www.ziyouz.com kutubxonasi
71
одамиман-да...
Онаси Қурбоной тутқизган сувдан бир қултум ичиб, ёғлоқни кафти билан нари сурди.
Кўзидан шашқатор ёш оқиб ялинди:
— Соат ака! Тўлаган акам туҳматга қолганини бошқалар билмаса, сиз биласиз-ку, барака
топгур!
«Соат ака» бир зум ўйланиб турди-да, чарчаб кетгандек хўрсинди:
— Болам етим бўлмасин, десанг, хатни топ!
— Қанақа хат, туҳмат қилмай, туҳмат балосига йўлиққур, қанақа хат! — Онасининг
чеҳрасида яна чексиз алам, қайсар қатьият пайдо бўлди. Қўшқўллаб тиззасига шапатилай кетди:
— Нима қилай ахир! Нима дей? Худога ишонмасанг! Қуръонга ишонмасанг! Биттаю битта
боламни ўртага қўйиб онт ичсам ишонасанми? Ёлғон гапирсам илоё яккаю ёлғиз қизимнинг
ўлигини устида ўтирай! Майлими! Агар сен туҳмат қилаётган бўлсанг, у дунёю бу дунё кун
кўргин-у, куни рўшнолик кўрмагин! Хўпми? Болаларингнинг ўлиги устида ўтиргин, майлими?
«Соат ака» пинагини бузмади.
— Хат? — деди истеҳзоли кулимсираб. — Хат қани?
— Ана! Хоҳлаган жойингни қидир! — Онаси қатъий қарорга келди шекилли, Қурбонойга
анчайин осойишта оҳангда буюр-ди: — Ёт, қизим, ухла!
Қурбоной ҳамон қўлида тутиб турган ёғлоқни токчага қўйди. Энди сандал четига ўтирмоқчи
эди, «Соат ака» ғудранди:
— Қизингга айт, чиқиб кетсин. Обиск қиламан. Қўлимда ордер бор!
— Қизим сенга халақит бермайди, — деди онаси алланечук вазминлик билан. — Хоҳлаган
жойингни текширавер.
— Чиқсин! — «Соат ака» тишларини ғижирлатди. — Мен ёш авлодда совет органларига
қарши кайфият уйғотишни хоҳламайман! Айт, чиқиб кетсин!
Онаси бир зум иккиланиб турди-да, эгнидаги камзулни ечиб Қурбонойга узатди.
— Кий, болам... Майли, айвонга чиқиб тур. Қурбоной айвонга чиқиб, устунга суянди. Тиниқ
осмонда етим ой ғариб мўлтирар, совуқ юлдузлар дийдирар эди. Ичкаридан садо чиқмас, фақат
аҳён-аҳёнда қоғозларнинг шитир-шитири эшитилиб қоларди... Қурбоной шу кўйи анча турди.
Оёғидан ях ўтиб кетди. Ич-ичидан музлатиб юбораётган совуқ титроқни босиш учун чуқур-
чуқур нафас олиб кўрди. Тишлари такиллаб ер тепинди. Охири, уйқу босди. Айвон бурчагига
бориб, ғужанак бўлиб ўтирди. Кўчада қолган мушук боладек... Бир маҳал эшик занжири
шиқиллагандек бўлди. Умид билан ўша томонга қаради-ю, негадир ичкаридан нур тушмай
қолганини кўрди. Нимадан қўрқаётганини ўзи англамай, оёқ учида эшик олдига борди.
Қулоғига ҳансираган овоз кирди:
— Ечин! Бўл тез!
— Йўқол! Қоч, ифлос! Ҳозир додлайман!
— Додла! Додлайвер, унсур! Обиск пайтида менга пичоқ ўқталди, дейман-да, отиб
ташлайман!
— Бу қанақа бедодлик!
— Яхши кўраман сени, тентак! Эсингдами, ҳов ўшанда қор отганим? Ҳазиллашган эдим,
жинни! Ёмон қарғагандинг... Мен сени... сени... ўшанда яхши кўриб қолганман.
— Қоч! Қоч, имонсиз! Ё Худо! Бу қандай шармандалик! Айвонда бўй етган қизим турибди!
Қурбоной эшикни итарган эди, очилмади. Ичкаридан занжирлаб қўйилган экан.
— Ая! — деди чинқириб. — Аяжон! Очинг! Қўрқиб кетяпман!
Эшикни муштлай бошлади.
Ичкарида бир зум сукут чўкди. Кейин «Соат ака»нинг ғўлдираган овози келди:
— Қизингнинг бўйи етиб қолганми?.. Яхши! Чақирақол, қизингни!
— Ая! — Қурбоной эшикни тепкилади. — Аяжон!
Тушда кечган умрлар (роман). Ўткир Ҳошимов
Do'stlaringiz bilan baham: |