Тадқиқот натижалари
“Камбағаллик” феноменига бағишланган тадқиқотлар деярли барча мамлакатлар учун, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасидан қатъий назар, тегишлидир. Камбағалликнинг моҳиятини тушунишнинг назарий ёндашувлари ижтимоий ривожланиш жараёнида сезиларли ўзгаришларга дуч келган. Шунинг учун камбағалликни доимо эволюцияланадиган ва ўзгарувчан категория деб айтиш мумкин.
Тадқиқотимизда камбағалликнинг моҳиятига ўз муаллифлик ёндашувимизни аниқлаш учун олимларнинг камбағалликни таърифлаш ва даражасини ҳисоблаш масалалари бўйича фикрларини батафсил кўриб чиқамиз.
Камбағаллик муаммосини ўрганишда иккита йўналиш мавжуд: ижтимоий-дарвинист ва ижтимоий-тенглаштирувчи, эгалитар (французча эгалитаризм-тенглик).
Биринчи марта камбағалликни аниқлашнинг ёндашувлари классик сиёсий иқтисод вакилларининг асарларида акс эттирилган бўлиб, улар ижтимоий дарвинизм йўналишининг тарафдорлари бўлган. Ушбу йўналишдаги иқтисодчилар орасида А. Смит, Д. Рикардо, Т. Мальтус, Г. Спенсер, Ж. Прудонлар бор. Классик сиёсий иқтисод вакиллари оиланинг моддий аҳволи учун шахс масъуллиги тамойилига риоя қилишган, ижтимоий тенглик бўлиш эҳтимолини инкор этганлар. Масалан, Т. Мальтус [15] Англияда қабул қилинган камбағаллик тўғрисидаги қонунларни танқид қилган. Унинг фикрича, камбағаллик ҳолатидан чиқиб кетиш учун шахсларга ёрдам бериш бутун жамият аҳволининг ёмонлашуви хавфига олиб келиши мумкин. Т. Мальтуснинг камбағаллик сабабини аҳолининг табиий қонунида кўрган. Ушбу қонунга мувофиқ, яшаш учун зарур неъматлар арифметик прогрессияда кўпаяди, одамлар сони эса, геометрик прогрессияда ортади. Шундан келиб чиққан ҳолда, бутун аҳоли учун озиқ-овқат ва бошқа неъматлар етишмаслиги туфайли камбағаллик вужудга келади, уларнинг кўлами очлик ва эпидемиялар орқали ўрнатилади.
Г. Спенсернинг [27] фикрига кўра, камбағаллик иқтисодий ривожланишни рағбатлантирадиган ижобий қонуниятдир, шунинг учун жамият даромадларини қайта тақсимлашга давлат аралашуви мумкин эмас, чунки у қашшоқликни қайта тақсимлашни англатади.
Ижтимоий-тенглаштирувчи (эгалитар) йўналиш вакиллари (К. Маркс, Ф. Энгельс ва Э. Реклю) камбағалликка ижтимоий ёмон ҳодиса сифатида қарашган. Улар, камбағалликнинг асосий сабаби ишлаб чиқариш воситаларига хусусий мулкнинг ҳукмронлиги туфайли жамиятнинг синфларга бўлинишида, деб ҳисоблашган. Марксистларнинг фикрига кўра, камбағалликни бартараф этиш фақат пролетар инқилоби ёрдамида амалга оширилиши мумкин.
Э. Реклю [21] жисмоний ҳаётни сақлаб қолиш учун етарли маблағга эга бўлган камбағалларни ва даромадлари бундан ҳам паст даражада бўлган қашшоқларни ажратган. Олим, жамиятнинг барча синфлари ўртасида барча моддий бойлик ва хизматларнинг тенг тақсимланиши қашшоқликни енгишга ёрдам беради, деб ҳисоблаган.
Инглиз иқтисодчилари Ч. Бут ва С. Раунтри озиқ-овқат, кийим-кечак ва уй-жой учун асосий эҳтиёжларини қондира олмайдиганларни камбағал деб ҳисоблашган.
Камбағаллар сафига Ч. Бут оила бошига етарли мунтазам ҳафталик даромадга эга одамларни киритган. Ҳафтада ундан ҳам кам даромад оладиганларни Ч. Бут қашшоқларга тенглаштирган. Чарлз Бут нуқтаи назаридан, "камбағаллар - кимнинг эҳтиёжлари мазкур мамлакатда яшаётган одатий стандартларга мувофиқ қониқтирилмайдиганлардир"[14]. Камбағалликни таҳлил қилиб, Ч. Бут унинг мезонларини аниқлашга ҳаракат қилади. Унинг фикрича, инсоннинг асосий эҳтиёжларини қондириш ва муайян турмуш стандартини сақлаб қолиш учун даромад даражасини ҳисобга олиш керак. Чарлз Бутнинг тадқиқотлари натижалари камбағаллик ва энг кам эҳтиёжларни қондириш имкониятлари ўртасидаги муайян ўзаро боғлиқликни тасдиқлайди.
С. Раунтри биринчи марта ҳақиқатда камбағал бўлганларни ва шунчаки исрофгарчилик қиладиганларни ажратган. У бирламчи ва иккиламчи камбағаллик тушунчаларини киритади. Бирламчи камбағаллик- ҳаёт учун зарур асосий эҳтиёжларни, ҳатто пул маблағларидан оптимал фойдаланган ҳолда, қондириш учун маблағларнинг етишмаслик ҳолати бўлса, иккиламчи қамбағаллик - бу асосий эҳтиёжларнинг нооқилона пул сарф-харажатлари туфайли қониқтириш мумкин бўлмаган ҳолат, деб эътироф этади.
Камбағаллик ҳақидаги қизиқарли фикрлар француз олими П.-Ж. Прудон [20] (1809-1865) томонидан билдирилган. Камбағаллик, П.-Ж. Прудонга кўра, ижтимоий неъмат. , П.-Ж Прудон камбағалликни икки турга ажратган. У биринчисини қиёсий ёки нисбий, иккинчисини мутлақ деб ҳисоблаган. Нисбий камбағаллик - ишлаб чиқариш ва истеъмолни кенгайтириш натижасидир. У фақат меҳнат унумдорлигининг доимий ўсиши камбағалликни бартараф этишнинг ҳақиқий истиқболларини очади, деб ҳисоблайди.
П.-Ж. Прудон камбағалликнинг иккинчи турини жамиятда неъматларни нотўғри тақсимлаш сифатида қарайди. У "кулча" ни тенг тақсимлаш, яъни ижтимоий неъмаьларни тўғри тақсимлаш зарурлигини таъкидлайди. Ҳар бир меҳнаткаш ўз қобилиятига мутаносиб равишда меҳнатига ҳақ олиш ҳуқуқига эга бўлиши, ўз навбатида, хизматлар барча меҳнаткашлар ўртасида тенг тақсимланган бўлиши керак. Агар бу тамойилга риоя қилинмаса, у камбағалликка олиб келади. П.-Ж. Прудон камбағалликни табиатнинг қонуни сифатида талқин этиб, ўз-ўзини тийиш доирасида амал қилишини, яъни истеъмолга бўлган эҳтиёж ортиқча ҳолда бўлмаслиги кераклигини таъкидлайди.
ХХ асрнинг етмишинчи йилларида камбағаллик феномени яна бир ёндашув билан белгиланади. Оилалар ёки шахслар яшаш учун етарли таъминланмаганлиги туфайли маълум бир жамиятда камбағал деб тан олинган. Ушбу муаммони ўрганган олимлар турли фикрларни билдирадилар. Камбағаллик йўналишларидан бири инсон ва унинг асосий эҳтиёжлари учун зарур бўлган воситаларнинг чекланганлигида, деб таъкидласа, иккинчиси оила ёки шахс эга бўлган воситалар жамият ҳаётида иштирок этишга тўлиқ имкон бериши керак, деб эътироф этадилар. Ушбу йўналишни яратишда асосий ролни А. Маршалл ва П. Таунсендлар ўйнаган.
П. Таунсенд нисбий камбағалликка катта аҳамият беради. У ўзининг "Буюк Британиядаги камбағаллик" (1979) асарида [2] истеъмолдаги маҳрумликларнинг маълум рўйхатини яратади ва уни жамиятдаги ўртача истеъмол меъёри билан таққослайди ҳамда камбағалликка умумлаштирувчи таъриф беради. П. Таунсенднинг фикрига кўра, агар шахс жамиятда қабул қилинган овқатланиш, яшаш, дам олиш, меҳнат қилиш шароитлари ва фаолиятини таъминлаш учун етарли маблағга эга бўлмаса, у нисбатан камбағал ҳисобланади. Истеъмолдаги маҳрумлик рўйхатини П. Таунсенд аҳоли ўртасида танлама сўровлар ўтказиш ёки экспертлар фикридан фойдаланиш асосида аниқлаган. Инглиз иқтисодчиси П. Таунсенднинг сўзларига кўра, истеъмолдан маҳрум бўлиш камбағалликни ўлчашга имкон беради, у фақат ҳисобланиши керак.
П. Таунсенд томонидан илгари сурилган бу ёндашув қайта-қайта танқид қилинган, чунки "камбағаллик" тушунчасига берилган таърифда кўп нарсага аниқлик киритилмаган, жумладан, шахснинг рационига нима киришининг аниқ рўйхати йўқ, ижтимоий фаолиятнинг қандай турлари қўлланилади, уй-жой ва коммунал шароитлар қандай ва бошқалар. Шунга қарамай, П. Таунсенд, камбағалларни ажратиш учун жамият аъзолари ўртасидаги даромадларни тақсимлаш ва уларнинг турмуш тарзидаги фарқлар ҳақида кам маълумот ҳам етарли, деб ҳисоблайди.
Шунингдек, П. Таунсенд, оила ёки шахснинг ихтиёрида бўлган ресурсларнинг камайиши натижасида маълум бир жамият маданияти билан белгиланадиган турли ижтимоий тадбирларда иштирок этишдан бош тортиш эҳтимоли туғилади, деган гипотезани илгари суради. Жамиятни камбағал ва бойларга ажратиши мумкин бўлган белгиланган чегара бир нуқтаси бўладики, унга эришилганда ресурсларнинг номутаносиб пасайиши кузатилади. Камбағаллик чизиғи, П. Таунсенд фикрича, истеъмолдан маҳрумликни бошдан кечираётган ва даромади жамиятдаги ўртача даромадга нисбатан 50-60% бўлган кишилар сони билан аниқланади.
П. Таунсенднинг тадқиқотлари камбағалликни қисқартириш йўналишидаги биринчи ва энг аҳамиятли ишлардан бири ҳисобланади, чунки оилада истеъмолдаги мавжуд фарқлар асосида “чегаравий даромад” нуқтасини аниқлаш мумкин. Аслини олиб қараганда, у муайян истеъмол неъматлари мажмуи сифатида истеъмол таркиби каби тор тушунчани рад этиб, унинг ўрнига янада кенгроқ маънога эга бўлган, шахснинг ижтимоий хулқ нормалари ва жамиятдаги маълум бир истеъмол мажмуини акс эттирадиган, "турмуш тарзи" тушунчасини татбиқ этади.
Нобель мукофоти лауреати Амартия Сен ривожланиш йўллари ва камбағалликни бартараф этиш воситалари масаласида алоҳида позицияга эга. "Тараққиёт эркинлик сифатида"[25] (1998) асарида у бир қатор муҳим масалаларни қўяди. А.Сенгача амалдаги концепциялар камбағаллик чегарасини жамиятдаги ўртача даромаднинг маълум бир улуши сифатида белгилашга асосланган эди. A. Сен нафақат пулнинг борлиги ҳолатини, балки бу пулга бирор нарса сотиб олиш имкониятини ҳам ҳисобга олиш кераклигини таъкидлайди. A. Сен камбағалликни ўлчашда унинг кўламини (паст даромадлар ва уларни ўзлаштириш имконияти), чуқурлигини (камбағалликни бартараф этиш учун етишмаётган ресурсларнинг ҳажми) ва интенсивлигини (камбағаллик концентрациялашган жой - қашшоқлик чизиғи яқинида ёки ундан анча узоқда) ҳисобга олишни таклиф қилади. Бу параметрларнинг барчасидаги ўзгаришлар ҳозирги вақтда камбағалликни қиёсий таҳлил қилишнинг умумий воситаси бўлган камбағаллик индекси (кўрсаткичларнинг йиғиндиси)да ҳисобга олинади. A. Сеннинг асосий хулосаларини қуйидагича изоҳлаш мумкин: шахснинг қобилиятлари тенгликка эришишнинг асосий таркибий қисмидир, яъни камбағалликни бартараф этиш учун шахсга ўзини шакллантириш имкониятларини яратиш, эркинлик бериш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларини ўзгартириш керак.
Камбағаллик муаммоси Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) мамлакатлари олимлари тадқиқот ишларида ҳам ўз аксини топган. Шу жумладан, Россиялик иқтисодчилар Л. С. Ржаницына [22], Е. Е. Румянцева [23], М. В. Белошапкина [8], Е. Л. Протасова [19], М.В. Игнаток [13], Н.Е.Тихоновалар [28] илмий ишлари камбағаллик тушунчаси таърифи, турлари, унинг келиб чиқиш сабаблари, даражасини аниқлаш услублари ва қисқартириш йўлларини тадқиқ этишга бағишланган.
Глобаллашув жараёни тобора чуқурлашиб, давлатлар ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларининг кенгайиши натижасида ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) тараққиёт дастурларида белгиланган мақсадларни ҳал этиш борасида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, чора-тадбирлар самараси ўлароқ, қўлга киритилаётган ижобий тенденцияларга қарамай, қамбағаллик муаммоси барча ривожланаётган мамлакатлар қатори Ўзбекистон Республикасида ҳам ўткир муаммоларидан бирига айланган. Айниқса, бугун дунё бўйлаб тарқалаётган коронавирус пандемияси шароитида камбағалликнинг салбий ижтимоий оқибатлари кескинлашиб бормоқда.
Камбағаллик юртимизда кўп йиллар “ёпиқ мавзу” бўлиб, авваллари бу категориянинг ўрнига юмшатган ҳолда “кам таъминланганлик” тушунчаси ишлатилган эди. Ўзбек тилидаги иқтисодий луғатларда, ҳаттоки, Ўзбекистон Миллий Энциклопедиясида ҳам “камбағаллик” тушунчаси йўқ эди. Аммо муаммонинг мавжудлиги туфайли ўзбекистонлик иқтисодчи олимлар ва тадқиқотчилар илмий изланишлар олиб боришган. Жумладан, Абдураҳмонов Қ.Х [3], Джуманова Р.Ф. [11], Ибрагимова Н.М. [12], Мухитдинова М.З. [17], Пардаева Б. [18], Хашимов П.З. [30] ва бошқаларнинг илмий изланишларида аҳоли турмуш даражасига оид масалалар алоҳида муаммо сифатида чуқур ўрганишга ҳаракат қилинган.
Ўзбекистон тарихида илк бор камбағаллик масаласи 2020 йилнинг 24 январида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга мурожаатномасида кўтарилиб, мазкур мавзу ижтимоий-иқтисодий сиёсатнинг асосий кун тартибига айланди. Бу борада, давлатимиз раҳбари шундай ўзига хос ёндашувни илгари сурдики, унга кўра камбағалликни камайтириш ойлик ёки нафақа миқдорини кўпайтириш, ёппасига кредит бериш, дегани эмас, балки, энг аввало, аҳолини касбга ўқитиш, молиявий саводхонлигини ошириш, одамларда тадбиркорлик ҳиссини уйғотиш, инфратузилмани яхшилаш, фарзандларини ўқитиш, сифатли даволаниш, манзилли нафақа тўлаш тизимини жорий қилиш керак.
Бугун мамлакатимизда олиб борилаётган очиқ демократик сиёсат туфайли мазкур муаммонинг мавжудлиги, унинг ечими бўйича чуқур таҳлилларни амалга ошириш, уни пасайтириш ва келажакда бартараф этиш масалалари давлат арбоблари, олимлар ўртасида кенг муҳокамада бўлиб, бу борада илмий изланишлар олиб бориш зарурати янада кескин тус олди. Мамлакатимизда охирги йилларда Ахмедов Т.М., Хасанов Р.Р. [5], Мустафоқулов Ш.И. [16], Санақулова Б.Р.[24], Хамидов Б. [29]лар ўз илмий ишларида камбағаллик муаммоси ечимларига қаратишган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Иқтисодий тараққиёт ва қамбағалликни қисқартириш вазирлигининг ташкил этилиши эса айнан ушбу вазифаларни ижросини тизимли таъминлашда амалий қадамгина бўлиб қолмасдан, юртимизда қамбағалликни қисқартириш борасида тарихий инстуционал ислоҳотлар амалга оширилаётганининг ёрқин ифодаси ҳамдир.
Шундай қилиб, таниқли хорижий ва миллий олимлар томонидан берилган камбағалликнинг асосий таърифларидан кўриниб турибдики, тадқиқотчиларнинг камбағаллик муаммосига нисбатан муносабати жамиятнинг ривожланишига мутаносиб равишда қандай ўзгариб келганлиги кўрсатади, яъни иқтисодиётнинг ривожланишини рағбатлантирадиган ижобий ҳодисадан тортиб, бир қисм аҳоли турмуш даражасининг пастлигини акс эттирувчи жамиятнинг долзарб муаммосига қадар тушунчалар эволюциясидан далолат беради.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда хулоса қилиб айтиш мумкинки, минтақавий камбағаллик даражаси тушунчаси, уни ҳисоблаш учун қандай маълумотларни таҳлил қилиш зарурати кўп жиҳатдан умуман камбағаллик тушунчасига аниқлик киритишдан боғлиқ. Шу сабабли камбағалликни аниқлашга оид ёндашувларни, типологиясини ўрганиш мақсадга мувофиқ.
“Жаҳон амалиётида камбағалликни аниқлашнинг учта асосий концепцияси мавжуд: мутлақ, нисбий ва субъектив” [19]. Биринчи концепция шахснинг биологик ҳаёт кечиришини таъминлайдиган ресурсларга бўлган эҳтиёж билан боғлиқ. Иккинчиси, нисбий камбағаллик, мазкур жамиятда "нормал" ҳисобланган умумқабул қилинган турмуш даражаси билан таққослаш орқали аниқланади. Нисбий концепция камбағаллик чегарасини аниқлашда иккита ёндашувни ўз ичига олади: монетар ва номонетар. Монетар ёндашув ўртача даромаднинг 40-60% даражасида камбағаллик чизиғини ўрнатишдан иборат бўлса, номонетар ёндашув доирасида маҳрумликлар рўйхати эксперт воситасида ёки аҳоли сўровларини ўтказиш йўли билан тузилади [4]. Камбағаллик чегарасини аниқлашнинг мутлақ ва нисбий тушунчаларини объектив деб таъкидлаш мумкин, чунки улар даромаднинг аниқ миқдорини белгилашга асосланади.
Учинчи камбағаллик концепцияси шахснинг камбағал ёки йўқлиглигини фақат унинг ўзи аниқлай олади деган фикрга асосланади. Субъектив камбағаллик даражасини аниқлашнинг ҳам бир қанча ёндашувлари мавжуд, масалан, қанча одам ўзларини ёки дўстларини камбағал деб ҳисоблашини сўровлар ўтказиб, ёҳул жамоатчилик фикри асосида субъектив мутлақ камбағаллик чегарасини аниқлаш, сўнгра у билан аҳоли даромадларини таққослаш йўли билан аниқлаб олиш мумкин. Субъектив камбағаллик даражасини аниқлаш ёндашуви ҳам монетар ва номонетар бўлади. Номонетар ифодада камбағалликни ўлчаш нафақат аҳолининг даромадларини аниқлашга, балки таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш омилларини ҳам ҳисобга олади.
Шуни таъкидлаш керакки, субъектив концепция доирасида олинган камбағаллик чегараси камбағалликни қисқартириш бўйича мақсадли давлат дастурларини ишлаб чиқиш учун муҳим кўрсаткич бўлиб хизмат қилади. Камбағаллик ҳақидаги субъектив ва объектив тасаввурлар бир-бирига мос келмаса, ҳақиқатан ҳам муҳтож бўлган шахслар томонидан ижтимоий ёрдамни олмаслик хавфи туғилади. Шунинг учун, айрим олимлар [7] кўпроқ объектив таҳлил қилиш имкониятини берадиган уччала камбағаллик чизиқлари комбинациясидан фойдаланишни такдиф этишади.
Камбағалликка оид илмий талқиқотларни таҳлил қилиш жамиятда намоён бўлиши мумкин бўлган камбағалликнинг турли шаклларини аниқлаш имконини берди.
Do'stlaringiz bilan baham: |