www.ziyouz.com кутубхонаси
154
ўтирган йигитлар кўксига бир ғалати шабада тегди-ю, яна ғир этиб нариги чорбоққа ўтиб
кетгандек бўлди.
Кеча бу қизни одамлар нималар дейишмади. Пардози бир гап бўлди. Сочи бир гап бўлди.
Бугун ўша гапларнинг биронтаси эсларига келмади, Содиқ эзилиб кетган пачкадан «Беломор»
оларкан, жиддий деди.
— Балонинг ўқи-ку, бу қиз. Мен бўлсам унақа... Икки кун деганда уч киши раисга
Шаҳлонинг устидан дод деб келди.
Шоп мўйлов бульдозерчи шапкасини столга урди.
— Хотин кишига мен бош эгмайман!
— Нега? — деди раис қизиқиб.
— Нега-пегаси йўқ! Умуман айтяпман.
Раиснинг бу гапдан хабари бор эди. Бульдозерчи машинани йўл ўртасида қолдириб, тол
тагида уч-тўрт йўловчи билан карта ўйнаётган экан. Шаҳло келиб, қўйинг, ишни қилинг, деса,
бу, бор буйруғингни ўзингга ўхшаган олифтага қил, депти. Шунда Шаҳло ўртадаги карталарни
юлиб олиб, бурда-бурда қилиб ташлабди. Мўйлов урай деса хотин киши, урмаса ғазабини
қандоқ қилиб босишини билмайди. Жаҳл устида:
— Ол-е, ол, бульдозерингни онангга бер, — деганича комбинезонини елкасига ташлаб,
уйига жўнаб қолипти.
Шаҳлонинг ўзи бульдозер кабинасига ўтириб, кечгача йўл текислаб, кечқурун машинани ўзи
гаражга келтириб қўйипти.
Раис бўлаётган бу ишлардан астойдил завқланарди. Ёш боши билан, аёл боши билан
ҳаммани оёққа турғизишига қойил қоларди. Раис бу ўжар механизаторларга қаттиқ
гапиролмасди. Тўғриси, машина ичида нималар борлигини билмаганидан сал ялинганнамо
гаплашарди. Бу Шаҳло дегани балонинг ўзи. Билмаган нарсаси йўқ. Мотор товушидан қаерида
нимаси ёмон ишлаётганини дарров билади. Эркакларга қаттиқ-қаттиқ гапираверади. Қиз бола
бўлганидан ҳеч ким унга бир нарса деёлмайди ҳам.
Раис Шаҳло устидан дод деб келганларга бир хил жавоб қиларди.
— Ўзи билан гаплашларинг, темир-терсакли нарсага мен аралашмайман. Яхшиси, узр сўраб,
олдига боринглар.
Ўн-ўн беш кундан кейин одамлар, раисга арз қилишнинг фойдаси йўқ экан, яхшиси, бу
ўжарнинг кўнглини олиш керак, деган хулосага келишди.
Ҳаммага, Шаҳло қизим барака топсин, механизациядан мени тинчитяпти, деб юрган раис
буванинг ўзи сал кунда бай-байлаб қолди.
Шаҳло бир куни раиснинг олдига келиб, устахонага боришини илтимос қилди.
— Анча камчиликлар бор. Ўша ернинг ўзида ўтириб нима қилиш кераклигини бир
маслаҳатлашсак, — деди.
Раис кўнди. Икковлашиб раиснинг «Волга»сида устахонага жўнашди. Шофёрдан илтимос
қилиб, рулга Шаҳлонинг ўзи ўтирди.
— Сиз бугун дамингизни олинг. Ўзим шофёрлик қиламан.
Улар устахонага келишгач, Шаҳло Содиқни чақириб имлаб қўйди:
— Бунинг мотори пақиллаяпти. Чиқазиб бир тозаланглар.
Раис билан Шаҳло икки соатча ичкарида талашиб, қизишиб нималарнидир гаплашишди,
нималарнидир рўйхат килишди. Раис кўнмай-кўнмай охири рўйхат тепасига «Бошбух
берилсин» деб қўл кўйди. Кейин ташқарига чиқишди. То улар ичкарида иш битказишгунча
Содиқ «Волга»нинг моторини чиқариб, ерга тушириб қўйипти.
— Ия, бу қанақаси? — деди раис ҳайрон бўлиб. Шаҳло жиддий деди:
— Шофёрингизга айтинг, аравангизни судратиб олиб кетсин.
— Нега? — деди ҳайрон бўлиб раис.
Саид Аҳмад. Танланган асарлар. I жилд. Ҳикоялар
Do'stlaringiz bilan baham: |