Сталин каззоб деб, зорланманг ҳадеб, У ҳам фарзандидир битта инсоннинг. Билмоқчи бўлсангиз, қабри қайда деб, Лаганбардорлардан сўранг Чўлпонни...
Отабек Кумушин кўзларин ёпиб, Ўзи ҳам ортидан қилгач сафарлар, Қодирий бобонинг қўлларин ўпиб,
Чоҳга итарган ҳам — лаганбардорлар.
Улар иблис билан тили бир ўртоқ, Улар Азроилга содиқ чопарлар.
Аввал Усмонларни сотиб, кейинроқ
Фарёд кўтарган ҳам — лаганбардорлар.
Ёв надир? Зўр келса ўлдиради ёв, Булар қон сўргувчи искаптопарлар. Қаҳҳорни қандкасал,
Ойбекни соқов
Қилиб қўйганлар ҳам — лаганбардорлар.
Улар устозига қулдайин кимса,
Меҳрибон ҳомийси шогирдларининг. Ўзи ўлдириб, сўнг мозоригача
Кўтариб боришар тобутларини...
Сталин каззоб деб, зорланманг ҳадеб, У ҳам боласи-да битта инсоннинг.
Билмоқчи бўлсангиз, қабри қайда деб, Лаганбардорлардан сўранг Чўлпонни!
БИР КУНИ
Бир куни, Бир алвон
Замон келади, Замин узра
Омон-омон бўлади.
Ўн йилми,
Юз йилми ўтиб орадан, Урушлар,
Низолар кетиб орадан, Тўплар
Адирларда буғдой ўради, Танклар
Далаларда пахта теради.
Миллатлар, Элатлар
Оқ тан, қора тан Ҳаммаси
Ҳазрати инсон бўлади... Олам гулистон бўлади...
Бир куни...
Шоирлар-чи, бобо,
Шоирлар нима бўлади? Шоирларнинг шодликдан Юраклари ёрилиб ўлади!
МАРУХ ДОВОНИ
Черкас чўпони Муродин Қўчқоров 1962 йил кузида Ғарбий Кавказ тизмаларидаги Марух довони музликлари орасидан 1-взвод жангчилар жасадини топиб олди. Улардан бирининг фамилияси Муҳиддинов эканлиги аниқланди.
Жангчи ўлди,
Кўкрагида қўрғошин. Кавказ тоғларида
Жасади қолди.
Йигирма йилдан сўнг Суякларини
Черкас чўпон Муз ичидан Топволди...
Ўзбек эди, Қоракўз эди. Оти — Саттормиди, Содиқмиди, Сотволди...
Ҳеч ким билмас, Билгани — уни тоғдан Черкас чўпон
Муз ичидан Топволди...
Балки ёлғиз
Болангиз эди сизнинг, Отангиз ё
Оғангиз эди сизнинг. Юз йил тинмас
Нолангиз эди сизнинг, Ёри эди
Ё бир умидвор қизнинг, Дунёдаги энг гўзал, Вафодор қизнинг,
Ўтга сакраб, чиқди Ичидан музнинг... Черкас чўпон
Муз ичидан Топволди...
Қирқ йилки ким
Тиёлмаса кўз ёшин, Йиғлаб сим-сим
Тиёлмаса кўз ёшин,
Кўролмаса кўкка боқиб қуёшин, Тоққа чиқсин
Тошларга қўйиб бошин,
Эгилмаган бошларга қўйиб бошин, Ётган экан кўкрагида қўрғошин — Черкас чўпон
Муз ичидан Топволди...
Сиз ҳам "Ватан",
"Ватан" деб кўпирганлар, Содиқ ўғлинг
Менман деб гапирганлар, Минбардан ваъз айтиб,
Кўкрак керганлар, Туморлармас
Асраган жонингизни, Кўриб қўйинг,
Бу кун имонингизни — Черкас чўпон
Муз ичидан Топволди.
Do'stlaringiz bilan baham: |