7
Нонуштадан сўнг Юсуф хотини ва ўғли Муҳаммаджонни боғчага
кузатиб қайтаркан, йўл-йўлакай “Уйга борсамми, йўқми? — дея
ўйланди. — Ахир нима ҳам қилардим чор бетоннинг ичида? Кун бўйи
китоб ўқиб, телевизор кўриб ётиш... аллақачон жонга теккан бўлса...
Ҳолбуки, ёшим ўттиз бешдан ошди, аллақачон бирон тайинли ишнинг
бошини тутадиган, ўзимни намоён қиладиган вақт келган бўлса...
Нималар қилиб юрибман ўзи?”
Юсуф хаёл билан яна ўз эшиги олдига келиб етганини сезмай
қолди. “Товба, — деди у ўзига-ўзи, — худоимнинг ўзи қўлламаса, мен
ҳеч нарсани ўзгартиролмайман, чоғи...” Юсуф ноилож ичкари кирди,
ўзини диванга ташлаб, кўзларини юмди. Хаёлида болалиги
жонланди...
Юсуф чўчиб ҳушига келди. “Ҳаммаси хаёл, ширин хаёл, —
ўйланди у диванда ётганча, — наҳотки энди ўша чоғлар қайтиб
келмайди, наҳотки ҳаётим бундан буён мана шундай самарасиз ва
зерикарли кечаверади? Ахир, қирчиллама қирқ ёш остонасида нега
Улуғбек Ҳамдам. Мувозанат (роман)
www.ziyouz.com
kutubxonasi
27
бунчалар абгорман, бунчалар хўрланганман? Ким мени шу кўйга
солди, ким?.. Наҳотки ҳеч ким? Наҳотки менинг ўзим секин-аста шу
ҳолга тушган бўлсам? Ахир ҳаммаси жойида эди-ку! Қаерда хато
қилдим?” — Юсуфнинг саволлари адоқсиз эди, лекин топган
жавобларига қаноат ҳосил қилмас, ичини тобора кемириб бораётган
сўроқлар унини бир дам бўлса-да, ўчирсам дерди... Беихтиёр
дўстларини — талабалик чоғларидаги ҳамфикру ҳамқисматларини
соғинди: “Қайдасиз, эй ёронлар? Нега йўлларимиз айро тушди? Нега
биз бир-биримизни бу аҳволда ташлаб кетдик? Ахир қандоқ аҳил
эдик, қандоқ дўст эдик!.. Яна қайтармикин ўша дамлар, ўша
баҳорлар?..”
8
Саиднинг туғилган куни эди. Талабалар ётоқхонасида кўнгилга
яқин жўралар тўпланишди. Юсуф ош қилди. Алламаҳалгача ейишди,
ичишди. Ниҳоят, меҳмонлар тарқалишиб, хонада учовлон қолишди.
Озгина кайфлари бор эди. Саид шундоқ ён томондаги хиёбонга
чиқиб, қизларга гап отишни таклиф қилди.
— Шу пайтда пишириб қўйибдими, яхшиси, ётайлик, — эътироз
билдирди Миразим.
— Қизларга гап отиш-отмасликни билмадим-у, лекин еган
овқатимиз ҳазм бўлсин, кечаси яхши ухлайлик, десак, айланиб
келганимиз маъқул. Соат ҳам энди ўндан ошибди, — Саидни
қувватлади Юсуф.
Миразим ночор дўстларига эргашди. Улар енгилгина кийинишди.
Фақат Юсуф шиппагининг боғичи узилиб кетгани боис, ўтириб олиб
ботинка кия бошлади.
— Ма, манавини кийиб ол, кейин берарсан, — Саид бугун кимдир
ҳадя қилган қалин тагли шиппакни Юсуфнинг олдига ташлади...
Кузнинг сўлим кечаси эди. Бошларида улуғвор шовуллаб
дарахтлар мангу қўшиқларини баралла айтар, оёқлари остида энди-
энди тўкилиб, ер юзини ҳали қоплаб улгурмаган хазонлар майин
шитирлар, қулоқлари тагида саррин шабода эсиб турар, ёш ва
бақувват вужудлари шаробнинг енгил кайфидан мастона тебраниб
Улуғбек Ҳамдам. Мувозанат (роман)
www.ziyouz.com
kutubxonasi
28
борардилар...
Хиёбонда одам сийрак эди. Улар каттагина йўлакдан юришди.
Миразим четдаги ўриндиқ томон оғди. Лекин Саид билан Юсуф
йўлларида давом этишди. Энди Миразим ўрнидан туришга ва
лўкиллаб ўртоқларига етиб олишга мажбур эди.
— Биз ахир ўтиргани чиқмадик-ку, — деб изоҳ берди Саид
ҳансираб етиб келган дўстига.
— Эй-й, аҳмоқ бўлмасам санлар билан ярим тунда айлангани
чиқаманми. Ётмайманми кайфимни суриб, — норози бўлди Миразим.
Шу маҳал орқа томондан қизларнинг қиқирлаб кулгани эшитилди.
— Мана, мана, мана... Худонинг ўзи етказди бизга бу пари-
пайкарларни, — Саид тўхтаб, қизларнинг етиб келишини кутди. —
Мираз, қара зўр-у, а, афсуски, иккита экан.
Қизлар ўрисча гаплашганча шитоб билан юриб, йигитларнинг
ёнидан ўтишди.
— Мираз, тезроқ юр, буларнинг тилини ўзинг тузук биласан, —
Саид ўртоғини қўлтиқлаб, қизларнинг ортидан шахдам қадамлар
билан кетаркан, гап қотди: — “Девушки, девушки... постойте, давайте
познакомимся”.
Юсуф бўлса, одимини тезлатмади. Фақат қизлардан қолиб
кетмайлик деб, шошиб кетаётган ўртоқларининг гап-сўзлари қулоғига
анча вақтгача чалиниб турди. Саид қизларга қарата бояги гапини
такрорлар, Миразим бўлса дўстининг етовида индамай ҳансираб
борарди. Ниҳоят, ўзи бир иш чиқаролмаган Саид аламидан
Миразимга ташланди:
— Қанақа одамсан ўзи, сен ҳам бирон нима десанг-чи!
— Мен нима дейман, ҳамма гапни ўзинг айтдинг-ку! — эътироз
билдирди Миразим.
— Э-э, садқаи одам кет-э, ҳеч бўлмаса “Қаерга кетяпсизлар,
обориб қўямиз, бизлар ёмон боллар эмас, бор-йўғи холис бир ёрдам
қилмоқчимиз, агар сизга маъқул келиб қолса, танишамиз” де!..
— Айтганларингни таржима қилгунимча қизлардан асар ҳам
қолмайди, кейин изларини ҳидлаб ўтирасан, ҳи-ҳи-ҳи...
— Ўҳ, қанийди менам ўрисчани сенчалик билсам... Девушки,
девушки, постойте... я хороший... он тоже...
Улуғбек Ҳамдам. Мувозанат (роман)
www.ziyouz.com
kutubxonasi
29
Улар илгарилаб, қоронғида кўздан ғойиб бўлишди. Юсуф шундоқ
муюлишга етган эдики, қулоғига аллақандай олатасир чалинди.
Дастлаб кўзларини каттароқ очиб қаради. Аммо бирон нима
илғамади. Лекин қулоқларига муштлашаётган одамларнинг ҳарс-
ҳурслари, иҳрашлари келиши билан ўша томонга чопа кетди. Етиб
бориб қараса, Саид билан Миразим уч кишига қарши “жанг”га
киришган экан. Саид ўз рақиби билан бар-баробар ташлашарди,
Миразимнинг эса, аҳволи тангроқ кўринди. Унга қарши нақ иккитаси
майдонга тушганди. Юсуф келгач, бирга бир бўлишди. Миразим
ўзини анча енгил ҳис қилди ва ҳаш-паш дегунча пачоқроқ рақибини
уриб йиқитди. Сўнг кўйлагини бошига ўради-да, юз-кўзи аралаш
бошига тепа бошлади. Юсуфга эса, анчагина бақуввати рўпара
келганди. Улар бир муддат бир-бировларига мушт тегизиша
олишмади. Ниҳоят Юсуф аниқ мўлжалга олиб бир туширди. Аммо
уни ҳайрон қолдириб, рақиби қилт этмади. Шу чоққача ҳеч бунақа
бўлмаган, ҳали биронта рақиб Юсуфнинг зарбасидан сўнг тик туриб
қолмаганди.
Юсуф навбатдаги ҳамлага ташланар экан, қарши тарафдан
шунақанги зарбага дуч келдики, назарида кўзларидан учқунлар
сачраб кетди. У бир муддат ўзини йўқотиб қўйди. Гарангсиб,
ихтиёрсиз равишда орқага тисланди.
Юсуф қаршисида жудаям жиддий рақиб турганини ҳис қилди.
Ҳатто у ўзидан ҳам кучлироқ туюлди. Бироқ ғишт қолипдан
кўчганди: у ўзи ҳадиксираган биринчи зарбани олган, вужуди,
айниқса мушт теккан юзи ловуллаб, уни ҳақиқий муштлашувга
ундарди. Устига-устак рақиб уни гўё масхаралагандек ўзига чорлаши
Юсуфнинг ғурурини ўйнатиб юборди. Энди у қаршисида бунақа
рақибдан ўнтаси бўлса ҳам, қайтмасди, кўзи қонга тўлиб, ақлу
ҳушини йўқотиб, муштлашув комига тобора ғарқ бўлиб борарди.
Энди мушт қўрқинч туғдирмас, аксинча, қандайдир ёввойи лаззат
сари етакларди.
У оёғида шипиллаб халақит бераётган шиппакни ечдию айланиб
туриб, рақибининг бошини мўлжалга олиб тепиб эди, рақиби усталик
билан чап бериб қолди.
— О, ты ещё каратист? — деди у.
Улуғбек Ҳамдам. Мувозанат (роман)
www.ziyouz.com
kutubxonasi
30
— Онангни учқўрғондан кўрсатганимдан кейин биласан,
кимлигимни!..
— Ма-на, ма-на, ма-на! — эрмак қилган бўлди рақиб, тили
ўзбекчага келишмай.
Юсуфники тутди, турган жойидан рақибига ташланди-да, даст
кўтариб ерга урди. Рақиб жиқиллаб тушди. Юсуф эса ҳаялламай
ўзини унинг устига ташлади, аммо рақиб эпчил чиқди, Юсуфнинг
чотидан мушукдек сирғаниб кетди.
Энди улар бир-бирларининг нималарга қодир эканликларини
синаб бўлишганди. Рақиб ҳам ҳазил-пазилини йиғиштириб қўйиб,
чинакамига олишувга шайланганди.
Шу тоб Миразимнинг ташвишли овози гулдиради:
— Юсуф! Саид! Қочдик, ман анувни ўлдириб қўйдим шакилли!..
Бироқ унга ҳеч ким эътибор бермади. Саид ўз рақиби билан куч
синашаётган боксчилар каби ҳар замонда битта-иккита мушт отганча
гир айланар, у ҳам бундан қолишмасди. Миразим бўлса, деворгулнинг
тагида ғужанак бўлиб, ҳеч қандай сас чиқармай ётган рақибига қараб,
баттар ваҳимага тушди чоғи, чопиб кета туриб, ёнбоши билан
Саиднинг рақибини чунонам қаттиқ туртдики, у учиб бориб бел
баробар ўсган гулдевор ортига ўтиб кетди.
— Мен нима деяпман санларга! Анувни ўлдириб қўйдим!
Қочдик...
У Саидни хиёбон дарвозаси томон итариб, йўлакай Юсуфга
ёрдамга келди.
Юсуф “Аралашма!” деб бақирди.
— Тушунсанг-чи, қаҳрамонликнинг вақтимас. Қуён бўлиш керак!
— деб бўғилди Миразим.
Шу пайт қоронғиликдан ўн-ўн беш чоғли одам отилиб чиқиб,
бақир-чақир билан шу томонга чопиб кела бошлади. Афтидан, бу —
ҳалиги қизларнинг иши эди. Олишувнинг ўрни эмасди, Миразим
билан Саид дарвоза томон қочдилар. Юсуф бўлса, чамаларди:
нарироқда ётган шиппагини олиб улгурадими-йўқми? Йўқ! Ташлаб
кетиб бўлмайди. Ўзиники бўлса, бошқа гап эди...
Шиппакни олгунича одамлар етиб келиб ўраб олишдию, Юсуфни
бош-кўзи демай ура кетишди. У ҳеч қачон бунақа мушт емаганди.
Улуғбек Ҳамдам. Мувозанат (роман)
www.ziyouz.com
kutubxonasi
31
Жуда чатоқ бўларкан. Олдингдаги бир урса, орқангдаги бир тепади.
Юсуф қайси бирига ташланишини, қайси муштга жавоб қайтаришини
билмасди. Хиёл ўтмай гарангсиб қолди, лекин йиқилмади, йиқилиши
мумкин эмасди. Бироқ аҳвол яна бироз шундоқ давом этадиган бўлса,
йиқилмоқдан ўзга иложи ҳам йўқ эди. Зеро, қулоқлари тинимсиз
шанғиллар ва у энди одамларнинг шарпасинигина кўрар, илғардию
гапларини эшитмасди. Шу асно Юсуф ўзини кимдир ҳимоя
қилаётганини сезди. Устма-уст тушаётган зарбалар қўққисдан тинди.
Секин-аста ҳушига келгач эса ўртага тушган киши боягина ўзи билан
олишган рақиби — алпқомат ўрис йигити эканлигини кўриб,
анграйди.
— Не надо его бить, он потом пришёл, он просто помогал своим
друзьям, как и вы сейчас мне помогаете. За девочками гнались вон те!
— дея шерикларини Юсуфдан нари қилишга тиришарди рақиби.
Юсуф у кўрсатган томонга қараб қотиб қолди: Миразим билан
Саид энди бу томонга чопиб келишарди. У тушунди? Йигитлар
Юсуфни гала орасида ёлғиз ташлаб кетмаслик учун қайтишар эди.
“Ахир, биз учта эмас, олтита, ҳатто тўққизта бўлганимизда ҳам уларга
бас келолмаймиз-ку!” деган фикр кечди унинг хаёлидан. Бироқ шу
баробар кўзларидан ҳам тирқираб ёш чиқиб кетди... ва сўнгги
дақиқада бошини кўтариб бақирди:
— Қайтинглар!..
Лекин бу вақтда Миразимни ҳам, Саидни ҳам тутиб олишган
эди...
Ўша кеча улар калтакни тоза еб, ётоқхонага чўлоқлана-чўлоқлана,
бир-бирларини суяб кириб келишди. Айниқса, Миразимнинг ҳоли
ёмон эди: ҳалиги деворгул тагида “ўлиб қолган” рақиби жўралари
келгач, “тирилиб кетиб” ўзига иккита келадиган, энг муҳими, қўл-
оёғи ушлаб турилган Миразимни хумордан чиққунча тепкилаганди...
9
Юсуфнинг кўзлари ёшга тўлди. Ҳақиқатан ҳам соғинч унинг
юрак-бағрини ўртаб юборганди. Ўша пайтдаги... ўша дўстларга —
ўша Саиду ўша Миразимга бўлган соғинч...
Улуғбек Ҳамдам. Мувозанат (роман)
www.ziyouz.com
kutubxonasi
32
— Хўш, энди нима қилай, — тўлғонарди Юсуф ўрнида, — чиқиб
ичайми?.. Бўлмайди. Бугун ичиб ҳовурдан тушарман. Эртага,
индинга-чи?.. Муаммони ҳар доим ичиб ҳал қилиш мумкинми?..
Қишлоққа бориб келсамми? Яқинларимни зиёрат қилиб қайтардим.
Баҳонада анча ёзилардим ҳам... — У бир қарорга келганди. Энди
йўлкира масаласини ҳал қилса, бас, қайдасан туғилган юрт, дея
равона бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |