Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 17 апрель,
320-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 апрелдаги 320-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 18 июлдаги ПФ-5116-сон Фармонига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республика солиқ органлари тизимини янада модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2010 йил 8 январдаги ПҚ-1257-сон ва «Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 26 июндаги ПҚ-3802-сон қарорларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг (кейинги ўринларда Қўмита деб аталади) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, мажбуриятлари, фаолиятини ташкил этиш тартиби ва ҳисоботини, шунингдек, давлат солиқ хизмати органлари раҳбарларининг функционал мажбуриятлари ва жавобгарликларини белгилайди.
2. Қўмита солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини ва давлатнинг иқтисодий манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш соҳасидаги назорат бўйича республика давлат бошқаруви органи ҳисобланади.
Қўмита Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади.
3. Қўмита ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низомга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.
4. Давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлар давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, солиқ тўловчилар, шу жумладан юридик ва жисмоний шахсларнинг ижро этиши учун мажбурий ҳисобланади.
5. Қўмита, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) давлат солиқ инспекциялари (кейинги ўринларда давлат солиқ хизматининг ҳудудий органлари деб аталади), Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси (кейинги ўринларда Ҳудудлараро инспекция деб аталади), шунингдек, Қўмита тизимига кирадиган ташкилотлар юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ҳамда ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақларига, банк ҳисобрақамларига, шу жумладан чет эл валютасидаги ҳисобрақамларига эга.
6. Давлат солиқ хизмати органлари ўз фаолиятини қонун ҳужжатларига мувофиқ, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан мустақил равишда амалга оширадилар.
7. Қўмитанинг расмий номи:
а) давлат тилида:
тўлиқ номи — Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, қисқартмаси — Давлат солиқ қўмитаси ёки ДСҚ;
б) рус тилида:
тўлиқ номи — Государственный налоговый комитет Республики Узбекистан, қисқартмаси — Государственный налоговый комитет ёки ГНК;
в) инглиз тилида:
тўлиқ номи — State Tax Committee of the Republic of Uzbekistan, қисқартмаси — State Tax Committee ёки STC.
8. Давлат солиқ қўмитасининг жойлашган жойи (почта манзили): Тошкент шаҳри, Абдулла Қодирий кўчаси, 13А-уй, 100011.
Do'stlaringiz bilan baham: |