Тоғай Мурод. Отамдан қолган далалар (роман)
www.ziyouz.com кутубхонаси
157
— Далилингиз бордир-да: раисимизни қулф-калит этиб ўтирибсиз?
— Бўлади, далил бўлади!
— Унда, мени беёзиқдан-беёзиқ банди этманг-да? Мен бола-бақрам олдига борайин-да?
— Йўқ! Мен Иван Ивановичман! Ўзларингни ўз қўлларинг билан йўқ қиламан! Бировингни
кўзингни бировингга ўйдираман! Бировингни каллангни бировингга едираман! Бировингни
жонингни биройингга олдираман! Ўзим эса — пок-покиза бўлиб қоламан! Бу йўл — Иван
Иванович Ивановлар йўли!
— Худо хайрингизни берсин, беёзиқдан-беёзиқ...
— Эшак семирса охурини булғайди, дейдилар! Сен баранлар мазахўрак бўлиб қолдинг,
мазахўрак! Сен баранлар қорнинг тўйиб қолди! Шундай кета берсаларинг — қанжиқ итдай
болалаб бора берасанлар! Ана, кўз очиб юмгунча йигирма миллиён бўлдиларинг!
Йигирма
миллиён халқ-а! Сен боқимандаларга нонни қаердан топамиз! Йўқ, биз йигирма миллиён
боқимандани боқмаймиз! Балиқ
бошидан сасийди, бошидан! Йигирма миллиённи бош-
бошлиқларингдан бошлаб камайтирамиз! Бош-бошларингдан бошлаб камайтирамиз!
Ўз-ўзидан кўнглим озди. Юрагим беҳол бўлди. Кўзларим тинди.
Сув, дейин дедим — ҳолим келмади.
Олдимда турмиш пиёла узалдим. Чойқолдиқни оғзим олдим.
Иван Иванович қўлимдан пиёлани юлқилаб-юлқилаб олди.
— Буёққа ол! — деди. — Сенга ким қўйибди чой ичишни!
Оғзимдаги оғзимда қолди, бўғзимдаги бўғзимда қолди. Мен мўл-мўлт қолдим.
Иван Иванович бошмалдоғини лунжларимга нуқиб-нуқиб олди.
Оғзимда турмиш чой пирқ-пирқ отилди.
Томоғимда турмиш чой тиқилиб-тиқилиб қолди.
Мен қир-қир йўталдим.
Мен кўзларим ёшланиб-ёшланиб йўталдим.
Мен Иван Ивановичга мўлт-мўлт боқиб йўталдим.
— Ўл, шу кунингга! — деди Иван Иванович. — Иван Иванович Ивановлар пиёласидан чой
ичишни сен баранларга ким қўйибди?! Ана шундай йўталиб-йўталиб — Бобомурод Омоновдай
ўласан-қоласан! Намунча анграясан? Ҳа, Бобомурод Омонов ўлди!
Термиз кетган
терговчиларим телефонда айтиб берди. Омонов ўз ажали билан ўлди, деб ўйлайсанми? Ана шу-
да, барансан-да, баран! Омонов ҳам сендай оёқ тираб туриб олиб эди. Нимани сўраса —
«Усмонхўжаевга жавоб бераман, Усмонхўжаевга жавоб бераман», деб туриб олиб эди. Охири...
олгичини олди! Ўлимичи этиб урдилар! Тепиб-тепиб — музхонага олиб кириб ташладилар!
Етмиш яшар чол музхонага бардош берармиди? Ана, ўлди-кетди! Бобомурод Омонов —
Социалистик Меҳнат Қаҳрамони эди, Улуғ Ватан уруши иштирокчиси эди, халқ депутати эди!
Сен кимсан?! Итдай ўласан-кетасан! Йўқол, йигирма миллиён баран, йўқол!
24
Юзтубан бўлиб ёта бердим. Шунда, елкамдан тепки едим. Мен бошимни кўтариб қарадим.
Бошимда «Садист» билан «Сокол» турди.
— Ҳа, чурбан? — деди «Садист», — ўлиб-пўлиб қолмадингми?
— Ўлма, қўй, ўлма, — деди «Сокол». — Сен ҳали бизга кераксан.
— Нимага миқ этмайсан, гапир.
Мен дармоним йўқ, дея бош чайқадим. Ҳовучимни оғзим олиб бордим — сув, ишорасини
бердим.
— Масала равшан, — деди «Садист». — Бечора чурбан оч.
— Ярим кечада қаердан тўқ бўлади, — деди «Сокол».