2. Ёпиқ ишларни ва муҳим конструкцияларни оралиқ
қабул қилиш
2.1. Айрим иш турлари тугалланиб, навбатдаги ишларни бажариш билан қисман ёки тўла ёпиладиган ишларни оралиқ қабул қилиш ёки тасдиқлаш назорати ўтказилади. Ёпиладиган ишлар қабул қилингунга қадар навбатдаги ишларни бажариш ман қилинади.
2.2. Муҳим аҳамиятдаги конструктив элементларни оралиқ қабул қилиш, қурилиш жараёнида уларни топшириш учун тайёр бўлиш даражасига қараб амалга оширилади.
Муҳим конструктив элементлар сирасига сифатсиз бажарилиши натижасида кўтариш қобилияти йўқоладиган ёки иншоотни фойдаланиш учун яроқсиз ҳолатга олиб келувчи элементлар киради.
Муҳим конструктив элементлар рўйхати автомобиль йўли ёки қурилиш иншооти лойиҳасига мувофиқ аниқланади.
МШН 19-2004 Оралиқ қабул қилиш ишларининг намунавий рўйхати мазкур қоидаларнинг илова Г қисмида келтирилган (2-бўлим, 2.2, 2.3 бандлар).
2.3. Ёпиладиган ишларни тасдиқлаш ва муҳим конструкцияларни оралиқ қабул қилиш қуйидаги таркибдаги комиссия томонидан амалга оширилади: буюртмачининг вакили ёки техник назоратчи; иш бажараётган ташкилот вакили (иш юритувчи, уста); лойиҳа ташкилоти вакили (муаллифлик назорати). Зарур ҳолларда эксперт мутахассислар, шунингдек лаборантлар ва геодезистлар жалб қилинади.
2.4. Ёпиқ ишлар бажарилиши амалда текширилиб, тасдиқ-лангандан ва техник ҳужжатлар билан танишиб чиққандан, шунингдек муҳим конструкцияларни оралиқ қабул қилгандан сўнг, ёпиқ ишларни тасдиқлаш далолатномаси ва муҳим конструкцияларни оралиқ қабул қилиш далолатномаси (илова Б га қаранг) бажарилган ишларни ҚМҚ 3.06.03-96 талаблари асосида баҳолаган ҳолда тузилади. (Мазкур қоидаларнинг илова Б, 5 бўлими).
2.5. Навбатдаги ишларни бажариш бирмунча узоқ вақтдан кейин бошланадиган ҳолларда, ёпиқ ишларни тасдиқлаш ва далолатномалар тузиш келгуси ишларни бошлашдан олдин амалга оширилади.
2.6. Буюртмачи талаби билан конструкцияларни очиш учун кетган сарф-харажатлар буюртмачи томонидан қопланади. Конструкцияларни очиб текширишда аниқланган камчиликлар ва сифатсиз ишлар бажарувчи ташкилот томонидан бартараф қилинади.
2.7. Автомобиль йўллари, улардаги иншоотларни қуриш ва таъмирлашда расмийлаштириладиган ёпиқ ишларни тасдиқлаш ва муҳим конструкцияларни оралиқ қабул қилиш далолатномалари уч нусхада тузилиб имзолангандан сўнг, бир нусхаси буюртмачи ташкилотда (техник назоратчида), бир нусхаси ишларни бажарган ташкилотда, бир нусхаси лойиҳа ташкилотида сақланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |