ТОШКЕНТ
Эй қуёшга қариндош шаҳар,
Тингламассан балки арзимни. Қирқ йил қуллуқ қилсам ҳам агар, Узолмасман сендан қарзимни.
Туни ёруғ, тонглари илиқ, Шаҳарларнинг султони сенсан. Юзи қизил олмадай тиниқ
Лобар қизлар макони сенсан.
Бисотимда топилмас зарим — Ёшлигимнинг ҳамроҳи ҳам сен. Хиёбонга томган ёшларим —
Илк севгимнинг гувоҳи ҳам сен.
Эй кўксимга ўрнашиб қолган, Меҳри улуғ борми сенчалик. Пойига тиз чўкканим ёлғон, Севмаганман ёрни сенчалик.
Қарзларим кўп мўмин аҳлингдан, Аммо ўйлаб гоҳо босар ғам —
Бағринг шундай кенгки, бағрингдан Паноҳ топгай дордан қочган ҳам...
Жоним садқа яхшиларингга, Ёмонингга ёмонлигим йўқ. Орзум йўлдош орзуларингга, Сенсиз менинг омонлигим йўқ.
Сени суйган севгингга ҳамроҳ, Кўролмаган сенга зор бўлсин. Мени шоир қилган қумсувоқ — Болахоналаринг бор бўлсин!
МИНГТЕПА
Яйловларин бўлмаса ҳам поёни, Қор чўққига қўй ҳайдаган ўғлони. Булутларга тегиб турган қояни Қозиқ қилиб, от бойлаган ўғлони, Улугтоғдай улуғ юртсан, Мингтепа,
Муқаддассан, қутлуғ юртсан, Мингтепа.
Хоразмшоҳ бош эгса ҳам Чингизга, Мадад бўлган ҳолдан тойган қирғизга. Ҳоқон ҳийла қилганда ҳам жанг қилган, Қўрғонлари айланса ҳам денгизга.
Сув босса ҳам ёв босмаган қалъамсан, Кийик ўтлаб юрган мовий даламсан...
Қадим Довон мамлакати аталган, Темур бобом нигоҳлари қадалган.
Тўрт ёнида тўрт минг олам айланган, Айвонидан Қутайбалар ҳайдалган, Бир ўлкасан, ҳур ўлка, бир сўз бўлган,
Қизлари ҳам қилич билан дўст бўлган...
Бир юракдан бир юракка кетган йўл, Карвон кезиб етмаган йўл, етган йўл. Ота қасри вафо қилмай, қон йиғлаб, Бобур мирзо Ўш пиримга ўтган йўл.
Оқ отлиғин оққа элтган сўқмоқсан,
Кўк отлиғин кўкка элтган сўқмоқсан...
Ўтов тикса қуббасида муз бўлган, Чодирида чақмоқлардан из бўлган.
Минг йигитга сардор бўлган генерал — Қурбонжон додҳоси сулув қиз бўлган.
Номардлардан юзин бурган элатсан, Дор остида кулиб турган элатсан.
Сабр айлаб сарғайган оҳ сарсон эл, Олтин бешик ортмоғлаган, ҳорган эл. Қон бўлганда Дукчи эшон ортидан,
Тўп оғзига таёқ тутиб борган эл.
Подшо билан кураш тушган полвонсан, Ярим умри жанг, ярим умри армонсан.
Мен қўйнингдан чиққан битта тўрғайман, Тўрғай бўлиб тепангда чарх ургайман.
Қайда юрсам сендан кўзим узмайман. Минг тепангга юзим босиб йиғлайман, Улуғтоғдай улуғ юртсан Мингтепа, Муқаддассан, қутлуғ юртсан, Мингтепа.
* * *
Тупроқ юртим менинг, Тўпори юртим.
Кўзимга тўтиё ғубори, юртим.
Энг хушрўй гуллар гулрухсори юртим, Энг хушбўй боғларнинг ифори, юртим, Энг баланд тоғлардан юқори юртим, Муроди кўнглимнинг хумори юртим...
Бенаво билмаган, Бедард сиғмаган,
Беюзга бенасиб дийдори, юртим.
Do'stlaringiz bilan baham: |