www.ziyouz.com кутубхонаси
104
СУВЛАР ОҚИБ КЕТДИ
Онаси Муроджоннинг тушига кирибди.
Техникум ётоғида боласининг каравотига ўтириб тугун ечаётганмиш. Тоғорадан қора
чиллаки олиб, тумбочка устига қўйиб дермиш:
— Ол, болам, атайин сенга илиниб олиб келдим... Оғзинг тегиб қолсин, дедим. Чумчуқ
ўлгур қўймаяпти.
Пошшақиз ёнбошига ағдарилди. Муроджон уйғониб кетди.
У шифтга боққанича ўй ўйлаб ётаверди. Қоронғи кеча қаърига тикилиб, кўрган кунларини,
болалигини қидирарди. Қаердадир қўл соатнинг заиф чиқиллаши, коридор деворидаги электр
счётчигининг бемор инграшидек ноласи, диванда кулча бўлиб ётган мушукнинг ёқимсиз
ғуриллаши эшитилиб турибди.
Муроджон узилган тушини улаш ниятида яна кўзини юмди. Уйқу ҳам келмади, туш ҳам
кўрмади. Кўпдан йўқотган онаси бир он пайдо бўлганича абадият қаъридан қайта юз
кўрсатмади. Муроджон онасини пойлаб узоқ ётди. Охири кўзини очиб, ёнбошига қаради.
Хотинининг елкасидан кўрпа тушиб кетган. Ич кийимларининг қават-қават капрон тасмалари
оппоқ елкасидан билагига тушиб қолган, курагидаги кеча банка қўйдирганда қолган жигар ранг
излар бемалол кўриниб турибди. Марварид ўрамидаги сариқ ипак тугунчасига бир дона дур
илиниб қолибди.
Муроджоннинг хотини Пошшақиз ниҳоятда чиройли эди. Зулукдек қора қошлар, илондек
тўлғанган тақим ўпар сочлар, тикилган жойни куйдирадигандек кўзлар Муроджоннинг
болалигига, осойишига ўт қўйган эди.
Муроджон ётавериб қон бўлиб кетди. Аста кўрпадан суғурилиб, қоронғида тимирскиланиб
шиппагини топдию нариги уйга оёқ учида чиқиб кетди.
Аксига олгандек, қандилдаги лампочка кўкимтир чақиндек бир йилт этдию куйиб қолди.
Кўзи қоронғига ўрганиб, аста-секин кўрадиган бўлди, назарида, уй ёришганга ўхшаб, жиҳозлар
ғира-шира кўрина бошлади.
У уй ичида кезаркан, онасининг тирик қиёфасини хотирида тикламоқчи, унга яна бир тўйиб
олмоқчи эди. Аммо она ҳадеганда унинг кўзи ўнгига келавермади.
Муроджон дераза олдига келиб, ҳовлига қаради. Айвон шифтидаги лампочка ҳовлини
ойдиндек ёритиб турарди. Тўп этиб ерга шафтоли тушди. Қайдандир пайдо бўлган мушук бориб
уни ҳидлади-ю, ҳафсаласи пир бўлиб, орқасига қайтди. Ток сўри тепасидан мусича тухуми
тушиб, чилчил синди. Яна бояги мушук пайдо бўлди, тухум синган ерни ялаб олди, кейин маза
қилиб керишди-да, тандир тепасига коптокдек сакраб чиқиб кетди. Сал ўтмай девордан шўр
тупроқ тўкилди.
Шунда бирдан Муроджоннинг кўзига онаси кўринди.
Онаси тандир олдида қўлига енгча кийиб, лоладек қип-қизил кулча бетига сув сепяпти.
Тандирдан чиқаётган яллиғ унинг ҳам бетларини қизартириб юборган. У, сочларим куймасин,
деб пешонабоғини қошлари аралаш танғиган, узун сатин кўйлагининг этагини липпа уриб
олган.
— Болам, анчадан бери ёпган нон емагандирсан, бери кел, иссиққина еб ол.
Она шундай дедию қоронғиликка сингиб кетди.
Муроджон сесканди. Ичидан аллақандай ўт келиб томоғига қадалди.
Иссиқ қўл елкасига теккандагина ўзига келди. Орқасида елкасида халат ташлаган
Пошшоқиз турарди.
— Сизга нима бўлди? Қайси яшшамагур жононингиз эсингизга тушиб кетди?
Муроджон унга шундай бир қарадики, Пошшоқиз худди бегона эркак олдида тургандек,
тўзғиб кетган сочлари билан кўкракларини беркитди.
Саид Аҳмад. Танланган асарлар. I жилд. Ҳикоялар
Do'stlaringiz bilan baham: |