www.ziyouz.com кутубхонаси
114
— Нима қиласан? — деди.
— Катталарни каллапойча қиламан! Этини бир-ёқлик қиламан, суягини бирёқлик қиламан!..
Дўхтир кўзлари катта-катта бўлди. Қорачиғи камайди — оқи кўпайди!
— Ўйлаб гапираяпсанми, ука? —деди. — Эсингни йиғ, ука, эсингни йиғ!
— Эсимни йиғсам-йиғмасам!..
— Камбағал катталарда нима айб? Дунёда туядан катта филлар бор.
— Бўлмаса, нимага бундай қилади? Ўзига ўт қўйгич бизни аёлимиз бўлса — катталарга
нима?
— Сен сиёсатни тушунмайсан, Деҳқонқул, сиёсатни тушунмайсан. Қандай даврда яшаяпмиз
— билмайсан...
— Худо берган даврда яшаяпмиз-да, қандай даврда яшардик!
— Ана, айтдим-ку, Деҳқонқул. Ўз отинг ўзинг билан деҳқонсан, деҳқон. Сен шундай дейсан.
Катталар эса ундай демайди. Ўз жонига қасд қилиш — исён! Ўз жонига қасд қилиш — даврдан
норозилик! Ана, катталар нима дейди!
— Бир бегуноҳ бечорани псих, деди, индамадим. Тентак, деди, индамадим. Энди,
касалхонадан чиқариб юбораман, деяптими?!
— Ҳа-да, чиқариб юбор, деяпти-да? Шизофреничка, деб диагноз қўйиб чиқариб юбор,
деяпти-да? Мен айтдим, инсоф қилинглар, ахир, дедим. Мен бу аёлни гўдаклигидан биламан,
дедим.
— Ўзига ўт қўйгич аёлимиз бўлса, катталар нимадан қўрқади?
— Катталарга амал керак, Деҳқонқул! Сенинг аёлинг керак эмас! Катталарга мансаб керак!
Сенинг аёлинг катталарни газагига дори эмас! Аёллар ўз жонига қасд қила берса, катталарни
тинч қўймайди! Ишдан олади, партиядан ўчиради! Сенинг аёлингни деб, катталар мансабидан
айриладими? Айрилмайди, ўлсаям айрилмайди. Йўлини қилади... Тентакка чиқар, деб буюради.
Касалхонага қабул қилма, деб буюради. Бажармайин, мени ишдан ҳайдайди, партиядан
ўчиради. Катталар дастидан кун кўролмайман. Мен нима, мен бир дўхтир-да. Чин, қасам ичиб
эдим. Лекин туманга катталар хўжайин. Катталар гапи билан иш қилсам... аёлинг-ку, аёлинг...
бола-бақраларинг ҳам руҳий касалга чиқиб кетади. Онасида бор эди, дейди.. Авлоддан аждодга
ўтади, дейди. Шизофрения деган тамға ёмон тамға, Деҳқонқул. Шунинг учун, кел, сенга бир
акалик қилайин. Бир йўли бор. Бундай қиламиз: аёлинг ўзига ўт қўйганини фалокатга йўямиз.
Айтайлик, аёлинг газни ёқмоқчи бўлади. Газ бирдан лоп этиб, аёлингни енгига ёпишади.
— Газ? Бизда газ нима қилади?
— Газимиз бор, ана, Обшир қишлоғи адоғидан қувурда ўтиб ётибди.
— Қувурда ўтиб ётса, қайси бир мамлакатга ўтиб кетаяпти-да.
— Ишқилиб, газинг борми, бор-да. Шу газ бизники-да. Қайси бир мамлакатга кетса-да,
ишқилиб, бизнинг газимиз-да. Ҳеч бўлмаса, баллон газинг бордир?
— Ўтин бор, таппи бор.
— Хўп, уёғини қўя бер. Газинг бор, деб фараз қиламиз. Кейин... аёл киши эмасми, енгини
ўчириш ўрнига, қўрқиб қолади. Эсини йиғиб олгунича ўт ёқасига қараб ўрлайди. Дод деб
бақиради. Додини ҳеч ким эшитмайди. Сабаби, ҳамма далада бўлади-да... Бўлди, шу билан
катталар тинчийди-қолади. Катталар тинч — олам тинч!
— Майли, нима десангиз майли. Менга аёлимизни тузатиб берсангиз бўлди.
— Мана, мен борман! — дея кўкрак урди дўхтир. — Ўзим даволайман! Аёлинг бор-йўғи
олтмиш фоиз куйибди, олтмиш фоизгина! Яхши бўп кетади!
Болаларим кўз ўнгимга келди. Кўнглим бузилди.
— Ишқилиб, болаларимни пешонасига яхши бўп кетса бўлди... — дедим.
Мен кафтларимга йиғладим.
Дардларим кафтларимдан селоба-селоба бўлиб оқди.
Тоғай Мурод. Отамдан қолган далалар (роман)
www.ziyouz.com кутубхонаси
115
— Отдай бўлиб кетади! — деди дўхтир. — Олтмиш фоиз куйик ундай қалтис эмас...
Дўхтир елкам қоқа-қоқа кетди. Мен ўнгирларимга йиғладим.
Do'stlaringiz bilan baham: |