Мутлақ, нисбий ва ўртача кўрсаткичларни ҳисоблаш усули Иқтисодий таҳлилда кўрсаткичларни ўрганиш мутлақ миқдорлардан фойдаланиш билан бошланади. Мисол учун, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми (натурал ва қиймат ўлчовларида), товар айланиш ҳажми, маҳсулот ишлаб чиқариш таннархи, ялпи тушум, ишчилар сони ва ҳакозо. Мутлақ миқдорларсиз таҳлил ишларини амалга ошириб бўлмайди. Иқтисодий таҳлилда мутлақ миқдорлар воқеликни билиш, тушуниш, ўқиш ва ўртача ҳамда нисбий кўрсаткичларни ҳисоблашда асосий ахборот базаси бўлиб фойдаланилади. Шунингдек, мутлақ ўзгариш иқтисодий таҳлилда муайян кўрсаткични аввалги даврларга нисбатан мутлоқ миқдордаги фарқларини кўрсатиб беради. Нисбий кўрсаткичлар бир хил тур ва мазмундаги кўрсаткичларни ўзаро нисбатини аниқлаб фоиз, коэффициент, индекс кўринишида акс эттириб беради. Ушбу усул режа бажарилиши, ўсиш суръатлари, салмоқ асосида таркибий тузилиш ҳолати кабиларни ўрганишда кенг қўлланилади Ўртача миқдорлар асосида кўрсаткичларни ўрганиш иқтисодий таҳлилда хусусийдан умумийга, тасодифдан қонуниятга ўтишда муҳим рол ўйнайди. Чунки, ушбу усулда бир хил турдаги ялпи, яъни кўп сонли иқтисодий воқеликлар математик ҳисоб-китоблар билан ягона ўртача миқдорга келтирилади. Бу жараёнда бир турдаги ялпи воқеликларни ўзига хос хусусияти ҳамда жиҳатларига жиддий эътибор қаратилади. Чунки, воқеликларни ҳар томондан бир хил бўлиши бу борада келиб чиқиши мумкин бўлган тасодифий ҳолатларни олдини олади. Натижада, ўртача миқдорларнинг аниқлиги янада ошади. Ўртача миқдорларни келтириб чиқаришда зарурият ёки талабга кўра турли хил ҳисоб-китоб шакллари – ўртача арифметик, ўртача хронологик, ўртача геометрик ва шу кабилардан фойдаланилади. Бир турдаги кўп сонли воқеаларни ўртача миқдори ва уларни ўзгаришини билиш ўрганилаётган иқтисодий жараёнлар ривожланишининг умумий йўналиши ҳамда қонунийлигини аниқлашда муҳим аҳамиятга эга. Иқтисодий таҳлилнинг анъанавий усуллари орасида энг кўп қўлланиладигани таққослашдир. Одатда таҳлил таққослаш билан бошланади. Мазкур усулда бир хил шакл ва мазмундаги иқтисодий жараённи ифодаловчи кўрсаткичлар ўзаро таққосланади. Бундай ўрганишда иқтисодий жараёнларни ўзгариш миқдорлари ҳамда сабаблари аниқланади ҳамда ривожланиш ҳолатига баҳо берилади. Корхонада ўрганиладиган барча кўрсаткичларнинг фарқлари таққослаш усулида ҳисобланиб, ўзаро умумлаштирилиб синтез қилинади. Натижада барча иқтисодий жараёнлар бўйича ҳам алоҳида, ҳам умумлашган хулосаларга келинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |