужжату дармон?
Аллоҳнинг фармонига бўйун синмоқдин ўзга чора йўқ. Юқорида айтилганидек биз Аллоҳнинг мулкимиз, унинг қулимиз. Қулнинг иши хўжасининг ҳукмига рози бўлмоқдир.
Кишиким бўлмаса рози қазоға,
Агар сабр этмаса келган балоға,
Агар шукр этмаса Ҳақ неъматиға,
Қачон лойиқ бўлар банда отиға.
Аллоҳнинг қули тақдирига рози бўлмаса, сабр қилмаса, берган неъматига шукр қилмаса, бундай киши банда номига лойиқ эмас.
Худога ҳар ишинг қилсанг ҳавола,
Бўлур жаннат бу ўлтурғон қавола.
Барча ишларингда Аллоҳга таваккул бўлса, унинг тақдирига рози бўлсанг, неъматларига шукр қилсанг, сен учун ер юзи жаннатга айланар.
Кўнгилда қомағай дунё ғамидин,
Олурсан баҳра ҳар ўтган дамингдин.
Юқоридаги таърифларга сазовор банданинг кўнглида қайғу қолмас. Умрининг ҳар бир дақиқасидан баҳра олур.
Қаю қулға муяссар бўлса бу ҳол,
Агар оғу ичар билгай ани бол.
Банда қазоға рози, неъматларга шукр қилиб яшаса, у одам захар ичса ҳам асалдек туюлур.
Худони ганжидин бўлса бу яхши,
Ризо жў қил, ани кўрмасму яхши.
Бандага келган бало-қазолар Аллоҳнинг унга юборган синовидир. Синов эса яхшиликка сабаб бўлур. Сен унга сабр қилсанг яхшилик оласан, эътиқодинг мустахкам бўлади.
ХИКОЯТИ АБДУЛЛОҲ АНСОРИЙ.
Ғуломе олди Абдуллоҳ ансор,
Деди:”Эй қул отингни айла изҳор”.
Абдуллоҳ Ансорий мадиналик саҳобалардан бўлиб, анча бой одам эдилар. У киши бир куни бозордан бир қул сотиб олдиларда қулдан сўрадилар:”Эй қул исминг нима”.
Деди:”Эй хўжа сен қўйсанг қаю от,
Менинг отим ўшалдур эй неку зот”.
Қул айтдики:”Эй яхши одам сен нима деб чақирсанг, менинг отим ўшалдур”.
Деди:”Эй қул севарсан қайси хўрок”,
Деди:”Сандин не тегса беҳдур эй пок”.
Абдуллоҳ деди:”Сен қайси таомни ёқтирасан”. Қул жавоб бериб айтдики:”Сен нима берсанг мен учун ўша лаззатлидур”.
Деди :”Қайси ўлур кўнглингга марғуб”,
Деди:”Сен қайсиниберсанг ўшал ҳуб”.
Абдуллоҳ Ансорий яна дедиларки:” Эй қу қандай кийим киясан, олиб берайин”. Қул жавоб берди:” Нима олиб берсанг шуни кияман”.
Деди:” Эй қул надур ҳам касбу коринг”,
Деди:” Ҳар қайси бўлса ихтиёринг”.
“Сенинг касбу коринг нима, қандай ишлар қиласан”,-деб сўради Абдуллоҳ Ансорий. “Сен нимани буюрсанг шу ишни бажараман”,-деб жавоб берди қул.
Деди:” Бори қилурсан қай хунардин”,
Оқузди ул қул ашкин чашми тардин.
Ансорий яна айтдилар:” Қандай хунаринг бор, сенга қандай иш маъқул бўлади”. Бу саволни эшитиб қул йиғлай бошлади.
Деди:” Эй яхшиларнинг шаҳриёри,
Бўлурму қул деганнинг ихтиёри,
Агар амр айласанг хар қайси юзга,
Надур чорам бўйун сунмакдин ўзга”.
Қул йиғлаб туриб айтдики:” Эй яхшиларнинг султони, қулда ихтиёр бўлмас, хожаси нимани буюрса шуни қилишга мажбур. Сен нимани буюрсанг шу ишни қиламан. Қулнинг бошқа чораси йўқ”.
Эшитди хожа ул қулнинг сўзини,
Йиқилди ҳам ерга урди ўзини.
Абдуллоҳ бу сўзларни эшитиб, узини ерга отди.
Яқосин чок этиб дер эди анда,
“ Эй Абдуллоҳғ ки кўрдинг феъли банда.
Ўзингни сол Худоға жузъу куллдин,
Тариқи бандали ўрган бу қулдин”.
Абдуллоҳ Ансорий ёқасини йиртиб, дод солиб айтдики:” Эй Абдуллоҳ, хақиқий бандаликни шу қулдан ўрганмоқ керак экан. Бу қулдан ибрат ол. Банданинг феъли қандай бўлиши керклигини бу қул жуда яхши билар экан”. (Ҳикояларда келтирилишича Абдуллоҳ Ансорий бу қулни шу жойнинг ўзида озод қилган эканлар).
ФАҚИРЛАРНИ ҲАҚИР КЎРМАК БАЁНИ.
Кел эй нозир мусулмон бўлса ҳар ёр,
Назар қилма хақорат бирла зинхор.
Барча яхшиликни ва ёмонликни кузутувчи инсон, мусулмон биродарингга ҳақорат назари билан қарама.
Фақирни билма кам дунё элидин,
Ҳадиси келди пайғамбар тилидин.
Фақир одамни камситма, уни барча билан баробар кўр. Зеро фақирлар хақида Пайғамбаримиздан ҳадис бор.
Деди:” Ал фақру фаҳрий”, яъни ул шоҳ,
Нечук ортуқ кўрарсан ҳашмату жоҳ?
Пайғамбаримиз (С.А.В.) фақирлар хақида:” Фақирлар фахримдир”,-деди. Бас шундай экан нима учун биз фақирларга паст назар билан қарашимиз керак, эй дабдабали ҳаётни севувчи инсон?
Амалдур яхши қулларнинг камоли,
Вараъдур хашмату жоҳу жамоли.
Бандаларни уларнинг бойлиги билан эмас, амаллари билан яхши ёки ёмонга ажратамиз. Солиҳ амалли бандаларнинг тақволари Аллоҳга мақбулдир. Дабдабали хаётни севган, нафсига қул бўлган бандалар эса Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлурлар.
Эмас дунёси бўлғон бирла маҳбуб,
Ҳисоби оҳират кам бўлғони хуб.
Бой бўлиш айб эмас. Бойлиги кўп одамни Аллоҳнинг суюкли бандаси дейиш ҳам тўғри эмас. Одамнинг амали ва тақвоси уни Аллоҳга суюкли қилади. Бойлигинг оз бўлса, ҳисобинг ҳам енгил бўлур.
Агар беҳ бўлса, бўлғон бирла моли,
Ки Қорун бўлғай эрди аҳли ҳоли.
Моли кўп одам яхшилар қаторида бўлса эди, унда лаънати Қорун аҳли ҳолларнинг биринчиларидан бўлар эди.
Қувонди неча кун дунё уйига,
Юборди моли бирлан ер қуйига.
Қорун молининг кўплигидан қувониб бир неча кун ер юзида ўйнаб кулди. Натижада уни Аллоҳ таоло молу дунёси билан ерга юттирди.
Агар дунёси йўқдин бўлса эди хор,
Муҳаммадга Билол бўлмас эди ёр.
Агар одамнинг мартабаси унинг бойлиги билан ўлчанганда эди, Билолдек бир камбағал хабаш, пайғамбаримизга дўст бўла олмас эди.
Муҳаммадким Набийларга эди тож,
Ато қилди Худо ул кеча меърож.
Муҳаммад алайҳуссалом барча пайғамбарларнинг тожи эди. У кишига Аллоҳ меърож кечасини ато қилди.
Мақоми сидрага етти ул банда,
Билол наълини савти келди анда.
Меърож тунида Пайғамбаримиз алайҳуссалом Сидратул мунтаҳода турган вақтларида, тун ярим эди, Билолнинг ковушининг товуши эшитилди. Буни Жаброил алайҳуссалом тасдиқладилар. Билол разияллоҳу анҳу масжидга чиқиб кетаётган эдилар.
Балою фақоға сабр этган инсон,
Диёнат мулкидадур марду майдон.
Диёнат мулкининг марду майдони деб, турли балоларга, очликка сабр қилган инсонга айтилур.
Агар чандики бўлсанг бебизоат,
Сулаймонсан агар қилсанг қаноат.
Бу дунёда молу мулки йўқ одам, қаноатли ва сабрли бўлса у хазрати Сулаймондек бой одам хисобланур.
Қаноатдур кўнгилларнинг сафоси,
Қаноат барча иллатнинг давоси.
Кўнгилларнинг ороми, барча иллатларнинг давоси қаноатдир.
Қаноатким табиби ҳар касалдур,
Қаноат аҳлига оғу асалдур.
Қаноат барча касалларга табиб, қаноатли кишига оғу ҳам асалдек.
Бировнинг ҳукми етса шарқдин ғарб,
Бировнинг қошига мўре қилур харб,
Ажал жаллоди кўксин айлагач чок,
Қилур ҳар иккисин, ердек қаро хок.
Бир одам дунёнинг шарқидан ғарбигача ҳукумдор. Бошқа бир одам эса хатто чумолидан ҳам енгиладиган даражада ночор. Ажали етиб улар ўлиб туфроққа қоришганларида, қай бири ҳукумдору қай бири ночор эканлигини ким ажрата олади.
Бировнинг нуқраи тиллоси мил-мил,
Биров кўрган эмас умрида бир пул,
Муни муфлис дема тонгла уни бой,
Бўлур ҳар қайсига зери лаҳад жой.
Бировнинг бойлиги ошиб-тошиб ётибди. Биров эса умрида бир пул ҳам кўрмаган. Бироқ сен уни бой, бу эса камбағал дейишга шошилма. Уларнинг қайси бири бой, қайси бири камбағал эканлиги охиратда билинур. Хозир эса иккаласининг жойи лаҳадда эканлиги аниқ.
Биров ўтказди умрин айш ила фош,
Биров тотгани йўқ оғзи тўла ош,
Ажал жон аччиғин кўрсатса андак,
Бўлур ҳар иккиси кўрмагандак.
Биров умрини айшу ишратда ўтказди. Бошқаси эса хатто оғзи тўлиб ош емади. Ажалнинг аччиқ шарбатин ичгач, улар иккаласи ҳам хеч нарса кўрмагандек бўладилар.
Бировда бўлса доим мехнату дард,
Бировнинг кулфати бўлмаса бир гард,
Алар бўлса ўлимнинг мубталоси,
Бўлур ҳеч кўрмагандек иккалоси.
Бир одам умрини мехнату машаққатда ўтказди. Иккинчиси эса заррача захмат чекмади. Улар ажалнинг қўлига тушгач бирдек бўлурлар.
Ғараз ҳар қайда эй фарзанди одам,
Ема ҳаргиз ўтар дунё чун ғам.
Юқоридагилардан хулоса шуки, бу ўткинчи дунё учун кўп қайғураверма. Охиратнинг тараддудида бўл.
ХИЁНАТДИН ЙИРОҚ БЎЛМОҚНИ БАЁНИ.
Кел эй комил, камол этсанг диёнат,
Кишига қилмагил ҳаргиз ҳиёнат.
Эй комил инсон, диёнатли бўламан десанг бировга ҳиёнат қилма. Ҳиёнат бу мунофиқлик белгиси.
Ҳиёнат ким қилур қўлдину кўздин,
Аёғдин, узви пинҳондину сўздин.
Ҳиёнатнинг турлари кўп. Қўл хиёнати, кўз ҳиёнати, оёқ хиёнати, сўз ҳиёнати ва бошқа ҳиёнатар.
Муни билгай жамии одамизод,
Эмас ҳожат, ки бир бир айласам ёд.
Юқорида айтилган ҳиёнат турлари одам аъзолари билан содир этиладиган ҳиёнатлардир. Бу ҳиёнат турларини барча одамлар билурлар. Уларни бир бир санаб ўтишга хожат йўқ.
Ҳиёнатким эрур пайдо кўнгилдин,
Муни англа, диёнат берма қўлдин.
Ҳиёнатнинг энг ёмони кўнгил ҳиёнатидир. Кўнгил ҳиёнатига асло йўл қўйма, диёнатингдин айрилиб қолма.
Наким тушса кўнгилга ё кўзингга,
Раво кўрмассан ул ишни ўзингга,
Раво кўрсанг мусулмонега они,
Муни дерлар ҳиёнатнинг ёмони.
Кўнглингда бирор ёмонлик пайдо бўлса ёки кўзинг бир ноҳуш ҳолатна кўрсаю, қалбингда бу ҳолатлар менинг бошимда эмас фалончининг бошига тушса яхши бўлар эди деган ҳаёл ўтса, мана бу ҳиёнат энг ёмон ҳиёнатдир.
Қаю ишга ризо бўлсанг кўнгилда,
Агарчи қилмасанг бўлдинг у йўлда.
Бир одамнинг гуноҳ иш қилаётганини кўриб туриб кўнглингда шу ишга рози бўлсанг, сен шу гунҳга шерик бўласан.
Эрур исён ризоси чун, ки исён,
Ризойи куфрдур, куфр эй мусулмон.
Бир одамнинг Аллоҳга исён қилиб турганини кўриб, шунга рози бўлсанг, сен ҳам исён қилган бўласан. Кўрдингки бир одам куфрга кетди, сен уни маъқулладинг, сен ҳам куфрга кетган бўласан эй мусулмон.
Мусулмон ўғлини кўрсанг кўзингдек,
Зарарда, наъфда билсанг ўзингдек,
Қаю қулни мунингдек бўлса ҳоли,
Будур бешак мусулмонлиғ камоли.
Мусулмонларнинг барчасини ўзингнинг биродаринг деб билиб, уларнинг қайғуларини ўзингни қайғуйинг, шодлигини эса ўзингни шодлигинг деб билсанг, камолига етган мусулмон бўласан.
Агар чандики бўлса шубхаи кам,
Раво кўрсанг ани ўз нафсинга ҳам,
Раво кўрма мусулмониға зинхор,
Агар берсанг баногоҳ айла изхор.
Бирор егулик ёки кам фойда келтирадиган иш сенга тўғри келди, лекин озгина шубхали. Сен шу нарсани единг ёки фойдаландинг. Иложи борича буни мусулмон биродарингга раво кўрма. Агар иложсиз у биродарингга берсанг, уни огохлантир.
Хусусан бермагил тақволи эрга,
Мағилон сочмагил райхонли ерга.
Шубхали егуликни ёки ишни тақволи биродарингга асло берма. Қайси тентак райхонли ерга тикан уруғини сочади.
Тақийнинг кўнглидир дорус сиёнат,
Сиёнат хонага қилма ҳиёнат.
Тақволи кишиларнинг қалби харомдан сақланиш уйидир. Бу хонага сен ҳиёнат қилма.
Агар топилса неъмат олдига соч,
Вале бўлмаса оғзинг узр учун оч.
Тақволи биродаринг уйингга келса борингни соч, ҳеч ниманг бўлмаса очиқ юз билан узрингни айт.
Агар минг халта берсанг ҳилти кўп зар,
Сенга андин нечук суд эй биродар.
Бировга минг халта тиллани эҳсон қилсанг-у, унга харом аралашган бўлса. Бу эҳсондан сенга ҳеч қандай фойда бўлмайди.
Агар берсанг ариғдан қатраи об,
Эрур чандон савоб, эй гавҳари ноб.
Ташна одамга бир пиёла тоза сув берсанг унинг савоби ортуқ бўлур.
Кишига берса ким моли хароми,
Умид этса савоб ул марди оми.
Бировга харом молдин эҳсон бериб, савоб кутган одам омидур.
Бўлур кофир умид этган ул инсон,
Билиб, олиб дуо қилғон ҳам ул он.
Харомдан топилган молдан садақа бергувчи, унинг харомлигини билиб садақани олиб унга дуои ҳайр қилгувчи одамларнинг ҳар иккаласи ҳам кофир бўлурлар.
Хиёнатнинг бари ҳам бўлди мавсуф,
Билиб қилмаса ҳар ким амри маъруф,
Вагар наҳй этмаса мункир ишини,
Хиёнатлик дегил андоғ кишини.
Хиёнатнинг яна бир тури мавжуд. Бу хиёнат шундан иборатки илми бор одам, оммани тўғри йўлга бошламаса, гуноҳ ишлардан қайтармаса, бу иш ҳам хиёнатдир. Бундай одам хиёнатчи дейилур.
Биров йўл билмайин юзланса чўлга,
Билиб гар солмасанг сен яхши йўлга,
Қаю инсоф эрур, қаю диёнат,
Эрур андоғ улуғ бахлу хиёнат.
Бир одам йўл билмаганлиги сабабидан чўлга қараб кетмоқда. Билиб туриб сен уни тўғри йўлга йўлламасанг бу иш инсофдан бўлмайди. Мусулмон биродарлар доимо бир бирларини тўғирлаб, инсофга, адолатга йўллаб турушларини уларнинг динлари тақозо қилади.
Агар олдингда тифле бўлса ногоҳ,
Ёнар ўтга тушарни билсанг огоҳ,
Узатмас бўлсанг анга дастинг алтоф,
Нечук бўлғай мусулмонлиғда инсоф.
Қаршингда бир гўдакнинг ёниб турган оловга қараб кетаётганини кўриб туриб, унга раҳму шафқат қўлингни чўзмасанг, унинг йўлини тўсиб қолмасанг сени мусулмон деб бўладими?
Жамиъи бандаи мўъмин саросар,
Эрурмиз бир биримизга биродар.
Жамиъи мўминлар бир бирларига биродардурлар. Шунинг учун бирор биродаримиз йўлдан адашса унга тўғри йўлни кўрсатиб бериш айни адолатдандир.
Биров чиқса тариқи охиратдин,
Ўгурса юз мақоми мағфиратдин,
Агар кўрсатмаса йўл кўрган инсон,
Бахиллик мундин ўтмас эй мусулмон.
Бир одам йўл билмасдан тариқат йўлидан адашиб бузуқ йўлга кириб кетса. Бу ишни бир олим одам кўриб туриб, тўғри йўлга йўлламаса, бахиллик ва ҳиёнат бу олимнинг гарданига тушадир.
Сен айғон сўнгра туз бўлмаса ҳоли,
Ўзининг бўйнига бўлғай ваболи.
Олим одам бу нодонга тўғри йўлни кўрсатди. Лекин у нодон уни қабул қилмади. Бу ҳолда айб нодоннинг ўзида бўлади.
Очибдурсан биродарликни бобин.
Топибсан амру маъруфнинг савобин.
Биродарингга тўғри йўлни кўрсатсанг, амри маъруфнинг савобини оласан.
Агар келмаса қўлдин ё тилингдин,
Ёмон кўр ул ишни жон дилингдин.
Ёмон иш қилаётган одамни қўлинг билан ёки тилинг билан қайтариш қўлингдан келмаса, сен у одамни астойдил ёмон кўр.
ЧИН ЭРНИНГ НИШОНИ.
Кел эй инсон агар бўлсанг чин эрдек,
Оғирлик пеша қил дунёда ердек.
Эй инсон агар Аллоҳ йўлида юрувчи чин инсон бўлсанг, ўзингни хақиқий эрлардек вазмин тут. Ердан ўрнак ол.
Агар тепса сани ҳар қайси мавжуд,
Зиён этма тақи еткар анга суд.
Эй одам сани ер юзидаги мавжудотлар тепса ҳам, сен уларга зиён етказма. Ерга назар сол уни барча мавжудотлар босиб юради, унга зарар етказади. Лекин ер уларга зиён етказмайди. Уларга турли неъматларни бағрида ўстиради, уларни озуқлантиради.
Юрокинг қилсалар оҳанг ила чок,
Чиқор олдига турлук неъмати пок.
Одамлар гўёки темир ила юрагингни майдалаб, сенга озор берсалар, сен уларнинг олдига турли неъматлар қўйиб меҳмон қил.
Агарчи олама сендин тегар наф,
Ўзингдин қилма туфроғ отини раф.
Агар сендан бутун олам наф кўраётган бўлса хам, такаббурлик қилма. Ўзингни туфроқдан яралганингни унутма.
Отанг ердир, сенам ердек қилиқ қил,
Ямонлиғ айлаганга яхшилик қил.
Сенинг отанг Одам алайҳуссалом ердан яратигандир. Демак сенинг аслинг ердир. Шунинг учун сен ҳам ердек яхши ҳулқли бўл. Ёмонлик қилганларга, яхшилик қайтар.
Киши тош урса боша эй хўжаста,
Кулуб боқғил юзига мисли писта.
Биров санинг бошингга тош билан урса, сен унга кулиб қарагин. Кўрмайсанму пистанинг бошига тош билан урсалар, у ёрилиб ичидаги мағзи кулиб чиқиб келади.
Бу синдирмоқда дилтанг бўлма зинхор
Умид улдурки, ҳуш кўргай Харидор.
Бошингни уриб ёрсалар сира хафа бўлма, сабр қил. Балки бу синов бўлиб ундан яхши ўтсанг сенга сабрингга яраша Худойим мукофотлар берар.
Оёқ остида қолдим деб дема вой,
Бўлур чин коса кўп тепку еса лой.
Сени кўп хўрласалар, оёқ остида қолдим деб дод солма. Лойни кўп тепкиласалар у чинни коса бўлади. Маълумки чинни косанинг нархи сопол косанинг нархидан анча баланд.
Агар душманга дўстлик қилсанг изхор,
Бошинг ёрғон кишиларни десанг ёр,
Ризо мулкида тамкин айлаган нос,
Жафо олмоси тилса, қаттиғ олмос.
Аллоҳнинг тақдирига рози бўлган одамнинг бошига қандай синов келса хам сабр қилади. Душманларига дўстлик таклиф қилади. Бундай инсонлар одамларга қаттиқ сўз айтмайдилар.
Демас осийб, ани халқ урса осиб,
Ва меҳнат жиболи ётса босиб.
Сабрли бандаларни халойиқ осиб қўйиб урсалар ёки бу банда бало қазолар остида қолиб кетса ҳам асло норозилик қилмайди. Сабр қилади.
Жаҳолат аҳли қилмас гина таркин,
Қачон дар кин бўлур, гар қилса даркин.
Жахолат аҳли доимо ҳамма нарсадан норози бўлиб, гина қилади. Албатта бундай гиначи одамларга, барча эшиклар ёпиқ бўлади.
Агар рози еса минг зарбаи яд,
Дуони харгиз анга қилмагай бад.
Розилик мақомида юрган одамга минг зарба берсанг ҳам, сени дуои бад қилмайди.
Зарарга рози бўлмас ҳаргиз акмал,
Ҳидоят бирла тавфиқин тилар бал.
Худонинг чин бандаси бировга ёмонлик тиламайди. У жоҳил одамга Аллоҳдан инсоф ва тавфиқ сўрайди.
Сўнар кийн гардидан ҳолат жамоли,
Кўтар гардин керак гар дин жамоли.
Гинанинг чангидан илми ҳол эгасининг жамолини чанг босиб қолади. Динда комил бўлмоқни истасанг, кўнглингдан гинанинг чангини чиқариб ташла.
УҲУД ТОҒИНДА ҲАЗРАТ ПАЙҒАМБАР АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ
МУБОРАК ТИШЛАРИ ШАҲИД БЎЛҒОНИ.
Уҳуд тоғинда Пайғамбар тишини,
Шаҳид этди яна етмиш кишини.
Уҳуд тоғида бўлган жангда Пайғамбаримиз алйҳиссаломнинг тишларини кофирлар тош отиб синдирдилар. Ул жангда яна етмиш саҳоба шахид бўлдилар.
Ажаб кун тушди мўъминлар бошига,
Умар келди Пайамбарнинг қошига.
Уҳуд жанги мўъминлар учун жуда оғир бўлди. Бу жангда ҳазрати Умар лашкарбошилик қилдилар. Ҳазрати Умар Пайғамбаримиз (С.А.В.) олдиларига келиб дедилар:
Деди йиғлаб:” Аё султони Аброр,
Дуо қилғил қирилсин барча куффор”.
“Эй Расулуллоҳ, Аллоҳга дуо қилиб сўранг, бу кофирлар ҳаммалари қирилсин”.
Ва лекин қилмади ул дуои бад,
Ҳидоятга дуо қилди Муҳаммад.
Пайғамбаримиз (С.А.В.) дуои бад қилмадилар. Балки кофирларни ҳидоят йўлига солишни тилаб дуо қилдилар.
Ўшал рўзики анбуҳ эрди куффор,
Абу Суфёну, Холид эрди сардор.
Ижобат бўлди Пайғамбар дуоси,
Мусулмон бўлдилар ҳар иккалоси.
Уҳуд жангида кофирлар кўпчиликни ташкил қилар эди. Уларга Абу Суфён ва Холид бин Валид лашкарбошилик қилар эдилар. Пайғамбаримиз (С.А.В.) дуолари ижобат бўлиб, бу иккала лашкар бошилар мусулмон бўлдилар.
Ул икки эр билан кўп аҳли туғён,
Уҳуд кофирлари бўлди мусулмон.
Абу Суфён ва Холид мусулмон бўлганларидан кейин, жанг иштирокчиларининг кўпчилиги мусулмон бўлдилар.
Чун Холид олди динни шаҳдидин баҳр,
Мусулмон бўлдилар илкида минг шаҳр.
Холид бин Валид бошчилигидаги ислом лашкарларининг таъсири остида мингга яқин шахарлар исломга кирди. У киши ислом байроғини юқори кўтариб юрдилар.
Ироқ ила Дамашқ, ҳам Хўтан, Шом,
Абу Суфён қўлидин топти ислом.
Ироқ, Дамашқ, Хўтан, Шом давлатларини Абу Суфён хазратлари исломга киргаздилар.
Муҳаммад олди илму ҳулқу ҳушдин,
Муяссар этмади олтин кумушдин.
Муҳаммад алайҳиссалом барча яхшиликларга илм ва ҳусну ҳулқ билан эришдилар. Улар учун олтин, кумушнинг ахамяти йўқ эди.
Агар сан марди соҳиб, ҳимматлисан,
Расулуллоҳни хос умматисан,
Тутарсан жон ила феъли Набийни,
Қиларсан ҳар маҳалда пайравини.
Агар сен мард ва ҳиммат соҳиби бўлиб, ўзингни Расулуллоҳнинг уммати деб хисобласанг, у ҳолда Пайғамбаримиз (С,А.В.) феълларини махкам ушла, суннатларидан четга чиқма.
ХИКОЯТИ ХОЖА БАҲОУДДИН.
Баҳоуддин валхақ тоби масваҳ,
Авонига йўлиқдилар баногоҳ.
Хўжа Баҳоуддин хазратлари (Аллоҳ у кишининг қабрларини то қиёмат хушлаган бўлсин) бир куни бир золимга йўлиқдилар.
Авон бир сўз дади, ул мард бир сўз,
Авон қўйди ёмонлиғ кўйига юз.
Юзига солди қамчин марди ҳоли,
Қизил қон бўлди сунбулдек соқоли.
Авон, яъни у золим одам билан хожа баҳоуддин ораларида тортишув пайдо бўлди, авон жоҳиллик қилиб қамчини бирлан хожа Баҳоуддиннинг юзларига урди. У кишининг юзлари ёрилиб қон оқа бошлади. Қон у кишининг қора сақолларини қизил рангга бўяди.
Ўшал қонлиғ сақолин олди қўлға,
Деди:” Ё Рабб муни сол яхши йўлға,
Ғазаб қилма, анга қилғил иноят,
Муҳимми ухравийсин қилғил кифоят”.
Баҳоуддин қонли сақолини қўлига олиб дуо қилиб деди:” Ё Рабб бу золимни яхши йўлга солгин, унга ғазаб қилма, дунёву охират муродларини бергин”.
Бу сўзни эшитиб ул марди бебок,
Уриб наъра ёқосин айлади чок.
Юзини ерга суртиб нола қилди,
Кўзини ёшини чун жола қилди.
Авон хўжа Баҳоуддиннинг сўзларини эшитиб, бир наъра тортиб, яқосини йиртиб, дод деб хўжа Баҳоуддиннинг оёқларига йиқилди. Юзини ерга суриб, кўзларидан ёш оққузиб узр сўради.
Олиб ҳиммат асосин кирди йўлга,
Қўлин топшурди ул ҳимматли қулга.
Бу авон ҳиммат асосини қўлига олиб, Ҳазрати Баҳоуддинга қўлини топшириб тариқат йўлига кирди.
Худо ул бандага қилди иноят,
Неча кун ўтмайин топти валоят.
Худо ул бандага иноят кўрсатди. Орадан кўп вақт ўтмасдан бу авон авлиёлик даражасига етди.
Ана хулқу, ана ҳилму, ана ҳол,
Ана давлат, ана нусрату иқбол.
Ҳулқи хуш, ҳалимлик инсонларни шундай мақомларга етказади. Давлат ва саодат эгалари ҳамиша ёвузликка, эзгуликни қарши қўйганлар. Шу сабабли нусрату иқболга эришганлар.
Ана ҳиммат, ана хулқу, ана кор,
Ана табиъиййати Султони Аброр.
Ҳиммати баланд, яхши ҳулқли кишиларнинг ишлари шундоғдир. Яхши ҳулқлиларнинг подшоҳи, Пайғамбаримиз (С.А.В.) йўлларини тутганларнинг табиати шундоғ бўлади.
Ёмонларнинг ишидир гина тутмоқ,
Мусулмонлиғ, ёмонлиғни унутмоқ.
Гина сақламоқ ёмонларнинг ишидур, ёмонликни унутиш эса хақиқий мусулмоннинг ишидур.
Ўзини нафсини ким айлаган қул,
Қилур неча жафо кўрса тахаммул.
Ким нафсини ўзига қул қилган бўлса, ул одам ўзгалардин қанча жафо кўрса ҳам сабр қилади.
Ва лекин бу тахаммул айлаган нос,
Ҳамиятда керак чун қаттиқ олмос.
Ўзгаларнинг етказган азиятларини кўтарадиган одамнинг иродаси олмосдек қаттиқ бўлиши керак.
Ҳамият бобидин ўткармагай мард,
Агар чандики ул иш бўлса бир гард.
Мард одам биров етказган азиятини қамаб, қалбининг эшигини ёпиб қўймайди, яъни кек сақламайди, гарчи бу азият заррача бўлса ҳам.
Ҳамият қайсидур билсанг батаъйин,
Назар айла “Китоби мужтаҳийдин”.
Хамият, ор номус таърифини билишни истасанг, “Китоби мужтаҳийни” ўқи.
ЭШОНИ СЎФИЙ ЁРОНЛАРИГА ВАРОЪ ҚИЛҒОНЛАРИ.
Биродарларки бизга қилдингиз аҳд,
Олурмиз деб муҳаббат жомидин шаҳд.
Эй биродарлар биз билан шартлашганингизда, муҳаббат жомидин шарбат ичишга ваъда бердингиз.
Топилмас бандада сиз истаган ҳол,
Очилмас осийдин сиз айғон ашқол.
Сиз истаганчалик илму ҳоллар биз бечорада топилмас. Сизлар сўрамоқчи бўлган саволарнинг ҳаммасига ҳам бизда жавоб топилмас.
Талаб қилманг бу ноқисдин каромат,
Кашуфоту, макомату, аломат.
Эй муридлар, бу ноқисдин каромату, мақомату, кашуфотларни ҳам кутманг.
Била олмам ниҳони тарбиятдин,
Олиб эрдим илиғ нафсониятдин.
Мен сизларга муршидлик қилишни энг аввало нафсим учун қилган эдим. Мен тарбия усулларини ва унинг хаддини билмаганим сабабидан, сизлардан ҳижолатдама.
Пушаймонман илиғ олгонларима,
Тамаъ нонига кўл солғонларима.
Мен аввало мурид олганимга пушаймонман. Кейин эса тамаъ нонини еганим учун уятлиман.
Боринг энда ёронлар ҳар қаёна,
Юринглар бир мукаммал эр томона.
Эй ёронлар энди сиз ҳар томонга тарқаб, бир мукаммал пир қидиринг. Унга мурид бўлинг.
Қуруқ қўл олганимдиндур изоман,
Азизин истангиз, сиздан ризоман.
Мен қуруқ қўллик, муршидликка номуносиб бўла туриб сизнинг қўлингизни олдим. Бундан афсусдаман. Азизроқ, комилроқ пир топиб унга қўл беринг. Мен сиздан розиман.
Мани деб қолмангиз ўз корингиздан,
Уётлиғман сизинг рухсорингиздан.
Мани юз хотир қилиб ишларингиздан қолманг. Мен сизларнинг вақтларингизни бекор ўтказганим учун, сиздан уятлиман.
Боҳал айланг келиб кетгонингизга,
Елиб-югириб умид этгонингизга.
Менга қилган хизматларингизга сиз ҳам рози бўлинг.
Кечурмас бўлсангиз сиз иендан эй қавм,
Мани ҳолимга мушкилдир сабоҳ явм.
Эй яхшилар сиз мени кечирмасангиз ҳолим ёмон бўлади. Ҳар куни тонгда сизларнинг кечиримларингизни кутиб интизор бўламан.
Тониб мандин, топинг авруъ кишини,
Тутингмахкам ани қутлуғ ишини.
Мендан озод бўлганларингиздан кейин, эндт парҳезкор кишини топинглар, уни махкам ушланглар.
Керак муршид деган монанди уммон,
Муборак ботини пур дурри маржон.
Муршиднинг қалби денгиз каби кенг бўлиши керак. Денгизнинг таги дурру маржонларга тўла бўлганидек, муршидинг қалби илму маърифатга тўла бўлмоғи лозим.
Жаҳолат даштидин ким келса сувсоб,
Анинг зоҳир сувидин бўлса сероб.
Жаҳолат денгизида илмга чанқоқ бўлиб юрган кимса, яхши муршиднинг зоҳир илми билан чақоғини қондирур.
Агар бўса кишиким толиби дур,
Чўмуб ботинга, жайбин айласа пур.
Агар одам дур талабида бўлса денгизга шўнғиб идишини дур билан тўлдиради. Шунингдек тариқат илмини ўрганишни хохлаган мурид, муршиддан иложи борича кўпроқ илм ўрганади.
Деманг: “ Топилмағай бу нашъалик кас,
Жаҳон айвони кенгдир, холий эрмас.
Топилганда мунингдек лужжаи ҳос,
Қани ихлоси кўп, ҳимматли ғаввос”.
Эй муридлар, бундай одам топилмаса керак деб ноумид бўлманг. Жаҳон айвоникенг, унда албатта ҳеч бўлмаганда битта шундай одам топилур. Фақат менинг қўрқинчим шунданки, комил мурид топилганда, ундан дур териб олувчи ҳимматли ғаввос топилармикан?
Чўмуб олғай илгига дурри мақсуд,
Вагар на қўл солиб қочмоқ нечук суд?
Мурид муршиддан озгина фойдаланиб, мен мақсадимга етдим, менга шу кифоя деб муршидни тарк этса бундан фойда йўқ. Камолот топиш учун муршиднинг рухсати билан кетилади.
Агар сиз топсангиз бир яхши шахни,
Хабардор айлангиз мен рўсиёҳни.
Сиз шундай комолига етган муршид топсангиз мен юзи қарога ҳам хабар беринг.
Қилай мен ҳам юзин кўзим зиёси,
Қадам туфроғини кўз тўтиёси.
Мен ҳам ул муршидга қўл берай, унинг юзини кўзимга нур қилай. Оёғи остидаги туфроғни кўзимга тўтиё қилай.
На бўлғай сиз биродарлар пайидин,
Манга ҳам берсалар ваҳдат майидин.
Сиз биродарларнинг шарофати ила менга ҳам ваҳдат шаробидан насиб этса. Қалбим яраси шифо топар эди.
ЭШОН СЎФИЙ ФАРЗАНДЛАРИГА НАСИХАТ ҚИЛҒОНЛАРИ.
Таваллом улдур эй фарзона фарзанд,
Нигаҳдоринг сани бўлсин Худованд.
Эй муборак фарзандим, Аллоҳдан илтижойим шулки сени ўзи паноҳида асрасин. Сенинг тарбиятингни Аллоҳ ўзи қилсин.
Кўзимнинг равшани Содиқ Муҳаммад,
Йироғ ўлсун кўзингдин дийдаи бад.
Эй кўзимнинг нури ўғлим Муҳаммад Содиқ Аллоҳ таоло сени ёмон кўзлардан асрасин.
Эшит мен хастадин бир неча қавли,
Йигитликка сени еткурса Мавли,
Ёмон юрма, ёмон андиша қилма,
Отангдек рўсиёлик пеша қилма.
Мен бечорадин бир неча насихатлар эшит. Мавлоимиз сени йигитликка етказса, ёмон йўлларга юрма, бировларга ёмонлик қилма, отанг каби юзи қаролик қилма.
Яратқон Тангрига қилгил таваккул,
Тамаъ қилма кишидан биргина пул,
Тамаъ бир парча бўлса қилмагил рой,
Бўлур бир парчадин, юз парда бежой.
Сен яратган Тангрига таваккал қилиб яша. Қийналиб қолганингда ҳам одамлардан заррача нарса тамаъ қилма. Тамаъга ўрганиб қолсанг юзингни пардаси кетиб қолади. Яъни ҳаёсиз бўлиб қоласан.
Юзингдин парда кам-кам тушмасин бас,
Ҳаёдин ори юзнинг ори бўлмас.
Юзингни пардаси кетиб қолса, сен андиша, ор номус каби туйғуларни унутасан. Бу туйғулардан узоқда бўлган одамнинг орияти бўлмайди.
Тамаъ бирлан семирган нафси ғаммоз,
Агар оғзин тилар бўлсанг тилар боз.
Сен нафсингни тамаъ билан семиртириб, уни тамаъга ўргатдингми? Энди унинг оғзини тилиб ташласанг ҳам, у яна бер дейди.
Ниқоби шарм очилмасдан бурунроғ,
Ани берк айла ҳар ёндин тақиб боғ.
Юзингдаги шарм пардаси очилиб кетмасдан бурун, сен уни ҳар томонидан боғлаб, махкам беркитиб қўй.
Қаноат қил маломат мулки бўлма,
Отангдек халқу элга кулку бўлма.
Борига қаноат қил. Одамларнинг қўлига қараб, маломатга қолма. Отангга ўхшаб элга кулгу бўлма.
Пайамбарлар фаолидур қаноат,
Анга вобастадур мажмуъи тоат.
Қаноат қилиш барча пайғамбарларнинг феълларидур. Қаноат ичида тоату ибодат ҳам мужассамдур.
Белингни боғла махкам бўлма мафлуж,
Кўзинг оч корвоне қилдилар кўч.
Ибодатга белингни иахкам боғла. Фалажга ухшаб ётаверма. Кўрмаяпсанми, умрнинг корвони бир-бир йўлга тушиб асл манзилга кетиб бормоқда. Тез орада сенга ҳам навбат келади.
Белингни боғла махкам бандаликка,
Отангдек қолма юз шармандаликка.
Корвон навбати сенга яқинлашмасдан аввалроқ, белингни Аллоҳга бандачилик қилишга махкам боғла. Отанг каби шармандаликка юз қўйма.
Шарорат аҳлини пайванди бўлма,
Ҳаво бирла ҳавасни банди бўлма.
Гуноҳлар содир этишдан қўрмайдиган одамларга яқин юрма. Бу дунёнинг ҳою-ҳавасига берилиб кетма.
Кичикликдан ибодатга бўйин қўй,
Қиёматнинг ўйин қилсанг ўйин қўй.
Ёшликдан ибодатга эгил. Катта бўлганда ибодат қиламан деб ғафлатда қолма. Агар қиёматни ўйлар экансан, ўйин кулгуни йиғиштир.
Ажаб хушдур йигитликда бўлиб соғ,
Бу кулмакни қўйиб, ғамдин букилмоқ.
Эй ўғлим, йигитликда соғ-саломат бўлиб, ибодат билан машғул бўлсанг, яъни уйин кулгуни йиғиштирсанг, қариганда ғамдан букулмайсан. Афсус надомат қилмайсан.
Шабобе тўкса кўздан ҳар шаб оби,
Анинг айнин дегил раҳмат саҳоби.
Йигит киши ҳар кеча Аллоҳдан қўрқиб, ибодат қилиб йиғласа, сен унинг кўз ёшини раҳмат ёмғири деб бил.
Риё гардини юўтирма этакка,
Отангдек бўлма тобеъ нафси сакка.
Эй фарзандим риёдин узоқ бўлгин. Этагингга унинг гардини ҳам юқтирма. Отангдек “ит нафсга” тобеъ бўлма.
Товозъудин кўтарма юқори бош,
Такаббур бўлмагил чун тухми хашхош.
Бошингни такаббурлик билан юқори кўтарма,тавозуъли бўл. Кўкнори гулига ўхшаб тик ўсма. Бу такаббурлик нишонидур.
Такаббур хотирингга келса филҳол,
Азозил қиссасиниёдинга ол.
Ўзингда такаббурликка майл сезсанг, дарҳол Азозил ҳикоясини ёдингга ол. Такаббурлик қилиб Азозил Аллоҳнинг даргоҳидан қувилгани ҳаммага маълум.
Кўнгилни манзилин қил гўшаи фақр,
Қиёмат зоди қилғил, тўшаи ҳақр.
Кўнглингнинг манзили фақирлик кулбаси бўлсин. Фақир бўлсанг қиёматда сўроқ саволинг осон бўлади.
Жаҳонни ҳирсидин қилғил ўзинг дур,
Отангдек бўлмағил дунёга мағрур.
Дунёга ҳирс қўйма, ўзингничетга ол. Отангдек дунёни мен ўзим топдим деб мағрурланма.
Умид этган кўзимнинг нури болам,
Отангдек бўлмағил расвои олам.
Эй кўзимнинг нури болам, сендан умидларим катта. Отангдек расвои олам бўлмагин.
Агар чандики, бўлсанг қўш қанотлиғ,
Худо даргоҳида бўл мискин отлиғ.
Агар сен соғлом, бақувват бўлсанг ҳам, Худонинг даргоҳида ўзингни мискинлардек тут. Манманлик қилма.
Уруғлиғман дема тонгла уруҳ бор,
Ҳисобу, номау, вазну сўруғ бор.
Мен фалончиман, фалон насабданман деб керилма. Қиёматда насабдан сўралмайди, амал сўралади ва шунга мос мукофот ёки жазо берилади.
Ўзинг кам айла бўлғон сари кўп,
Неча ман кўб деганлар,бўлди манкўб.
Молинг, амалинг кўп бўлгани сари ўзингни пастроқ ол. Кўриб турибсанку моли дунёсига ишонган қанча одамлар дунёдан ёмон от билан кетмоқда. Охиратини Аллоҳ билади.
Бўлиб хешу тоборинг бирла мағрур,
Дема ман зўр, агар дин бўлса манзур.
Қариндош уруғларингни кимлиги, уларнинг мансаблари ила ғурурланма. Агар сенга дининг манзур бўлса “Ман зўрман” дема.
Бу дунёдин агар ўтсанг қуруқ лаб,
Кўнгилма олма харгиз ёди мансаб.
Бу дунёнинг бойлиги ва мансабларига учма. Аллоҳдан у дунёйингни ободлигини сўра.
Ўтар дунёда ҳар ким бўлса динлик,
Бўлур мансабдан ортиқ, хуша чинлик.
Ажаб офат эрур жоҳу зарофат,
Шарри офатни била кўрма шарофат.
Мартаба ва мақтовлар иймонли одам учун офатдир. Бу офатнинг зарарларини шарофат деб ўйлаб, охират мартабаларидан қуруқ қолма.
Билиб дунё мақомин ғайри маъмур,
Бўлур зийрак ва зийрак отидин дур.
Бу дунёнинг мукамал эмаслигига ақли етган зийрак кимса, уни сен зийраксан деб мақташларини ёқтирмас.
Кўтарсанг бошқа ортуғ бўлманг ортуғ,
Бўлур маълум сабоҳ урса малак буқ.
Сени одамлар бошига кўтариб, байроқ қилиб юрсалар ҳам, сен ўзингни пастга ол. Такаббур бўлма. Исрофил алайҳиссалом сурни чалганларида маълум бўлади ким қандоғ эканлиги. (Буқ-сурнай)
Худодин ҳарна келса айлагил сабр,
Отангдек қилмагил ўзингга жабр.
Худонинг амрига қилгил итоат,
Зиёд эт тоатинг соат ба соат.
Сабрли бўл. Аллоҳга итоат қил. Отангдек сабрсизлик қилиб ўзингга жабр қилма. Ибодатингни соат сайин орттириб бор.
Муҳаббат фўтасини боғла белга,
Отангдек умрингни кетказма елга.
Ҳиммат камарини бпелингга махкам боғлаб ибодатда бўл. Отангга ухшаб умрингни бекор ўтказма.
Хавас дунёда қилма муҳтарамлик,
Вале бўл ҳолинга лойиқ карамлик.
Азизу муҳтарам бўламан деб ҳавас қилма, нимаики қилсанг Аллоҳ учун қил. Ҳолингга лойиқ саҳоватли бўл.
Агар уч кунда топсанг парчаи нон,
Ема ёлғиз ани, ярмин қил эҳсон.
Агар уч кунда яримта нон топсанг ҳам уни бир ўзинг ема. Ярмини эҳсон қил.
Кетарни билса ҳар ким жойи тангга,
Емас танга ғамин бу нафси лангга.
Бир кун келиб бу дунёдан кетишини билган одам бойлик орттириш тараддудида бўлмайди. Чўлоқ нафсининг сўзига кўп ҳам киравермайди.
Жаҳон меҳрин кўнгилдан айла зойил,
Отангдек бўлмагил дунёга мойил.
Бу ўткинчи дунёнинг меҳрини кўнглингдан чиқариб ташла. Отангдек дунёга ҳавас қўйма.
Ишингни айлагил кун кундин ақво,
Худони суйганидур аҳли тақво.
Ибодатингни ва тақвоингни кундан кун кучайтир. Тақводорлар Аллоҳнинг суйган бандаларидир.
Агар тақво ишин қилсанг боихлос,
Дегай шояд сани Хақ бандаи хос.
Агар тақвода мустахкам бўлиб уни ихлос билан қилсанг, шоядки Хақ таоло сени хос бандалар сафига қўшса.
Агар бўлсун десанг жону дилинг жам,
Вараъ ойин бўлиб илм ойин эт шаъм.
Жонингни таскин топишини истасанг, тақводорликни ўзингга мухим сифат қилиб ол, йўлингни илмнинг шаъми билан ёрит.
Агар илма амал бир бўлса ранги,
Ҳар ойина кетар ойина занги.
Агар одам олган илмига яраша амал қилса, унинг кўнгилидаги занги тозаланиб борур.
Агар тобсанг Худо даргоҳида қурб,
Муҳаббат косасидан берсалар шурб,
Саҳарлар кўп кўтар дастинг дуога,
Тила мунглиғ ато бирла оноға.
Эй ўғлим агар сен Аллоҳнинг даргоҳидан яқинлик топсанг ва сенга муҳаббатнинг косасидан шароб берсалар, яъни сен Аллоҳнинг розилигини топган бўлсанг, саҳарларда туриб дуо қил. Ота онангга раҳмат тила.
СЎЗНИ КЎТОҲ ҚИЛИБ, КИТОБНИ ХАТМ ҚИЛМОҚЛАРИ.
Кел, Оллоёр сўз кўтоҳ қилғил,
Белингни боғла, азми роҳ қилғил.
Эй Оллоёр, кел энди сўзни қисқа қилиб, белингни Аллоҳнинг розилигини топиш йўлида махкам боғла.
Қора сангдир сани аслинг қорасанг,
Берибдурсан риё қони билан ранг.
Сени аслинг бир қора тошкабисан, яна у тошни риё қони билан бўябсан. Асли кимлигингни яшириш учун.
Ўлим тўфони бу сирни қилиб фош,
Дегай ич бўлмаса, суд айламас тош.
Ўлим тўфони келиб, риё қонини ювди, сир фош бўлди. Шунинг учун ташқи кўринишга камроқ эътибор бергин. Ичингни, яъни қалбингни пок қилгин.
Қариб жисминг, қариб бўлди ҳавасга,
Нечук шармандалик сан тусли касга.
Жисминг қариса ҳам орзу хавасга қарамсан. Сендек одамга бу шармандаликку.
Оқарди соч, надомат ашкини соч,
Ёқанг ушлаб, даҳани маърузат оч.
Сочинг оқарриб, қариб қолдинг. Энди афсус надоматлар чекиб, Аллоҳга ёлбориб, йиғла. Тавбалар қилиш учун оғзингни оч.
Ёлинг оқи асар қилмади хола,
Уёла кўр боқиб ҳар дам уёла.
Соч соқолинг оқаргани билан сенинг Аллоҳдан қўрқаётганинг сезилмаяпти. Оқарган ёлларингни кўриб уялгин.
Ҳавас бирла тузук иш қилмадинг ҳеч,
Бўлубдур кеч ҳавас бозоридин кеч.
Дунёнинг ҳаваси бирлан бўлиб, бирор савобли иш қилмадинг. Энди қарилик келиб қолибди. Энди орзу ҳавасни йиғиштир. Охиратга таёргарлик кўр.
Санга айди ўшал марди куҳан сол:
“Агар қол аҳлида топилмаса ҳол,
Амалким айлагай ўз қоли бирлан,
Қолур иззату хурмат оли бирлан.
Эй Оллоёр, сенга бир қарянинг берган ўгитини эслагин. “Агар илми “қол” аҳлида илми “ҳол” бўлмаса, унда қол аҳли унга кўрсатилган иззату хурматга алданиб қолади. ( Хикояларда айтилишича бу қарянинг исми Ҳабибуллохдир ).
Бўлур ортиқ ҳавас бирлан ҳавоси,
Эрур “ҳол” ушбу иллатнинг давоси”.
Нафсига алданиб қолмасликнинг давоси илми “ҳол”ни эгаллашдир. Шундагина у шайтоннинг васвасасига учмайди.
Қалам қилдинг қаро кўнгилни қил оқ,
Ўшал эрнинг сўзин халқа қилиб тоқ.
Қўлингга қалам олиб қоғоз юзини қаро қилдинг, лекин қалбингни оқ қил. Яъни ёзганларинг тоза қалбнинг нидоси бўлсин. Ёзганларингга ўзинг амал қил. Қарянинг сўзини қулоғингга халқа қилиб тақиб ол.
Қаро қон йиғладим, тутгим қаламни,
Туну кун эшитиб андин аламни.
Ўзинг қилмай ҳавас бозорини тай,
Кишига сўзламак то чанди, то кай?
Бу қоғозни қоралагунча қача йиғладим, бағрим қон бўлди. Хаттоки назаримда қўлимдаги қалам ҳам йиғлади. Натижада шуни тушундимки, сен ўзинг ибодатни ҳавасга чўлғамагунингча бировнинг ҳисобу кайфиятидан сўз очмаслик керак экан.
Агар бўлса кўнгилнинг ихтиёри,
На бўлғай қолса мандин ёдгори?
Дўсту ёрларнинг илтимоси ва кўнгилнинг ихтиёри билан ушбу китобни ёздим. Умид шулки мендан ёдгорлик бўлиб қолар.
Битибман форси тилда бир китоби,
Тамом анда масоилнинг жавоби.
Дўстларнинг маслахатлари билан форс тилида ёзилган “Маслакул муттақийн” китобини, туркий тилда ёздим ва унга “Саботул ожизийн” деб ном қўйдим. Бу китобда диннинг бир қанча масалаларига жавоблар ёздим.
Ҳама фатвову тақвонинг баёни,
Ўн икки мингдан ортуқ байти они.
Бу китобда анча фатво ва тақвонинг баёни келади. Байтларисони ўн икки мингдан ортиқдир.
Дединг “Шайъин қолийл”ни турки тилдин,
Кеч эмди, албатта бу қолу қидин.
Сен “Саботул ожизийн “ китобида кўп масалаларни ёритдинг, энди “Шайъин қолийл”ни турк тилида ёзишга хожат қолмади. Шунинг учун бу мақсадингдан кеч.
Агарчи яхши сўз қанду шакардур,
Ҳатосидин вале хавфу хатардур.
Яхши сўзлар қанчалик ширин бўлмасин унинг озроқ бўлгани маъқул. Кўп сўзда кўп хато бўлиш ҳавфи бор.
Хатоси бўлмағай айғон сўзингни,
Тазарруъ хокига сурғил юзингни.
Ёзган китобингни хатолари бўлса Аллоҳдан астойдил сўрасанг хатоларингни афу этар. Банданинг иши Аллоҳга доимо зорланишдан иборатдир.
Худоға зори қилғил эртаю шом,
Ишингни пухта қилғил қолмағай хом.
Ҳар бир ишда Аллоҳдан мадад сўраб, ундан ёрдам сўраб қилинган иш ўнгидан келади. Ишингни пухта қилсанг хом қолмайди.
Ҳижоби мағфират ёпқай хатоға,
Сазовар айлагай турлук атоға.
Аллоҳ таолодан астойдил узр сўрасанг хатоларингни устига мағфират пардасини ёпади. Ўз раҳмати билан сени ёрлақайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |