35
Миразим уйқули кўзларини ишқаганча уйдан чиқди-да,
дарвозахонада савлат тўкиб турган тим қора, кечагина Олмониядан
келтирилган “Мерседес” машинасига яқинлашди. Айланиб, дам у
томонидан термилди, дам бу томонидан. “Тавба, жононнинг васлидан
ҳам ширинроққа ўхшайди бу қурғурнинг дийдори, — хаёлидан ўтди
унинг, — ахир қайси ҳурилиқога нақд саксон бешта кўкидан
санайсан? Саксон беш минг-а! ғеч бирига. У машина эшигини очиб,
ўтирди. Рулни авайлаб силаркан, ботинида фахр ва аллақандай ширин
ҳислар қўзғалди. Бу жудаям ғаройиб эдики, Миразим улардан ҳеч
қачон айрилгиси келмасди.
— Вой-бў, Миразим ака, кечаси билан мошинада ўтириб
чиқдингизми? — ичкаридан чиқиб келган Заҳро эридан ўпкалади.
— Йўғ-е, энди чиқдим.
— Кечаси алламаҳалда уйғонганимдаям йўғидиз-де. Ишқилиб
бизди эсдан чиқарвормасангиз бас.
— Алимқул келмаптими?
— Вой, эсиз кирди-чиқди бўп қолмадими? Кеча бир иш тайинлаб,
эртага кечқурунга етиб кел, деган ким эди?
— Да-да-да...
Улуғбек Ҳамдам. Мувозанат (роман)
www.ziyouz.com
kutubxonasi
80
— Окажон, бу мошина хаёлингизни ўғирлаб қўйибди, ўғирлаб...
— Шимимнинг чўнтагида калит бор, обчиқақол.
— Вой, яна қаёққа? Ҳали ваҳлий-ку ишга?
— Ишга эмас. Нонушта тайёрлагунингча бир айланиб келай.
Заҳро калитни олиб келиб бераркан, Миразимга ҳам маслаҳат, ҳам
гина оҳангида деди:
— Худо берибди энди, машинадан тушмасакансиз. Қаранг,
қандай семириб кетаяпсиз.
— Бўлди, бўлди... Яхшиси, дарвоза тугмасини босвор.
— Вой, худойим-е, шунгаям эринасиз-а, — Заҳро нолиганча
дарвозахона томон юрди.
Миразим уйидан юз метрлар чамаси узоқлашганда йўл ёқалаб
келаётган таниш чеҳрани кўриб, машинани тўхтатди. Эшигини очиб
“Ўтир!” деди. Йўловчи ҳам индамай чиқиб ўтирди.
— Яхшимисан?
— Ўзинг-чи, қалайсан, ўртоқ? Бормисан оламда ўзи? Намунча
йўқолиб кетдинг? Тошкандамисан ўзи?
Йўловчининг кўзлари чақнаб турган бўлса-да, Миразимнинг
саволларига узуқ-юлуқ жавоб берарди. Зеро, батафсил жавобнинг
имкони йўқ эди. Миразим савол берардию жавобини кутмас, гўё ўзи
билан ўзи гаплашаётгандек эди. Шу топда унга йўловчининг оғзидан
чиқаётган “Ҳм, ҳм...” товушларининг ўзи кифоя қиларди.
— Мошина қалай? Зўрми? Нақ Олмониядан опкелтирдим.
Яхшими? Ке, санам бир ҳайдаб кўр — Миразим машинани йўл четига
тўхтатмоқчи бўлди.
— Қўйсанг-чи, мен ҳеч қачон машина минмаганман, — кескин
эътироз билдирди йўловчи.
— Бунинг ҳеч қийин жойи йўқ, ўт, ўтсанг-чи!
— Қўй, ўртоқ, қўрқаман.
— Ихтиёринг. Унда қайтдик бизникига, нонушта қиламиз.
36
Юсуф Миразимга эргашиб катта, данғиллама ҳовлига кириб
келганида Заҳро супача пастидаги хилма-хил гулларга сув
Улуғбек Ҳамдам. Мувозанат (роман)
www.ziyouz.com
kutubxonasi
81
қуяётганди. Илгари бу оила гулга унчалик шайдо эмасди. Демак, ўша
пайтда гуллар ҳеч бўлмаган ёхуд назар тушмайдиган даражада оз
бўлган. Энди-чи? Во ажаб! Чор томондаги нақшинкор уйларнинг
ўртасидаги саҳна — тўрт-беш сотиҳли майдонда анвойи гулларнинг
очилиб ётгани камлик қилгандай яна айвонлар ҳам тувакли гулларга
лиқ тўлганди. Ташқарида иморату дарвозахонанинг дабдабасидан
андак энсаси қотган киши ичкарида ажойиб гулзорга дуч келгач, гўё
ўзга бир оламга кириб қолган сайёҳдек ҳайратга тушарди.
Юсуф Миразимникига ўша куни эрталаб келганича кечқурун
кетишини хаёлига ҳам келтирмасди. Сабаби — Миразим туғилган
кунига қўшиб машинасини ҳам “ювадиган” экан. Дўсти унга
“Модомики, бугун бўш экансан, қарашвор”, деб илтимос қилди.
Бунинг устига базмга Саиднинг ҳам келишини айтди. “Жуда соз
бўлди-да, иккала дўстим билан гаплашиб оламан, аҳволни
тушунтириб, улардан маслаҳат сўрайман”, — хаёлидан ўтказди
Юсуф. Лекин хаёлини банд этган бошқа нарса унга тинчлик
бермасди. Базм учун Миразим сарфлаётган пулга шаҳарнинг четроқ
жойидан бемалол икки хонали уй сотиб олиш мумкин эди. Ҳа, Юсуф
уни уйга қиёс қилди!..
У Заҳро билан гаплашиб чой ичаркан, Миразим қаерларгадир
телефон қилиб, Шорасул ва Фаррух деган йигитлар пул олиб келишни
тайинлади. Йигитлар етиб келгунча ўтган ярим соатлар чамаси вақт
ичидаги суҳбатдан Юсуф шуларни билиб олдики, Миразим энди
илгаригидек кичик бир тижоратчи эмас, балки бутун бошли улкан
бозорнинг бошлиғи экан. Кейинги вақтларда бозорларга берилаётган
эътиборни эслаб, Юсуф ичида “Ўҳ-ҳў, бу дейман, бизнинг
Миразимнинг куни туғиб, каттагина бой бўлиб қолганга ўхшайди”,
деб ўйлади. Агар кун туғиш бойликка қараб белгиланадиган бўлса,
Миразимнинг куни ҳар куни эгиз туғарди. Масаланки, унга пул керак
бўп қолса, шу заҳоти у кимгадир қўнғироқ қилар эди — вассалом.
Исталган миқдордаги сумма айтилган вақтда муҳайё этиларди. Ҳозир
ҳам худди шундай бўлди, дарвоза томонга бирин-кетин иккита
машина келиб тўхтади-да, олдинма-кетин икки йигит, — ҳар
бирининг қўлида силлиқ қора тўрва, — кириб келиб, салом беришди.
Юсуф уларнинг ҳурматига қўзғалмоқчи эди, Миразим “Ўтир”
Улуғбек Ҳамдам. Мувозанат (роман)
www.ziyouz.com
kutubxonasi
82
дегандай ишора қилди. Келган йигитлар тўрваларни ҳовли саҳнидаги
сўрига қўйишди-да, яна қўллари кўксиларида хайрлашиб чиқиб
кетишди. Юсуф бу муносабатдан ҳангу манг бўлиб қолди. Илгариги
пайт бўлганда, у Миразимнинг ҳозирги муомаласи учун “И-и,
Мирзакаримбой бўп кет-е”, деб чимдиб олган бўларди. Лекин ҳозир
миқ этолмади. Чунки ўзи билан Миразим ўртасида ҳам қандайдир
кўзга кўринмас девор пайдо бўлганини аниқ сезди. Сездигина эмас,
гапириш бефойда эканини англаб етди. Мана, ярим соатдан мўлроқ
вақтдан буён гаплашиб ўтиришибди. Ҳар икки томон ҳам имкон
қадар самимий бўлишга, бир-бирлари учун жудаям қадрли
эканликларини билдиришга интилаётганларига қарамай, суҳбат
зўраки чиқаётир. Агар Заҳро бўлмаганда ҳоллари нима кечарди —
Юсуф билмасди. Заҳро ўчиб қолаётган суҳбатга ора-сира чўғ
ташлаётганди. У дам Юсуфнинг оиласи, дам ишидан гап очар, дам
қишлоғини, дам эса талабалик йилларини ёдига солар, дам ўзи ҳам
хотиротга берилиб, у ёки бу қизиқ воқеани эслаб кетар эди.
Юсуфнинг назарида унинг ботинида зерикишга ўхшаган аллақандай
туйғу яшарди: шунча бойлигу зар, шунча обрўю эътибор, шунча
имкону кучга... қарамай. У дарвозадан кирибоқ ўша қақилдоқ собиқ
курсдоши, Заҳронинг кўзларига кўзи тушган ҳамоно буни
пайқаганди. Заҳро ҳамон ўшандай сулув, ҳатто ҳозир янада тўлишиб
очилган, юзлари нақш олмадек қирмизи, бўлиқ... эди-ю, сиймосидан
нур, кўзларидан олов қочгансимон, ҳатто қаърида улкан бир ҳасрат
яшириниб ётгандек эди. Фақат суҳбат асносида, айниқса, беғубор
талабалик даврини эслаб гапираркан, кўзларидан яна аввалгидек
учқунлар соча бошлар эди.
— Вой-вой-вой, бу бир гапиришга тушмасин-де, — Миразим ноз-
неъмат тўла дастурхон устидан қўл телефонини олиб, рақам терди.
Заҳро унга эътибор қилмай суҳбатида давом этди.
— Юсуф ака, эсиздами, Бўстонлиққа мева тергани борганимиз?
Қанақа чиройли жойлар эди. Бир томонда боғ, у ёғида эса тоғ,
ўртасида сувлар оқиб ётибди. Мева териб ўйнардик, ўйнаб мева
терардик. Яна саҳаргача суҳбат қилиб, қўшиқ айтиб, рақс
тушганларимиз-чи...
Юсуф бир пайтнинг ўзида ҳам хотинни, ҳам эрни эшитарди.
Улуғбек Ҳамдам. Мувозанат (роман)
www.ziyouz.com
kutubxonasi
83
— Алло, Тоҳир, сизми бу? Ҳм, бугун ўтириш бор. Мани уйимга
келинг, ҳозир. Юзтача одам бўлади. Ҳар сафаргидек чиройли қилиб
уюштирасиз, окам. — Сўнг Заҳрога юзланиб деди: — Ҳозир Тоҳир
келади. Пул ана, — у юзи билан сўри томонга ишора қилди. — Ман
ишдан бир хабар олай-чи. Юсуф бугун бизнинг меҳмонимиз. Қараб
тур, қочиб кетмасин... Ўртоқ, — у Юсуфга қаради, — сан минан
кечқурун бир отамлашамиз!
Юсуфнинг бир кўнгли узр сўраб кетгиси келди-ю, яна ўзини
тўхтатди. Ахир, унинг ташрифидан муддао нима эди! Бунинг устига
Саид келар экан. Ахир, у Саидни ҳам кўрмоқчи-ку! Қолаверса, бу
ерда унга Заҳро ҳам бегона эмас. Лоақал Миразимнинг
“Қарашворгин” дейишига қулоқ осиши керак. Демак, у қолади.
Миразим “Хўп, пока” деди-да, машинасига ўтириб жўнади. Юсуф
унинг пулни санаб кўриш у ёқда турсин, халталарни очиб ҳам кўрмай,
ҳатто уларга яқинлашмай кетворганига эътибор берди. Ва шу ондаёқ
хаёлидан “Агар ҳисобсиз бойлигим бўлганида, боз устига, уларни
белим оғримай топганимда, эҳтимол, мен ҳам шундай қилган
бўлармидим”, деган фикр кечди.
Do'stlaringiz bilan baham: |