ОППОҚ-ОППОҚ ҚОРЛАР ЁҒДИ
Бир ҳафтадан кейин қор ёғди. Аввал ёмғир эзмаланиб
турди-да, тушга бориб қорга айланди.
Қабристондаги шамдек қотган тераклар устида совуқ учқунлар ғужғон ўйнади. Қор
барча
марҳумлар қатори девор тагидаги ҳали тупроғи совиб улгурмаган қабрни ҳам муздек қучоғига
олди...
Чўққисоқол гўрков пешин намозини ўқиб, ҳужрасидан чиқди. Қор қабристон узра чўккан
ўлик сукунатни янаям чуқурлаштиришга қасд қилгандек унсиз ёғар, мозористон кимсасиз эди...
Гўрков девор тагидаги қабр бошида ўтирган одамга кўзи тушиб, яқин борди.
Юпун кийинган ёш жувон қабр устидаги қорни
кафти билан сидириб туширар, совуқдан
қўллари қизариб кетган, қора рўмоли, елкалари қорга беланган, плашининг этаги лой эди...
— Унақа қилманг, қизим, — деди гўрков вазминлик билан. Аёл тиззалаб ўтирганча, беҳуш
алпозда бош кўтариб қаради.
— Нега? — деди ҳайратланиб.
— Ўзингизни олдириб қўясиз... — Гўрков юмшоқлик билан тушунтирди. — Марҳум ҳам
безовта бўлади.
— Нега? — Аёл қўллари билан қор чангаллаган кўйи титраб-титраб йиғлаб юборди. —
Нега! — деди инграб. — Рустам акам нега ўлди? Яхши бўлгани учунми?!
Тушда кечган умрлар (роман). Ўткир Ҳошимов
www.ziyouz.com kutubxonasi
142
ҚУРБОНОЙ ХОЛАНИНГ ҲАР КУНГИ ТАШВИШЛАРИ
Биқини ачишиб уйғонди.
— Худойим, ўзингни раҳминг келсин... — деди пичирлаб. Уч кун олдин касали тўсатдан
зўриққани эсига тушди.
Кўча супуриб турган жойида тутиб қолса бўладими? Оғриқнинг зўридан аъзойи баданидан
муздек тер чиқиб, бирпасда икки букилиб қолса, денг! Худойимдан ўргилай! Бандасига атаган
дарди ҳам кўп экан-да. Бўлмаса, ёқмас овқат егани йўқ, оғир иш қилгани йўқ...
...Бўйнидан «ачом» қилиб ётган неварасининг дўмбоқ қўлчасини авайлаб олиб, устига кўрпа
тортди. Ўрнидан сирғалиб турди-да, йўлакка чиқиб, чироқ ёқди. Шошилмай таҳорат қилди.
Газга чой қўйиб, нимқоронғи хонага қайтиб кирди. Бомдодни ўқиб, ўтганларга Аллоҳнинг
раҳматини тилади. Жумламўминга имон, саломатлик, юртга тинчлик сўради...
Ошхонага кириб, чой ичди. Бир қўлига пақир, бир қўлига
узун бандли супурги олиб, яна
ётоққа мўралади.
— Умида, — деди паст овозда. — Болалар боғчага кеч қолмасин.
Умиданинг каравоти ғирчиллади.
— Бораверинг, — деди уйқусираб.
Қурбоной хола пақир бандини даранглатиб юбормаслик учун зиналардан эҳтиёткор қадам
босиб, пастга тушди. Кунлар узайиб қолган эди. Қиш бўйи қоқсуякдек сўппайиб
турган
бақатераклар кўклам яқинлашаётганини сезгандек жонланиб қолган, яланғоч
шохларини тонг
шамолида силкитиб, ўзини ўзи уйғотаётганга ўхшар эди. Қирғоғи бетонланган ариқлар четида
майсалар униб чиқибди... Мунис, ожиз майсалар...
Қурбоной хола пақирни терак остига қўйиб, шиғиллатиб супуриб кетди. Анчадан кейин нон
дўконига машина келди. Бошига эски дўппи кийган ҳайдовчи машина кажавасини очди.
— Супуряпсанми?
Қурбоной хола Комиссарнинг ғўлдираган овозини эшитиб, ишини тўхтатди.
«Йўқ, ўйнаяпман!» деб ўйлади энсаси қотиб.
Салом берди. Комиссар чангдан қочиб, ўн қадамча нарида турарди. Бошида қора шляпа,
эгнида қора плаш. Қўлида сут бидон...
— Куёвингни судга бердингми? — деди Комиссар.
— Худога солдим!
— Тўғри қиласан! — Комиссар истеҳзоли илжайди. — Худонинг сендан бошқа
дарди
касали йўқ.
Қурбоной хола супургини кўтариб, ишини давом эттирмоқчи эди, Комиссар сўраб қолди.
— Хабаринг бўлмадими, анави болани ўлдирганлар топилдимикан?
— Топилганда нима? — деди Қурбоной хола. — Ўлганнинг ёш жони кетди... Худо раҳмат
қилсин...
— Келин-чи, келин? Қадами қийшаймаяптими? Қурбоной хола норози алпозда қараб қўйди.
— Ўзингиз тузукмисиз?— деди бошқа гап тополмай.
— Менми? — Комиссар кулди. — Хэх-хэх-хэх! Қачон ўласиз, демоқчимисан? Овора
бўласан! Мен ўлмайман! Хэх!
1991 - 1992