www.ziyouz.com кутубхонаси
24
одамлар ҳар доим ўз ихтиёрлари билан иш қилолмайдилар? Нима уларни шунга мажбур
қилади? Яхши одамларда ёмон хоҳиш бўлмайди-ку?! Яхши одамлар эса жуда кўп.
— Мен нимани назарда тутиб гапираётганингизни билолмаяпман, — дедим хижолат бўлиб.
— Билмаганингиз маъқул. — Ойпопук хўрсинди. — Яхшиси, ўзингиз ҳақингизда гапириб
беринг. Танишмизу сизни билмайман. Фақат отангиз борлигини биламан, холос.
— Шуни билсангиз, бошқасини гапиришнинг ҳожати йўқ.
— Нега? — ҳайрон бўлди у.
— Қизиқ эмас, — дедим мен.
— Майли, гапириб беринг.
— Ўттизинчи йилда туғилдим. Тишим чиқиб, олти ярим ёшга тўлганимда мактабга бордим.
Битириб, институтга кирдим. Уни тамомлаб, бу ёққа келдим. Тамом. Бунинг нимаси қизиқ?
— Билиб қўйган яхши-да, — деди Ойпопук жилмайиб. — Қизиғи энди келади.
— Ким билади, — дедим мен.
— Мен биламан, — деди Ойпопук қувонч билан. — Қани, қўлингизни беринг-чи, бир фол
очиб қўяй!
Мен қўлимни узатдим.
— Ўҳў, — деди у завқ билан кафтимга тикилиб. — Бунақа катта қўл билан истаган
орзуингизга етасиз. Иннайкейин, чизиқларини қаранг. Айтаверайми?
У менга ғалати тикилди. Мен ҳа, дегандай бошимни қимирлатдим.
— Ишингиз яхши. Мартабангиз баланд бўлади. Манави чизиқни қаранг-а, мунча узун. Узоқ
умр кўрар экансиз. Лекин, лекин... Айтаверайми?
— Айтаверинг! — дедим ҳаяжон билан.
— Лекин... сизга севгининг йўли берк.
— Нима?!
Анграйиб қолдим. Ойпопук бирдан қаҳ-қаҳ отиб, кулиб юборди.
— Ҳазиллашдим, ҳазиллашдим, — деди у кулгидан ўзини тўхтатолмай. — Наҳотки фолга
ишонсангиз? Ҳаммаси ёлғон-ку?! — Кейин жиддий оҳангда қўшиб қўйди: — Мен сизнинг
бахтли бўлишингизни истардим, жудаям истардим.
— Мен ҳам сизга шуни истайман, — дедим мен.
— Раҳмат, — деди у ўйланиб.
Шу пайт Усмон ака чақириб қолди.
— Бу ёққа юринг, ошнинг тузини кўриб юборинг! Ўчоқ бошига бордим.
Ярим соатдан кейин ош сузиб келинди. Ойпопук бир графин «Ҳосилот» олиб чиқди. Бир
пиёладан тўлатиб ичдик. Ойпопук ичмади. Шундай лабига тегизиб қўйди. Усмон аканинг икки
кўзи қизида эди. Ойпопук бир ошам олиб:
— Жудаям ширин бўпти, дада, — деганидан кейин қўл узатди.
Овқат маҳали Ойпопук негадир бўшашиб ўтирди. Ошдан ҳам тузук емади. Биз Усмон ака
билан ўзимизнинг ишларимиз, кузги сабзавот, янги очилмоқчи бўлган ер ва бошқа ишлар
ҳақида гаплашдик. У чурқ этмади. Лекин сезиб ўтирибман, ер остидан менга қараб-қараб қўяди.
Вақт алламаҳал бўлганда ўрнимдан туриб хайрлашдим. Эшикка етганимда Ойпопук:
— Ўктам ака! — деб чақириб қолди. — Сўраган китобингиз қолиб кетди.
Ҳайрон бўлиб, тўхтаб қолдим. Мен ундан ҳеч қандай китоб сўрамаган эдим. Ойпопук
югуриб олдимга келди. У алаҳсирарди.
— Кечирасиз, — деди паст овозда. Афтидан, гапиришга қийналарди. — Китоб... шунчаки
баҳона. Сиздан бир нарсани сўрамоқчи эдим...
— Нимани?
— Мен... мен... ёқаманми сизга?
— Нима? — деб юбордим шошиб, юрагим дукиллаб уриб кетди.
Ўлмас Умарбеков. Севгим-севгилим… (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |