Луқмон БЎРИХОН
ТИНЧЛИК
− Эрингизни доим безовта, беҳаловат ҳолда кўрамиз, нима гап? − сўради маҳалла оқсоқоли.
− У киши тинчлик ҳақида асар ёзяпти, эътибор берманг, − деб жавоб берди аёл.
СЕВГИ
− Мени севасанми? − деб сўради йигит.
Қиз аввал кулди, сўнг ногоҳ йиғлаб юборди. Бир томчи кўз ёши ёноғидаги кулгичлари ичида нафис гул шаклида туриб қолди.
ЁРДАМ
Ёши саксондан сакраб ўтган касалманд, қадди эгик қария бирор олижаноб йўловчининг ёрдами билан серқатнов кўчадан ўтиб
олиш илинжида теваракка жонсарак кўз югуртиб турарди.
− Ассалому алайкум, амаки, − деб салом берди ногоҳ қаршисида пайдо бўлган ўспирин.
Қария ғоят ажабланганидан алик олишни ҳам унутиб болага тикилди.
«Амаки?!»
Ҳа, у беҳуда лол қолмади. Мана, салкам ўттиз йилдан бери қулоқлари «отахон», «бобожон» деган атамаларга кўниккан. Ўспи
-
риннинг кутилмаган мурожаатидан унинг эгик қадди бироз ростлангандай бўлди.
− Амаки дедингми? − қайта сўради қария.
− Ҳа, амакижон, − деди бола гўёки илтижоли тикилиб, − машиналар қатновидан қўрқаман, шундай касалим бор, илтимос, кўча
-
ни кесиб ўтишимга ёрдам беринг.
− Хўп, − деди қария ва шу баробарида кўзлари равшан тортиб, қўл-оёқлари тетиклашгандай бўлди.
Ўспирин қандайдир сирли кулимсираб чолни қўлтиқлаб олди.
«Шўрлик, − ўйлади қария серқатнов йўлни кесиб ўтишаркан, − шугина ёшидан ғалати касалга чалинибди-я?! Минг бор шукр,
менда ундай кароҳат йўқ...»
Хаёллар оғушидаги отахон ўзи бола етовида бораётганини асло пайқамади. Аммо айни пайтда унинг руҳи тетик, вужуди енгил,
кўз олди ёруғ эди.
ОНА
Икки-уч маҳалла нарида яшовчи қизи, кечки соат олтида ёнингизга бораман, деб қўнғироқ қилган эди. Аммо ҳануз дарак йўқ.
Соат миллари айтилган вақтдан анча олислаб кетди. Она безовта бўла бошлади.
Қизига қўнғироқ қилиш учун қўл телефони рақамларини терди. Бироқ аллақандай бийронгина қиз «ҳисобингизда маблағ етар
-
ли эмас» деб жавоб берди. Онанинг ҳафсаласи пир бўлди. Ўғли, келини невараларни ҳам қўлтиқлаб уч кунлик саёҳатга кетиш
-
ган. Уйда ўзидан бошқа ҳеч ким йўқ.
«Қизим одатда айтган вақтида келарди, − ўйлади она, − бу гал негадир кечикди. Ё бирор кор-ҳол юз бердимикан?»
Она ўз хаёлларидан ўзи ваҳимага тушиб кўчага отилиб чиқди. Дарвозани апил-тапил қулфлаб, автобус кутишга ҳам тоқат қил
-
май, уч-тўрт чақирим наридаги маҳалла томон, қизиникига йўл олди.
Атроф аллақачон қоронғиликка бурканган. Кеч кузнинг муздек шамоли этни жунжиктиради. Қизи ўз дарвозаси ёнида безовта,
жонсарак бир алфозда турган экан.
− Ойи-и, − деди у онасини кўрган заҳотиёқ сергакланиб, − нима қилиб юрибсиз кечки пайт, тинчликми?
− Ўзингда тинчликми, ваъда бериб бормадинг-ку, хавотирландим...
− Э-э, − норизо қўл силтади қизи, − Севарани кутиб ўтирибман, қизим соат бешдан кеч қолмас эди, ўқиши ҳам бор бўлсин-да,
роса хавотирга қўйди...
Do'stlaringiz bilan baham: |