www.ziyouz.com кутубхонаси
112
— Хуллас, Деҳқонқулова... манавиндай!
Идеология аёл одам. Эркак бўлса — ўзим билар эдим!
Шундай бўлса-да — айтгичимни айтдим.
— Катта, — дедим. — Эш борми-йўқми, ишқилиб, кўз очиб дунё кўргандан буён далада
ҳалол меҳнат қилди. Этак-этак фарзанд кўрди. Эси бордир-да.
Идеология гапимни корламади.
— Эси бўлса... ўзига ўзи ўт қўядими? — деди. — Шундай бахт-саодатли замонда-я?
— Катта...
— Шундай ҳур замонда-я? Тўқликка шўхлик бу!
— Катта...
— Тўқликка шўхлик бу! Хотин-қизлар эркаклар билан тенг ҳуқуқли бўлса! Эркаклар билан
тенгма-тенг меҳнат қилса! Билмайман, хотин-қизларга нима етишмаяпти!
— Катта...
— Капиталистик жамиятдагина одамлар ўз жонига ўзи қасд қилади! Бу бизнинг жамиятимиз
учун иллат! Мафкурамиз учун ёт!
— Катта, у бечора ажал билан олишиб ётибди. Ҳали, одам бўладими-йўқми, билмайман.
Шундай экан, нима қиласиз, бир бечорани ёмон отлиқ қилиб... Идеология гапимни корламади.
— Эси бўлса... ўзига ўзи ўт қўядими? — дея тўти бўлди.
— Эси бордирки, ўзига ўзи ўт қўйибди! Эси йўқ одам ўз жонига ўзи қасд қиладими?
Қилмайди, катта, қилмайди! Боиси— шунга ақли етмайди!
— Ия, ўртоқ Мелиев, бу қандай фалсафа бўлди?:
— Гапни у жигитдан сўраманг, мендан сўранг, катта! Гапни мен гапирдим! Мен фалсафа
айтмадим. Мен жигити гап айтдим, жигити! Чин-да, эси кам одамни дунё билан нима иши бор?
Эси кам одамни ўз жони билан ўзини нима иши бор? Эси кам одам оғзини очиб юра беради-да,
дунё ўзи шундай бўлар экан, деб!
— Хуллас, Деҳқонқулова... шизофреничка! Гап тамом!
— Ким-ким? — дедим.
— Шизофреничка! Ўртоқ Мелиев, шизофреничка деҳқончасига қандай бўлади?
— Псих!
— Йўқ, далачаси-далачаси?
— Телба!..
Тан-жоним қизиди. Қўлларим қалт-қалт этди. Лабларим пир-пир учди.
Жоним ҳалқумимга келди!
Бисотимда бор ёмон сўзларим билан катталарни тутиб сўкайин, дедим.
— Кет, баринг кет! — дея бақирдим.
Катталар қотиб қолди. Катталар бир-бирига қаради.
— Ия! — деди Идеология. — Эрида ҳам борми дейман, ўртоқ Мелиев?
— Ҳа, менда-да бор! Аёлимиз билан лойимиз бир ердан олинган! Бўлдими? Кўнглинг
жойига тушдими? Энди, кет!
— Мени сенсираманг, ўртоқ бригадир, мени сенсираманг!
— Кетмайсанми, кетмайсанми?
Теварагим алангладим — бирон нима изладим. Қўлимга маккажўхори пояси илашди.
Катталар жойидан туриб кетди. Раисимиз қўлимдаги маккапояга ёпишди.
— Деҳқонқул ака, ай, Деҳқонқул ака! — деди. — Тентак бўлманг!
— Шулардай катта бўлгандан кўра, тентак бўлганим яхши!
— Деҳқонқул ака, эсингизни йиғинг!
— Ушламанг қўлимни, ушламанг дейман!..
Раисимиз қўлларимни кетимга қайирди. Мени ўтиргичга босиб турди.
Тоғай Мурод. Отамдан қолган далалар (роман)
www.ziyouz.com кутубхонаси
113
Катталар кетига қарай-қарай ичкари кириб кетди.
Раисимиз шундан кейингина мени қўйберди. Қўлимдан маккапояни тортиб олди. Холисга
отиб юборди.
Раисимиз-да катталар кетидан ичкарилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |