Хаёл ва ижодкорлик.
Ижодкорлик психологияси унинг аниқ турлари: кашфиётчилик, илмий, адабий, бадиий ва бошқаларда намоён бўлади. Ижодкорлик имконияти инсон қобилиятлари билан мустаҳкамланган билимлари билан таъминланади, ва инсоннинг собитқадамлиги билан рағбатлантирилади. Ижодкорликнинг муҳим шарти ижодий фаолиятга эмоционал тус берувчи маълум кечинмаларнинг мавжудлиги ҳисобланади.
Маълум бир инсонга ижод қилиш имкониятини яратувчи , бошқалардан эса бу имкониятни дариғ тутувчи нима эканлиги ҳақидаги масала машҳур олимларни ўтмишдан қийнаб келади. Худди шундай, франциялик психолог Т. Рибо томонидан асослаб берилган ижодий жараёнда алгоритмлаштириш ва уни ўқитишнинг имконияти мавжуд эмаслиги ҳақидаги нуқтаи назариузоқ вақт ҳукмрон фикр ҳисобланган. Унинг ёзишича: «Кашф этиш методлари»га келадиган бўлсак, ҳақиқатда улар мавжуд эмас, бунинг акси бўлганида эди, у ҳолда кашфиётчини ҳозирда механик ва соатсозларни ишлаб чиқаргандек, ишлаб чиқариш мумкин бўлар эди» . Лекин аста-секин бу нуқтаи назар шубҳа остига олина бошлади. Биринчи ўринга ижодкорликка бўлган қобилиятни ривожлантириш мумкинлиги гипотезаси кўтарилди.
Инглиз олими Г. Уоллес ижодий жараённи тадқиқ этишга ҳаракат қилиб кўрди. Натижада у ижодкорликда тўрт босқични ажратишга муваффақ бўлди, булар: I – тайёгарлик (ғоянинг яратилиши); II – етилиш (ушбу муаммога бевосита ва билвосита тегишли бўлган билимларни концентрациялаш, «тўплаш»); III – бирдан эслаш (изланаётган нарсани ички сезги орқали илғаб олиш); IV – текшириш.
Г.С. Альтшуллер ижодий масаларни ҳал қилишнинг яхлит назариясини ишлаб чиқди. У ижодкорликнинг беш даражасини ажаратди. Биринчи даража масалалари ушбу мақсадга мўлжалланган воситаларни қўллаш билан ҳал этилади. Бунда умумий қабул қилинган ва маълум бўлган бир неча хил ечимларни фикран танлаб олиш талаб этилади. Бунда объектнинг ўзи ўзгармайди. Бундай масалаларни ечиш воситалари ягона тор мутахассислик доирасида бўлади. Иккинчи даражали масала объект кўринишини зарур самарага эга бўлиш мақсадида бир мунча ўзгартиришни талаб этади. Бунда бир неча ўнлаб вариантларни танлаш мумкин. Бундай масалаларни ечиш воситалари бир соҳа билимларига тегишли бўлади. Учинчи даража масалаларининг тўғри ечими юзлаб нотўғри ечимлар орасида яширинган бўлади, чунки такомиллаштирилаётган объект жиддий ўзгартирилиши зарур. Бу даража масалаларнинг ечиш усулларини ўхшаш соҳа билимларида излашга тўғри келади. Тўртинчи даража масалаларини ечишда такомиллаштирилаётган объект тўлалигича ўзгартирилади. Одатда, бундай масалаларнинг ечими фан соҳасининг кам учрайдиган таъсир ва ҳодисалар орасидан изланади. Бешинчи даража масалаларини ҳал этишга такомиллаштирилаётган объект тузилишини ўзгартириш билан эришилади. Бунда тадқиқотлар ва хатоликлар сони кўп карра ошади, воситалар эса ҳозирги замон фани имкониятлари доирасидан ташқарида бўлиши мумкин. Шунинг учун, аввало, кашфиётни амалга ошириб, сўнгра янги илмий маълумотларга таянган ҳолда ижодий масаланинг ечимини топиш зарур.
|
Хаёлнинг индивидуал хусусиятлари ва ривожланиши
Хаёлнинг ривожланганлик даражаси ўтмишдаги тажриба маълумотларининг образлар ёрқинлиги ва чуқурлиги билан қайта ишлаш, шунингдек, бу қайта ишлаш натижаларининг янгилиги ва англанганлиги билан характерланади. Хаёлнинг кучли ва тўлақонлилиги хаёл маҳсулотининг ҳақиқатга тўғри келмайдиган ва мўъжизавий образлар, масалан, сеҳрли эртаклар муаллифларида осон баҳоланади. Хаёл ривожланганлигининг заифлиги тасаввурларни қуйи даражада қайта ишланиши билан ифодаланади. Хаёл ривожланишининг заифлиги маълум вазиятни кўргазмали тасаввур этиш малакасини талаб этувчи мантиқий масалаларни ечишда қийинчиликларга сабаб бўлади. Хаёлнинг етарли даражада ривожланмаганлигида эмоционал жиҳатдан бой ва ҳар томонлама ҳаёт кечириш мумкин эмас.
Одамлар хаёл образларининг ёрқинлиги даражасига кўра, аниқроқ фарқланади. Бир хил одамлар хаёл образларининг ўта ёрқинлиги, бошқалар – ўта рангсиз тасаввурлар билан фарқланадилар. Хаёл ривожланганлигининг юқори даражасини ижодий меҳнат билан шуғулланувчилар,- ёзувчи, рассом, мусиқачи, олимларда кўришимиз мумкин.
Одамлар ўртасидаги фарқлар устун бўлган хаёл хусусиятларига нисбатан аниқланади. Хаёл томонидан ҳосил қилинган образлар асосидаги сезгилар турига боғлиқ равишда одатда, образларнинг кўриш, эшитиш, моторли ва кўриш-эшитиш-ҳаракат типлари ажратилади. Хаёлнинг соф типлари жуда кам учрайди, одамлар кўпроқ хаёлнинг аралаш типига эга бўладилар, чунки ҳаётда бир вақтнинг ўзида кўриш, эшитиш ва моторли сезгиларга таянамиз. Бунда хаёл типларидан бирининг устунлиги кузатилади.
Турли одамларда хаёл уларнинг касбий фаолияти ва устун бўлган эҳтиёжлар соҳаси билан белгиланади.
|
Do'stlaringiz bilan baham: |