www.ziyouz.com кутубхонаси
22
— Мен жудаям яхши кўраман. Фақат биров айтиб турса, мен кўзимни юмиб эшитсам. Мени деб
дадамлар бир қанча эртакларни ёдлаганлар. Қизиқ-а?
Мен бошимни қимирлатдим. Гапиришга қувватим йўқ эди. Унга тикилиб қолган эдим.
Деразадан тушаётган қуёш нурлари унинг сал чўзилган нозик юзини, қошларини ёритиб
турарди. Полга тегай деб турган сочлари қимирлаши билан тсбраниб, юз хил тусда товланарди.
— Нега жим бўлиб қолдингиз? — дедим бир маҳал зўрға овоз чиқариб.
— Сизга қараб қолдим, — деди Ойпопук жилмайиб. — Мени жуда эзма экан, деб
ўйласангиз керак-а? Унчалик эмас. Баъзан шунақа кўп гапиргим келиб қолади. Ишонмайсизми?
— Ишонаман, — дедим мен. — Сиз жуда яхши қизсиз.
— Ростданми?
— Ҳа, — дедим мен. Унинг чеҳраси очилиб кетди.
— Бўлмаса, битта эртак айтиб бераман. Саксонбой отамдан эшитганман. Қулоқ солинг. Бир
йигит бор экан. У кекса, касалманд онаси билан олис бир шаҳарда яшар экан. Йигит катта
бўлиб, яхши-ёмонни ажратадиган бўлгач, бир донишманднинг олдига борибди-да, нима қилсам
онамнинг розилигини оламан, деб сўрабди. Донишманд, онангнинг касалини давола,
обизамзамга опичлаб олиб бориб, чўмилтир, дебди. Обизамзамга бориш учун қирқта тоғни
ошиб ўтиш керак экан. Йигит кўп ўйлаб ўтирмай, онасини опичлаб олиб кетибди. Уч йил уч ой
деганда қайтиб келибди-да, яна ўша донишманднинг олдига борибди. Мана, айтганингни
қилдим, онамнинг розилигини олдимми? — деб сўрабди. Шунда донишманд: сен онангнинг
сени боққандаги бир кунлик азобидан қутулдинг. Розими-йўқми, ўзидан сўра, — дебди.
Ойпопук жимиб қолди. Лаблари юмилди, кўзлари ялтираб кетди.
— Менинг ана шу оқ сут берган онадан ҳам азиз одамим бор, — деди анчадан сўнг жиддий
оҳангда.
Бу одамнинг кимлигини сўрамадим. Гап отаси ҳақида бораётгани аниқ эди.
Кўп ўтмай, қизлар келишди. Хайрлашиб, ўрнимдан турдим. Қўлимни узатган эдим, маҳкам
қисди.
— Ҳа, айтгандай, — деди у завқ билан. — Мени табриклашингиз мумкин. Сиз келган
кунингиз комсомолга ўтдим. Яқинда райкомда тасдиқлашади.
— Табриклайман, — дедим чин кўнгилдан.
— Раҳмат. Келиб туринг.
— Хўп, — дедим, — албатта келаман.
Уйдан чиқиб, ўзимдан-ўзим дарё томонга юриб кетдим.
Ҳаво очиқ, осмон зангори шишадай тиниқ эди. Дарё лабига келиб, мени йиқитган
харсангтош устига ўтирдим. Дарё тинч оқарди. Фақатгина дарё эмас, атрофимдаги ҳамма нарса
тинч эди. Чурқ этган товуш қулоғимга чалинмас, гўё бутун борлиқ сокин уйқуга кетгандек эди.
Бир маҳал ниманингдир овози эшитилди. Қулоқ солдим. Кимдир най чаларди. Товуш гоҳ
яқинлашар, гоҳ яна олислаб кетарди. Кўп ўтмай, у бир меъёрда эшитила бошлади. Худди
баланд қоя устида қимир этмай қорайиб турган чинордай сеҳрланиб қолдим. Куй ҳамма нарсага
жон киргизгандай бўлди. Енгил шамол юзимни силай бошлади, дарё тўлқинланди, уфққа
туташган тоғ чўққилари устидан оппок булут парчалари кўтарила бошлади. Кўк, сариқ, қизил
рангдаги товланиб ётган олма барглари майин шитирлаб, ажойиб оҳанг касб этди. Дарёга
тикилар эканман, шу тўлқинлар билан баравар сузгим келди. Ечиниб, ўзимни сувга ташладим-
да, худди Ойпопук билан учрашган кунимдагидек сузиб кетдим.
Сувдан чиққанимда найнинг товушини эшитмадим. Ниманидир йўқотган одамдек осмонга
қарадим. Ҳавода қора булутлар сузиб юрарди. Бир маҳал ҳаммаёқ қоп-қоронғи бўлиб қолди.
Қаердадир момақалдироқ гулдиради, дарёнинг нариги қирғоғида ўтлаб юрган тарғил бузоқ
шаталоқ отиб қочди. Ёмғир томчилай бошлади. Аммо мен парво қилмадим. Руҳим шунчалик
тетик, кўнглим шунчалик шод эди! Яккачинорга келганимдан, шундай ажойиб қиз билан,
Ўлмас Умарбеков. Севгим-севгилим… (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |