Улуғбек Ҳамдам. Мувозанат (роман)
www.ziyouz.com
kutubxonasi
66
— Озроқ деҳқончилигимиз бор. Яна бир-иккита туёқ дегандай...
“Ҳаёти бир изга тушиб кетар” деб хаёлда отам уйлантириб ҳам қўйди.
Яқинда фарзандли бўламиз. Лекин тўғриси, бирон жўялироқ иш
бошини тутишим кераклигини биламан-у, лекин қандай қилиб,
билмайман. Худди ботқоққа ботиб кетаётган одамга ўхшайман. Ўзи
қишлоқнинг келажаги борми-йўқми?
— Э, ҳадеб бош қотириб нима қиласан, дўстим, ўладиган дунёда?
Бир гап бўлар, — даврадагилардан кимдир луқма ташлади.
— Мана ўзингиз, нима деб ўйлайсиз, Юсуф ака?
Юсуф дабдурустдан бирон жўяли жавоб айтолмади. Чунки оддий
қишлоқ йигити бераётган шу
савол мана, неча йилки унга ҳам
тинчлик бермаётган эди. Шундай бўлса-да, чайналди.
— Ёлғиз худо билади. Лекин муҳими, яхши ният қилиш керак,
тушкунликка тушмаслик ва ҳар қандай шароитда ҳам меҳнат қилиш,
олдинга интилиш...
— Ўша олдиннинг, мақсаднинг ўзи бўлмаса-чи?
— Нега, Рашид? Тирик эканмиз ва буни ўлимдан афзал кўрар
эканмиз, демак, бошқа мақсадларга имкон қолмаган тақдирда тирик
қолмоқликнинг ўзи мақсадга айланмайдими? Бу — бир инстинкт.
Жамиятда иқтисодий ва маънавий ҳаёт издан чиқиб, тартиб-интизом
бузилган кезларда одамларни шу инстинкт бошқариб туради. Бундай
пайтда кучлилар кучсизлар ҳисобига яшай бошлайди. Чунки уларнинг
аксарият қисми айнан шундай яшашга бошқалардан кўра қобилроқ.
Албатта, уларнинг орасида виждони ва юзини сотиб ейдиганлари ҳам
бор. Лекин инстинктга кўра кун кечираётган одамдан юксак ахлоқни
талаб қилишнинг ўзи ўринсиз.
— Лекин ҳайвонга ўхшаб яшашга одамнинг кўнгли чопмайди-да.
— Ҳамма гап шунда-да, ука.
Сен айнан шунинг учун
қийналяпсан. Сен тўғриликча пул тополмай, шу билан бирга қинғир
йўлга кириб кетолмай нақ аросатда қолиб азият чекяпсан. Бу яхши,
бир ҳисобда.
Юсуф шу ерга келганда ўзи ҳақида гапираётганини, ўзини ўзи
таҳлил қилаётганини фаҳмлаб қолди ва гапини тугаллашга шошди.
— Лекин тушкунликка тушишга ўта жиддий асосинг йўқ.
Менингча, сенинг жисминг эмас, балки ақлинг дангаса.
Сени шу
Улуғбек Ҳамдам. Мувозанат (роман)
www.ziyouz.com
kutubxonasi
67
ҳолга солаётган ҳам ана шу дангасалик. Сен ундан...
Юсуфнинг гапи оғзида қолди. Чунки кимнингдир йўлбарсдай ити
дарвозадан ҳуриб чиқдию уларга ташланди. Бир саф бўлиб
келаётганларнинг у томондагилари нари қочишга улгурди. Сафнинг
бу томонидаги Юсуф эса ит билан юзма-юз келиб, серрайиб қолди.
Ит яқинлашиб, ириллаганча Юсуфнинг оёғига ёпишди. У оёғи билан
итнинг жағи аралаш тепди. Лекин ҳайҳотдек итни бу билан қўрқитиб
бўлмасди. У аччиқланиб,
яна ташланган эди, боядан бери пайт
пойлаётган Рашиднинг қўлига тушди — бу баҳайбат ҳайвонни бўйин
терисидан маҳкам тутганча мушук сингари баландга кўтариб олди. Ит
энди қўрқиб, вангиллай бошлади. Рашид уни худди енгил бир
нарсадай дарвоза устидан ошириб отди. Ит қандайдир
темир
идишларнинг устига тушди — ҳаммаёқ даранглаб кетди —
вангиллаганча ҳовлининг этагига чопди — буни унинг тобора
узоқлашиб бораётган овозидан билса бўларди. Буларнинг бари бир
зумда ва жуда ғаройиб
тарзда кечдики, Юсуф ҳам ҳаяжон, ҳам
ҳайратдан қотиб қолди...
Юсуф тўшакка кирганида ҳам бу воқеани унутолмасди. У
Рашиднинг бақувватлигини биларди. Лекин бу даражада дея ўйлаб
ҳам кўрмаганди. Беихтиёр афсонавий Алпомишни эслади. Кейин
Рашидни ўйлаб ачиниб кетди: қанийди шу кучу қудратга яраша
мақсади, мақсадига яраша шароити бўлса, деб эзилди.
Do'stlaringiz bilan baham: