www.ziyouz.com кутубхонаси
21
— Сиз нега турдингиз? — деди у ялингансимон. — Шошилинч ишингиз бўлмаса, ўтира
туринг. Ҳозир қизлар келиб қолади.
— Хўп, — дедим ва жойимга ўтирдим. Ойпопук жилмайиб қўйди.
Кўп ўтмай, Усмон ака билан доктор кетди. Хонага ноқулай жимлик чўкди.
— Келганингизга жуда хурсандман, — деди бир маҳал Ойпопук.
— Мен ҳам сизни кўрганимга хурсандман, — дедим мен
— Тузалиб қолибсиз.
Ойпопук бошини қимирлатди.
— Сиз мендан хафа бўлсангиз керак-а? — сўради у орага тушган жимликни бузиб.
— Нега?
— Анави куни йиқилиб тушганингизда кулганимга-да.
— Йўғ-е, эсимдан чиқиб кетди.
—Менинг эсимдан чиққани йўқ, — деди у. — Сиз яхши сузар экансиз. Ўшанақа сузишни
баттерфляй дейдими?
— Ҳа.
— Яхши сузар экансиз. Лекин хафа бўлдингиз.
— Йўқ, — дедим қатъий қилиб. — Нега хафа бўлай? Сира хафа бўлганим йўқ.
— Мен жуда сезгирман, — деди у қандайдир болаларга хос завқ билан. — Сизнинг
ўрнингизда бошқа одам бўлганда хафа бўларди.
— Сиз хафа бўлармидингиз? — сўрадим мен.
— Билмадим, — деди у кўзларини яшириб, кейин деразага тикилди. — Сиз Яккачинор
афсонасини эшитганмисиз? — сўради у тўсатдан менга ўгирилиб.
— Ҳа, — дедим мен.
— Мен ишонмайман, — деди у қошларини чимириб. — Аёл киши шунчалик қаҳри қаттиқ
бўладими? Сиз нима дейсиз?
— Қайдам, — дедим мен елкамни қисиб.
— Ҳаётда бундай бўлмаса керак, — деди у гапида давом этиб. — Агар бировни севсанг, уни
кечиришинг керак. Тағин ким билади? Айтгандай, тошкентлик анави қизнинг суратини менга
кўрсатмайсизми?
— Қайси қизнинг суратини? — ҳайрон бўлдим.
— Доктор айтган қизнинг-да, — унинг лаблари билинар-билинмас титради.
— Доктор бекор айтибди, — дедим жаҳлимни босиш учун жилмайиб. — Мен Тошкентда
ҳеч кимни яхши кўрган эмасман.
— Кечиринг, сизни яна хафа қилдим, — деди Ойпопук майин оҳангда ва жим бўлиб қолди.
— Мен ғалати одамман, — деди бир маҳал яна қошларини чимириб. — Бировни
қувонтираман, деб хафа қилиб қўяман. Нега шундай, ўзим ҳам билмайман. Ёшлигимда исиб
кетаётган бўлсам, совуқ еб кетяпман, деб йиғлар эканман. Қизиқ-а? Баъзан эса... баъзан дераза
тагига ўтириб олиб, хаёл сураман, ўйлайман.
— Нималарни ўйлайсиз?
— Ҳамма нарсани. Ҳаётни ўйлайман, — деди у кўзларини хаёлчан сузиб. — Ҳаёт жуда
қизиқ. Унда ҳамма нарсани мукаммал билган, ҳамма орзуларига етишган одам бўлмаса керак.
Мана, мен ўн саккизга қадам қўйдим. Балки, ҳаётимнинг ярми ўтиб кетгандир, ким билади.
Аммо ҳали ҳеч нарса қилолганим йўқ. Қиладиган ишларим эса жуда кўп. Менинг қарзим бор,
жуда катта қарзим бор. Шуни узишим керак.
— Узасиз, — дедим ишонч билан қанақа қарзилигини билмасам ҳам.
Ойпопук парво қилмай, гапида давом этди:
— Менга яхшилик қилишди. Ҳаётни севишни ўргатишди. Бунга фақат раҳмат айтиш кифоя
қилмайди. Сиз эртакларни яхши кўрасизми? — Ойпопукнинг овози ўзгарди. Ҳозиргина хонани
сеҳрлаб турган майин, сал ғамгин, лекин қатъий овозни шўх, ўйноқи, қўнғироқ овоз эгаллади.
Ўлмас Умарбеков. Севгим-севгилим… (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |