МИГРАНТЛАР АДАПТАЦИЯСИ ОМИЛЛАРИ
СамДЧТИ «Гуманитар фанлар ва ахборот технологиялар» кафедраси доценти, фалсафа фанлари номзоди Бозоров Мустафо Жабборович +998972885414
Аннотация.Ҳозирги даврда миграциянинг глобал характерга эга бўлиши, унинг жамият барча соҳаларига таъсири, адаптация ва интеграция жараёнларининг ўзаро боғлиқлиги ва фарқлари, адаптациянинг объектив шарт-шароитлари ва субъектив омиллари, ижтимоий адаптациянинг ўзига хос хусусиятлари таҳлил қилинган. Адаптациянинг механизмлари, қабул қилувчи мамлакат расмий тилини билиш даражасининг бу жараёнга таъсири ёритилган.
Калит сўзлар.Миграция, мигрант, адаптация, интеграция, ассимиляция, ижтимоий тартиб-қоидалар, тил, сегрегация, маданият, ижтимоий тармоқлар, мотивация.
Миграция одамларнинг яшаш жойини ўзгартириш билан боғлиқ кўчиши бўлиб, ХХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб глобал муаммолардан бирига айланди. У дунёнинг барча мамлакатлари, жамият ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳаётининг кўплаб соҳалари, ижтимоий қатламлар ва гуруҳларни қамраб олган умумжаҳон миқёсга эга бўлди.
Миграция мураккаб ижтимоий жараён сифатида доимо қабул қилувчи жамият ва мигрант жамоаларнинг ўзаро таъсири билан боғлиқдир. Мигрантларнинг янги ижтимоий, иқтисодий, маданий, ҳуқуқий шароитларга мослашиши, кейинчалик мигрантларнинг маҳаллий аҳоли билан тенг равишда мамлакат ҳаётининг турли соҳаларига қўшилиши маҳаллий аҳоли ва мигрантлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар даражаси билан белгиланади. Мигрантларнинг янги шароитларга мослашиши ва ижтимоий муносабатлар тизимига қўшилиш жараёнлари адатация ва интеграция деб аталади. “Адаптация” тушунчаси анъанавий бўлиб, ҳозирги ҳамон фанларининг ҳам категория тизимига кирадиган компонентлардан бири ҳисобланади. Бу тушунча лотинча “adapto “ сўзидан олинган ва антик даврларда тирик организмларнинг муҳитга мослашувини билдирган. Дастлаб бу сўз биологияда ишлатилган, кейинчалик эса унинг доирасидан чиқиб, бу тушунча тиббиёт, кибернетика, социология, психология, демография, тарих, антропология ва бошқа фанларда қўлланилган. [1; 58-59]
Мигрантнинг адаптацияси - бу чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс томонидан қабул қилувчи жамиятда яшаш ва муваффақиятли фаолият юритиш имконини берадиган хулқ-атвор намуналари, ижтимоий нормалар ва қадриятлар, билим, кўникмаларни ўзлаштириш жараёнидир. Адаптация мигрантнинг расмий мақомни олиши ва ўзининг яшашини қонунийлаштириши билан чамбарчас боғлиқдир. [2; 4]
Адаптация ва интеграция бир-бири билан босқичма-босқич боғланган. “Адаптация” ва “интеграция” тушунчалари кўп қиррали бўлиб, улар кўпинча турли маъноларга эга. Адаптация ва интеграция кўпинча узоқ муддатли ва якуний натижага эришишга қаратилган ижтимоий жараёнлар сифатида тушунилади. Қабул қилувчи жамиятнинг ижтимоий, иқтисодий, маданий, ва ҳуқуқий воқелигига муваффақиятли мослашган хорижлик мигрантгина ўз ҳаёти давомида маҳаллий ҳамжамиятга босқичма-босқич қўшилиб, унинг тўлақонли аъзосига айланиши мумкин. Шунинг учун мигрантларнинг адаптация ва миграция жараёнини бир-биридан ажратиш ва улар тўғрисида фикрларни асослашга ҳаракат қилиш мақсадга мувофиқ эмас.
Адаптацияга интеграциянинг биринчи босқичи сифатида қараш керак. Бунинг сабаби шундаки, ҳали бу босқичда мигрантнинг қабул қилган жамиятга мослашуви содир бўлади. Интеграция бу маданиятларнинг бир бирига қараб ҳаракати жараёни бўлиб, у турли шаклларда (ассимиляция, мультикультурализм ва бошқалар) намоён бўлиши мумкин.
Фақат янги кўчиб келганларга хос бўлган уч хил адаптация жараёни мавжуд:
• янги ижтимоий-демографик муҳитга мослашиш, яъни янги танишлар топиш ва эски танишлар билан муносабатларнинг заифлашуви;
•кичик шаҳар аҳоли пунктларидан йирик аҳоли пунктларига кўчиб ўтиш зарурияти билан боғлиқ бўлган адаптация;
•турли табиий-иқлим шароитларида ва географик жойлашувига мослашиш.
Адаптациянинг барча турлари янги кўчиб келганларнинг яшаш жойларида омон қолиши учун зарур бўлган шарт-шароитларнинг мавжудлиги билан боғлиқдир. Чунки уларнинг ҳаётий фаолиятига бутун табиий ва ижтимоий шарт-шароитлар мажмуаси таъсир қилади.[3;78-86]
Мигрант ва оиласининг кейинги тақдири кўп жиҳатдан унинг янги шароитларга қандай мослашишига боғлиқ. Мослашувнинг у ёки бу моделини шакллантирувчи микроиқтисодий, сиёсий ва ижтимоий омилларни аниқлаш, мигрантларни ташлаш билан боғлиқ бўлган масалаларни чуқур таҳлил қилиш талаб қилинади.
Адаптациянинг иккита тури мавжуд. Биринчиси, ишлаб чиқариш билан боғлиқ адаптация ҳисобланади. Бу жараён иш жойини ўзгартиришдан бошланади. Адаптациянинг бу тури ёрдамида миграциянинг иқтисодий вазифалари амалга оширилади. Иккинчиси, ижтимоий ва турмуш билан боғлиқ адаптация ҳисобланади. У яшаш жойини ўзгартириш давридан бошланади.
Айнан шунинг учун адаптация тўғрисида умумий фикр билдириш, уни таснифлаш мумкин эмас. Чунки адаптация миграциянинг турли кўринишларига хос тарзда намоён бўлади. Шунинг учун у вақтинчалик ва доимий меҳнат мигрантлари, ўқув юртларига кирувчилар ва бошқа тоифадагилар учун ягона тавсифга эга бўла олмайди. Мигрантларнинг адаптация жараёнлари амалда узлуксиз бўлади. Қабул қилувчи мамлакатда мигранларнинг ҳар қандай тоифасининг адаптацияси муҳим ҳаётий аҳамият касб этади.[4;720-721]
И.Молодикованинг таъкидлашича, В.Мукомель мигрантларни ҳаётий режаларига қараб уч гуруҳга ажратади. Биринчи гуруҳга муқим жойлашиб олган ва жамиятга тўлиқ интеграция бўлганлар, иккинчи гуруҳга ишлаб пул топишга келганлар, аммо аллақачон мослашганлар ва ўзларининг ҳаётий режаларини қайтадан кўриб чиққанлар, учинчи гуруҳга ўз ватанига қайтишни мақсад қилиб қўйганлар киради. Бу гуруҳга кирувчилар асосан маълумот ва малакага эга бўлмаган ёшлардан иборат бўлиб, улар фақат ишлаб пул топиш учун келганлар.[5; 24-25]
Ижтимоий адаптация фаол ёки пассив шаклда, лекин кўпинча иккаласи бир вақтнинг ўзида ҳам содир бўлиши мумкин. Ижтимоий адаптациянинг фаол шакли шу билан тавсифланадики, субъект ижтимоий муҳитга таъсир қилиб, уни ўзгартиришга ҳаракат қилади. Шуни таъкидлаш керакки, кўпинча ижтимоий муҳитни тўласинча ўзгартириш имконияти бўлмайди, чунки шаклланган ижтимоий муҳит ҳулқ-атвор нормалари, қоидалари барқарорлигини сақлаб қолишга ҳаракат қилади. Бундан ташқари ижтимоий муҳитнинг нормаларини қабул қилган индивидлар уни тубдан ўзгартиришни хоҳламайдилар. Адаптациянинг бошқа шакли мигрант кириб қолган ижтимоий гуруҳининг ҳамма нормалари ва қоидаларини пассив қабул қилишидир. Бунинг учун мигрант ўзининг қарашлари ва қатьий ишончини қайта кўриб чиқиши керак. Албатта жамиятда мавжуд бўлган нормалар ва қоидалар асосида яшаш мигрант учун муайян қийинчиликлар туғдиради.
Ижтимоий адаптация яхлит, интеграцион жараён бўлиб, у мигрант ва муайян ҳудуднинг ижтимоий-маданий макондаги муносабатларини уйғунлаштиради. Фаолиятга мослашиш, мигрантнинг гуруҳга, янги ижтимоий-маданий муҳитга қўшилиши, ҳаётий вазиятни баҳолаш даражаси мослашувчанлик кўрсаткичлари ҳисобланади.
Миграция контестидаги мослашув ижтимоий жараённинг алоҳида тури сифатида намоён бўлади. Бу жараёнда мигрантлар ижтимоий ва маданий ҳаётга қўшилишга йўналтирилади. Мигрант ва ижтимоий муҳитнинг бундай ўзаро таъсири натижасида жамиятнинг асосий тартиб-қоидалари ва қадриятларини ўзлаштириш амалга ошади. Мигрантларнинг ижтимоий адаптацияси иқтисод, маданият, касб, тил билан боғлиқ жараёнларга бевосита алоқадордир.[6; 20]
Мигрантларнинг катта қисми қабул қилган мамлакатнинг маданий анъаналари билан таниш бўлмайдилар ва уларни билишга ҳам интилмайдилар. Aксинча, мигрантларнинг ярмидан кўпи ўз маданий анъаналарини сақлаб қолишга ҳаракат қиладилар.[7;24]
Мигрантлар ижтимоий адаптациясининг муваффақиятли амалга ошиши қабул қилувчи мамлакатнинг иқтисодий ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади, маҳаллий аҳоли билан зиддиятли вазиятларни оқилона ҳал қилишга имкон яратади. Муввафақиятли адаптация бир томондан миллий мансублик унсурларини, бошқа томондан эса ижтимоий ўзаро таъсир тартиб-қоидаларини шу муҳитдаги вазиятидан келиб чиққан ҳолда қабул қилишни тақазо этади ва интеграцияга сабаб бўлади. Муваффақиятли адаптация мигрантларни ўзлари истиқомат қилаётган ҳудуднинг ижтимоий ҳаётига фаол иштирок этишга ундайди, шунингдек, уларнинг маълумот даражаси кўтарилишига ёрдам беради, мартабалари ўсишини рағбатлантиради.
Мигрантлар янги ижтимоий- иқтисодий шароитлардан қониқиш ҳосил қилмасликлари, қабул қилган томон маданиятининг унсурларини эгаллай олмасликлари ва демак турмушларидан норози бўлганларида муваффақиятли адаптация амалга ошмайди ёки ҳаддан ташқари жуда паст даражада бўлади.
Жамият келган мигрантларнинг маданиятини қабул қилмаслиги ҳам мумкин. Бундай вазиятда мигрантлар учун таълим олиш имконияти деярли ёпиқ, давлат кафолатлари, имтиёзлар, субсидия ва бошқалар паст даражада бўлади, улар фақат кам маошли иш билан таъминланадилар. Буларни яхши англаган, яқинлашиш истиқболларини кўрмаган мигрантлар яккаланиб қоладилар ва ўзларига хос турмуш тарзи олиб бориш маҳаллий аҳолининг тажовузидан ҳимоя қилади деб ҳисоблайдилар. Бундай вазиятда мигрантлар ва маҳаллий аҳоли маданияти бир бирига яқинлашмайди, аксинча интеграция жараёни узоқ вақт тўхтаб қолиши мумкин.
Мигрантлар ижимоий адаптациянинг муҳим кўрсатгичларидан бири қабул қилган мамлакат аҳолисининг тилини билишдир. Шу тилда нисбатан эркин мулоқот қила олиш мигрантнинг жамиятдаги адаптациясига ижобий таъсир кўрсатади. Aйнан тилни билиш ишга жойлашиш қоидалари ҳақида маълумот олиш имконини беради, норасмий иш билан шуғулланиш имкониятини, ватандошларга қарамликни камайтиради. Шунингдек, қабул қилган мамлакатнинг расмий тилини билиш маҳаллий аҳоли билан алоқа қилиш имкониятларини кенгайтиради, мигрантнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини амалга оширишни таъминлайди (касбга ўқитиш, тиббий ёрдам ва бошқалар.)
Қабул қилган мамлакатнинг давлат тилини билмаслик мигрантнинг меҳнат фаолияти билан боғлиқ маконда, дўконларлардан маҳсулотларни, дорихоналардан дориларни харид қилиш, зарурий ҳужжатларни тўлдириш жараёнида муаммони келтириб чиқариши мумкин. Масалан, чет эл фуқаросининг Россияда келиб ишлаш учун 2015-йилнинг 1-январидан бошлаб рус тилида мажбурий тест синовлари жорий этилди. Бу рус тилини ихтисослаштирилган курсларда ўрганаётган мигрантлар сонининг кўпайишига ҳисса қўшди.
Мигрантлар адаптациясининг асосий механизми қариндошлар ва норасмий ижтимоий тармоқлар ҳисобланади. Умуман олганда, норасмий ижтимоий тармоқларнинг кенг миқёсда ривожланиши Марказий Осиё давлатлари замонавий меҳнат миграциясининг ўзига хос хусусиятига айланиб бормоқда ва адаптация билан боғлиқ бўлган салоҳиятнинг шаклланишига бевосита таъсир кўрсатмоқда. Бу манбадан самарали фойдаланиш кўплаб мигрантлар учун муаммони ҳал қилишнинг ягона йўли ҳисобланади. Ижтимоий тармоқлар ёрдамида мигрантлар иш, уй-жой топадилар.[8;2] Бунинг натижасида уларнинг мулоқот доирасига сезиларли миқдордаги одамлар қамраб олинади. Шунингдек, бундай тармоқларнинг асосий вазифаси мигрантларни турли хил реал ёки хаёлий таҳдидлардан ҳимоя қилишдир. Аммо, мигрантларнинг ижтимоий мослашувига тўсиқлар ҳам мавжуд бўлиб, улар мослашиш мотивациясининг заифлашуви ва ижтимоий мухторият(автономия) даражаси юқори бўлган этник диаспораларнинг ривожланган тармоғи билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Мигрантларни қабул қилувчи аҳоли ва ҳокимият тузилмалари томонидан рад этилиши (муҳожирларни муносиб меҳнатга жалб қилишни чекловчи объектив ҳолатлар билан бирга), мигрантларнинг маҳаллий жамоаларга кириши ижтимоий амалиётининг ўзига хос шаклларини вужудга келтиради. Бу бир қисм мигрантларнинг сегрегацияси(ажралиши) ва ҳудудий анклав( бўлиниш)ларнинг шаклланишига сабаб бўлади.
Шуни таъкидлаш жоизки, бирор бир мамлакатда яшаш, ишлаш ва ўқишни мақсад қилиб қўйган ҳар бир одам албатта борадиган маконни тўғри танлаши ва у ердаги шарт-шароит тўғрисида тўлароқ маълумот олишга ҳаракат қилиши муҳим аҳамиятга эга. Шу билан бирга албатта қонуний миграция қоидалари билиш ҳам талаб қилинади. Мигрант учун таваккал қилиш салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. Булар ҳам мигрантнинг адаптацияси даврини қисқартириши мумкин.
Мигрантнинг қабул қилган мамлакатдаги адаптацияси жараёни тугалланмайдиган жараён эмас. Мигрант ўзининг янги жамиятга мослашувини таҳлил қилиб, хулоса чиқара олгандагина мустақил яшаши ва интеграцияга тайёр эканлигини ҳис қилиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |