www.ziyouz.com кутубхонаси
108
— Кўп бақирманг-е, эна, теварак-бошдан-да уятдир.
— Ичкарида жондайгина келиним куйиб ётади-да, мен бақирмай ким бақиради?!
— Хўп, нима бўлди ўзи? Бир бошидан айтинг қаникайин?
— Бир қарадим: келин ичкарида бешикка бағрини бериб ўтирди. Боласига эмчак берди.
Пешонасини бешик тебратгич қўйиб ухлади. Ай, келин, бўл, дедим. Майли, ҳозир, деди. Сўғин
ҳужрамга кириб кетдим. Келиндан ҳадеганда дарак бўла бермади. Икки қарадим: ай, келин, бўл,
дедим. Майли, манавини эмизиб бўлайин, майли, деди. Бир оғиз қаттиқ-қуруқ гапирган бўлсам,
ўлайин агар, ўлибгина кетайин, агар! Қарадим-қарадим: келин қимирламади. Бор-е, дедим, бу
дунёмдан у дунём яқин бўлса, менга нима, дедим. Ҳужрамга кириб ётиб олдим. Ётиб-ётиб,
кўзим кетди. Бир маҳал, ойнадан биров қаради. Мен кўзимни билинар-билинмас очиб турдим.
Келин ойнадан мўралади. Кафтларини ойна тутиб мўралади. Мен ўзимни ухламишга олиб
ётдим. Келин ойнадан мўралади-мўралади... кетди. Энди далага ҳаяллаб-ҳаяллаб боради, эридан
кўр бўлиб гап эшитади, дедим. Келин шу кетишида ошхонага борибди. Гап йўқ, сўз йўқ,
бурчакда турган ермойини олибди-да, елкасидан қуйибди.
— Елкасидан қуйибди? Ермойини-я?
— Ермойини-да, елкасидан-да! Сўғин, кўйлаги этагидан гугурт чақибди.
— Ўзи чақибдими?
— Бўлмаса ким чақади, ўзи-да.
— Чопиб бормадингизми?
— Эб-е, туш билибманми, ўт қўйишини!
— Ё,
тавба, ё, тавбангдан...
— Бир маҳал, чириллаган овоз эшитдим. Аввал-аввал, нима эмиш, дедим. Шу яқинда биров-
яримни эри ураяпти-ёв, дедим. Ҳадаҳалаб жойимдан турдим. Ойнадан ташқари қарадим.
Қарасам: ҳовлида бир ўт ёнаяпти. Ўт бўлиб ўт эмас, кун бўлиб кун эмас! Ўт, дейин дедим — шу
вақтда ўт нима қилади, дедим. Келин тандир қизитаяпти, дейин дедим — кеча тандир қизитиб,
нон ёпиб олиб эди-ку, дедим, Бир маҳал ўт чинқириб қўя берди! Тавба дедим, ўт ҳам
чинқирадими, дедим. Умрим ўтиб, чинқириб ёнгич ўт кўрмаб эдим-ку, дедим. Бир маҳал, ўт
ҳовлини айланиб чопди! Мен ташқари отилиб чиқдим, Қараб турдим: ўт ҳовлида зир-зир
айланиб чопди! Ўт чинқириб-чинқириб чолди! Ўт буралиб-буралиб чопди! Ўт ўйнаб-ўйнаб
чопди! Ўт эшилиб-эшилиб чопди! Мен овоз қўйиб чириқ бердим. Сени йўқлаб чириқ бердим.
Эл-халқим кела бер, деб чақириқ бердим. Чириқ бера-чириқ бера — ўтни олдимга солиб қувиб
қўя бердим! Ҳовлини айлантириб ўт қуваман-ўт қуваман — қани энди, етолсам! Ўтни
етолмадим! Бир-икки марта етаман-етаман дедим ағнаб тушдим. Белларим зирқираб оғриди.
Жойимдан туролмай қолдим, ётган еримда: эл-халқим, қаердасан, эл-халқим, кела бер, деб
бақира бердим. Бир бало қилиб жойимдан тўркадим. Тағин ўт қувиб кетдим. Ўт ўзини девор
олиб бориб урди! Ўт ўзини дарахт олиб бориб урди! Сўғин, ўт ўзини... бузоқни остига отди!
Бузоқ қозиқ айланиб-қозиқ айланиб қочди. Маъраб-маъраб қочди. Ўт лоп этиб тўркади. Ўт энди
бурчакда уюғли қумга қараб чолди. Ўт ўзини қумга урди. Ўт қумга ағнаб-ағнаб чинқирди. Ўт
қумга юмалаб-юмалаб чинқирди. Ўт тағин ҳовлини гир-гир айланиб-айланиб чопди. Мен
бечора ўт қуваман деб, тағин ағнаб тушдим. Мен жойимдан туролмай-туролмай чирилладим.
Мен қўлларимни чўзиб-чўзиб чирилладим. Бовужуд, кўчадан ўткинчи-кеткинчилар чопиб
келди.
— Улар-да ўчиролмадими-а...
— Ўчиргани шу-да, тирик қолди, ўчирганн шу-да! Бўлмаса, келинимни суягиям қолмас эди!
Кўп кўп-да — ўтни етиб олиб, қумга босиб-босиб турди. Ўтга сатиллаб-сатиллаб сув сепиб
турди. Гиламни ҳўллаб-ҳўллаб, ўтга ёпиб-ёпиб турди.
Мен тиззамга тарс-тарс уриб йиғладим. Мен ўкириб-ўкириб йиғладим. Мен айтиб-айтиб
йиғладим.
Тоғай Мурод. Отамдан қолган далалар (роман)
Do'stlaringiz bilan baham: |