ТЎНИНГ ЭТАГИДАН ТУШМАСИН ҚЎЛИМ
На ерда гавҳарсан, на кўкда ҳилол,
Хорсан, ғарибсан бир маскан бўлмаса. Бошингда соябон мажнунтол мисол, Сенга парвона бир Ватан бўлмаса.
Сенсиз саҳроларда саробдир йўлим, Тупроғи кўзимга тўтиё элим.
Қаторда ёмонинг бўлмай илоё,
Сенинг назарингдан қолмай илоё. Кийик боласидек ночор жовдираб, Тўрт томон югуриб-елмай илоё.
Тўнинг этагидан тушмасин қўлим, Тупроғи кўзимга тўтиё элим.
Сенинг улуғлигинг, устиворлигинг, Бизни билмаганга бўлсин ёрлиғинг. Қандай бўлсанг шундай азизсан менга,
Менинг давлатим бу — сенинг борлигинг. Сен дуо қилсанг бас —
"Кам бўлма, ўғлим",
Тупроғи кўзимга тўтиё элим.
Абаддир яшнаши бир яшнаган боғ, Қадим сен ўтқазган ниҳол, навдалар. Дунёга кўз-кўзлаб тикламоқда, боқ — Темурнинг давлатин темурзодалар.
Қайтгани рост бўлсин бу гулшан сўлим, Тупроғи кўзимга тўтиё элим.
ДУНЁЛАРНИ ҚУЧДИ ЎЗБЕК ДЕГАН НОМ
Бир тўкилиб тағин қомат тикладик, Елкаларга миллат юкин юкладик.
Озод вужудларда руҳ бўлди бино,
Бинолар ўрнида давлат тикладик.
Кай кун тилдан учди қадрдон калом — Дунёларни қучди ўзбек деган ном!
Бошин не тошларга урди бу диёр, Неча вайрон бўлди, қурди бу диёр.
Тожмаҳал меъмори, Нилнинг мироби, Имом Бухорийлар юрти бу диёр.
Бизни йўқлаганга биздан ҳам салом, Дунёларни қучди ўзбек деган ном!
Ватан, айланайин тупроқларингдан, Боғда гул, тоғдаги гиёҳларингдан.
Боқсанг нур ёғилар нигоҳларингдан, Айро тушмай асло қучоқларингдан. Асқотди сен ўзинг қурган зуволам, Дунёларни қучди ўзбек деган ном!
Боланг аҳволидан огоҳ бўл ўзинг, Асра, асраганга паноҳ бўл ўзинг. Ёруғ манзилларга етакла мени,
Ёлғиз йўлдошим бўл, ҳамроҳ бўл ўзинг. Сенингсиз мукаммал эмас бу олам — Дунёларни қучди ўзбек деган ном!
СИЗГА АЙТСАМ
Сизга айтсам, ҳали тупроқ ботмай товонга, Ва муҳаббат қийноқларин билмасдан олдин, Ажиб туғён келаверди бостириб қонга,
Мен юртимга кўнгил бериб балога қолдим. Мана энди армоним кўп кўринмайдиган,
Кўринса ҳам бировларга шунчаки эрмак. Дала йўлда қуриб қолган ялпизнинг зори, Шотутларнинг сувга тушган кўз ёшларидек.
Сиз куларсиз, бу китобий сўзларни қўй деб, Хитобларни тўкаверма бола, липпадан.
Аммо рости, лабда боддек қотиб қолган шу — Онам сути, онам сути эканда Ватан!
Шу Ватанга нафим бўлса дейман менинг ҳам, Ва мақтанчоқ шоирчалар текканда жонга, Уятларда ловуллаган юзимни босиб,
Овунаман мўмину соф Ўзбекистонга.
Давраларни ҳайрон этиб кетаман чиқиб,
Юлдузлармас, қаранг кўкда порлаган улар — Шу юрт учун қурбон бўлганларнинг кўзлари.
Бу қиз эса тушунмайди, тушунмас мени,
Бу қиз менинг кўзларимдан излар тасалли. Севаман, деб сочим силаб, юзма-юз ёлғиз, Ва елкамга нигоҳ тираб ўйлайди: далли.
Билмайдики, ҳали тупроқ ботмай товонга, Ҳали севги азобларин билмасдан олдин,
Келаверди бир дунё ҳис бостириб қонга, Мен туйғуга кўнгил бериб балога қолдим.
Билмайдики, юрсам-турсам йўлдошим шу юрт, Уйқумда ҳам жонга босиб ётаман қўлин.
Қиз дегани Зулайҳодай сулув бўлса ҳам, Севолмайди уни ҳеч ким, севмаса элин.
Мактабдошим бўлар эди — менинг сирдошим,
Кечалари кўкка боқиб ўйлар сурардик. Қайда кибор кимса кўрсак ё бир тубанлик, Қўлимиз мушт, тишимизни қайраб юрардик.
Уни бугун бешикдаги бола ҳам танир, Олим дейди, ўзи маъқул, сўзлари маъқул. "Сен бекорчи хаёлларни сувга соч энди,
Яшашни бил",— дея менга хат ёзар нуқул.
Яшашни бил! Йилтиллайди кўзлари ёмон, Яшашни бил! Кулар оппоқ кўйлак, оқ бадан. Севаман, деб қасам ичар талабасига,
Йиғинларда нутқ сўзлар: она бу — Ватан!
Ҳовучимда бўтана сув ичмасман энди, Хайр энди болалигим, бебаҳо тилсим. Мактабдошим бўлар эди, энг яқин дўстим,
Уни бугун сенинг шаффоф руҳинг кўр қилсин.
Сиз куларсиз, бу хитобий гапларни қўй, деб, Аммо рости, бир ҳикматни энди билдим мен: Ҳей одамлар, лабда болдек бўлиб турган шу— Онам сути, онам сути эканку — Ватан!..
Шу Ватанга нафим тегса дейман менинг ҳам, Юрак ундан бир сўз кутиб бўйлар осмонга.
Ўғлим, деса икки қўллаб жонимни тутиб, Сиғинаман мўмин ва соф Ўзбекистонга.
Do'stlaringiz bilan baham: |