www.ziyouz.com кутубхонаси
156
— Йўқ, баран, йўқ! Менинг масковчи катталар билан ишим йўқ! Масковчи катталар —
ўзимизникилар! Ўзимизникилар — Улуғ Ўрис! Улуғ Ўрис билан ишим йўқ! Улуғ Ўрис нима
қилиқ қилади — бари ярашади! Мен — сен баранлар билан ишим бор!
— Ё,
пирим-е, ё, пирим-е, бизда мима айб?
— Масковга пора бергансан!
— Ҳолвани ҳоким ейди — калтакни етим ейди, дейдилар...
Иван Иванович бошимлаб келди. Иван Иванович ҳалқумимдан ғиппа бўғиб кўтарди.
— Киноларда Африка ола-була эшагини кўрганмисан? — деди. — Манави юзларингдай
ола-пес эшак? Сен ана шу Африка ола эшагига келбат берасан! Манави ола-чипор юзларинг ҳам
айтиб турибди. Африка ола эшаги Африкада нима ўжарлик этса этади. Боиси, Африка — ўз оти
ўзи билан Африка. Бу ер эса — Масков! Сенинг Африка ола эшагидай ўжарлигинг Масковда
кетмайди!
Иван Иванович мени силкилаб-силкилаб ташлади.
Мен гуп этиб тушдим.
Иван Иванович олдимга қоғоз-қалам қўйди.
— Ма, ёз! Раисимизга ўн минг сўм берганман, деб ёз! — деди. — Тағин Африка ола
эшагидай қайсарлик эта берсанг — манави миянгга тўққиз мисқол қўрғошин қуйиб қўяман!
Қани, ёз!
— Мен ҳали умримда қўлимга ўн минг сўм пул ушлаган эмасман, катта.
— Биламан, Африка ола эшаги! Биламан, Африка қайсар эшаги! Сен раисимизга ўн минг
сўм бердим, деб ёз — бўлди!
Мен қоғоз музтар бўлиб-қоғоз музтар бўлиб ўтира бердим.
Қаламни қўлимга-да олмадим!
— Соат тўрт бўлаяпти, ҳадемай тонг отади! Бўл, баран, бўл!
Мен кўзим кетиб-кўзим кетиб ўтира бердим. Иван Иванович бетимга шама сепиб ташлади.
Мен сескана-сескана кўз очдим.
— Раисимизга ўн минг сўм бердим деб, қоғоз қоралаб бер — бўлди!
Мен йўқ дея-йўқ дея, бош чайқадим.
— Уҳ, Африка ола эшаги! Уҳ, Африка қайсар эшаги!
Иван Иванович ўнг биқиним оралатиб-оралатиб тепди.
Иван Иванович чап биқиним оралатиб-оралатиб тепди.
Иван Иванович чатаноқларим оралатиб-оралатиб тепди.
22
Иван Иванович назорат этиб турди. Дўхтир аёл мадда-мадда яраларимни мой дорилади.
Дўхтир аёл қон-қон яраларимни кўк дорилади. Дўхтир аёл моматалоқ-моматалоқ
яраларимни йод дорилади.
Дўхтир аёл... баданларимни қаради-қаради... пиқ-пиқ йиғлади...
— Нега йиғлаяпсиз? — деди Иван Иванович. — Нима бўлди, Нина Сергеевна?
Дўхтир аёл оғиз бекитиб-оғиз бекитиб йиғлади.
— Мен... мен Ўзбекистонда беш-олти йил ишлаб эдим, — дея йиғлади. — Бечора халқ-а,
бечорагина халқ-а...
— Шу баранларни нимасига куясиз? Бари ҳаромтомоқ, бари боқиманда!
— Ўзбекистон ундай эмас... Ўзбеклар ундай эмас...
Do'stlaringiz bilan baham: |