сипоҳий фавж тузиб, уларни жавонғор фавжларининг олдига қўйиб, уни шиқовул деб номласин. Бу уч
фавждан бирини эса шиқовулнинг ҳировули этиб тайинласин. Шундан сўнг қўл қаршисида синалган, таж-
рибали ўқчилар, қиличбозлар, найзадорлар ва баҳодирлардан иборат катта ҳировул тузсинлар. Чунки
ҳировулнинг айнан шу фавжлари қаттиқ сурон солиб ёвни синдиради.
Ҳақиқий сардор улким, ғаним лашкарининг рафторини кузатиб боради ва амирлардан қай бири буйруқсиз
юриш бошлаб, бошқалардан илгарилаб кетса, унга танбеҳини беради. Чин сардор душманнинг қай тарзда
жангга кириши ва чиқишини назаридан қочирмасин, токи ғанимнинг ўзи уруш бошламагунча жангга киришга
ошиқмасин. Ёв жангга кирганидан сўнг, сардор уларнинг жанг қилиш усулини кўриб ўргансин, жанг
майдонига қай тартибда кирадилар ва чиқадилар, унга нисбатан қандай ҳужум этадилар, ҳамла қилгач,
ортларига қайтадиларми ёки вақти билан қочиб, (кейин яна) фурсат пойлаб қайтадан жангга кирадиларми,
(буларни кузатиб турсин). Яна сардорга лозимдирки, (қаттиқ зарба емай туриб) енгилгандек қоча бошлаган ёв
кетидан қувмасин, чунки уларнинг ортларида кучли ёрдамчи қўшинлар турган бўлади. Сардор шуни ҳам
билсинки, ғаним лашкари бор кучи билан бир катта тўпдек бўлиб ҳужум қиладими ёки ўнгу сўл қанотини
ёзиб, уруш олиб борадими?! Сардор аввал уларга қарши катта ҳировул фавжларини рўбарў қилиши ва жангга
ташлаши керак. Унинг ортидан катта ҳировулга мадад тариқасида кетма-кет чоповул ҳировули ва шиқовул
ҳировулини жангга киргизиши керак. Уларнинг орқасидан эса чоповулнинг биринчи фавжи ва шиқовулнинг
иккинчи фавжини жангга ташласин. Уларнинг кетидан эса чоповулнинг иккинчи фавжи ва шиқовулнинг
биринчи фавжини жангга ташласин. Агар ғанимга етказилган ушбу етти зарбадан кейин ҳам ғалабага
эришилмаса, у вақтда баронғор ва жавонғорнинг ҳировулларини жангга киритсин, (бу билан) ғанимга тўққиз
зарба берилади. Агар тўққиз зарбадан кейин ҳам фатҳу зафар муяссар бўлмаса, баронғорнинг биринчи фавжи
ва жавонғорнинг иккинчи фавжини урушга солсин. Агар шу ўн бир зарбадан кейин ҳам ғалабанинг дараги
келмаса, баронғорнинг иккинчи фавжи ва жавонғорнинг биринчи фавжини жангга ташласин. Шу ўн уч
зарбадан кейин ёв енгилиб, ғалаба қўлга киритилади, деб умид қилсин. Мабодо бу ўн уч зарба билан ҳам
фатҳу зафар ҳосил бўлмаса, у ҳолда, қўл сипоҳий фавжларини урушга шайлаб, ўзи ҳам улар билан жангга
кирсин ва душман кўзига ўзини тоғдек кўрсатиб аста-секин, уюшган ҳолда ҳаракат қилсин. Уруш
баҳодирларига буюрсинким, қиличларини яланғочлаб ҳужумга отилсинлар. Ўқчилар эса визиллатиб ёйлардан
қалин ўқ ёғдирсинлар. Шунда ҳам фатҳу зафарга эришилмаса, сардорнинг ўзи жанг майдонига тушсин ва
менинг (мадад кучларим) ва буйруқларимни кутсин.
Do'stlaringiz bilan baham: