www.ziyouz.com kutubxonasi
73
Қўрқув ичида молхона эшигини очди. Нимқоронғи молхонадан чириган хазон, эски гўнг
ҳиди келар эди. Қор кечиб бостирма олдига борди. Пастак эшикни тортган эди, негадир
очилмади. Эшик ҳалқасидан тутганича куч билан қўшқўллаб силтай бошлади. Занжир
ичкаридан илиб қўйилган, асабий шиқирлар, аммо очилмасди.
— Очинг, ая! Қўрқиб кетяпман! — деди Қурбоной баралла йиғлаб.
Жон-жаҳди билан тортган эди, занжир узилди чоғи, пастак эшик нолали ғийқиллаб очилди.
Ичкаридан кўзлари йилтиллаб турган бир нима отилиб чиқди-да, шувиллаб ёнидан ўтиб кетди.
Қурбоной қўрққанидан додлаб юборди. Аммо овози чиқмаганини кейин пайқади. Қараса, муз
босган остонада Ўтирибди. «Мушук-ку!» — деди ўзига-ўзи далда бериб. Мушук айвон зинасида
тўхтаб, унга ёвқараш қилиб қўйди. Қип-қизил, юпқа тилини чиқариб лабини ялади-да, унсиз
сакраб айвонга чиқди. Қурбоной қорга беланган этагини кафти билан тозалаган бўлди. Қоронғи
бостирмага бош суқди. Ичкари киришга юраги бетламади, бир зум туриб қолди. Кейин,
дадилланиб остона ҳатлади. Икки қадам босиши билан кўкраги. аралаш юзига муздек нарса
урилиб, лопиллаб кетди. У бошини кўтариб қаради-ю, шундоқ тумшуғи тагида икки оёқ
шалвираб турганини кўрди. Сарпойчан оёқлар қоронғида сарғимтир рангда кўринар, вазмин
лопиллаб у ёқдан-бу ёққа бориб келарди. Қурбоной даҳшат ичида орқасига тисарилар экан,
васса-жуфтга илинган арқонни, арқонда осилиб ётган гавдани кўрди. Қўрқувни ҳам унутиб,
сарпойчан оёқларни чангаллади.
— Ая, аяжон! — деди чинқириб. Шундай қилса арқон узилиб, онаси халос бўладигандек
оёқларини пастга торта бошлади.
— Унақа қилманг, аяжон! Жон, аяжон, унақа қилманг! Онасининг оёқлари муздек совуқ,
таёқдек қаттиқ эди.
ХУДО УРГАН ОДАМ
Қурбоной хола одатдагидек эрта уйғонди. Ачом қилиб ётган неварасини оҳиста бағридан
чиқариб, устига кўрпа тортди. Таҳорат олди. Ошхонага кириб, газга чой қўйди. Бомдодни ўқиб
бўлиб, ўтганларга имон, жумла-мўмин қатори Умидага, невараларига умр тилади. Қуруқ
туҳматдан, бевақт ўлимдан сақлашни Тангридан илтижо қилди. Бир қўлида курак, бир қўлида
супурги билан пастга тушди. Хайрият, ҳаво анча илибди.
Гастрономнинг эшиги тепасида қизил чироқ ёниб туриб-ди... Нон дўкони олдига машина
келиб тўхтади.
Қурбоной хола шошилмасдан қор курай бошлади. Бирпасда терлаб кетди. Орқа томондан
Комиссарнинг йўғон овози келди:
— Ҳорма, қизим!
Қурбоной хола куракка суянган кўйи хотиржам бурилиб қаради.
— Саломат бўлинг, — деди салом бериб.
Комиссар қора пальто кийган, томоғини ола-була шарф билан ўраб олган, қўлида сут
бидонча кўтариб турарди.
— Совқотмадингми? — деди меҳрибонлик билан.
— Йўқ! — Қурбоной хола жун рўмоли остида терлаб чаккасига ёпишиб қолган сочини
кафти билан силади. — Кун ташлабди-ку, анча...
Комиссар томоқ қириб қўйди.
— Хабаринг йўқми, анави болани ўлдирганлар топилибдими?
— Билмасам, — Қурбоной хола елка қисди. — Топилар...
— Топилади! — деди Комиссар ишонч билан. — Топилмай қаёққа борарди?
Қурбоной хола индамади.
— Келин қалай, келин? — Комиссар тўртинчи қаватга, Рустамларнинг деразасига имо
Тушда кечган умрлар (роман). Ўткир Ҳошимов
Do'stlaringiz bilan baham: |