www.ziyouz.com кутубхонаси
152
— Ушланг, армонда қолманг, ушланг, — дедим. — Аммо-лекин бола-бақрада нима айб?
Саккизта бегуноҳ жон-а, саккизта жон-а?
Иван Иванович тутақди.
— Нима-нима? — деди. — Саккизта бегуноҳ жон? Саккизтаям гапми — бари ўзбек
муттаҳам, бари ўзбек! Сен ўзбеклар Шўро ҳукуматининг тўрт ярим миллиард сўм пулини еб
кетгансанлар! Тўрт ярим миллиард сўм! Йўқ пахтани бор деб — тўрт ярим миллиард сўмни
манави ҳаром томоқларингдан ўтказиб юборгансанлар! Еб-еб — энди бўрилар галасига ўхшаб
қутулиб кетаман, деяпсанларми? Кечириб қўясанлар, кечириб! Мен — Иван Иванович Иванов,
тўрт ярим миллиардни жиғилдонларингдан суғуриб оламан! Тийинма-тийин суғуриб оламан!
— Ўйнаб қўяй, ишласа — халқ ишлабди, еса — халқ ебди-да.
— Халқ ишлабди? Сен ўзбеклар ўроқда йўқ, машоқда йўқ — хирмонда ҳозир халқсан! Сен
ўзбеклар боқиманда барансан! Сен ўзбеклар Масков ҳисобига кун кўрасан! Масковдан катталар
борса — зар чопон кийгизасан, чўнтагига пора тиқасан. Ана, генерал Чурбанов Баранистонда
бир бўлишида тўққиз юз сўмлик зар чопон кийиб келди, ўттиз минг сўм пул олиб келди!
— Ўйнаб қўяй, Чурбанов чўз, дебдики — ўзбак чўзибди.
— Масковдан катта борса бўлди — олдига олма-анор қўясан, қўй сўйиб қўясан.
— Ўзбак меҳмондўст эл, катта.
— Лаганбардор эл! Эвазига Шўро ҳукумати кўзини бўяйди! Сен баранлар Баранистонни
ўзида қаноатланиб қолмайсанлар. Кўчага чиқсанг биласан — дўконларда минглаб оладўппи
баранлар изғиб юрибди. Оладўппи баранлар дўконда кўзига нима кўринса бўлди — ола солиб
халтасига тиқади-да, Баранистонга орқалаб кетади.
Шу вақт телефон жиринг-жиринг этди.
Иван Иванович телефонда олис гапиришиб олди.
— Ана, баран, — деди. — Раисингни ишини талаб этишаяпти. Бўл-бўл, дейишаяпти. Сен
бўлса — ўжар эшак бўлиб ўтирибсан!
Мен номамдан умидвор бўлдим. Ўзимни орқага ташладим:
— Ўйлаяпман, — дедим. — Айтаман, ўзим айтаман.
— Бўпти, тағин бир ўйла.
18
— ...Қайтариб айтаман, баран: бу ерда Худо ҳам мен, пайғамбар ҳам мен!
— Гектаридан эллик центнердан пахта берган йилларим-да бўлди...
— Эшакни хизмати ҳалол — ўзи ҳаром!
— Мени-да арз-додимни эшитар одам бордир...
— Зах зиндонда додингни ким эшитади, ким?
— Нома битиб эдим. Ҳализамат йўқлайди...
— Нома? Қачон-қачон?
— Уч-тўрт ой бўлиб қолди.
— Уч-тўрт ой, уч-тўрт ой...
Иван Иванович ўзича шундай дея-дея, пўлатсандиқ очди.
Сандиқдан бир даста хатжилд олди. Олдимлатиб ташлади.
— Ана! — деди, —шулар ичидан ўз номангни топ қани!
Мен битта-битталаб хатжилд қарадим. Ниҳоят — ўз номамни топиб олдим. Юрагим шувв
этди! Номам термулиб-термулиб қолдим...
— Топдингми? Қани, бер қани, очиб ўқийлик қани, — деди Иван Иванович. — Хў-ўш...
«Масковга. Кремлга. Ленин мавзолейига! Ўртоқ Ленин! Сиз бизнинг яккаю ягона
паноҳимизсиз, халоскоримизсиз, ўртоқ Ленин! Отамиз-да сиз, энамиз-да сиз, эмчакдошимиз-да
Тоғай Мурод. Отамдан қолган далалар (роман)
Do'stlaringiz bilan baham: |